ЯНГИ ДУНЁ www.yangidunyo.org янги дунё www.yangidunyo.com

Саҳифаларимиз

Филмлар

Ҳамкорларимиз:

Рукнлар

Календар

oktober 2012
M T O T F L S
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
293031  
  • Рутубатли кунлар (1)

    Юсуф Расул

    2012 йилнинг феврал ойида таниқли имом Обидхон қори Назаровга жонига суиқасд қилган қотилининг шу йилнинг 11 октябрь куни эса Россия хавфсизлик кучлари томонидан қўлга олингани ҳақидаги хабар кўпчилик каби бизда ҳам адолат қарор топишига, қотил ва уни буюртмачилари албатта жазога тортилишига ишонч уйғотди.

    Яна бир хушхабар, шу пайтгача хушсиз ҳолда ётган Обидхон қорининг соғлиги яхшилана бошлаганини шифокорлар имомнинг ўғли Довудхонга маълум қилишибди. Демак, умидлар ўлмаган, Обидхон қори албатта соғайиб, яна шогирдлари, уни интизорлик билан кутаётган мухлислари сафига қайтади.

    Камина 2008 йилдан 2010 йилгача Обидхон қори Назаров билан бир неча марта учрашиб суҳбатлашганман. Учрашувлар давомида олинган суратлар, аудио ёзувлар ҳамон архивимда сақланади. Учрашувлар ва суҳбатлар давомида Обидхон қори софдил, тўғрисўз, самимий, маърифатли бир инсон ўлароқ менда жуда яхши таассурот қолдирган эди.

    Бугун бу азиз инсон ҳақидаги эсдаликларимни сиз мўътабар ўқувчилар билан бўлишгим келди.

    Хотираларда баъзи ўринсиз атамалар, кимларгадир ёқмайдиган иборалар қўлланилган бўлса, каминани айбга буюрмайсиз, деб умид қиламан.

    Муаллиф.

    ****

     

    Обидхон қори билан дастлабки учрашув

    2009 йилнинг қаҳратон қиш кунларидан бирида Афғонистондан Швецияга яқиндагина келган ўзбек асллик тилшунос олим Абдулла Тошқин билан мамлакатнинг шимолий ҳудудларига сафарга чиқадиган бўлдик. Сафаримиз давомида Швеция шимолида яшаётган кўплаб ўзбеклар билан учрашишни режалаштирган эдик.

    Дастлаб, ўзининг диний эътиқоди сабаб Ўзбекистон маҳбусхоналарида қарийб ўн йилга яқин вақт давомида маҳкумликда яшаган, Россияда ҳам бирмунча вақт ҳибсда сақланган, яқинда Швецияга келган Қорақалпоғистонлик имом Муҳаммадсолиҳ Абутов билан учрашдик.

    Абутов биз яшаб турган Тимро шаҳридан тахминан 120 километр узоқликдаги Брекка шаҳарчасига келиб ўрнашган эди.

    Биз борганимизда Муҳаммадсолиҳ Остерсунд шаҳридаги касалхонада даволанаётган экан.

    Унинг айтишича қон босими жуда пасайиб кетган, шифокорлар дастлабки кўрикдан ўтказишаётганда бу ҳолдан таажжубга тушиб, “қандай яшаб юрибсиз, бу қадар паст даражадаги қон босими билан одам боласи тирик қолишига ишониш қийин” дейишган ва зудлик билан уни касалхонага ётқизишган.

    Бу ҳолатдан унинг ўзи ҳам ҳайрон эди. “Шу қадар қон босимим пасайиб кетганини билмабман. Қамоқларда ётавериб, шу ҳолга келган бўлсам керак” дея тажжубланарди у.

    Муҳаммадсолиҳ Абутовнинг Россия қамоқҳонасига ташланган пайтда ёзган шеърларини менга Данияда яшаётган Ўзбекистонлик қочқинлардан бири Байрамали Юсупов йўллаган ва у шеърларни “Янги Дунё” саҳифасида эълон қилган эдим.

    Маҳбусхонада ёзилган шеърлар тўғриси менга жуда катта таассурот қолдирганди.

    Инсон боласи чидаши қийин бўлган руҳий ва жисмоний қийноқларга маъзур тутилган бу инсоннинг отаси вафоти муносабати билан ёзган шеърлари ҳар қандай кишини қалбига чексиз қайғулар солиши, ўйга толдириши мумкин эди.

    Дастлабки учрашув давомида у менга жуда яхши таассурот қолдирди. Кўнгли тоза, беғубор йигит эканлиги унинг гап -сўзларидан ҳам билиниб турарди. У гарчанд ўз диний эътиқоди сабаб қамалган бўлсада, негадир ўта радикал диндорларга сира ўхшамасди.

