ЯНГИ ДУНЁ www.yangidunyo.org янги дунё www.yangidunyo.com

Саҳифаларимиз

Филмлар

Ҳамкорларимиз:

Рукнлар

Календар

mars 2013
M T O T F L S
« feb   feb »
 123
45678910
11121314151617
18192021222324
25262728293031

  • Мени болалар йиғлатган кун

    78d607068cd064420401737e12f83bae_L
    МЕҲР-ОҚИБАТ ҳеч қачон тугамаган, тугамайди ҳам. Ҳамиша шундай бўлиб келган. Биз ўтамиз, аммо келажакда меҳр-оқибат кўрсатишни болаларимиз, невараларимиз албатта давом эттиражак!
    ****Бахтиёр Ҳамро оила аъзолари билан.

    Қиш фасли тугай-тугай деб қолганда, баҳор ойи бошланишига яқин қолганда мени ларзага солган бир кичик воқеа бўлиб ўтди.

    Қиш охирлаб қолган бўлса ҳам, ташқарида изғирин ҳукмрон эди. Етти ойдан бери тўшакка михланиб қолганимга қарамасдан, тўрт томони бетондан булган уй юрагимни ўта сиқиши туфайли ҳар замонда минг азоб билан бўлса ҳам кўчага чиқиб тураман. Устига устак, ўша кунги изғиринда ҳам куч ишлатар ходимлари уйимнинг атрофини тинмай айланиб, кузатиб турганини сездим. Бу дунёнинг ишларига ҳайронман – тўққиз ойдан бери фаолият олиб бормаётган бўлсам, бунинг устига, оғир касал бўлиб ётганимни бу эси йўқлар яхши билишса, яна нега кузатишади? Ҳайрон қоларкансиз, АЛЛОҲга тавба қилар экансиз.

    Хуллас, бир амаллаб ҳовлига тушдим. Тоза ҳаводан мириқиб-мириқиб симириб, тўйиб олдим. “Уй атрофини бир оз айланай” деб, уйнинг ярмига етмасдан совуқдан тириша бошладим ва ортга қайтдим. Йулакка етай дегунимча, тишим-тишимга бирлашиб қолди. Кузатаётган эси йўқлар пана-панага кириб кетишибди.

    Ҳовлида болалар уйнаб юришибди. Йулак эшикка етишимга 15 метрлар қолганда бир гўдак боланинг: «Бобо, бобо!» деганини эшитиб тўхтадим. “Ассалом алайкум” дегандай бошимни қимирлатдим. Ёши ҳали бешга ҳам бормаган болакай туйқусдан: “Бобо, уйингиз йўқми?” деса бўладими…

    4-5 кундан бери соқолимни олмаганим эсимга тушиб кетди. Совқотганман, тишим-тишимга ёпишиб қолган, гапира олмайман. Болакайга бошимни ирғаб,“Ҳа”, дедим.

    – Совқотдингизми, бобо? – деди. Яна “ҳа” дея бош қимирлатдим.

    – Нима, тилингиз йўқми? – деди. Яна тасдиқ ишорасини қилдим.

    – Бобо, юринг бизникига, рангингиз оппоқ бўлиб қолибди, исиниб оласиз, аям чой дамлаб беради! – деди.

    Аввалига раҳматимни билдириш учун қўлимни кўксимга қўйдим-да, яна калламни чайқатиб, “йўқ” дедим. Бу болакай билан бўлаётган суҳбатдан бошқача бўлиб кетавердим. Шу вақт болакай қўлимдаги ўта кичик кўрпачани деярли юлқиб олиб, ҳовлидаги стулга қўйди-да:

    – Бобо, ўтиринг, дам олинг, кейин бизникига борамиз, исиниб оласиз, – деди.

    Айтганини қилдим ва болакайни бағримга босдим, меҳр билан бошини силадим. Кўзларимдан ёшлар тирқираб оқиб кетди. “Мен кўраётган азоблар ҳеч қачон бошингизга тушмасин, болам. Илоҳо,умрингиз узун бўлсин, ҳамиша бахтли бўлинг”, дея АЛЛОҲга нола қилдим.

