-
Завқимдан бир шингил…
“Шарқ юлдузи” 2012 йил, 6 сон
1960 йилда туғилган. Филология фанлари доктори, профессор.
1987 йилда Андижон Давлат тиллар педагогика институтини тамомлаган. Олимнинг “Руҳий дунё таҳлили”, “Истиқлол дарди”, “Адабиётшуносликка кириш”, “Чўлпон насри поэтикаси”, “Адабиёт надир?”, “Ғарб адабий танқидий тафаккури тарихи очерклари” (ҳаммуаллифликда), “Адабий жараёнда мом синдроми”, “Адабиётшунослик луғати” (ҳаммуаллифликда) каби китоблари нашр этилган.ЗАВҚИМДАН БИР ШИНГИЛ…
Таниқли адиб Аҳмад Аъзамнинг ижодий изланишлари каминани ҳамиша, нима десам экан, ҳайратга солиб, аниқроғи, шошириб келган. Мундай қарасанг, ёзганлари оддий нарсалар-у, нимасидир биз кўниккан нарсаларга ўхшамайдигандек, онггимизда муқимлашган назарий қоидаларга кўпам мос келмайдигандек туюлаверади. Ҳозир, ёзувчининг “Ҳали ҳаёт бор” китобини ўқиб туриб, шу туйғу яна янгиланди…
(…адашмасам, бу туйғу дастлаб “Одамнинг оласи” ҳикоясини ўқиш асносида пайдо бўлганди, шекилли. Сабаби, унда мазмун янгича эди: оддий бир одамнинг оддий бир куни, қаҳрамони ҳам ғалатироқми-ей… мақтайин десанг, биз мақтаб ўрганган қаҳрамонларнинг ҳақи кетиб қолади, ёмонлай десанг – бунинг. Ҳаммадан ҳам унинг ўша чоғлар биз асири бўлиб юрган севги ҳақида айтганлари: аввал хўп ғашингга тегади-ю, китобий-стереотип қарашларингни бирдан парчалаб юборганини сезмай қоласан… бир кулгинг, бир йиғлагинг келади. Ўйлаб қарасам, ўшанда, Шерқўзининг гапларини беихтиёр “ўғил бўлиб” эшитганман, чоғи: “Ҳе,содда болам! Хотин деб ўлиб-тирилиб пул йиғасан, тушириб ҳам оласан. Тўйдан кейин уч-тўрт ҳафта, чилланг чиққунча яшинмачоқ ўйнаб, қувлашиб ҳам юрасан. Кейин… бошланади – рўзғорнинг униси кам, буниси кам. Бир вақт қарабсанки, севги дегани донга қўнган чумчуқдек пир-р этиб учиб кетибди…” Қизиқ, ҳозир “Одамнинг оласи”га бугуннинг назари билан қарай олмаяпман, ҳарчанд уринмай, ўттиз йил наридаги таассурот босиб кетаётгандек… афсуски, ўша таассурот энди яхлит эмас, парчаланиб кетган – уни ўртоқлашиш имкондан ташқарида. Илож қанча, бошқача айтолмаганим боис “ёзувчининг маҳорати шундаки, ўқувчи тасвирланаётган воқеага бефарқ қарай олмайди, беихтиёр унинг иштирокчисига айланади” қабилидаги навбатчи, навбатчи бўлсаям рост гаплар билан чекланаман, маъзур тутинг.
…ёдингиздадир, 80-йилларнинг охирларида кўп қатори Аҳмад Аъзам ҳам ғоят фаоллашди: “Бу куннинг давоми”, “Асқартоғ томонларда”, “Ўзим билан ўзим” – бари шунинг маҳсули. Шу ўринда муҳим бир нуқтани айрича таъкидламоқ керак: кўпчиликдан фарқли, Аҳмад Аъзамда публицистиклик эмас, таҳлилий нигоҳ кучайди ва у жамиятда мавжуд ҳолат моҳиятига қаратилди. Муҳими – турли ракурслардан: “Бу куннинг давоми”да ўқувчи исмсиз қаҳрамон – У(н)га четдан назар солди, “Асқартоғ томонларда”да воқеликни Маҳдининг нигоҳи орқали кузатди, ниҳоят, “Ўзим билан ўзим”да беихтиёр “мен” мавқеидан туриб қарай бошлади. Яъни, ёзувчи гўё “том устига том босиб” боради: қаламга олинган ижтимоий дардга ўқувчини босқичма-босқич яқинлаштириб, ўзига сездирмайгина шахсий дардига айлантиради.
