ЯНГИ ДУНЁ www.yangidunyo.org янги дунё www.yangidunyo.com

Саҳифаларимиз

Филмлар

Ҳамкорларимиз:

RSS Аҳмад Аъзам

  • Ett fel har uppstått, vilket troligen innebär att flödet är nere. Försök på nytt senare.

Рукнлар

Календар

december 2012
M T O T F L S
« Nov   jan »
 12
3456789
10111213141516
17181920212223
24252627282930
31  

  • Ўзбекистон Президентига мактублар

    Исмат Хушев

    Ҳурматли Ислом Абдуғаниевич!

    Тақдир ва насиба экан, мана беш-олти йилдан бўён Сизсиз ва Сизнинг меҳрингизсиз Ўзбекистондан олис бир диёрда яшаб юрибман.

    Ўтган бу йиллар давомида хорижнинг тинч ва осуда, ҳур ва озод гўшаларида яшаб, Ўзбекистонда ўтган мулозимлик кунларимни қайта ва қайта таҳлил этишга, йўл қўйган хато ва камчиликларни аниқлаб, сарҳисоб қилишга уриндим.

    Яширмайман, Сиз берган раҳбарлик салоҳиятини сақлаб қололмаганим учун кўпроқ ўзим ва қуюшқонга сиғмас ҳатти-ҳаракатларим айбдор эканини аллақачон англаб етганман.

    Бу ва бошқа гуноҳларим, армон ва изтиробларим ҳақида “Оқланмаган ишонч қиссаси” номли хотиралар китобида баҳоли қудрат баён этишга ҳаракат қилаяпман.

    Бугундан бошлаб эса, ҳурматли Ислом Абдуғаниевич, олис Канададан туриб, ўзбекистонлик оддий одамларнинг юрагини анчадан бўён қийнаб келаётган гап-сўзларни Сизга вақт-бевақт етказиб туришга қарор қилдим.

    Нега, масалан, Сизнинг сиёсий рақибларингиз Шукрилла Мирсаидов ёки Муҳаммад Солиҳ эмас, айнан мен бунга бел боғладим?

    Шунинг учунки, Сиз ҳануз уларни ўзингизга рақиб, янаям аниқроқ айтадиган бўлсак, душман деб биласиз.

    Шу боис уларнинг оддий мурожаат ва баёнотларини ҳам нафақат ўзингиз учун, балки каттакон бир мамлакат учун ҳам жиддий хавф ва таҳлика сифатида қабул қиласиз.

    Ана шундай бир вазиятда бу гап сўзларни бир пайтлар Сизга яқин ва садоқатли бўлган, ўзингиз яхши билган, ёқтирган ва хорижга кетганидан кейин ҳам номингизга сиғиниб юрган мухлис бир йигит айтса, мақсадга мувофиқ бўлар, Сиз буни тўғри қабул қиларсиз деган умиддаман.

    Ислом ака!

    Муҳожирликда ўтган умрим давомида мен Сиз ва Сизнинг сиёсатингиз ҳақида жуда кўп ўйладим.

    Жуда кўп нарсаларни ёнингизда, салоҳиятингиз таъсирида юриб тушунмаганимни, билмаганимни англаб етдим…

    Мен хорижда яна бир нарсани кашф қилдимки, бу ҳақда Сизга бугун ўз фикрларимни батафсилроқ баён этмасам, бўлмас…

    Сиз Амир Темурнинг қўшинларга саркардалик қилиш ва давлатни бошқариш санъатини мукаммал эгаллаган ҳукмдор экансиз.

    Мен атай, одамларга эмас, “қўшинларга” деб айтаяпман.

