-
Олис юртда омон бўлганим басми?
Олис юртда жонинг омон бўлса бас,
Маъюс шивирлайди ҳар гал ўша сас,
Ҳар сафар сиқади кўксимни қафас,
Олис юртда омон бўлганим басми?Бардош қадалганда суягинг қадар,
Соч юлиб тақдирни қарғасанг нетар?
Темирдай ”мард она” бўлганинг етар,
Олис юртда омон бўлганим басми?Қўлингдаги титроқ, сочингдаги оқ,
Бошинг остонада йўлимга муштоқ,
Ҳеч нима бермадим қайғудан кўпроқ,
Олис юртда омон бўлганим басми?Дуоларинг менинг фаришталарим,
Омадим, қудратим, жон ришталарим,
Балолардан йироқ тутганим маним,
Олис юртда омон бўлганим басми?Мен сени соғиндим, кел бугун – дегин,
Иложин қилгину, ел бугун – дегин,
Айтилмас илинжлар кўксингда тугун,
Олис юртда омон бўлганим басми?Маҳзур мажнунтолга суянмай беҳол
Дуодан тўхта-ю, бир бор уввос сол,
Ўксиб ўтаётган ҳар лаҳзанг увол,
Олис юртда омон бўлганим басми?Ёстиғим ҳам қоғоз, умрим ҳам қоғоз,
Қалам қитирлатиб ўтар қишу ёз,
Хаёлим ўғирлар йиғлаган овоз,
Олис юртда омон бўлганим басми?Мен ҳам азобдаман, меҳрингга зорман,
Ўзим истиқболман, ўзим заволман,
Кўксим эзиб ётган ғамгин саволман,
Олис юртда омон бўлганим басми?Бебаҳо юртимдан қарзим бор она,
Кўксим шох нийятлар тўлган кошона,
Бир нима бермасам оғрик жаҳона,
Олис юртда омон бўлганим басми?”Иймонинг бут килсин, жонингни омон”
Суҳбатимиз шундай тугар ҳар замон,
Ҳар сўзинг мен учун қонун онажон,
Олис юртда омон бўлганим басми?Канада
www.yangidunyo.org
Published on januari 9, 2013 · Filed under: Дилсора Фозилова;
Охирги изоҳлар