Балки, айтганларимдан “нуқтаи назар билан боғлиқ мазкур усуллар атайин, муайян мақсадни кўзлаб қўлланган, бу эса ёзувчининг маҳоратидан дарак”, деган фикр келиб чиқар. Албатта, шундай дейишга асос етарли. Лекин мен буни маҳоратдан кўра бошқа нарсага – самимиятга йўйган бўлардим. Зеро, бу асарлар, улардаги образлар ёзувчи фикрларини ифодалаш учун иллюстрация эмас, йўқ, унинг учун шуларни яратиш жараёнининг ўзи – изланиш, моҳиятга яқинлашишдир. Айни шу нарса – ёзувчининг ижод онларидаги маънавий-руҳий изланишлари жараён сифатида акс эттирилади, натижада, ўқувчи сабоқ олувчи эмас, балки изланишларнинг бевосита иштирокчисига айланади – икки ўртада ҳамфикрлик, ҳамдардлик асосидаги самимий мулоқот, кўнгил ошнолиги юзага келади. Дарвоқе, ушбу асарлар яратилган 80-йилларнинг адоғи фикр аҳли учун чинакам маънавий-руҳий изланишлар даври эди. Ҳаммасидан ҳам қандайдир беш-олти йил давомида тафаккуримизда юз берган ўзгаришлар шиддатини айтинг! Назаримда, Аҳмад Аъзам шу учала асарда ўзгаришлар шиддати ва моҳиятини муҳрлаб қўйишга улгургандек:
биринчисида, У: “бундай яшаб бўлмайди” деган қарорга келади;
иккинчисида, Маҳди: “одам бир нарсани тубдан ўйлаб олса-ю, ҳеч нарсани ўзгартирмаса, яна шундай яшайверса… Йўқ, мумкин эмас”, дея эртадан ҳаракат бошлашга чоғланади;
учинчисида эса, ўзгаришни ўзидан бошлаган: “кўнглини худди уй кўтаргандек” саришта қилиб, “кўнглимнинг тубидан шунақа туйғуларим топилаётирки!.. Шунчалар бадавлат эканимни ўзим билмай, қашшоқ-бенаво юраверган эканман”, дея ҳайрон турган, энди, ўзини дунёни кўнглига мувофиқ ўзгартиришга қодир ҳис қилаётган одамни кўрамиз… Эҳтимол, жоиз эмас кўринар, шундай бўлса ҳам айтгим келди: мазкур фикрлар Аҳмад Аъзам асарлари эълон қилиниши билан пешма-пеш ўқилганда туғилган. Ўшанда, “Бу кун… ва унинг давоми” номли бир мақола ёзган ва унда учала асарда аслида бир одамнинг ижтимоий тафаккурда шиддатли ўзгаришлар кечган қисқа бир даврдаги маънавий-руҳий тадрижи кузатилган, деган фикрни ўтказишга ҳаракат қилгандим. У пайт таассуротларим ҳали оҳорли бўлганигами ё қаҳрамонларнинг маънавий-руҳий изланишлари кўнглимга ёт эмаслигигами, ҳартугул, наздимда, дурустгина мақола чиққан ва юқоридаги фикр етарли асослангандек эди. Лекин, таҳириятлар фикри ўзгачароқ бўлди, чоғи, умид билан жўнатган қўлёзмалар бедарак кетди, аксига олиб, ўзимда нусхаси сақланмаган… “Йўқолган пичоқнинг сопи олтин”, дейдилар, шунданми, ўша мақолам ҳануз жуда бўлакча ёзилгандек туюлаверади-да…)
