-
Ноёб режиссёр, оператор ва ижодкор
Мухолифатчилар орасида алмаштириш қийин бўлган, беназир иккита зот бор: булардан бири етук режиссёр, оператор, истеъдодли кинодраматург Абдулазиз Маҳмуд бўлса, иккинчиси буюк сиёсий қўшиқчи ва шоир Дадахон Ҳасандир. Дадахон ака бир суҳбатимизда: «Абдулазизнинг мухолифат сафларида бўлиб қилган ишини на бир шоир, на бир журналист, на бир зиёли қила олади. Унинг киноларида поэзия ҳам, проза ҳам, драма ҳам бор», деган эди.
1950 йил декабрида туғилган Абдулазиз Маҳмуд ўзбек ҳужжатли киносининг дарғаларидан бири Малик Қаюмовнинг шогирдидир. У ўз устозидан фарқли равишда ҳаётининг кўп қисмини норасмий ташкилотларнинг фаолиятини лентага туширишга бағишлади. Зеро, унинг қонида мавжуд тузимга нафрат бор эди.
“Менинг она томондан бобом ер эгаси эди, уни Мирзааҳмад полвон дейишган. Андижонда таниқли полвон бўлган…Ўтган асрнинг 30 йилларида қулоқ қилинган. Сургунда ўлиб кетган. Унинг ерлари колхозга топширилган. Яна бир бобомни эса, Маҳмуд қори дейишган. Бухоро мадрасасини тугатиб Исфаранинг Навгилем маҳалласида имом хатиблик қилган. У ҳам ўтган асрнинг 30-йилларида ҳалқ душмани сифатида сургун қилинган, сургунда вафот этган. Отам Абдулхақ Маҳмудов фашистларга қарши курашган. Урушдан кейин пахта заводида ишлади, онам раҳматлик болаларни боқишда отамга ёрдам бериш учун дўппи тикарди…” – деб ҳикоя қилади у.
Демак, у мухолифатчилар орасида тасодифан пайдо бўлган эмас. Унинг қонида зулмга нафрат, халққа муҳаббат бор. Унинг ўзи мухолифат сафларига қандай келгани ҳақида: «Биз мухолифат сафларига тайёр ҳолда келдик. Ҳаммамизнинг ўзимизга яраша касбимиз, шаклланган дунёқарашимиз бор эди», дейди. Қолаверса, у Ашхободда ўқиётганда, армияда хизмат қилаётганда ва Ўзбекистонннинг турли ташкилотларида ишлаётганда талай қийинчиликлар ва ноҳақликларга дуч келди. Шу тариқа унинг дунёқараши шаклланиб, ҳаётга муносабати ўзгариб борди…
Абдулазиз Маҳмуд СССР «гуллаб-яшнаётган» пайтларда ҳам қатор ҳужжатли илмий-оммабоп фильмлар ишлади. Баъзи воқеаларга (масалан, Ўзбекистондан олиб кетилаётган мева ва сабзавотларнинг Россияга бориб етгунча ириб-чириб кетишини акс эттирувчи) «Фруктовый марафон» фильмини яратиб, воқеъликка ўзининг фуқаролик муносабатини билдирди. У қайта қуриш давригача ва қайта қуриш пайтлари «Узкинохроника», «Ўзбекфильм», «Останкино» ижодий ташкилотлари билан ҳамкорлик қилиб кўплаб ҳужжатли ва илмий оммабоп кинолар ижод қилган… Бир неча марта Орол бўйларига бориб, кинолавҳалар тайёрлаган ва Оролнинг ўлиб бораётгани ҳақида ҳаққоний фильм яратган.
Оператор ва режиссер Абдулазиз Маҳмуд 1989 йили Фарғона фожеаларини ёритгувчи лавҳаларни суратга олгандан кейин ЎзКомпартиянинг ўша пайтдаги саркорлари томонидан миллатлараро муносабатларга бағишланган «Кичик ука» номли фильмни тасмага олишдан четлаштирилди. 1989 йилнинг августидан бошлаб Америка, Буюкбритания, Япониянинг телевизион компаниялари билан ҳамкорликда иш олиб борди ва Россиянинг «Взгляд», «Ярим тунгача ва ундан кейин» каби кўрсатувлари учун жонли суратлар тақдим этди….
Абдулазиз Маҳмуд киномотаграфик фаолиятининг гуллаган даври «Бирлик» ҳалқ харакати ва мухолифатнинг, шунингдек, Москвадаги «Демократик Россия», Вилнюсдаги «Саюдись» харакатлари ва «Демократик ташкилотларнинг худудий бирлашмаси» каби ташкилотлари фаол ишлаётган пайтга тўғри келади.
Абдулазиз Маҳмуд 1989 йил июнидаги Фарғона ва Қўқонда, 1990 йил мартидаги Паркентда юз берган фожеали воқеалар, ўша йилнинг май ойидаги Андижондаги бузғунчиликлар, июн ойида Жанубий Қирғизистоннинг Ўш ва Ўзган шаҳарларидаги қатлиомларни, Намангандаги оммавий чиқишларни кинога олди. Бинобарин, Абдулазиз Маҳмуд олган ҳужжатли кинолар туфайли Ўзбекистоннинг 20-30 йиллик сиёсий ижтимоий ҳаётининг энг муҳим, ноёб лавҳалари сақланиб колди: биз бу лавҳалардан Оролни асраш кўмитасида 1987-89 йиллар орасида олиб борилган ишлар, ўтказилган ижтимоий фойдали мажлислар, «Бирлик ҳалқ харакати»нинг митинглари ва Қурултойлари, Марказий Кенгашининг мажлислари, СССРни бўлинишга олиб келган Москвадаги Янаев исёнини ва бунинг оқибатларини, Петербург ва Болтиқ бўйидаги етук сиёсатчиларнинг чиқишларини аниқ тасаввур қила оламиз, кўплаб зиёли олимлар, курашчиларнинг қарашлари билан танишамиз. Агар у ўз вақтида шу тарихий дақиқаларни ҳужжатлаштирмаганда, биз, собиқ СССР тарихининг энг муҳим воқеаларидан бебахра қолган бўлардик… Бу киноленталар ўзбекнинг фожиали ва жўшқин даврларини акс эттириб, улардан анча-мунчаси интернетларда ёйинланган. Бинобарин, тарихни қайта ёзишаётганда улар тарихчиларга ҳам иш беради.
