-
Учинчи кучлар ҳақида
Таниқли шоир ва ёзувчи Холдор Вулқон Одам болаларининг орасига суқулиб кириб олган шайтоний кучлар ҳақида.
Холдор Вулқон
Сиз кўзгуга узоқ тикилинг. Шунда ўзингизнинг ҳам кўзгу эканлигингизни кўриб, қўрқиб кетасиз. Лекин кўзгуликдан қутилишнинг сира иложи йўқ. Мен кўзгу эмасман десангиз, бадтар кўзгуланиб, жилва қилиб, ярақлаб, теварак муҳитни, жамиятдаги ҳуш -нохуш ўзгаришларни, доною файласуфларни, яхшию ёмонни, ҳатто довдир одамларнинг найнов қиёфаларини ҳам бирдай акс этдириб тураверасиз.
Кўзгуга айландингизми, тамом. Энди сиз отилиши мумкин бўлган дайди тошлардан эхтиёт бўлмоғингиз керак. Сиз анави кўзгуларга эътибор берманг. Чунки улар кулги хонасидаги қинғир кўзгулар. Улар ўзларининг қабариқ юзасида нарсаларни атайлаб, қийшайтириб кўрсатишга ихтисослашган. У кўзгуларга қарасангиз, бурнингиз қовуннинг хомагидай, оғзингиз ўрадай, қулоғингиз парракдай, кўзларингиз карракдай бўлиб кўринади ва сиз кулиб қотишингиз, ёки ўз аксингиздан ўзингиз ҳам қўрқиб кетиб, юрагингиз тушиб қолиши мумкин. Яхшиси, ундай ”кўзгулар”га қарамаганингиз маъқул.
Кўча тўла кўзгу. Бир – бирларининг кўзларини қамаштириб, ялтиллаб, кетиб бормоқдалар. Йўлда кетиб бораётган кўзгу оломонига қараб, ”Қаёққа кетяпсизлар?! Йўл бўлсин?!” деб сўраб юрманг тағин. Чунки уларнинг бир овоздан: ”Биз бола чақамиз, қариндаш -уруғларимиз билан судга кетяпмиз! Мана, қўлимизда повускамиз бор! Манави прокурор акамизга ҳам повуска келибди. Анави адвокат билан судяга ҳам! Борайликчи, нега судга чақиришди экан!” дейишлари аниқ.
”Ие, суд биноси у ёқда эмас, буёқда!” -дея уларга йўл кўрсатиш ҳам бефойди. Сиз йўл четида ётган яримта ғиштни киши билмас олиб, уларга ”Мен ҳоммомга кетяпман” денг. Улар дарров сизга ”Ҳаммом у ёқда эмас, бу ёқда!” дейишади. Сиз ўз йўлингиздан қолманг. Тўғри бориб, кўзгуга калла уринг. Кўзгу чил – чил синиб, ҳар – тамонга сочилиб кетсин. Шаффоф кўзгу синиқларига кўмилинг, мазза қилиб чўмилинг. Кўзгудан чиқиб, сочиққа артинсангиз, вужудингиз ярақлаб, руҳингиз чарақлаб, янада тиниқроқ кўзгуга айланасиз.
Ўзингизда дўстингизнинг аксини кўриб, қувонасиз у билан ғойибона суҳбатлашасиз. Аммо дўстингиз билан сизнинг ўртангизга адоват уруғини экмоқчи бўлган душманни кўрмайсиз. Худди шу жойда мийянгизга кўпларнинг: ”учинчи куч мавжуд эмас, бу жиноятчиларнинг ўз қилмишларини ҳаспўшлашда ишлатадиган пухта чалғитки ёда бир ниқоби ҳалос” деган гапларини эслайсиз. Инсон билан дўсти орасидаги душман бандаси билан Худо ўртасидаги шайтон адуввин мубиннинг типик кўриниши ўлароқ, учинчи кучларни доимий мавжудлигига ишора эмасми? -дея ўйланасиз. Ер юзида нафақат инсоннинг, балки майда микроблардан тортиб, қурту қумурсқанинг ҳам дўсти ва кушандаси бор.
Энг ҳайратланарлиси, инсон ва унинг дўсти орасига фитна уруғини экиб, баракали хирмон кўтариш илинжидаги душман яъни учинчи кучнинг мавжудлиги Одам Ато ва Момо Ҳаволарнинг Жаннатдан қувилганларию шайтон фитнаси билан боғлиқ гаплар афсона эмаслигини исботлайди. Шу фалсафадан келиб чиқилса, Худонинг мавжудлигига тўла имон келтириш учун буюк файласуф бўлишнинг ҳам кераги йўқ эканда -дея ҳайрон бўласиз. Энг муҳими сиз энди халқларни бир -бирига зимдан гижгижлагувчи, Андижонда, Қирғизистонда ўзбекларимизнинг қирғин қилинишидан, дестабилизациядан манфаатдор, қиёфаси тарих кўзгусида акс этмайдиган писмиқ, пажмурда жасадларнинг – учинчи кучларнинг борлигига ҳеч қачон шубҳа қилмайсиз.
19 март, 2013 йил.
Кундуз соат 11 дан 45 минут ўтди.
Кембридж шаҳри, Канада.www.muvozanat.info
Published on mars 20, 2013 · Filed under: Ўзбек мухолифати;
One Response to “Учинчи кучлар ҳақида”
-
Яхшм мақола экан, яшанг.
”Ўзбегим” деган назирангизни Туркманистонга юборгандим, роса маза қилиб, сизни дуо қилиб ўқишаётган экан.
Фақат ўқишаётган эмас ҳиргойи ҳам қилишаётганмиш.
Наврўзи олам қутлуғ бўлсин сизларга!
Мухлисингиз – Хоразмийлар.
Охирги изоҳлар