…энди, оҳорли таассуротларга келсак. “Ҳали ҳаёт бор” қиссасини ўқиркан беихтиёр Гогольнинг “Ревизор”и ёдга келади. Унда ҳам ҳамма гап битта воқеа – нашриётнинг оддий бир ходими Аъламнинг марказқўмдан йўқланиши атрофида айланади. Шу биргина воқеа ва ўша воқеага нашриёт ходимларининг муносабати… “Ахир, қисса дегани бундай бўлмасди-да! – беихтиёр назарий бисотимни титкилай бошлайман. – Қиссада бир-бирига боғлиқ воқеалар занжирдек тизилгучи… бу воқеаларнинг бари асосий қаҳрамон билан боғлиқ… улар ўша қаҳрамон характерини очиб беришга хизмат қилгучи… яъни, қиссадаги воқеалар восита, пировард мақсад қаҳрамон бўлгучи эди…” Хуллас, назарий қоидалардан келиб чиқсак, бу қисса эмасдек. Лекин… маза қилиб ўқиганингни ҳам инкор қилолмайсан-да, одам! Э-э, шу, адабиётшунос деган номинг бор, ўрганиб қоларкан одам, маза қилиб ўқиганингни бир ён суриб, йўл излайверасан экан: Ҳикоями? Қиссами?.. Яна, ҳақиқатдан узоқроқ бўлсаям эҳтимоли йўқ эмас, эртами-индин: “Қисса дегани мундоқ бўлур…”, дея ҳижжалаб тушунтирганингда, бирон талабанинг: “Фалон қисса-чи?” деб қолиши ҳам бор…
(Фаҳмлагандирсиз, ҳануз танқидий асарни кенг омма ўқийди деб ўйлаб юрганимдан бўлса керак, буларни: “Олимона гаплар кимгаям керак, асар ҳақидаги гапингни айта қўймайсанми?!” деган эътироз дафъига, узрхоҳлик мақсадида айтаётирман.)
…ҳолат шундайки, жанрни белгилаб олиш чиндан ҳам зарур экан. Фикримча, “Ҳали ҳаёт бор” асари – қиссанинг насримиздаги янги бир кўриниши, унда ҳикоя ва драмага хос поэтик хусусиятлар уйғунлашгани ҳолда қисса проблематикаси етакчилик қилади. Ҳикоядаги каби унда битта воқеа қаламга олинган, воқеа ўз ҳолича эстетик қиммат касб этади (яъни, қиссадан фарқ қилароқ, воқеа қаҳрамонга нисбатан восита эмас). Драмадаги каби унда битта воқеа – Аъламнинг марказкўмдан йўқланиши драматик конфликтли ҳолатни юзага келтиради: барча персонажларнинг хатти-ҳаракатлари шу билан боғлиқ, воқеанинг изчил ривожидан кўра, у юзага келтирган ҳолат муҳимроқ. Яъни воқеанинг изчил ривожи эмас, ҳолатнинг ички ривожи устувор. Шунга кўра, сюжет эпизодлар – драмадаги каби алмашиниб турувчи кўринишлардан таркиб топган. Ҳар бир кўринишда муайян персонажлар иштирок этади, уларнинг қиёфаси драматик ҳолат билан бевосита боғлиқ ҳолда очилиб боради. Тўғри, ушбу эпизодларни қаҳрамон – Аълам билан боғлиқ сюжет чизиғи бирлаштиради. Бироқ, гарчи сюжет ўзагини ташкил қилса-да, Аълам чизиғи ғоят ихчам: ҳовлисида кўмир ташиётганида хабарчи боради – ишга келиб нима гаплигини аниқлайди – ариза бериб ишдан кетади. Яъни, асар структурасида бу чизиқнинг ёрдамчи функцияда экани атайин таъкидлангандек. Ҳолбуки, мабодо бадиий ният ижросида, муаллиф концепциясини ифодалашда шу чизиқ доминантлик қилганида, назарий қоидаларга тўла мувофиқ ҳикоя яратилган бўлур эди. Ният эса бошқа, яъни, бутун бошли бир жамоа – жамиятнинг бир ҳалқаси қиёфасини, маънавий қиёфасини чизиш, худди шу нарса асарни ҳикоя жанри доирасидан чиқаради. Зеро, асар қаҳрамони Аълам деганимиз билан, у фақат структура нуқтаи назаридангина ушбу мавқени эгаллаган, концепция нуқтаи назаридан эса ЖАМОА қаҳрамон бўлиб чиқади. Айни шу жиҳатлар “Ҳали ҳаёт бор”ни қиссанинг ўзига хос янги бир кўриниши дейишимизга асос беради.
