-
Ўзбекистон Парламент бошқарувидаги демократик республика бўлиши керак
2010 йилнинг саккизинчи июни.
“Эрк” партияси лидерлигига даъвогар Самад Муроднинг ўзбек демократик мухолифати фаоллари сафида Европага уюштирган бир хафталик сафари ўз интиҳосига етди. Сафар якунида биз Самад Мурод билан қисқача суҳбатлашдик.
-Мана Европага уюштирган сафарингиз ҳам ниҳоясига етди. Умуман, Европа сизга ёқдими?-Мен Балзак, Мопассан, Стендал Европасини билардим. Европа ҳақида уларнинг китобларидан кўп ўқиганман. Бугунги Европа олдинги жозибасини сақлаб қолган ҳолда 21 асрга ҳам қўшилиб кетибди. Бу менинг Европага биринчи ташрифим. Лекин тасаввуримда мен бу мамлакатга олдин ҳам келгандекман.
Европа мени ҳамиша мафтун қилиб келган. Европа халқининг ўзи ҳам ажойиб. Бу халқни тушуниш учун бу халқ ичида яшаш керак. Улардан ўрганадиган жиҳатларимиз кўп. Ёшларимиз Европани ўрганишлари, ўрганганларини эса Ўзбекистонга бориб ҳикоя қилиб беришларини истардим.
-Европанинг Ўзбекистондан алоҳида ажралиб турадиган қандай жиҳатлари бор экан?
-Европада бир ҳафталик сафаримиз давомида бизни ҳеч ким тўхтатиб, “Сен кимсан? Қаерга бораяпсан?” деб сўрагани йўқ. Мен бу ерда эркинликни, демократияни кўрдим ва танимда ҳис қилдим. Европага битта жумла билан муносабат билдириб бўлмайди. Она Европа дейишлари бежиз эмас бутун дунёда.
-Европага қилган сафарингиз давомида Швеция Парламенти ва Европа Иттифоқи мулозимлари билан учрашиб, Ўзбекистондаги сиёсий вазият, инсон ҳуқуқлари аҳволи ва бошқа кўплаб масалаларда суҳбатлашдингиз. Бу ҳаракатлардан бирор натижа чиқишига ишонасизми?
-Албатта, ҳар қандай ҳаракат изсиз кетмайди. Бир ҳафталик сафаримиз давомида биз Швеция ва Европа Иттифоқидаги сиёсатчиларга Ўзбекистон ҳақида ҳикоя қилиб бердик. Дунё Ўзбекистон ҳақида маълумотга эга бўлди. Келажакда Европа Иттифоқининг Ўзбекистон билан муносабатларига бу суҳбатларимиз таьсири бўлади деб ўйлайман.
-Кўпчилик жамоатчилик вакиллари “Эрк” партиясининг икки қаноти, ёки икки гуруҳи борлигини билишади. Муҳаммад Солиҳ раҳбарлик қилаётган “Эрк” гуруҳи сизни ҳукуматга сотилганликда, махсус хизматлар билан ҳамкорлик қилиб келаётганда айблайди. Бугунги кунда сизни Европа ҳамжамияти томонидан қабул қилинишингиз нимани англатади-халқаро ташкилотлар бу каби уйдирмаларга ишонмай қўйишдими ёки бунинг бошқа сабаблари борми?
-Сотқинлик катта маънони англатади. Инсон хотинига, оиласига, фарзандларига, яқинларига, ҳамкорларига, партиясига, миллатига, халқига , ватанига, мамлакатига сотқинлик қилиши мумкин. Худога шукр, мен шу пайтгача ҳеч кимга ва ҳеч нарсага хиёнат қилмадим. Мен 1989 йилда “Эрк” партиясининг Қашқадарё бўлимини ташкил қилганман. 1993 йил 24 сентябрда бўлган партиямизнинг 4 Қурултойида кўпчилик овози билан мен “Эрк” партияси Марказий Кенгаши Бош Котиби эътиб сайландим. Орадан кўп вақт ўтмай ўша йилнинг 8 октябр куни Тошкент -Қарши йўлида мени ҳаётимга суиқасд уюштирилди, номаълум кишилар мени чалажон қилиб уриб, Қарши чўлидаги овлоқ бир даштга ташлаб кетишди.