Бу ижтимоий-сиёсий воқеаларни кинога оларкан, Абдулазиз Мазхмуд бир неча бор таъқиб ва қувғинга учради. Митингларни суратга олаётганида милиция ўзини дўппослаб қўлидаги киноаппаратни олган, 10-15 суткалаб қамоқларда ётиб чиқди, суд қилинди.
1989 йилнинг май ойида «Бирлик»нинг таъсис Қурултойида Марказий Кенгаш ҳайъатига сайланди. 1991 йилнинг иккинчи ярим йиллигида у ўз сафдошларини «Ўрта йўл» тутишга чақирди ва раҳбарият бу таклифга рози бўлмагани учун ҳайъат аъзолигидан истеъфо берди. Аммо мухолифат сафларидан бутунлай чиқиб кетгани йўқ. У ўз касби билан мухолифатнинг ижодий-ташкилий ишларида ёрдам берди. Кейинчалик «Абдулазиз М» кинофирмасини ташкил килиб, йиллар давомида олган киноларини алоҳида номлар билан монтаж қилиб, Абдулла Қаххор таъбири билан айтганда, «қайта бичиб, қайта тикди» . Унинг Гдлян ва Ивановнинг Ўзбекистондаги фаолияти ҳақидаги «Ўзбеклар иши», Горбачевнинг кайта куриши даври тўғрисидаги «Тоза хаво», СССРнинг қулашини акс эттирувчи «Империянинг емирилиши», «Амир Темур соясида» фильмлари ҳужжатли кинонинг энг ноёб намуналаридир.
Маълумки, 91-92-йилларидан кейин, ўзбек мухолифати қувғинга учради, лидерлари Ўзбекистонни тарк этди. Мухолифат нега енгилди? Лидерлар ўртасидаги келишмовчиликларнинг илдизлари қаерда? СССР нега тарқаб кетди?…Ўзбекистондаги фермерлик ишлари қай даражада «ривожланяпти»? Абдулазиз Маҳмуднинг кўплаб кино тасмалари кенг оммага етиб борса, юқорида айтилган қатор саволларга оҳорли жавоб топилган бўларди.
Абдулазиз Маҳмуднинг фильмлари жаҳон жамоатчилиги томонидан илиқ кутиб олинди. Аскар оналарининг Москва ва Тошкентда бўлиб ўтган намойишлари, СССРнинг турли регионларида хизмат қилаётган ўзбекистонлик аскарлар ҳақида олиб борилган депутатлик сўровлари, Тошкент мачитларидаги диний мухолифатнинг митинглари, Болтиқбўйи, Кавказорти, Россия, Қозоғистон ҳамда Марказий Осиёда олиб борилган ишлар ҳақидаги фильмлари жаҳон жамоатчилиги тамонидан тақдирланди. Маслан, унинг «Қуёш билан қайтиб кел» фильми 1995 йилги Париж кинофестивалида яхши баҳо олди. 2000 йилнинг июнида Москвада ўтган «Олтин витяз» халқаро кинофестивалида «Уйимизда тинчлик бўлсин», деган фильми билан қатнашди. Бу фильмлар ҳақида жамоатчилик матбуотда яхши фикрлар билдирди…
Туркманистон давлат Университетининг филология факултетини ва Москвадаги «СССР киномотографистлари Иттифоқи» икки йиллик курсини битирган Абдулазиз Маҳмуд фақат кинооператор ва режиссёргина эмас, ёзувчи ва сценарист хамдир. Унинг фикрлаш доираси Ўзбекистоннинг бугун юр ичида яшаётган зиёлиларининг даражасидан бир неча поғона баланд. Гаплашиб қолсангиз, халқимизнинг хозирги аҳволи, ўтмиши ва келажаги ҳақида шундай фикрларни илгари сурадики, буларни ўзбекистондаги биронта адиб ёки журналистдан эшита олмайсиз. Афсуски, биз ҳатто ноёб фаолларни ҳам тириклигида эъзозлай олмаймиз. Ҳеч бўлмаса, улар ҳақидаги илиқ гапларимизни айтишдан ҳам эринамиз. Ўлгандан кейин эса, гоҳ ростдан, гоҳ ёлғондакам кўз ёши тўкамиз.
Абдулазиз Маҳмуд 65 га кирибди. Аммо юраги гоҳ-гоҳ оғриб туришига қарамасдан, ҳали бақувват. 65 ёшни европаликлар умрнинг ярми, дейишади. Абдулазиз Маҳмуд умрининг иккинчи 65 йиллигида ҳам халқимиз учун самарали ишлар қилишига ишонамиз.
Ботир Норбой,
Филология фанлари доктори.www.yangidunyo.org
Published on december 29, 2014 · Filed under: Ўзбек мухолифати;
Охирги изоҳлар