Аслида-ку, қисса асосида оддийгина воқеа ётади, ҳаётда бунга ўхшаш воқеаларга кўплаб дуч келинади ва кейинча, шунчаки латифа мисоли эслаб, кулиб юрилади. Дейлик, агар нашриёт раҳбарига сим қоққан Гулимоҳ Юлдузовна: “Камолов Аълам ҳали ҳам сизда ишлаяптими?” деб сўраган маҳал, столидаги бошқа телефон жиринглаб қолмаганида (шундай бўлиши мумкин ва табиий, ахир, балки унга ҳам юқоридан сим қоқишгандир, балки уйидан, балки бошқа – аҳамияти йўқ), нашриёт ари уясидек тўзиб кетмаган, қиссада ўқиганимиз машмашалар ҳам йўқ эди. Мантиқан қараганда, Гулимоҳ Юлдузовна муддаосини айтмасдан: “Кейин гаплашамиз!” дея гўшакни қўйган экан, бунчалик ҳавотирга ўрин бўлмаслиги керак эди. Бироқ, қиссада тасвирланган муҳит (давр) шундайки, ундан доим ҳам мантиққа ростликни излаш бефойда. Зеро, бу муҳитда “юқори – ҳаммавақт ҳақ”, у қуйидагиларни хоҳлаган кўйга солиши мумкин. Қуйи: “ўйнашмагин арбоб билан…” нақлини дастуруламал билади, юқори қаршисида “қўл боғлаб” туриш одат, мутелик ҳамманинг қон-қонига сингиб кетган. Шу боис ҳам нашриёт директори учун йўқлов табиий ҳол эмас, шўрлик: “бир иши бордир, сўрагандир, ҳали айтар”, деб қўяқолишга ожиз, калтакнинг бир учи ўзига тегишидан хавотирда. Ажабланишга ҳеч ўрин йўқ: муте инсон ўзини ҳамиша айбдор ҳис қилади (исталган вақтда айбдор қилиниши мумкин-да), чунки у юқори қаршисида гўё онадан туғилгандек бир алпозда – иштонсиз, чўпдан ҳадик олиб яшашга мажбур. Шу жиҳатдан қаралса, директор ва озми-кўпми “масъул”лиги бор бошқа ходимларнинг ўзларини муҳофаза қилишга қаратилган (ва бизга нотабиий кўринган) ҳаракатлари улар учун табиий зарурат бўлиб чиқади. Демак, шу ҳолни келтириб чиқарган муҳитнинг ўзи норасо. Афсус, нашриёт (муҳит)да ҳамма шунга кўнган: бирлари кўнгангина эмас, мавжуд ҳолат ва ундаги ўз ўрнини сақлаб қолиш учун андишани бир четга суриб қўйиб, жон-жаҳди билан тиришади; бошқа бирлари лоқайд томошабин бўлиб туради. Таъкидлаш жоиз, ёзувчи персонажларнинг хатти-ҳаракатлари, гап-сўзларини четдан туриб, гўё бетараф тасвирласа-да, уларнинг руҳияти ўқувчи кўз олдида шаффоф ҳолда намоён бўлади. Шу боис ҳам ёзувчининг айтиши шарт эмас, ўқувчи: “бундай яшаб бўлмайди, бундай яшаш инсонлик шаънига нораво!” деган фикрни уқиб олаверади. Сираси, бу Аҳмад Аъзамга хос маҳорат қирраси… (Дарвоқе, биргина одам, кўнглида эркинлик туйғуси ўлмаган Аъламгина мавжуд аҳволга кўнмайди – ариза ёзиб ишдан кетади. Тўғри, бу қаҳрамонлик эмас, муҳими, ёзувчи ҳам буни қаҳрамонлик дея талқин қилиш фикридан йироқ. Зеро, ҳақиқатда бу ўзини инсон ўлароқ ҳис этган, тириклик маъноси тирикчиликгина эмаслигини англаган киши борки қилишга бурчли ҳаракатдир. Фикримча, қисса қаҳрамонининг орқа планда қолдирилиши ҳам шу фикрни таъкидлашга хизмат қилади) … айтмасданоқ ифодалаш маҳорати.