    Зотан бугун Ўзбекистондаги барча бошқарув идоралари – хоҳ у фуқаровий жамият ва ё давлат органи, хоҳ ҳарбий тизилма ё ижодий уюшма бўлсин, қатьий назар, темир интизом билан шахсан Сизга бўйсундирилган…

    Худди қадимдаги саркардаларнинг найза билан қуролланган қилич ва қалқонли, темир интизомли посбонларидек…

    Сўз эркинлиги бўғилган, ҳур фикр янчилган бундай вазиятда оддий одамларнинг фикри, талаб ва илтимослари шоҳ тугул, унинг ҳайбатли ва ваҳимали саройларига ҳам етиб боролмайдиган шундай бир вазиятда аксар ўзбек зиёлиларининг, адабиёт мухлисларининг юрагида анчадан бўён тўпланиб қолган гап сўзларни бугун олис Канададан туриб Сизга етказсам мендан ранжиманг.

    Ислом ака!

    Одам каттакон бир мамлакатга ҳукмронлик қилса, фуқаролар уни “Подшоҳи олам”, дунё раҳбарлари эса “Жаноби Олийлари” деб аташса, эъзозлашса, бундай ҳукмдор одатда олийжаноб, бағри кенг ва кечиримли бўлиши керак эди.

    Лекин мана ўн йилларки, Сиз истеъдодли ўзбек ёзувчиси Мамадали Маҳмудовни ҳануз ҳибсда сақлаб келасиз.

    Тўқсонинчи йиллардаги Олий Кенгаш депутатлари Самандар Қўқонов билан Мурод Жўраевлар йигирма йилдан бўён қамоқда.

    Муҳаммад Солиҳнинг бир инини яқинда чиқариб, бошқасини яна узоқ муддатга турмада олиб қолдингиз…

    Майли, касбий фаолияти ва ё сиёсий ҳатти-ҳарактлари туфайли қамалган бошқа ўнлаб журналист, ҳуқуқ ҳимоячилари ва ё “Рустамбанк”ка ўхшаш тадбиркорларни айтиб ўтирмай…

    Амир Темурнинг қаттиққўлигини, ҳокимиятни узоқ муддат куч билан ушлаб қолиш сирларини мукаммал ўрганган Сиздек ҳукмдор наҳот ундан раҳм шафқат ва мурувватни ҳам заррача юқтирмаган бўлса деб ўйлаб қоламан баъзан…

    Мамадали ака қандай яхши, очиқ кўнгил ва самимий одам эди. У Сизни қанчалар яхши кўришини, ҳурмат қилишини билсангиз эди…

    Сизнинг давлат маслаҳатчингиз Мавлон Умрзоқов билан биргаликда рухсатингиз билан мени ҳам қамашганларида, Олий суд ҳибсхонасининг қон ва тер ҳиди анқиб турган тор ва нурсиз камераларида ногоҳ у кишини учратиб қолган эдим.

    1994-йилнинг декабрь ойида, агар эсингизда бўлса, бизни суд қилишган эди.

    Тонг саҳарлаб Тоштурма, Миллий Хавфсизлик Хизмати ва Ички Ишлар вазирлиги ҳибсхоналаридан темир панажарали машиналарда бизларни Олий суд биносига олиб келишаркан, ҳакамлар то уйқуга тўйиб, тўкин дастурхонда чой-пойини ичиб, ишга келгунларига қадар бўлган уч-тўрт соат муддатни биз қўлларимизда кишанлар билан камерада ўтказишга мажбур эдик.

    Нега энди камера ичида ҳам кишанларимизни ечишмаслари биз шўрлик мулозимлар учун то ҳануз сир бўлиб қолди.

    Ана шундай кунларнинг бирида камерага кирарканмиз, беихтиёр кимнингдир таниш ва қадрдон овозини эшитиб қолдим:

    – Сизларни ҳам қамашдими?

    Ажиб ҳайратдан кўра кўпроқ муҳиб бир ҳасрат билан айтилган бу савол мана ўн саккиз йилдирки, ҳануз қулоқларим остида жаранглаб турибди.

