-
Жон ва жонон можароси
Муҳтарам устозимиз Нажмиддин Комиловнинг хотиралари ҳамиша барҳаёт! Ушбу мақола домламиздан бебаҳо ёдгорлик сифатида сақланиб қолди. Таҳририят.
Алишер Навоийнинг лирик асарлари жамланган «Хазоим ул маоний» девонида икки ярим мингдан ортиқ ғазал бор. Шарқ адабиётида бирор шоирга бунчалик кўп ғазал ёзиш насиб бўлмаган. Аммо гап фақат сонда эмас. Навоий қалбидан қуйилиб чиққан ғазалларнинг ҳар бири даҳо ижодкорнинг беназир санъати ва теран тафаккуридан гувоҳлик берадиган бадиий дурдона, мўъжизадир. Бу бадиий миниатюраларнинг яратилганига беш асрдан ошди, лекин кеча ёзилгандай ҳамон руҳимиз, шууримизни ғалаёнга солиб, дилларга ҳаловат бағишлайди, ўқиган сари яна ўқигингиз, байтлар қатидаги сеҳрли ва сирли маъноларни теранроқ, тўлароқ англаб олгингиз келади. Буюк ўзбек шоири салафлари ижод-хонасида камолга етган кўҳна жанрнинг имкониятларини истифода этиб, бемисл маҳорат кўрсатиш, хазоя билмас шеърий гулшанлар яратиш баробарида ўзи мустақил равишда янги ифода усулларию услублар ихтиро қилди, ижодий тажрибалар, улкан изланишлар йўлидан бориб, ғазал инкишофини баланд чўққиларга олиб чиқди.
Яхлит маъноли, воқеабанд ғазаллар яратиш улуғ Навоийнинг шундай услубий ихтироларидандир. Мақсуд Шайхзода биринчи бўлиб бунга эътиборимизни қаратган эди. Аввалги шоирларда аҳён-аҳён учраб турадиган бу хусусият Навоий ижодида изчиллик тусини олади, муайян равия, бадиий ифода тарзига айланади. Турфа инсоний ҳолатлар, воқеа-ҳодисалар тасвирига бағишланган туркум-туркум газаллар шундан далолат беради.
Яхлит маъноли ғазал радиф-сўзга урғу бериб, шоирона ваҳиятни намоён этиш, ё бирор-бир ҳодисадан таъсирланиб, ҳис-ҳаяжонни тўкиб солиш, шу воқеа моҳиятини очиш, ёхуд муайян анъанавий туркумча-тамсиллар, образ-ифодалар атрофида сухансозлик қилиш. лутф кўргатиш ниятнинг мевасидир. Чунончи, улуғ шоир жон ва жонон мавзуида бир туркум дилбар ғазаллар яратганким, шулардан бирини қуйида тўла келтирамиз:
Ҳар лабинг ўлганни тирғузмакда жоно, жон эрур,
Бу жиҳатдан бир-бириси бирла жоножон эрур.
Жоним андоқ тўлди жонондинки, бўлмас фаҳмким,
Жон эрур, жонон эмас, ё жон эмас, жонон эрур.
Бўлса жонон бордудур жон ҳам, чу жонон қилди азм,
Жон кетиб жонон била, жондин менга ҳижрон эрур.
Жон манга жонон учундур, йўқ жонон жон учун,
Умр жононсиз қатиқ, жонсиз вале осон эрур.
Борса жон жонон йитар, гар борса жонон жон кетар,
Кимсага жонону жонсиз умр не имкон эрур.
Ҳушдурур жону жаҳон жонон била, жонон агар бўлмаса,
Жон ўйлаким ўлмас, жаҳон зиндон эрур.
Жоним ол, эй, ҳажру жононсиз манга ранж айлама,
Чунки жононсиз Навоий жонидин ранжон эрур.