“Қатағон йили” ҳикоясини ўқиб: “Аъламнинг ҳаракати қаҳрамонлик эмас”, дея ҳукм чиқарганда, бироз шошмадиммикан, деган андиша туғилади кишида. Ҳикояни ўқиркан, беихтиёр яқин ўтмишдаги “пахта компания”лари эсга келади: қулф осилган идораю муассаса эшикларидаги “ҳамма пахтада” ёзувлари… ёпилган бозорлар… тўхтатиб қўйилган автобус йўловчиларининг “йўл ҳақи” учун пахтазорга ёйилиши… шанба-бозор кунларидаги кўчаларни тўлдирган автобус карвонлари… – айтиб нима қилдик, булар кўпчиликнинг ёдида ҳали. Хуллас, 1982 йил ноябрь ойидаги зарбдор кунлардан бири, “Далаларда яккам-дуккам бирчигит қолган, совхоз октябрь ойи ўрталарида планни дўндириб бажарган-у, элу юрт ҳали-ҳамон шу бажариқни тўлдиролмай жон-ҳалак, бўл-ҳа-бўл ҳиқилдоққа келган”. Асаблар таранг, бунинг устига кеч куз изғирини ачитиб турган бир пайт оиласи билан уйига –
Тошкентга қайтиш учун улов пойлаб турган ҳикоячи билан милиционер ўртасидаги даҳанаки жанги қаламга олинган ҳикояда, шу холос.
Юқоридан “одамлар юрмасин кўчада” деган топшириқ берилган – ҳамма пахта ҳосили учун курашиши шарт! Яхши эслайсиз: шўро даврида “план”дан кейин “мажбурият” дегани бўларди. Ўшанда “мажбурият” деб юраверган эканмиз-у, сўзнинг моҳиятга нақадар мослигига эътибор қилмас эканмизми-ей?! Чинданам “мажбурият” дегани кўпроқ турли даражадаги “бюро” ва “штаб”лардаги дўқ-пўписалар, раису биргатларнинг зуғумлари, мелисанинг ҳайбати билан бажарилмасмиди?!. Ё ҳар қадамда илинган қизил матодаги шиорлар, радио-телевидениедан янграган чорловлар шунчалар кучли… Ҳай, майли, бу бошқа масала. Хуллас, мелисага “одамларнинг кўчада эмас, далада бўлиши”ни таъминлаш юклатилган. Шўрлик қуюшқондан чиқилаётганини билади, лекин ўзига юклатилган вазифани сўзсиз бажаради: “Энди… ишимиз шу-да. Бажар, деса – бажарамиз. Топшириқ қаттиқ”. Мундай қарасанг, мелиса юқорининг топшириғини оғишмай бажаради, пахта сиёсати ҳаммага тенг дея барчадан итоат талаб қилади, дағдағалари қўрққулик; одамлар ҳам унинг талабини бажараётгандек, айни чоғда, у билан сичқон-мушук ўйнаётган мисоли эвини қилиб тирикчилик юмушига ҳам унайдилар. Сираси, Саид бово “эшонбовомизнинг уллари” билан кўришишга жаҳд қилмаганида, ўз навбатида, “таваррик одамнинг боласи” ҳам чолнинг гапига кулмай қўяқолса, олам гулистон эди – ҳаётнинг “сичқон-мушук” ўйинига монанд оқими давом этаверарди. Лекин бундай бўлмади: Саид бово ниятидан қайтмади, ҳикоячимиз эса кулиб юборди-да! Худди шу нуқтада мелиса йигитнинг битта қиёфаси кўз олдимизда мукаммал суратланади:
“Бу ерда мен рухсат берсам куласиз!”