    Тахминан бир соатга яқин Муҳаммадсолиҳ Абутов билан суҳбатлашиб ўтиргач, эсдалик учун суратга тушиб, сўнг сафаримизни давом этирдик. Қайтишда албатта у билан кўришиб кетишга келишиб ҳам олдик.

    Остерсунддан Обидхон қори Назаров яшайдиган Стромунд шаҳарчасигача тахминан 100 километрлик йўл.

    Швеция шимоли қишда жуда совуқ бўлиши кўпчиликка маълум бўлса керак. Айниқса, кеч кириб, оламни қоронғулик пардаси қоплагач, атроф жуда қўрқинчли бўлади.

    Қиш пайтларида эрталабки соат тўққизларда эринибгина атроф жавониб ёришиб, кечки пайт соат тўртга етмай оламни қоронғулик босиб олади. Шу боис қишда кўпроқ қоронғу пайтда юришга тўғри келади.

    Стромсундга кеч тушганда етиб борганимизда бизни Обидхон қорининг шогирдларидан бири, биз билан олдиндан телефон орқали гаплашган Абдулла ака исмли киши кутиб олди.

    “Бугун кеч бўлиб қолди, қори ака билан эртага учрашасизлар” деганча бизни икки хоналик, бўш уйлардан бирига олиб бориб меҳмон қилди.

    Ўша куни биз билан учрашишга Обидхон қорининг укалари Абдумалик ака ҳам ҳозир бўлган эдилар.

    Стромсундда Обидхон қорининг оила аъзолари билан бирга икки укаси ҳам ўз оилалари билан бирга яшашар экан. Укалари жуда самимий, хушфеъл кишилар эди. Айниқса, Абдумалик аканинг самимий ва очиқ кўнгилликлари менга маъқул бўлди.

    Стромсунд Швеция шимолидаги жуда гўзал табиатли кичкина шаҳарча. Бу ер баҳор ва ёз ойларида жуда чиройли бўлади, дейишади.

    Обидхон қори Швецияга келган дастлабки ойларда унга Стокҳолмга яқин бўлган Оребро шаҳри яқинидаги Ҳеллефорш коммунасидан жой беришган экан. Лекин шогирдлари бу ер хавфсиз ва тинч жой бўлгани учун имомни оила аъзолари, укалари билан бирга Стромсундга кўчириб келишган.

    Стромсундга келган бегона кишилар тезда ажралиб қолади. Сабаби шаҳар кичкина бўлгани боис кўпчилик бир -бирини яхши танийди. Айниқса, Обидхон қорини сўраб келган кишилар ҳақидаги маълумотлар жуда тез тарқалади. Қори аканинг изнларидан чиқмайдиган укалари, шогирдлари ёки маслакдошлари шаҳарчага ташриф буюрган меҳмонларнинг шахсиятини яхшилаб ўрганганларидан кейин, меҳмонни имом билан учрашишига имконият яратиб беришади.

    Шогирдлар мени “Янги Дунё” саҳифаси муҳаррири, ва журналист сифатида яхши билишлари боис, эрталаб бизни Обидхон қорининг уйларида бўладиган нонуштага ҳеч қандай монеъликсиз таклиф қилишди.

    Стромсундда тонг отгач, эрталабки бомдод номозини шу ердаги ўзбеклар очган кўп қаватли уй ертуласидаги масжидда ўқиб, ундан сўнг Обидхон қори билан учрашишга келишиб олган эдик.

    Ҳаво жуда совуқ эди. “Бугун ҳаво ҳарорати минус 40 даражага чиқди” деди бизни кузатиб борган Абдулла ака.

    Ҳақиқатдан бу қаҳратон совуқда кўчада узоқ вақт туриб қолиш жуда хатарли эди. Атрофда бирор кимса кўринмайди. Ҳамма иссиқ уйдан чиққиси келмасди шекилли.

    Тез фурсатда масжидга етдик. Масжидда бомдод номозига ҳозир бўлган мусулмонларнинг деярли барчаси ўзбеклар эди.

    Стромсундда тахминан 200 га яқин ўзбек оилалари яшашар экан. Уларнинг аксарияти Тошкентлик ва деярли барчалари Ўзбекистонда ваҳобийлик диний -сиёсий оқимига алоқадорликлари учун таъқибга олинган кишилар.

    Улар ҳар куни беш вақт кундалик намозларини шу масжидда ўқишар, ҳар куни кечки пайтда ўзаро йиғилиб, турли тадбирларни муҳокама қилишар экан.

    Айтишларича Обидхон қори раҳбарлигида, бу ердаги мусулмонларнинг озиқ- овқатлари, кийин -бошлари ва бошқа зарурий ишлари пухта ишланган режа асосида қойилмақом қилиб ҳал қилинади.