    Шу вақт қўшни уйдан болакайнинг онаси чиқиб, аввал бош ирғаб, менга салом берди, кейин ўғлини чақирди. У: “Бобо, ҳозир келаман” деб, онасининг олдига чопиб кетди. Болакай мени қўли билан кўрсатиб, онасига бир нималар деди. Онаси ниманидир тушунтириб, боласини етаклаб кета бошлади. Шунда болакай мен томон қараб-қараб қўйганини, ҳафа булиб қолгани кўриб, яна эзилдим.

    Йўлакдан уйга кўтарила бошладим. 4-қаватда тураман. Ҳар қаватда 3-4 минут тўхтаб, дам оламан. Иккинчи қаватга кўтарилганимда орқамдан яна бир салом эшитдим. Қарасам,қўшнимнинг биринчи синфда фақат аъло баҳоларда ўқийдиган иккинчи ўғлининг қўли кўксида.

    Гапира олмайман, кулимсираб, бош ирғаб, саломига алик олгандек бўлдим. Болакай шартта қўлимдан ушлаб олиб, тепага қараб судрай бошлади:

    – Совқотиб қолибсиз-ку, бобо! Совуқда кўчага чиқманг, қачон кўчага чиққанингизда, мени чақиринг, ёрдамлашаман, майлими? Мени айтди дейсиз, бобо, тузалиб кетасиз! Мени ҳам олиб кетсангиз, бирга балиқ овига бирга борамиз. Фақат беш баҳо олаяпман, тезроқ тугатсам-да шу мактабни… Нега бу сафар шунча гапирсам ҳам гапирмайсиз, бобо? Мендан олдин салом берар эдингиз, саволлар берар эдингиз? – деди.

    Елкамни қисиб, “совқотдим” дегандай булдим.

    Аслида бу қўшнимнинг ўғлида АЛЛОҲ берган қандайдир бир хислат бор. Кўп суҳбатлашганман. Кутилмаган саволлар беради. Жавоб беришга қийналиб кетар эдим. Ҳатто қўшнимнинг аёлига: “Бу неварамга алоҳида этибор беринглар, авайланглар. Бу болакайда бир хислат бор”, деб айтиб ҳам қўйдим. Аммо болакайнинг дадаси бунинг умуман тескариси, қўшниларга базўр салом беради, тамом-вассалом.

    Болакайнинг гаплари билан бўлиб, 4-қаватга қандай чиқиб олганимизни ҳам билмай қолибмиз. Бир томондан, кўнглим тоғдай кўтарилди, иккинчи томондан, унсиз йиғладим. Қўшнимнинг боласини ҳам бағримга босиб, “АЛЛОҲ сизни ҳамиша ўз паноҳида асрасин”, деб қўйдим.

    Тавба, ҳайрон қоламан, инсонлар ўзаро суҳбатларида: “Одамларда меҳр-оқибат қолмади-я, бир-бирини кўролмайди, бўлар-бўлмасга сўкинади, туппа-тузук одамнинг устидан ёзишади, қарз олиб, йиллаб беришмайди, ҳар ўнтадан бири айғоқчи, сал очилиб гапирсанг, дарров етказишади, кейин онангни Учқурғонда кўраверасан” каби гапларни гапиришади.

    Бу билан одамлар айтаётган гапларининг ҳаммаси нотўғри, дейишдан мутлақо йироқман. Мен фақат инсонлар ўртасидаги меҳр-оқибат ҳақида бир-икки гўдак мисолида айтмоқчиман, холос: МЕҲР-ОҚИБАТ ҳеч қачон тугамаган, тугамайди ҳам. Ҳамиша шундай бўлиб келган. Биз ўтамиз, аммо келажакда меҳр-оқибат кўрсатишни болаларимиз, невараларимиз албатта давом эттиражак!

    Бахтиёр Ҳамро

    Жиззах шаҳри, Заргарлик маҳалласи

    2013 йилнинг 6 марти

    www.Jarayon.com

    Published on mars 23, 2013 · Filed under: Дунёнинг ишлари;
    Kommentarer inaktiverade för Мени болалар йиғлатган кун

Comments are closed.