ЯНГИ ДУНЁ www.yangidunyo.org янги дунё www.yangidunyo.com

Саҳифаларимиз

Филмлар

Ҳамкорларимиз:

Рукнлар

Календар

mars 2013
M T O T F L S
 123
45678910
11121314151617
18192021222324
25262728293031
  • Жаҳонгир Муҳаммад. Ҳадик.

    jahongir muhammadУстозимиз Жаҳонгир Муҳаммад бугунги ўзбек зеҳниятидаги муаммолар ҳақида.

    Янги китобдан янги боб

    14.Ҳадик

    -Азизлар, Худога шукур ўзимизнинг мустақил ватанимиз ва азиз юртбошимиз бор. Гарчи Америкада мардикор бўлиб юрган бўлсакда ана шу туйғулар билан яшаймиз. Мен ўзим жуда катта олимлар сулоласининг аъзосиман. Оиламиздан мен каби фан докторлари жуда кўп чиққан. Тақдир тақозоси экан, мана беш-олти йилдан бери Америкада юрибман. Меҳнатнинг оқ-қароси йўқ. Кучимиз етганча ишлаб у йўқда қолган оиламизга етказиб турибмиз. Мени қувонтирадиган яна бир нарса бугун шогирдларимизни Қозоғистонда, Россияда, Авропада ва мана Америкада ҳам учратиш мумкин. Шу ерда атрофимизда ҳам шогирдларимиз ўтиришибди. Келин ҳам шогирдимиз. Келин-куёвга арзимас бир ҳадя олиб келганмиз…
    Ўзбекистонлик бу профессор мажлисда эмас, тўйда нутқ сўзлаётганини пайқадингиз. Келиннинг устози экан. Бу ердаги тўйлар қизиқ.
    Гапирган одамни деярли ҳеч ким эшитмайди. Чунки кимдир гапираётган пайтдагина сал тинчлик бўлади ва одамлар ёнларидагилар билан ҳол-аҳвол сўрашиб улгурадилар. Бўлмаса мусиқа сасининг баландлиги ва ҳамманинг ўртага чиқиб ўйнашидан ҳол-аҳвол сўрашга ҳам имкон бўлмайди.
    Профессор чиройли гапирар экан. Шеърлардан ва мақоллардан ҳам парчалар келтирди. Лекин гапни айлантириб-айлантириб Ўзбекистон ҳукуматига олиб бориб тақаб, ҳукуматни мақтаб қўйди. Кейин Тошкентдан келтирилган “Ўзбекистон” деб номланган конякни келин-куёвга ўтирган столга олиб бориб қўйди.
    Америкада тўйлар асосан ресторанларда ёки йирик меҳмонхоналарнинг турли маросимлар ўтказиладиган катта залларида бўлади. Ҳозир махсус парклар ва дам олиш зоналарида ҳам ўтмоқда.
    Тўйга ҳадя олиш қоидаси ҳам ўзига хос. Бўлажак келин-куёв бир универмагга бориб уйларига нима керак бўлса, рўйхатини қилиб, дўконнинг компютерида қолдиришади. Сизга юборилган таклифномада шу дўконнинг номи бўлади. Бориб ҳадяни ўша ердан оласиз. Олдинроқ борган арзонроқ ҳадялардан танлайди, кечикканларга қимматлари қолади. Келин-куёвда бу нарсаларни дўконга қайтариш ёки алмаштириш ҳуқуқлари бўлади.
    Ҳадя кўтариб юришни истамаган одам учун ҳам йўли кўп. Ўша дўконга пулини тўлаб, “карт”ини ёки бошқа дўконга пул тўлаб, истаган жойдан ҳадя оладиган “карт”ни олиб бориши мумкин. Пулдорроқ бўлсангиз совға-салом сайтларига кириб, буюртма қиласиз ва сиз тўйхонага кириб келган соатда у томондан ҳадяни гулга ўраб олиб келишади. Тўйга шундай келиб, устида номингиз бўлган чек ҳам ёзиб беришингиз мумкин. Хуллас, пул бўлса жангалда шўрва.
    Бугунги тўйнинг соҳиби Туркия орқали келган ўзбек. Тошкентдан келин олибди. У бизни хурсандлик билан кутиб оларкан׃