    Мамадали Маҳмудов эди бу саволни берган ҳайрат соҳиби…

    Биз кўзларда ёш билан тор ва диққинафас қафасхонада маҳбусларни суриб, туртиб бир биримизнинг бағримизга отиларканмиз, қўлларимиз кишанлангани боис қучоғлашиш имконидан ҳам маҳрум эдик…

    Ўша пайтларда у кишини Муҳаммад Солиҳнинг газеталари боис қамашган экан. Кейин орадан бир оз вақт ўтиб “Тошкент портлашлари” сабаб қамашди. Қалби ҳайрат ва ҳасратларга тўла истеъдодли ўзбек ёзувчиси, не тонг ва не кулфатки, то ҳануз ҳибсда…

    Мен бугун Ислом ака, у кишининг ва бошқаларнинг айбдор ва ё айбсиз экани ҳақида гапирмоқчи эмасман. Бу бефойда ва бунинг нима учун бефойда эканини ўзингиз ҳам яхши биласиз…

    Мен бугун шу одамлар айбдор бўлиб, ўз жазосини олган тақдирда ҳам бугунга келиб улар аллақачон озодликка чиққан бўлишлари керак эди демоқчиман…

    Ўзингиз ўйлаб кўринг, Ислом ака!

    Улар ҳам одам, уларнинг ҳам худди Сиз ва бизники каби бири-биридан ширин болалари, оиласи бор, ахир.

    Умр ўзи одамга бир маротаба берилади. Нега энди Сиздек ўзини адолат пешвоси, ўзбекнинг даҳоси деб билган одам бош бўлган давлатда бундай қонунсизлик ва адолатсизлик содир бўлаяпти?

    Одам бу дунёда бир маротаба яшайди, ахир! Шундоғам умр қисқа!

    Ислом ака!

    Биз Сиздан олдин 24 йил Ўзбекистонга раҳбарлик қилган одамнинг сиёсий фаолиятидан кейинги фожеларни кўрдик. Уни биринчи бўлиб ўзининг ва оиласининг ишончини қозонганлар сотди, гўрдан олиб гўрга солишди, руҳини оёқ ости қилишди.

    Буни Сиз мендан ҳам яхшироқ биласиз.

    Биз ҳали Сиз раҳбарлик қилган давр якунини кўрганимиз йўқ…

    Фақат, Сиздан олдин ўтган ўтган раҳбар қисматининг аччиқ ва аламли фожеаларидан атрофингиздаги калтабин ва узоқни кўра олмайдиган мулозимларингиз етарли хулоса чиқармаганидан ташвишдаман, холос…

    Бугун Сизнинг ёнингизда турган, Сизга ўзининг садоқатини туну кун изҳор қилаётган лаганбардорлар бирор маротаба бўлса ҳам бундай қилиш нотўғри эканини, эрта бир кун бунинг оқибати ёмон бўлишини наҳот Сизга айтмасалар, огоҳлантирмасалар…

    Ислом ака, Сиз дунё ҳукмдорларининг биринчиси ҳам, сўнггиси ҳам эмассиз. Ўшалар ҳам ҳокимият қўлдан кетганидан сўнг кўп масалаларда афсус ва надомат қилишган…

    Қачонлардир менга қилган яхшиликларингиз, гарчи оқлай олмаган бўлсам-да, билдирган ишонч ва мурувватингиз ҳаққи ҳурмати, менинг ёзганларимни яхшилаб мулоҳаза қилиб кўринг, Ислом ака!

    Бу гап сўзлар фақат менинг юрагимдаги алам ва ҳасрат эмас. Бутун мамлакат, бутун ҳаққа, ҳақиқатга ташна диллар ноласи бу!

    Бу алам ва ҳасратлар, бу нола-ю, кўз ёшлар эрта бир кун исён ва ғалаёнларга айланмай туриб, бунинг олдини олиш керак!

    Ислом ака!

    Сиз ҳозир подшосиз, салтанат қўлингизда.

    Бугун балки вақт бордир, лекин эртага кеч бўлади…

    Сизга ҳурмат ва эҳтиром билан,
    олис Канададан шогирдингиз: Исмат Хушев.


    10 апрел, 2012 йил. Торонто шаҳри.

    www.dunyouzbeklari.com

    Published on december 8, 2012 · Filed under: Исмат Хушев;
    1 Comment

One Response to “Ўзбекистон Президентига мактублар”

  1. Qilich bilan chachingizni oling Ismat bova