Ғазалда «жон» сўзи ўн тўққиз, «жонон» сўзи ўн олти марта такрорланиб келган. Бироқ бу қайтариқлар бизга нохуш туюлмайди, аксинча, кучли завқ уйғотади, шоирнинг заковати, топқирлигига қойил қоламиз, Қаршимизда ўзига хос бутун бир ғазал-тажнис, яъни бир ўзакли, талаффузи, шакли ўхшаш, аммо маънолари хилма-хил сўзлар воситасида барпо бўлган ҳайратомуз санъат намунаси. Аёнки, тажнис классик шеъриятимизда кенг тарқалган усул, лекин етти байтли ғазалда икки жинодош сўзнинг бошдан-охир ҳар гал янги маънода, янги жило, янги товланиш билан бундай занжирланиб келиши фавқулодда ҳодиса. Гўё уста заргар бир бўлак жавоҳирдан турфа тароватли марварид доналарини суфталаб, ипак ипга тизиб чиққандай. Ва лекин шу нарса ҳам эсда турсинким, улуғ шоир сўз соҳибқирони эканини кўз-кўз қилиш учунгина бу санъатга қўл урган эмас. Бу санъат замирида Навоий қалбида ҳамиша яшаб, кўкариб тургап эзгу-ардоқли фикрлар: ишқ, вафо, садоқат ҳақидаги мунаввар, муборак ғоялар порлаб диққатимизни тортади. Сўз —тафаккур хизматида, санъат — фикр ва ғоянинг кўрки, тарғиботчиси.
Бутун ғазал бўйлаб сўз додини бериб тажнисни узлуксиз давом эттириш бир санъат бўлса, буни муҳим ижтимоий-ахлоқий ғоя билан боғлаб ривожлантириш орқали гўзал бир тасвирни вужудга келтириш яна бир санъат — юксак шоирлик маҳоратининг, уйғоқ, уйғун тахайюл, табиатдай қудратли ва сахий истеъдоднинг нашъу намоси, сеҳркорлиги. Шоирнинг усталигини қарангки, байтлар бир-бири ила мантиқан пайвандланиб, етакчи, сарбон ғояни теранлаштира бориш асносида лирик қаҳрамоннинг туйғулари ҳам байтдан байтга кучайиб, унинг юрагидаги дарди, эҳтирос-ҳаяжонлари жўшиб бораверади, жон ва жонон можароси зўраяди, висол шодлигию ҳижрон азоблари, ошиқ изтироби ва ёр истиғноси орасидаги драматик зиддият таранглашади.
Ғазални шарҳлаганимизда бу хусусият янада равшанроқ кўзга ташлана боради. Аммо бу ишни бошлашдан олдин ҳамма гапларимиз келиб тақаладиган «жон» ва «жонон» сўзларига изоҳ бермоқчимиз. Жонон сўзининг жондан келиб чиққани аниқ. Лекин қандай қилиб? Балки бу «жон каби», «жонга ўхшаш» (жондан ширин) деган маъноларни англатар? Яъни: жонмонанд — жонмон — жонон тарзида бирикманинг ихчамлашиб бориши оқибатида содир бўлгандир? Форс тилида сўзни мана шундай ихчамлаб, талаффузни енгиллаштириш ҳодисаси бор. Аммо Суддий Баснавийнинг фикрича, жонон жон сўзининг кўплигидир. Маҳбубни улуғлаш, унга чексиз ҳурмат-эҳтиром билдириш мақсадида шундай қилинган бўлса ажаб эмас, чунки бу яхши одатимиз ҳозир ҳам амал қилиб келмоқда. Бундан ташқари, жонон — жонларнинг жони (жони жонҳо, жони жонон) туганмас, ўлмас жон маъносида ишлатилиб, бора-бора тилда мустаҳкамланиб қолган бўлиши ҳам мумкин. Ҳар ҳолда барча маъноларда ҳам жонон (муаннас шакли жонона) инсон учун энг қимматли, азиз ҳисобланган жон билан баробар қўйилгани, ҳаттоки ундаи ортиқроқ билиб, эъзозланаётгани аён бўлмоқда. Жонон — маҳбуб, маъшуқ, дилбар, дилором, санам — буларнинг барчаси ёрнинг сифат-синонимлари. Улардан ҳар бири шеъриятда ўз мавриди, ўз мақом-нисбатида қўлланиб келинган. Чунончи, жонон сўзи тилга олинганда албатта жон сўзи ҳам қўшиб зикр этилган.