    -Сизни қайси томонга олайлик?-деди.
    Ажабланиб қолдим. Кейин тушунтириб берди. Бир томонда ўзбекистонлик ҳукуматпараст ўзбеклар. Каримов режимига қарши бўлганлар бошқа томонда.
    -Нега бундай ажратдингиз?-деб сўрадим ундан.
    -Ўзлари шундай илтимос қилишди,-деди у ҳукуматпарастлар ўтирган томонни кўрсатиб.- Қолаверса, биз ҳам муштлашув чиқиб, тўйимиз бузилиб кетишини истамаймиз.
    У жилмайиб қўйди. Ўзбекистонга бориб-келиб туради. Тўйларда муштлашув чиқиши ҳолларини кўрган-да.
    Индамай “ўзимизникилар” томонга ўтдик. Гапираётган профессор нариги столдан. Бир юртнинг фарзандлари бир-биримиздан айри-айри ўтирибмиз. Бу ҳол хаёл кўчаларига бошлаб кетди.
    Бир кун Сиэтл аэропортида таксидан юкни олар эканман, ёшгина йигит келиб ёрдамлашди. Гаплашиб қолдик. Ироқлик турк экан. Исми Камол. Бироздан кейин ёнимизга унинг дўстлари, яна икки йигит келишди. Иброҳим ва Мурод.
    Ўзаро чуғурлашиб қолдик. Иброҳимни форс ёки афғон деб ўйладим. Лекин новчадан келган, соч ва қошлари малла ранг бўлгани учун Муроднинг қаерлик эканлигини тахмин қила олмадим. Буни сезди, шекилли:
    -Шимолий Ироқданман, – деди туркчалаб.
    Иброҳим эса форсчага ўхшатиб:
    -Мен Курдистонданман, – деди.
    -Курдистон деганингиз қаерда? – деб сўрадим билмаганга олиб. Улар бир-бирларига қараб жилмайишдида, сўнг Иброҳим:
    -Курдистонни қалбимизга кўмиб, Американи Ватан қилдик, – деди.
    Улар Ироқдан келаётган юртдошларини кутиб олишга чиққан эканлар.
    Бир неча дақиқалик суҳбатимиздан маълум бўлдики, Иброҳим Эронда туғилиб ўсган, вояга етгач, Шимолий Ироққа ўтиб, Курдистон Юртсеварлар ҳаракатига қўшилиб, Талабоний гуруҳи тарафида жанг қилган. Мурод Курдистон Демократик партияси сафида жангоҳларга кирган экан. Камол диний йўналишдаги ҳаракатда жанг қилибди.
    -Учаламиз ҳам бир-биримизга қарши ўқ отганмиз, кечаги душманлар бугунги дўстларга айландик, – деди Мурод.-Шимолий Ироққа Саддам Ҳусайиннинг аскарлари бостириб кирганда, биз Туркия орқали Америкага сиғиндик…
    Уларни бир уйга жойлаштиришибди.
    -Оилаларимиз, болаларимиз билан бирга ёнма-ён яшаяпмиз.
    -Жанжаллашиб ҳам турасизларми?-дедим ҳазиллашиб.
    -Аввалига бироз даҳанаки жанг қилдик, кейин қарашларимиз битта нуқтада бирлашди,-деди Иброҳим.-У ҳам бўлса адашганлигимиз. Биримиз Барзонийга, яна биримиз Талабонийга, учинчимиз Ўжаланга ишониб қўлимизга қурол олдик. Оз эмас, кўп эмас ўттиз гуруҳга бўлиндик. Йиллардир бир-биримиз билан жанг қилиб, бир-биримизни ўлдириб, қон тўкиб яшаяпмиз. Америкадан назар солганимизда, “Курдистон” баҳонасида кимларнингдир манфаатлари йўлида қурбон бўлганимизни англадик ва бирлашишга қарор қилдик.
    Унинг гаплари худди БМТ минбаридан айтилаётгандек жарангдор. Бизда бундай гапларни “қизил гап” деймиз. Лекин у чин юракдан гапираётганини болаларникидек самимий кўзларидан ҳам сезиш мумкин эди.