Кўряпсизми, қаршимизда, энди, шунчаки бир милиция нозири эмас, балки нақ ҳокими мутлақ турибди: қўйиб берсанг: “Мен рухсат берсам нафас оласан!” дейишдан ҳам тоймайдиган алпози бор. Шўро замони ҳақида гапира туриб “мустабид тузум-мустабид тузум” дея нолиймиз-у, асли тузум дегани шунчаки мавҳумот эканлигини кўпда ўйламаймиз. Ҳолбуки, мустабид тузумҳам мен, сен ва у – биздан ташкил топади. Унда яшаган ҳар биримиз қай даражада муте бўлсак, шу даражада мустабид ҳам эдик, зеро, мутелик билан мустабидлик бир-бирини тақозо этувчи эгизак тушунчалардир. Қаранг, мелиса йигит марказий газета мухбири (яъни, ўз тушунчасида юқорининг вакили) билан гаплашаётганини англаши биланоқ, вужудидаги мустабид изсиз йўқолди: “Бошдан шуни айтмайсизми?” дея ўзини оқлашга, узрхоҳлик қилишга ўтади. Ана энди унинг додини тингланг: “Мана, кечаги бозор, қор уриб турибди.Одамлар инсофинг борми, картишка-партишка олиб олайлик, бир соатгина оч, деб чуввос ёпишишди менга. Қор-ку, э-рталаб бўлса, шу ҳавода ким ҳам далага чиқарди, дебман. Майли, ярим соат муҳлат, бозорларингизни қилиб олинглар, лекин хафачилик йўқ, дедим.” Ҳа, мелиса йигит бир лаҳзагина ҳамқишлоқларига юқорининг вакили эканлигини унутиб муносабатда бўлди ва… балога қолди: “Одамлар энди дарвозадан кириб, савдони бошлаган эди, бабиллаб қора “Волга” кепқолди. Одамларга ҳеч нарса дегани йўқ. Менга қараб: “Онайни фалон сани! Санга шапка кийдирганни онасини!” деб ке-етди!..” Эндигина ҳаммани бир оғиз “рухсат” дейишига маҳтал қилиб турган мелиса йигитни бу қадар тўзитиб сўкаётган райком бува бўладилар. Ким билсин, бундан сал илгарироқ бошқа бирови, дейлик, пахта топшириш графиги бажарилмагани учун унинг-да онасини айбдор қилганми? Эҳтимоли асло йўқ эмас, зеро, мустабид тузумда “мушт кетди” қоидаси амал қилади: қуйи поғонадаги шўрлик аввал “Энангни қози…” дея аламини ютади, сўнг… ўзидан қуйидагига сочади. Эҳ-ҳе, қурғур алам сочган билан тугай қолсайкан, кўнгилга тошдай чўкавергани ёмон. Мелиса йигитнинг алами ҳали янги, кўнгли ҳануз йиғлаб турибди: “Майли, шу одамларни деб сўкиш эшитаман” дея ўзини овутмоққа ҳаракат қилади, лекин: “биронтаси, эй инсон, сўксанг, ўзини сўк, онасида нима айб, демагани ботиб кетади”. Кейин ҳамқишлоқларидан гина қилишга ҳаққи йўқлигини ҳис қилиб, алами бир баҳя кўтарилади: “Э-э, бечораларга нима ҳам дейман, ҳаммамиз шундай”. Қаранг, мелиса йигит хўрлик кўргач, ўзини ҳамқишлоқлари билан битта қайиқда ҳис қилади, лекин кўнглида йилт этган исён учқунини дарҳол сўндириб, ўзини шу қисматга кўнишга чоғлайди: “Кетворай десам – иш бу, тирикчилик деган нарса бор. Ҳе, майли-да, биз бир кичкина одам, мелисаликни ҳам қилиш керак, барибир. Бетни қалин қилиб юрибмиз-да…” Мана, кўз олдимизда мелиса йигитнинг иккинчи қиёфаси ҳам суратланди: у ҳам бошқалар каби муте бир одам… (боя “ҳар биримиз қай даражада муте бўлсак, шу даражада мустабид ҳам эдик”, дегандим, шу фикрга яна қайтгим келди. Можаро муросага дўнгач, ҳикоячи “ҳалидан бери кўнглини босган бир ғашлик, ўжар бир гуноҳкорлик туйғуси” ҳақида сўзлайди, гувоҳномасини кўрсатганига уялиб кетганини айтади. Тўғри, ҳикоячи ўзини ҳимоя қилди, лекин бунга гувоҳномани кўрсатиб, мелиса йигитга унинг ўзи каби, яъни, мустабидаларга хос муомала қилибгина эришди. Кўнглини нохуш кайфият чулғагани, уят ҳисси, аслида, шундан эмасми?!.) Энди, юқоридаги андишага келсак, тан олақолай, “Аъламнинг ҳаракати қаҳрамонлик эмас”, деганим хато: ўша шароитда ҳам ички эркинлигини сақлаб, инсонлик шаънини баланд тутиб яшашнинг ўзи қаҳрамонлик бўлмасдан нима, ахир?!.