Йўловчиларнинг ёрдами билан мен оғир аҳволда касалхонага келтирилганман ва шифокорлар ҳаётимни сақлаб қолишга муваффақ бўлишган. Саккиз ой касалхонада даволаниб чиққанимдан сўнг ҳам ҳукуматнинг кучли назорати остида яшадим. Бу орада мухолифат мамлакатдан қувиб чиқарилган, мамлакат ичида фаолият кўрсатишнинг умуман имконияти қолмаган эди ҳисоб. 1999 йилга келиб Отаназар Орипов ўзини “Эрк” партиясининг Бош Котиби деб эълон қилди. Уни бу мансабга “Эрк” партияси раиси, хорижда яшаб юрган Муҳаммад Солиҳ (Салай Мадаминов) сайлаган эмиш. Аслида, бу Уставга зид ҳолатдир. Партия бош котиби Раис томонидан эмас, балки Қурултой томонидан сайланади.
Мен 1993 йилда партия бош котиби этиб сайланганман, Ўзбекистон Адлия Вазирлиги 1996 йилда “Эрк” партияси фаолияти уч йил олдин тўхтатилгани ҳақидаги расмий хатни мени қўлимга топширган. Демак, ўша йилдан бошлаб партиямиз расман фаолиятини тўхтатган эди. 2003 йилга келиб партия Қурултойи чақирилди ва кўпчилик кишилар мени “Эрк” партияси раиси этиб сайлашди, жуда ҳам оз сонли, кичик бир хонада тўпланган кишилар 20 йилдан буён ўзини раис деб эълон қилиб келаётган Муҳаммад Солиҳни партия уставига зид равишда раис этиб сайлашибди. Уставга кўра партия раиси муддати 4 йилда битади, уни қайта сайланиш ҳуқуқи йўқ.
-Лекин шунга қарамасдан, Муҳаммад Солиҳ гуруҳи сизни махсус хизматлар томонидан “Эрк” партиясини парчалаш учун фаолият кўрсатиб келишда айблашда давом этмоқда. Ҳатто Швецияга сафарингиз олдидан бу гуруҳни Швеция Парламентига ёзган хатида ҳам айни иддаолар янграган. Лекин ҳақиқатдан ҳам сиз ҳукумат қўли билан “ҳақиқий” “Эрк”ка қарши курашаётган бўлсангиз, нега Европа Иттифоқи томонидан қабул қилиндингиз? Бу Ўзбекистон ҳукумати танлаган номзодни Европа қабул қилаётгани белгисими ёки сизни шахсиятингиз атрофида тарқатилган гапларнинг асоссизлигини кўрсатувчи мисолми?
-Ҳамма кучни тан олади. Кучли бўлсангиз ҳар қандай фисқу фасод ва иғволар оёқни остида қолиб кетаверади. Европа ёки бошқа мамлакатларни билмайман, лекин Ўзбекистон ичида “Эрк” партиясининг тарафдорлари жуда кўп. Буни хорижий сиёсатчилар ҳам, ҳукумат ҳам, қолаверса сиз айтган Муҳаммад Солиҳ ҳам тан олишга мажбур.
-Хориждаги сиёсатчилар “Эрк” партиясининг Ўзбекистон ичида фаолият олиб бораётган, сиз бошлиқ гуруҳ ҳақида маълумотга эгами?