    Улар билан хайрлашар эканман, худди америкаликларга ўхшаб жилмайиб туришлари ва атрофдагиларга ёрдам беришга шошилганлари ёдда қолди. Орадан йиллар ўтиб кетди. Уларни қайтиб учратмадим. Учратмасам ҳам керак. Чунки улар Тинч океани соҳилида қолишди. Биз эса Атлантика томондамиз. Аммо хотира йўлларида бундайлар билан учрашаверар экансиз. Мана, тўйда уларни эслаб ўтирибман.
    Америка муҳити уларни ўз бағрига тортиб, қайси бир маънода эритиб юборганди. Аммо шу нарса ҳам борки, улар эртага яна Ироққа қайтсалар қўлларига қурол олишга мажбур бўладилар. Замон ва макон қонунияти…
    Лекин бундай йигитлар учун орқага йўл йўқ. Орқада уларни хоин деб билишади. Хоинликлари эса ўзаро нифоқ, кин, нафрат ва душманликни тарк этиб, дўст бўлганларидир.
    Ироқда улар аъзо бўлган гуруҳлар ўзаро душман. Бундай пайтда улар янги бир ҳаёт бошлаганлари бир тарафдан қувонарли, иккинчи томондан маҳзунли.
    Қувончи ҳам, маҳзуни ҳам ўзларига, дея бу воқеани унутишга ҳаракат қилиб улгурмасимдан Портланд шаҳридаги паркда Озарбайжон туркчасида гаплашаётган икки киши билан танишганим ёдимга келди.
    Улардан бирининг исми Бахтиёр, иккинчисиники Арам экан. Бири озарбайжон, иккинчиси армани. Ёнларида умр йўлдошлари ва болалари билан сайрга чиқишибди. Кавказча шашлик пиширишаётган экан. Танишиб қолдик.
    Совет Иттифоқи парчаланаётган йилларда Арманистон ва Озарбайжонда юз берган воқеалардан кейин Арам ва оиласи Бокудан Москвага, у ердан эса Америкага сиғинишибди.
    Бахтиёр ва умр йўлдоши Арманистондан – ўзлари туғилиб ўсган юртдан қувилган. Бу арманистонлик озарбайжон йигити Гуржистон орқали Туркияга ва у ердан Америкага келибди.
    Дунёнинг ишларини қарангки, бу икки кўчман оилага ҳам ёнма-ён уй беришибди. Уларни бир синфда инглиз тилига ўқитишибди ва болалари ҳам бир мактабда таҳсил олишаркан.
    Америка зеҳниятига кўра, бу оддий ҳол. Миллати, ўлкаси эмас, балки инсонлигига кўпроқ аҳамият берилади. Балки уларни бир-бирига яқинлаштириш мақсади ҳам бор бўлса бордир? Аммо бу тахмин. Лекин ҳақиқат шуки, кечаги душманлар, бугунги дўстларга айланишган.
    Энди ажралиб кетиш учун моддий имкониятлари етарли бўлсада, улар биргалар. Аммо улар билан суҳбатлашар экансиз, жуда кўп нарса ўзгарганини, лекин зеҳниятда эски қабариқ излар бўртиб турганини ҳам сезасиз.
    -Бокуни соғинсангиз керак,-деган саволимга Арамнинг хотини жавоб қилди:
    -Бу ер бошқача. Тинчлик бор. Турмуш ҳам ёмон эмас. Бу ерда ўз енгил машинам бор. Арамнинг ҳам ўз машинаси бор. Бундан ташқари ўғлимиз, қизимизда ҳам алоҳида – алоҳида машиналар мавжуд. Бокуда бўлсак, буни ололармидик?
    Гап охир-оқибатда бир парча темирга қадалди. Майлида… бу ҳам зеҳният…
    Лекин Ироқда ёки Бокуда ва ёхуд Америкада инсонга қараш зеҳнияти билан машинага, яъни охир оқибатдаги бир парча темирга қараш зеҳниятини таққосланг, темирнинг қудратини кўрасиз.