    Стромсунддан тахминан 800 км узоқликдаги Гётеборе шаҳридан ҳалол озиқ- овқат маҳсулотлари, кийим -бошлар ва бошқа кундалик эҳтиёж молларини олиб келиб, тарқатиш учун алоҳида кишилар масъул қилиб тайинланган. Ҳар ойда бир марта ўртадаги харажатлар учун маблағ тўпланади ва ой охиригача бу пуллар истифода этилади.

    Ҳукумат “Акромийлар” деб билан диний гуруҳга алоқадор икки оила ҳам шу шаҳарчада, улар билан бир маҳаллада яшашар экан.

    Эътиборимни тортгани “Акромийлар”нинг “Ваҳобийлар”дан ажратиб турадиган жиҳати, уларда узун соқол йўқ эди. “Ваҳобийлар”нинг айримлари (биз шартли равишда уларга шундай ном бердик) нақ киндикка келадиган узун соқол қўйиб олишган, улар ўз соқоллари билан фахрланишар, Пайғамбаримиздан қолган суннат бу, деб мақтаниб ҳам қўйишар эди.

    “Акромийлар” уларнинг узун соқолларини ёқтирмаслиги ўзаро суҳбат асосида бизга маълум бўлди. Улар қандай қилиб бўлса ҳам бу ердан ўз маслакдошлари яшайдиган Швециянинг Калмар шаҳрига кўчиб кетишни исташар эди.

    “Уларнинг соқолларига қаранг, жуда беўхшов. Булар шведларга жуда ёмон таъсир қилади. Ўтган йили мана шу масжидни ҳам миллатчи шведлар ёқиб кетишди”, деганди кейинчалик ўзаро суҳбатимиз давомида “Акромийлар”дан бири.

    Соқол ва ҳижоб Европада кучайиб бораётган аксил мусулмон кайфияти учун асосий сабаб бўлиб хизмат қилаётган бўлса не ажаб. Лекин ҳеч ким бу каби мусулмонларни ўз диний одатларидан воз кечишга мажбурлаши мумкин эмас.

    ”Соқолли мусулмонлар” ва ”ҳижобли аёллар” мамлакат тинчлиги, давлат хавфсизлигига таҳдид солмаса, бунинг нимаси ёмон?

    Шуни айтиб ўтиш лозимки, ”соқолли мусулмонлар” орасида ҳам ўта радикаллари учраб туради.

    Дилмурод Худойқул исмли Норвегияда яшаб юрган ўта радикал қарашдаги бир ўзбек киши бўларди. Ўзига ярашмайдиган узун соқол қўйиб олган бу кимса дин учун ҳар қандай жойда ўзини портлатиб юборишга тайёр эканлигини айтиб баёнот берган ва бу ахмоқона фикрлари учун кўпчилик мусулмонлардан таъна – дашном эшитган эди. У билан ҳатто Норвегия ва Швеция хавфсизлик хизматлари шуғуллана бошлаганига шахсан ўзим гувоҳ бўлганман. Гап шундаки, Дилмурод Худойқулнинг баъзи бир мақолаларини “Янги Дунё” саҳифасида эълон қилганим боис Швеция хавфсизлик хизмати – “Сэпо” ходимлари менга қўнғироқ қилиб, бу одамни қаерда яшашини сўрашган, мен бу ҳақда билмаслигимни айтган эдим.

    Дилмурод Худойқул ўша воқеадан кейин Швеция жанубига қочиб келиб яшриниб юрганини ва кейинчалик дом- дараксиз кетганини эшитдим.

    Хуллас, ўша куни биз Обидхон қори билан учрашиш ниятида имом асос солган Стромсунддаги масжидда бомдод намозини ўқиш учун йиғилган эдик.

    Масжидда Ўзбекистондан келтирилган диний, бадиий адабиётлардан ташкил топган кичкина кутубхона ҳам бор экан. Уларга разм солиш, баъзи ўзбеклар билан суҳбатлашиш асносида бироз вақт ўтди. Намоз вақти ҳам бўлиб қолганди.

    Бомдод намози ўқиладиган вақт етганда масжидга Обидхон қори кириб келдилар. У киши салобат билан юриб имом учун тайёрланган жойнамозга бориб, ибодат учун шайланган кишиларга бир қараб қўйдилар ва “сафларни тўғрилаб олинганлар” дедилар.

    Меҳмон бўлганимиз боис ҳурматимизни жойига қўйиб, бизни биринчи қаторга ўтказишган, биз эса айни пайтда, кўпчиликка яхши таниш бўлган, машҳур имом Обидхон қори Назаровнинг шундоққина ёнларида турардик.

    (Давоми бор)

    www.yangidunyo.org

    Published on oktober 22, 2012 · Filed under: Юсуф Расул;
    Kommentarer inaktiverade för Рутубатли кунлар (1)

Comments are closed.