-
Ёлғонларга тўлган мамлакат
Ҳозирги кунда Қирғизистондаги оммавий ахборот воситаларида эълон қилинаётган хабарларнинг ҳаммасига ҳам ишониб бўлмайди. Сабаби, айрим журналистлар бўлиб ўтган воқеаларга ўзлари тўқиб чиқарган турли хил “муҳим маълумот”ларни қўшиб, яхшини ёмон, ёмонни яхши қилиб кўрсатишга устаси фаранг бўлиб кетишди. Бу жабҳада, айниқса, қирғиз тилида чиқаётган газеталарда ишлаётган журналистлар аллақанча “тажриба” тўплашга эришдилар.
Таҳлил қилиб кўрилса, бу газеталарда ишлаётган журналистлар 2005 йилдан бери ёлғонни тарқатишга астойдил киришганликлари кўринади. Улар, энг аввало, қирғизларнинг олий ирқ эканлигидан бошлаб, бутун одамзод улардан тарқаганлигини оддий халққа сингдиришга ҳаракат қилишни бошлаганлар. Кейин эса республикада яшаётган бошқа миллатларни камситишга йўналтирилган мақолалар газеталар саҳифаларидан кенг ўрин ола бошлади.
Қирғиз Республикаси Конституциясининг 31-модда 4-пунктида “ Камситиш, душманлик ёки зўрлашга чақирувчи миллий, этник, ирқий, диний нафрат, гендер ва бошқа ижтимоий устунликни тарғиб этиш тақиқланади”, деб катта қилиб ёзиб қўйилганига қарамасдан “Агым”, “Алиби”, “Фабула”,”Аят” ва “Асман.kg” каби газеталарда ёлғонни ёзиш одатий ҳол бўлиб қолган. Оммавий ахборот воситаларида, ҳатто ёлғонни ёзадиган алоҳида рубрикалар ҳам бор. Уни “ушак”, деб атайдилар. Бу рубрикада миллий низолар чиқариш, бошқа миллатларни камситиш , маълум бир тўдага ёқмаган амалдорларнинг обрўсини туширишга хизмат қиладиган мақолалар эълон қилинади.Уларга Конституциясининг “Ҳеч ким шахснинг шаъни ва қадр-қимматига путур етказувчи маълумотларни тарқатганлиги учун жиноий таъқибга олиниши мумкин эмас”, деб ёзилган 33-модданинг 5-пункти сариёғдай ёқиб тушди. Шу моддага ёпиниб олган айрим миллатчи журналистлар қирғизлардан бошқа миллат вакилларини камситишни ўзларига бош мавзу қилиб олганлар.
Ёлғон ва туҳматни ёзишни касб қилиб олган журналистлар КГБ (Кыргыз гезиттеринин бирикмеси) деган ном билан бир жамоат ташкилотларига бирикканига нима дейсиз. Ҳақиқатан ҳам уларнинг фаолияти КГБнинг ҳаракатига жуда ўхшаш. Уларнинг раҳбари турган-битгани фасод, илгари “Алиби” газетасининг муҳаррири, Муваққат ҳукуматга хизмат қиладиган амалдор бўлиб ишлаган, Акаев даврида жуда кўп халқ мулкини ўзлаштириб, кейин Америкага қочиб кетган, ҳозир Жогорку Кенешнинг депутати Равшан Жээнбековнинг отаси Бабирбек Жээнбеков ўзини авлиё, шерикларини эса сутдан оқ қилиб кўрсатади. Ана шу “жамоат арбоби” раҳбарлик қилаётган нодавлат ташкилот жинояти аён бўлган ва жазодан қутулиш ва элга ўзини айбсиз қилиб кўрсатиш учун “Қумтор” олтин конини халққа қайтариш керак, деган шиорни ўртага ташлаб, тўполонлар бошламоқчи бўлган С. Жапаровни “Йил одами”, деб эълон қилади. Бунисига нима дейсиз? Ўзи жиноятчи, аммо 2012 йилнинг энг зўр одами! Қандай, жаранглаяптими?
Айрим маълумотларга кўра 1500 “кўки”дан узатган ҳар қандай одамни КГБ йилнинг энг яхши одамлари қаторига қўшаркан. Ноҳақдан қамалган ҳуқуқ ҳимоячиси Азимжон Асқаровни озодликка чиқаришга ҳам шу миллатчи журналистлар тўсиқ бўлмоқда. Б. Жээнбеков бошлиқ КГБчилар қирғиз халқининг жоҳил ва уруғчилик қобиғидан чиқмаган Артур Шопенгауэр айтгандек: “Ғурурланишига ҳеч қандай асоси бўлмаган қашшоқ одам ўзи мансуб бўлган миллат билан мағрурланишдек якка-ю ягона имкониятига жон жаҳди билан ёпишади”, деган сўзларига мос бўлган қатламига суянади, улардан куч олади ва ўшаларга ишониб фаолиятини ташкиллаштиради. Агар уларнинг камчиликларини кўрсатиб, ёлғон ёзибсан, десангиз-чи, балога қоласиз.