-Ҳа, албатта, улар бизнинг фаолиятимизни доимо кузатиб боришади. Мен Швеция Парламенти ва Европа Иттифоқида бўлган барча учрашувларда мақсадимизни қайд этдим. Афсуски, кўпчилик “Эрк” партияси деганда хорижда иш олиб бораётган партияни тасаввур қилади. Бу партиянинг ўз мақсад ва демократик принципларидан чекиниб, экстремистик йўлга кирганидан ва Муҳаммад Солиҳ буни ўз ҳаракатлари ва ўз ҳаёт тарзи билан исботлаганини кўпчилик билади. Менинг мақсадим Ўзбекистон ичида ҳеч қандай экстремистик гуруҳларга алоқаси бўлмаган ҳақиқий демократик “Эрк” партияси ва уни жойлардаги бўлимлари борлигини , бу партия демократик кураш тактикасида туриб кураш олиб бораётганини таъкидлаш эди ва мен бу мақсадимга озми кўпми эришдим.
-Ҳозир сиз раҳбарлик қилаётган “Эрк” партиясининг бошқарув аьзолари ва ташкилий тизими борми?
-Ҳа, албатта. “Эрк” партиясининг бошқарув аппарати, Марказий Кенгаши ва унинг раиси бор. Бу кенгаш биз ишлаб чиққан қарорларни жойларда амалга оширади.
-90 йиллар бошларидан, айниқса сиз партияга Бош Котиб этиб сайланганингиздан кейин кўплаб “Эрк”чилар мамлакатни тарк этишга мажбур бўлишди. “Эрк” партияси фаолияти тўхтатилганидан олдинги бошқарув таркибини қайта кўриб чиқиб, янгилаш ва партияни Ўзбекистон ичидаги фаолиятини кучайтириш учун имконият борми? Агар партия фаолиятини қайта тиклашга муваффақ бўлсангиз хориждаги “Эрк”чилар, айниқса Муҳаммад Солиҳ жаноблари янгиланган партияда қандай мавқеъга эга бўладилар?
-”Эрк” партияси битта одамнинг шахсий мулки эмас, бу жамоатчиликнинг иродаси, халқимизнинг сиёсий ҳаракати натижасидир. Сиз тилга олган масала барча сиёсий партияларга тааллуқли. Кейинги йигирма йил ичида партиямизнинг кўплаб аьзолари инсон ҳуқуқлари соҳаси билан шуғулланиб келишмоқда. Улар бошқа кўплаб ташкилотларга ҳам аьзо бўлиб киришган. Шу сабабли мени улар билан ишлаш ниятим йўқ.
Ўзбекистон ичида “Эрк” ўзининг янги структурасини тузиб чиқди. Шу йилнинг кузида, аниқроғи сентябр ойининг ўрталарида “Эрк”нинг Қурултойини ўтказамиз. Қурултойда янги бошқарув кенгаши аьзолари ва Кенгаш раиси сайланади. Мен олдинги ҳамкасбларимизга ўхшаб партияда йигирма йил ўтирмоқчи эмасман, Насиб этса партиянинг янги бошқарув таркиби билан жамоатчиликни таништирамиз. Қурултойда кўп нарсаларга ойдинлик киритилади.
Қурултойга барча вилоятлардан аьзоларни таклиф этганмиз. Ҳозирча бизда молиявий муаммо бор.-Партиянинг янги бошқарувига олдинги раис ва фаоллар ҳам сайланиши мумкинми?
-Агар Муҳаммад Солиҳ ҳозир тутган позициясидан воз кечиб, демократик кураш йўлига қайтганини эьлон қилса у билан сиёсий фаолиятимизни олиб боришимиз мумкин. Агар у партия низомига, махаллий ҳамда халқаро қонунларга зид равишда диний эктремистик ташкилотлар билан ҳамкорлигини давом эттираверса, биз у билан ишлай олмаймиз. Чунки “Эрк” демократик партиядир.
-”Эрк” партиясининг 2003 йилда бўлган Қурултойи “Бирлик” раҳбарияти, ҳукумат ва Самад Мурод бирлигида бузиб ташланди, деган миш -мишлар тарқатилганди. Бу иддаоларга муносабатингиз қандай?
