ЯНГИ ДУНЁ www.yangidunyo.org янги дунё www.yangidunyo.com

Саҳифаларимиз

Филмлар

Ҳамкорларимиз:

Рукнлар

Календар

oktober 2012
M T O T F L S
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
293031  
  • Тулкининг хатоси

    Саиджаҳон Равоний

    (масал)

    Чопишдан чемпионни,
    Шер чақирди Қуённи.

    Деди: “Ушла пул, ғилай,
    Сен чопқирсан, ҳарқалай.

    Бор, олиб кел калбаса,
    Тез чоп, қорним оч роса!”

    Қуён деди: “Албатта,
    Менга бу шараф катта.

    Бораман-у келаман,
    Шамолдан тез еламан…”

    Шер асабий деди: “Бас,
    Жовур-жувринг керакмас.

    Сабзи қирғичингни ёп,
    Имилламай, қани чоп!”
    ***
    Қуён чопди дўконга,
    Номи “ҳалол бекон”га.

    Анда роса ширин хид,
    Сервелат қилди харид.

    Уни пакетга солди,
    Ва ортига йўл олди.

    Қайтаётса, дафъатан,
    Тулки чиқди йўлидан.

    Деди: “Салом, Қуёнчик!
    Кетаяпсан қаёнчик?

    Пакетингда нима бор?
    Гиёҳмасму доривор?”

    Қуён деди: “Калбаса!”
    Тулки деди: “Вой, рос-а?!

    Қуён қилди тез шама:
    “Асло бўлма хомтама!”

    Тулки деди: “Хўш, нага?
    Озгина бер ошнага!”

    Қуён деди: “Малла мўй,
    Шерники бу, билиб қўй.

    Ер тагидан топади,
    Панжи билан чопади!”

    Тулки кериб кўкрагин,
    Деди: “Сира қўрқмагин.

    Бўлибди бир қулайлик,
    Ке, еб маза қилайлик!

    Жавоб бергайман ўзим,
    Яхшилаб эшит сўзим.

    Шер, “қани, деб калбаса”,
    Икки-уч бор сўраса,

    Индамасдан тур, андак,
    Гуноҳни ҳис қилгандак.

    Кейин менга қарагин,
    Мен айтаман керагин.

    Койиб қўяр Шер, холос,
    Буткул бўлгайсан халос”.

    “Алдама, – деди Қуён, –
    Ўлдиради Шер, аён,

    Сен еб, қочасан, малла!”
    Тулки деди: “Хом калла,

    Еб, қочурман қаерга?
    Сен айтасан-ку Шерга.

    Сўнг у мени топар-ку,
    Панжи билан чопар-ку!”

    Қуён бир оз ўйлади,
    Ва нихоят сўйлади:

    “Гапларинг тўғри, чоғи,
    Бор-таваккал бу ёғи!”

    Олиб бормасдан Шерга,
    Пакетни қўйди ерга.

    Хуллас, Тулки ва Қуён,
    Тенг бўлишиб дармиён,

    “Бисмиллоҳим” дедилар,
    Калбасани едилар…
    ***
    Шер турар белин ушлаб…
    Қуёнчик лабин тишлаб…

    Турар четда Тулки ҳам,
    Бошин қилиб чизи хам…

    Учовларин қўзи лўқ –
    Пакетда калбаса йўқ!

    Пахмайиб ёли ҳар ён,
    Сўради Шер: “Хўв, Қуён,

    Очман дегандим роса,
    Келтирдингми калбаса?”

    Қуён турар миқ этмай,
    Кекирса ҳам “ҳиқ” этмай.

    Шер сўради яна бир:
    “Калбаса қани, гапир?!

    Гапир, дейман, карқулоқ,
    Мияси йўқ, харқулоқ?!”

    Қуён ҳамон миқ этмас,
    Худди-ки ақли етмас.

    Жиғибийрон бўлди Шер,
    Ўшқирди у: “Жавоб бер,

    Охирги бор сўрашим,
    Келтирмагин кўп ғашим:

    Қани дейман калбаса?
    Гапир, ўлгинг келмаса…”

    Мийғида Тулки кулди,
    Унга Қуён термулди.

    Сўзга этиб вафолиғ,
    Ўйлади қилғай фориғ.

    Тулки лек деди бирдан:
    “Қолганмисан, хей, тилдан?

    Сўраябди Шер ака,
    Гапир, қилмай калака.

    Калбасани на қилдинг?
    Қулоғинг қилиб динг-динг,

    Туришингдан бу сирли,
    Еб қўйибсан, шекилли?”

    Шер кўтарди панжасин,
    Синдиргувчи анчасин…

    Ия, бу на ғаройиб?
    Қуён бўлибди ғойиб!

    Аляскада соғ-омон
    Пайдо бўлибди шу он!
    ***
    Шер Тулкини хидласа,
    Хидланармиш калбаса.

    Ишлатиб сал каллани,
    Ушлабди у маллани.

    Шундай Тулки тутилиб,
    Ем бўлибди, титилиб.

    Мақсадга у етувди,
    Шерни ҳам гўл этувди.

    Билмабди лек у топқир,
    Нечоғли Қуён чопқир!

    Шу кичик бир хатоси
    Бўлибди интихоси.

    Лек бўлгандан у шаҳид,
    Биз бўлдик яна шоҳид:

    Ким бировға қазгай чоҳ,
    Тушгай ўзи баногоҳ!
    ***
    Андижон
    1 06 2012

    – – – – –
    *… бекон – чўчқа гўшти
    *… дармиён – ўртада
    *… чизи – сал, бир оз

    www.yangidunyo.org

    Published on oktober 20, 2012 · Filed under: Саиджаҳон Равоний;
    Kommentarer inaktiverade för Тулкининг хатоси

Comments are closed.