    Сизнинг кўз олдингизга нима келганини билмайману, менинг кўз олдимга Тошкентдаги Мустақиллик майдонининг муюлишида турадиган миршаб келди. У эртадан кечга қадар Президент Девонига, Олий Мажлис ва Вазирлар Маҳкамасига кириб чиққан машиналарга русча айтганда “честь”, ўзбекча айтганда салом беради. Ана шу машина ичида ўтирганлар унинг ёнидан пиёда ўтишганда эса, юзларига қайрилиб ҳам қарамайди. Темир зеҳният.
    Тўйда шулар ҳақида ўйлашимга иккига бўлиниб ўтирган ўзбекларимиз сабаб. Бир-бирига қарши қурол кўтармаган бўлсада, Америкада ҳам “эҳтиёт чорасини кўради”.
    Ўзимга ўзим ”Уларку эҳтиёт чорасини кўришибди, сенчи?” дедимда шартта ўрнимдан туриб ҳукуматпарастлар ўтирган стол томонга юра бошладим. Уларга салом бериб, ўзимни таништирмоқчи бўлдим. Яқинлашган сайин уларнинг ранглари оқараётганини сездим. Демак танийдилар, таништиришга ҳожат йўқ. Шунда ҳам бориб ҳозиргина келин-куёвни табриклаган домлага׃
    -Тўйлар муборак, шогирдингиз экан келинимиз,-дедим.
    У ноилож ўрнидан туриб, узатган қўлимни тутаркан, ич-ичдан қалтираб кетаётганини сездим.
    -Раҳмат,-дедию лаблари титради. Қолганлар бошларини эгиб ўтирардилар. Шунда Ислом Каримов режимининг кўланкасини кўргандек бўлдим. Бу кўланка уларнинг бутун вужудини ўраб олганди. Улардаги қўрқувни бошқача изоҳлаш қийин.
    Лекин бу доимий эмас. Вақтинчалик ҳолат. Ироқда бир-бирини ўлдирган қавмлар, Кавказда қон тўккан қўшнилар, Югославияда қирғин-баротнинг ичида қолганлар, Афғонистонда турли тарафда турганлар Америкада дўстга айланиб кетганларини кўрдим.
    Домлага яна бир икки жумла гап қотиб, ёнидан ўтиб ташқарига чиқдим. Сигаретни баҳона қилиб чиққанлар кўп экан. Гаплашиб турсак, домланинг столидагилар ҳам бирин-кетин ташқарига чиқа бошладилар. Ҳар бири келиб саломлашиб׃
    -Хафа бўлмайсиз, элчихонадан биттаси бор,- деб пичирлар ва ичкарини кўрсатарди.
    Бир пайт домла ҳам чиқиб қолди. У ҳам айни гапни айтса бўладими?! Ҳаммасига “Албатта, ватанга бориб келасизлар, тинчлик керакда” каби гаплар қилиб қўйишга тўғри келди.
    Тўйдан қайтар эканмиз бир киши ёнимга келиб саломлашди. Кейин׃
    -Ака, элчихонада ишлайман, жонга теккан, Америкада қолмоқчимиз, оиламиз билан, битта хат ёзиб беролмайсизми?-деди.
    Нима дейман? Юмшоқ дипломатия қилишга уриндим׃
    -Ишим ҳукумат билан боғлиқ, ҳозирги вазифамда бу ишни қилиш жуда қийин,-дедим.
    Тўй кайфияти эди-да.
    Бугун тўйнинг икки томонида ўтирган бизникилар ҳам бошқалар каби бир кун келиб бирлашадилар. Балки уларни Каримов режимининг қулаши бирлаштирар, иншооллоҳ? Чунки бу режим билан бирга уларнинг қўрқувлари ҳам қулайди. Лекин ҳадик деган чуқур илдизли “дарахт” ўз-ўзидан қуламаса керак? Уни қулатмоқ лозим.
    (Давоми бор).
    ЖМ.

    http://zamondosh.blogspot.ie/2013/03/blog-post_4742.html#more

    Published on mars 14, 2013 · Filed under: Қувғиндаги ижодкорлар;
    Kommentarer inaktiverade för Жаҳонгир Муҳаммад. Ҳадик.

Comments are closed.