ЯНГИ ДУНЁ www.yangidunyo.org янги дунё www.yangidunyo.com

Саҳифаларимиз

Филмлар

Ҳамкорларимиз:

Рукнлар

Календар

november 2012
M T O T F L S
 1234
567891011
12131415161718
19202122232425
2627282930  
  • Тасаввуф ва Пантеизм

    Муҳаммад Солиҳ

    Совет даврида тасаввуф диний илм сифатида ўрганилмади, фақат бадиий адабиёт доираси ичида тилга олинди ва на рус, на-да бизнинг олимларимиз бу чегарадан чиқишга журъат этдилар.

    Тасаввуф дин мутафаккирлари эмас, адабиётшунослар ёки тарихчилар мушоҳадасига ҳавола этилди. Улар тасаввуфни ўз мутахассислигига керакли бўлган савиядагина тилга олдилар.

    Бизнинг ўзбек адабиётшунос ва тарихчиларимизга машъал каби кўринган академик Бертелс каби рус олимларининг тасаввуф ҳақида берган маълумотлари ҳам “ваҳдати вужуд” тортишмасидан нарига ўтмади.

    Буюк мутасаввуфларимиз Абдураҳмон Жомий ва Алишер Навоий асарлари дунёвий шоирлар сифатида талқин этилди.

    Бир сўз билан айтганда, совет филологияси ҳам тасаввуф мавзуида Ғарбнинг хатосини такрорлади – тасаввуфни бир фалсафий тушунчага, пантеизмга алмаштирди.

    Пантеизм қадимги ҳинд ва Миср диний ақидалари ва юнон файласуфларининг назариялари мажмуасидан иборат бўлиб, борлиқнинг моҳияти, унинг ибтиджоси ҳақидаги бир тушунчадир. Ғарб олимларининг фикрига кўра, ислом тасаввуфи ўша ақида ва назариялар таъсирида пайдо бўлган.

    Масалан Мансур Халлож, Боязид Бистомий ва Маҳмуд Шибастари каби мутасаввуфлар буддизмдан мутаассир бўлганлиги иддао қилинади. Хусусан, Мансур Халлож талаффуз этган “анал-ҳақ” ибораси асрлар давомида пантеизмни тасаввуфга боғлайдиган бир кўприк бўлиб хизмат қилди. Маълумки, Мансур Халлож бу ибораси учун қатл қилинди, аммо шу кунгача унинг шариатга шак келтиргани тасдиқланмагани каби, пантеизмга яаинлиги ҳам исбот қилингани йўқ.

    Алишер Навоий ўзининг сўфийлар ҳақидаги “Насойимул муҳаббат мин шамойимил футувва” китобида шундай деб ёзади: “Шайх Абул Аббосий ота, шайх Шибли, шайх Абу Абдуллоҳий Ҳафиф, шайх Абул Қосимий Насробозий ва шайх Абул Аббосий анинг (Халложнинг) қатлиға ризо бўлмадилар, фатво бермадилар, ва дедиларким, биз билмасмиз, ким ул ва не дейдур… Шайх Абу Саидий Абулхайр дебдирки, … анинг замонида (Халлож замонида) анингдек йўқ эрди.

    Шайхулислом қаддасаллоҳу таоло дебдир-ки, мен ани (Халложни) деганмасмен, машайих мувафақатиға ва шаръий илм риоятиға. Ва рад ҳам қилмасмен. Сиз дағи мундоқ қилинг ва мвкуф қўйинг. Ва ул кишиниким, ким ани қабул қилғай, кўпрак севармен, ондин-ки ани рад қилғай”.
    Бу сўзлар замонасининг тариқат султони саналган шайх Абусаид Абулхайрга оиддир.

    Кўриниб турибдики, Мансур Халлож тасаввуф арбобларининг ичида ҳам кучли тортишувларга сабаб бўлган.

    Мавлоно Жомий ўзининг “Нафаҳотул унс” китобида шайх Абдуллоҳ Ҳафифнинг шу сўзларини келтиради: “Халлож ҳақиқатан ҳам имомдир. Фақат ўзи билган илоҳий сирларни ҳар ким сўйлайверади. Заифларга кўтаролмайдиган юк юклади, шариатга риоя этмади ва бошига не келган бўлса, шундан келди”.

    Яна Мавлоно Жомийнинг ёзишича, Халлож одатда ҳар кун минг ракат намоз қилган. Ҳатто қатл кунидан олдинги кеча беш юз ракат намоз қилишга улгурган. Унинг идомига ҳукм ёзилар экан, Халлож ҳукм ёзаётганларга шундай дейди: “Қоним сизларга ҳаромдир. Шариатда мубоҳ саналган бу ишга қўл урганингиз сизга ҳалол бўлмас. Зеро, менинг эътиқфодим ислом, мазҳабим аҳли суннат, тўрт имом ва хулофои рошидин ва ашараи мубашшарадан бўлган бошқаларнинг тафдилидан иборатдир. Суннатга доир таълий қилганим асарларнинг нусхалари китобчиларда мавжуд. Қонимни тўкиш хусусида Оллоҳдан қўрқинг”.