Сизни, аввало, саводсиз дейишади, кейин миллатчига чиқаришади, агар қирғиз бўлмасангиз, сепаратист, деган “унвон” беришади. Агар амалдор бўлсангиз, сўз эркинлигини бўғяпти, деган тавқи лаънатни дарров бўйнингизга илишади. Шундай осилишадики, ўзингизни худди қутурган итлар галасига тушиб қолгандай ҳис қиласиз. Яқинда президент А. Атамбаев “Учур” газетасида чиқаётган мақолалар ва унинг муҳарририни танқид қилиб қўйган эди. Балога қолди.Шу йилнинг 5-6 январь кунлари Қирғизистоннинг Боткен вилоятида бўлиб ўтган чегарадаги муаммо ҳам ОАВ томонидан 2 хил йўналишда талқин қилинмоқда. Масалага холис қарайдиган бўлсак, ҳаракатдаги қонун бўйича ҳали демаркация қилинмаган чегара ҳудудида қиладиган ҳар қандай ишни чегарадош мамлакат вакиллари билан маъқуллашиш керак. Ўзбошимчалик билан қилинган иш эса ёмон оқибатларни келтириб чиқаради. Боткенда ҳам шундай бўлди. Қирғизистонлик чегарачилар яқинда қурилган “Чорбоғ” чегара заставасига демаркация қилинмаган чегара зонаси орқали электр узатиш линиясини қуришни бошлаганлар. Бу ҳолат ўзбекистонлик фуқароларнинг ғурурига теккан. Ўртада жанжал чиққан. Бу воқеани Қирғизистондаги оммавий ахборот воситалари турли кўринишда дунё жамоатчилигига тақдим қилмоқда. Қирғизистонда чиқадиган газета ва интернет сайтларида берилган хабарларга суяниб, уларнинг гапини рўкач қилиб олган Дэвид Триллинг каби айрим чет эл журналистлари (Эҳтимол, у ҳам қирғиз журналистидир.) барча айбларни ўзбекистонликларга юкламоқчи бўлади.( Қаранг: http://www.centrasia.ru/newsA.php?st=1357637520) Аслида Марказий Осиё мамлакатларидаги юз бераётган низолардан манфаатдор гуруҳлар Ғарбда керагича топилади.
Триллинг ҳам ана шундай гуруҳларнинг бирига содиқ хизмат қилади, денг-чи. Боткендаги воқеани бўлганини бўлгандай қилиб таҳлил қилган журналистлар ҳам бор. Журналист А. Мадалиев бу воқеани ҳақиқатга яқинроқ аспектда таҳлил қилган. (Қаранг: http://www.centrasia.ru/newsA.php?st=1357625700) Унга кўра айб қирғизистонлик чегарачиларда. Улар чегара ҳақида халқаро шартномага хилоф иш қилиш билан бирга бир кун илгари келишилган шартни ҳам бажармаганлар. Аксинча, армия ходимлари қонунни бузган. Бўлиб ҳам одамларни отишга ҚР МҲДК Боткен чегара постининг бошлиғи подполковник Нурлан Керимканов билан “Чорбоғ“ чегара заставасининг командири прапоршик Мирзаахмат Мамадиев буйруқ беришган. Бу ҳақда Қирғизистонда чиқадиган ҳеч қайси газета ва интернет саҳифаларидан бирорта хабар тополмайсиз. Аксинча, жамоат арбоблари, сиёсатшунослар ва сиёсий экспертларнинг бу воқеага муносабатлари эълон қилинди. Уларга кўра, Қирғизистон чегарачилари қўйдай ювош ва қонунларни тўлиқ бажаради, ҳамма айб ўзбекистонлик фуқароларда. Т. Какчакеев каби сиёсатшунослар эса шу воқеадан фуқаролар онгини заҳарлаш учун фойдаланадилар. Унинг фикрича, Ўзбекистон Қирғизистонни ўзига тенг кўрмайди. Қолаверса, бу воқеаларнинг туб сабабла-ридан бири 1930-40-йилларда Қирғизистонга раҳбар бўлган шахслар томонидан Сўх, Ворух, Андижон, Шоҳимардон-Сўх каби шаҳар ва қишлоқларни Ўзбекистонга бериб юборилишидир, деб довдирайди. (Қаранг: http://www.gezitter.org/interviews/17185) Шу сўзи билан икки қардош элнинг ўртасига чўғ ташлаётганини жаноб Т. Какчакеев билармикин?