-Бу Муҳаммад Солиҳ ва уни тарафдорлари томонидан тарқатилган миш- мишдир. Муҳаммад Солиҳ ўзи йўл қўйган сиёсий хатолари учун бошқаларни айблаб ўрганиб қолган. Аслида партияни иккига бўлинишига Муҳаммад Солиҳ тўла айбдор. Партиянинг бош котиби сифатида мен билан уни тутган позицияларимиз тўғри келмаган эди. Чунки, партиямиз аьзолари диний эктремистик йўлдан бора олмасди. Шу боис биз у билан ишлашга рози бўлмаганмиз.
-Сиз нисбатан мўътадил, бундан ташқари диний эктремизга муросасиз , фақат демократик принипларга содиқ янги раҳбар сифатида нафақат ҳукуматнинг, балки, халқаро ташкилотларнинг ҳам эьтиборига тушдингиз. Айни шу вазиятдан келиб чиқсак, бундан кейин ҳукумат сизни фаолиятингизга қандай муносабатда бўлиши мумкин, деб ўйлайсиз?
-Мен буни аниқ билмайман. Менинг фикримча Ўзбекистонда ўз ғояларига содиқ турадиган, фақат курашнинг демократик йўлини танлаган кучли сиёсий гуруҳлар бўлса, улар ҳукумат билан мулоқот олиб бориши мумкин. Биз ҳукумат билан демократик кураш шартларига мувофиқ мулоқот қила оламиз ва фақат ҳукуматга мухолифатдаги демократик куч сифатида қолаверамиз. Биз диктаторлик бошқарив усулига, инсон ҳуқуқларининг бузилишига қаршимиз. Ўзбекистон очиқ, демократик усулда бошқариладиган мамлакат бўлиши керак.
-99 йилда Тошкентда бўлган портлашларда “Эрк” партияси азолари, жумладан партия раиси Муҳаммад Солиҳ террорчилик, давлат тўнтаришига уруниш каби айбларда айбланган эди. Ўшанда “Эрк” аьзоларига қўйилган айбномаларда оз бўлсада асос бормиди?
-”Эрк” партиясининг 1999 йилги портлашларга алоқаси йўқ. Мен ўзим раҳбарлик қилаётган “Эрк” партияси ҳақида гапираяпман. Муҳаммад Солиҳ гуруҳи ҳақида ҳеч нарса дея олмайман. Менга қилинган суиқасддан кейин кўп нарсадан хабарим бўлмаган.
-Бугунги кунда Муҳаммад Солиҳ раҳбарлигидаги “Эрк” партияси диний гуруҳлар билан ҳамкорликда ишлаётани кўпчиликка маьлум. Сиз раҳбарлик қилаётган “Эрк”нинг динга ва диний сиёсий гуруҳларга муносабати қандай?
-Демократик мухолифат исломий мухолифат билан бирлашиши мумкин эмас. Демократик бошқарув билан шариат бошқарувини келиштириб бўлмайди. Бунинг иложи йўқ. Чунки, демократия 21 аср воқеълиги бўлса, шариат ўрта асрлар , уйғониш даври маҳсулидир.
-Ўзбекистон келажакда ривожланиш бўйича қайси мамлакатлардан андоза олишини истардингиз?
-Ривожланиш бўйича маьлум бир андоза ёки йўналиш танлашнинг ўзи қийин. Йўналишни маьлум бир мамлакатнинг ўзи белгилай олмайди. Йўналишнинг ўзи мамлакатни танлайди.
-Сиз қандай давлат бошқаруви тарафдорисиз-президентлик бошқарувиними ёки парламент бошқарувиними?
-Ўзбекистон Парламент бошқарувидаги демократик республика бўлиши керак.
Суҳбатдош Юсуф Расул.
www.yangidunyo.com
Published on november 21, 2016 · Filed under: Видео лавҳалар;
Охирги изоҳлар