Машғулотларда, сингадиган давраларда бир қарашда оддийгина ҳаётий ҳолатда ҳикмат кўришу моҳиятига теран назар солган ҳолда унга бадиий-фалсафий қиммат бағишлаш Аҳмад Аъзам ижодий манерасига хослигини таъкидлаб келаман. Янги китобини ўқиб, бир жиҳат назаримдан четда қолганини сездим. Мен ёзувчи хаёлоти билан боғлиқ, чамаси, “Ўзим билан ўзим”да ниш берган ва, кейинча, иккита шох чиқариб ривожланган жиҳатни назарда тутаман. Бу шохларнинг бири – лириклик, яъни, воқеликни тасвирлаш эмас, муносабат ифодалашнинг олдинги планга чиқиши… (Ҳа-я, “Ўзим билан ўзим” эълон қилинган пайтлар шапалоқдай бир нарса ёзиб, унинг лирик асар эканлигини исботлашга уринган, ўзимни янги гап айтолган санаб, қувониб юрганим бор. У пайтлари рус адабиётидан дарс берганимгами ё рус тилида ёзиш урф бўлганигами, мақолани русча ёзиб: “Жанровое своеобразие поэмы А.Агзама “Наедине с самим собой” деб атабман. Номни қаранг! Давомини ёзмаса ҳам бўлаверадигандек эди-ёв…) Китобга новелла деб киритилган “Гул кўтариб кетаётган эркак”да худди шундай: унда эпик асарга хос воқеабандлик, баски, ҳикоячи йўқ, унда кўзи тушиб турган ҳолатни мушоҳада этаётган муаллиф – лирик субъект бор, яъни, у моҳиятан лирик асар. Шохларнинг иккинчиси – хаёлда яралган воқеанинг қаламга олиниши: “Соясини йўқотган одам”, “Нотўғри туш” ҳикояларида шундай. Албатта, улар шунчаки хаёлот маҳсули эмас, балки шу воқелик таъсирида, у ҳақдаги ўй-қарашларни, ЎЗни ифодалаш воситаси ўлароқ яратилгандир. Аҳмад Аъзам янги китоби муқовасига: “Кўп ишни қилиб кўрдим, турли юмушга қўл урдим. Лекин ҳеч бири ёзишга, ёзиш берадиган машаққатли завққа тенг келмайди…” деган изҳорини ёздириб қўйибди. Ҳақиқатан ҳам китобга ёзувчи, назаримизда, адабий жараёндан бироз четлашиб қолгандек, “турли юмушга қўл уриб” юрган вақтлари ёзилган асарлари киритилибди. Муаллиф “ёзиш берадиган завқ” ҳақида айтибди, илло, ўқиш берадиган завқ ҳам бундан кам эмас. Шуни ўйлаб, китобга кирган асарларнинг айримларига, шунда ҳам мухтасар тўхталдим – ўқиб оладиган завқингиз ўзингизники бўлсин, дедим-да.
http://www.ahmad-azam.com
Published on januari 13, 2013 · Filed under: Тадқиқот;
Охирги изоҳлар