Аввало, Марказий Осиёдаги иттифоқдош республикалар туркий элни ёмон кўрган Сталин ва унинг ҳамтовоқлари томонидан Туркистонни парчалаб ташлаш учун тузилган. Қирғизистон ҳам ана шуларнинг қаторида 1924 йилда Россиянинг таркибига киритилган Қора қирғиз автоном области номи билан дунёга келган. Қирғизлар кўчманчи эди. Уларни ўтроқлаштиришни ниқоби остида совет раҳбарлари Фарғона водийсининг бир қисмини Россиянинг территорииясига айлантирмоқчи бўлган. Ана шунинг учун бирорта ҳам шаҳари ёки катта аҳоли пункти бўлмаган халққа давлат тузиб бериш учун Фарғона водийсида жойлашган Ўш, Жалолобод каби катта шаҳарларни, Новқат, Аравон, Қадамжой, Обхона, Сузоқ, Бозорқўрғон, Моси, Избоскан каби катта ўзбек қишлоқларини “рус оға”лар шу давлат таркибига киритишган. Т. Какчакеев бу тарихни билмайди, дейсизми? Билади. Лекин атайин халқни ўзбекларга, Ўзбекистонга қарши қўйишга интилади. Бу ҳаракати билан у кимларнидир ғаразли топшириғини бажаради.
Ўзган районининг Қуршоб қишлоғида бўлиб ўтган жанжални оммавий ахборот воситаларида ёритиш ҳам бир ёқлама ва турли хил мазмунда бўлмоқда. Бу воқеани ёритишга ҳаракат қилган журналистларнинг кўпчилиги кабинетидан чиқмай, таниш-билишларидан телефон орқали воқеа тафсилотларини билиб, кейин ўзига ёққан ҳолатда уни оммага узатади, шекилли. Аслида, айб ҳокимиятда. Қирғиз ёшлари қилган жиноятларига жазо олмасликларини яхши биладилар. Бунгача хитойлик қурувчилар билан маҳаллий аҳоли ўртасида турли хил даражада жанжаллар бўлиб ўтган. Бундай ҳолат Қирғизистон учун янгилик эмаслигини кўпчилик билади. Бу сафарги воқеа қуйидагича юз берди: шу йилнинг 8 январь куни Қуршоб қишлоғидаги “Астан-Ата” кафесида овқатланаётган хитойлик қурувчиларга маҳаллий ёшларнинг бир гуруҳи тегажоқлик қилишган. Ўша ерлик Муратали Сасиков исмли йигит хитойликларнинг биридан олган қўл телефонини қайтариб бермайди. Хитойликнинг сўзларига қулоқ солмай ва уни эрмак қилади. Натижада, улар билан жанжал чиқади ва хитойликлар уларни уриб қўядилар. Ёрдамга келган Муратали Сасиковнинг отаси Камал Сасиков бошлиқ қуршобликлар хитойлик қурувчиларга ҳужум қиладилар. Лекин улар бўйсунмасдан уларга қаршилик кўрсатади. Охирида милиция келади ва жанжални босишнинг ўрнига, одатича, миллатдошларининг ёнини босиб, хитойликларни уришни бошлайдилар. Хитой ўзбек эмас-да, қирғизлар нима деса, хўп дегани. Улар калтак, арматура таёқчалари билан милицияга қарши чиқади. Ўшдан ёрдамга келган милиция отрядигина жанжални босишга муваффақ бўлади. Ўша куни 20 яқин хитойлик қаттиқ ярадор бўладилар. Бугунги кунда айбдорларни жазолашга ҳаракатдаги ҳокимият шошилмаётгани ҳам ажабланарли. Яна одатдагидай айбни хитойликларга ағдариб, айбдорларни сувдан қуруқ чиқаришади, шекилли.
Қизиғи шундаки, ёлғонлардан фуқароларнинг қулоғига лағмон илиш қачонгача давом этаркин? Ё “демократия ороли” шунақа бўлармикин?
Мухтор Алиев, эркин журналист.
www.yangidunyo.org
Published on januari 13, 2013 · Filed under: Ўш қирғини;
One Response to “Ёлғонларга тўлган мамлакат”
-
тонготар said on januari 14th, 2013 at 11:55 e m
ош вокиасидан кегин киргизлар узларини енгилмас ва уларга хамайук мумкун деган тушунча пайдо булган. ачинарлиси шуки булар фарзантларини келажагини уйламаябди, хает шундак кетади деб буларнинг касофатига фарзантлари бир умур азобда утишини уйлагисихам кемаябди. ахир каримов хам кетар,, бутун узбекнинг боши бир булар, унда булар е яна асл холи кучманчи утмишига кайтадими.
Охирги изоҳлар