    Аммо Мансур Халложнинг қони тўкилди. Оллоҳ қаршисида гуноҳкор Мансур Халложми ёки унинг мухолифларими, буни яна яратганнинг ўзи билади. Ҳар ҳолда, унинг шариат қоидаларига уйғун бўлмаган баъзи хатти-ҳаракатлари замондошлари тарафидан қаттиқ қораланса ҳам, Халлож ўзидан кейинги мутасаввуфлар учун “Имом Раббоний” ўлароқ тан олинган шахсдир. Зотан, унинг номини пантеизмга боғлаб тилга олганлар ҳам тасаввуф аҳли эмас, Ғарб файласуфлари бўлди. Уларнинг анъаналарини эса, юқорида айтганимиздек, совет олимлари давом эттирди.
    Тасаввуфни фалсафа сифатида талқин қилиш ҳоллари бугун ҳам мавжуддир. Бунинг хато эканлигини исбот қилиш учун тасаввуфнинг пайдо бўлиш тарихига кўз ташлаш лозим.

    Маълумки, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам вафотларидан кейин ислом жамоасида баъзи ботил фикрлар ёйила бошлади. Бунга тўсиқ бўлиш учун бир гуруҳ аҳли суннат ўз динларига нақадар содиқ эканлигини зуҳд ва тақво воситаси ила намойиш эта бошладилар. Уларнинг амали ўз нафслари билан мужодала эди. Шу мақсадда улар ҳужралар қура бошладилар. Бу кишилар аввал “зоҳид” ёки “обид” дейилди, кейинроқ “сўфий” деб атала бошлади. Мавлоно Жомийнинг ёзишича, илк сўфий номини олган киши ҳижрий 161-йилда Басрада вафот этган Абу Ҳошим бўлган.

    “Сўфий” калимасининг луғавий маъноси ҳақида икки хил фикр бор. Баъзилар бу сўзнинг юнонча софос (ақл) калимасидан келиб чиққанини айтадилар. Бошқалари эса, унинг маъносини арабча “суф” (юнг) калимасига боғлашади. Ҳар ҳолда, иккинчи қараш мусулмон олимлар тарафидан кўпроқ қабул қилинган. Нақл этишларича, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам бир мусулмоннинг даъватига ижобат этганда юнг хирқа кийиб чиқарканлар. Кейин пайдо бўлган сўфийларнинг қиёфати ҳам юнг хирқа кийган кишилар ўлароқ тасвирланади.

    Сўфий – нафси амморанинг истакларидан тозаланишга бел боғлаган ва бутун коинотни Оллоҳнинг мазҳари, деб билган кишидир. Сўфийларнинг бу амали кейинроқ “тасаввуф”, дея атала бошлади.

    Тасаввуфни пантеизм ёки ҳар қандай бошқа фалсафа билан қиёслаш мумкин эмас. Чунки, тасаввуф ва фалсафанинг озиқ манбалари бир-бирга тамоман бегонадир. Мавлоно Жомий бу хусусда шендай дейди: “Юнон фалсафаси ақл ва нафсниг маҳсулидир. Ислом тасаввуфи эса, Пайғамбарнинг маҳсулий иршодидир.”

    Пантеизм Ғарб файласуфларининг метафизикага таянган консепсиясидан бошқа нарса эмас. Уларнинг фикрига кўра, бутун борлиқ мутлақ ҳақиқатнинг эманатсияси, яъни тажаллийсидир. Бу фикр, бир қарашда, Мансур Халлож ва унинг издошларига нисбат қилинган “ваҳдати вужуд” тушунчасига ўхшайди. “Ваҳдати вужуд” баҳсида иккита мухталиф қараш бор. Биринчиси, коинотда нима бўлса, барчаси Унинг (Оллоҳнинг) ўзидир. Иккинчиси, коинотда нима бўлса, бари Ундан(Оллоҳ)дир.

    Мутасаввуфларнинг фикрига кўра, бундай қараш тарафдорлари аҳли суннат бўлиб, амали тақвога боғланган шахслар бўлса, уларнинг қарашини ғайришаръий деб бўлмайди. Лекин мутасаввуфларнинг ҳаммаси ҳам шундай фикрда эмас. Масалан, ҳижрийнинг 578-йилида Ироқда вафот этган йирик ислом олими Аҳмад-ар-Рифоий ўзининг “Ал Бурҳонул Муайяд” китобида шундай деб ёзади: “Халлож Мансурнинг “анал ҳақ” деганини нақл этадилар. Агар у Ҳақ ёнида бўлсайди, бундай демасди. Ваҳдати вужуд ҳақида бир шеърни ҳам унга иснод этадилар. Бу ва бунга ўхшаган сўзлар ботилдир. Ваҳима Халложни ҳолдан ҳолга судрайверган. Бундай сўзлардан эҳтиёт бўлишни тавсия этаман. Ваҳдати вужуд ва вужуди Ҳаққа оид фалсафадан ва унга ўхшаша фикрлардан сақланинг. Зеро, бу каби илмлар инсоннинг оёғини жаҳаннамга йўналтиради”

    Аҳмад-ар-Рифоийнинг бу кескин сўзлари ваҳдат вужуд тушунчаси ислом илми оламида нақадар мунозарали бўлганлигини кўрсатиб турибди. Шундай экан, ваҳдати вужудни пантеизмга ва унинг воситаси билан бутун тасаввуфни ҳам пантеизмга тенглаштириш асло мумкин эмас. Чунки, ҳар қандай фалсафа Мавлоно Жомий зикр қилганидек, ақл ва нафс маҳсулидир. Тасаввуф эса, ўша нафсга қарши мужодаладир. Бу фарқни тушунганлар тасаввуфни пантеизмга қиёслашга уринмайдилар.

    1995. Ноябр.

    “АДАБИЁТ МАНЗАРАЛАРИ”

    Published on november 5, 2012 · Filed under: Дин ва жамият;
    Kommentarer inaktiverade för Тасаввуф ва Пантеизм

Comments are closed.