Воқеан бир-бирига вобаста бу тушунчаларни яна ҳам тўлиқроқ тасаввур этмоқчи бўлсак, жон сўзининг келиб чиқиш моҳиятини ҳам билишимиз даркор. Зеро, қадимги аждодларимиз буни ҳозир биз тушунгандай талқин этмаганлар. Ҳозир биз жонни танадан ажратиб тасаввур қилолмаймиз. Жон, яъни тириклик материянинг олий даражада уюшган шакли бўлмиш биологик ҳаётнинг (демак инсон вужудининг ҳам) хусусияти деб қараймиз. Қадимгилар эса, жон бошқа, тана-жисм бошқа деб тушунганлар. Боз устига, уларнинг тасаввурича, жон, руҳ — олий неъмат, бирламчи борлиқ бўлиб, жисм қуйи хаюло — тўрт унсурдан таркиб топган бир қолип. Агар жон бўлмаса, вужуд ўзича яшай олмайди, дунё тимсоли бўлган бу «вайрона»ни жон обод қилиши мумкин. «Ошиқ дили дўстга мунтазир ва беқарор талпинганидай, жисм руҳга муштоқ ва муҳтождир», дейди «Кашфул маҳжуб» китобининг муаллифи Шоҳ Иноятулло. Алишер Навоий асарларида учрайдиган «жисми вайроним», «тан уйн», «вужуд хокистари» сингари ибораларни шу маънода англашимиз керак. Унингча, жонсиз жисм — қаро тупроқ: «Жисмдан жонсиз на ҳосил, эй му-сулмонларки, ул бир қаро туфроқдурурким, гулу райҳони йўқ». Жоннинг шоирлар кўп қўллайдиган иккинчи рамзий номи «равон» (юриб турувчи) эканини эътиборга олсак, жон жисмга қарама-қарши ўлароқ доимо ҳаракатдаги нарса деб қаралгани маълум бўлади. Шунинг учун у жисм билан курашади, ўз асли — мутлақ руҳга бориб қўшилишга интилади, дея талқин қилинган. «Жоним оғзимга келди», «жон риштаси», «жони кирди» қабилидаги халқ иборалари ҳам шу тасаввурлар таъсирида туғилган. Мазкур тасаввурлар, шу билан бирга, абадий ҳаёт ҳақидаги, Масиҳ (Исо), Хизр тўғрисидаги армонли ривоятларнинг яратилишига ҳам сабаб бўлган. Гўё Масиҳ ўз нафаси билан ўлган одамни тирилтирар, Хизр бўлса оби ҳаёт — тириклик сувини топиб ичгани учун мангу яшаб, одамларни эзгулик манбаига етаклар эмиш…
Алишер Навоий тасвирлаган ошиқнинг севган ёри худди шундай нафасли киши, унинг лаблари ўликка ҳам жон бағишлай олади, бу лаблардан ўпган ошиқ абадий ҳаёт топади. Фақат бу эмас. Жонон лабларининг ҳар бири алоҳида-алоҳида сеҳр кўрсатиш қудратига эга ва соҳирлик ишида улар ғоят иноқ-иттифоқдирлар. Қисқаси, ғазалнинг ушбу ривоятга асосланган биринчи байтининг мазмуни бундай: «Жонгинам, лабларингнинг ҳар бири ўлган одамни тирилтиришда жон ўрнидадир, улар иккови бу ишда жуда иноқдирлар». Байтдаги «жонон» сўзининг иноқ, иттифоқдан ташқари, яна бир — жонга жон, жон бериб жон олиш деган қадимий маъноси ҳам бор. Масалан, урушда фидойилик кўрсатган кишиларга нисбатан шундай дейилган. Навоий газалга бу маънони ҳам сингдира олган: жононнинг икки лаби ошиққа жон бағишлашда бир-бири билан тортишиб, баҳслашади — бири жон олса, иккинчиси жон ато этади. Ҳа, бу ёр дийдорига муштоқ, кўнгли муҳаббат бодаси-ла лиммо-лим одам учун табиий ҳолдир. Ошиқ жонон ёдида шунчалик азият чекадики, ўзининг бор-йўқлигини унутиб қўяди, бироқ жонон ҳузури, висол уни қайта ўзига келтиради, тирилтиради. Висол лаҳзасидаги бу руҳий ҳолат, қониқиш, ёр лабларидан олинган бўсанинг лаззати жонга беқиёс ҳузур бағишлайди. Жон жонон билан қовушиб, йўқ-йўқ, бирлашиб кетади. Улар орасида ҳеч қандай фарқ қолмайди: жон — жононга, жонон эса — жонга айланади. Яъни: «Жоним жонондан шу даражада тўйиб қониқдики, қайсиси жон, қайси бири жонон эканини билмай қолдим — жон бўлса, жонон қани, жонон бўлса, жон қани?» Биринчи байтнинг бевосита давоми бўлмиш иккинчи байтиинг мазмуни шундан иборат.
Муҳаббат қиёмида ошиқнинг «буду нобуду тенг бўлиб» қолиши, жонон жилвасида эриб кетиши Навоий ижодида кўп маротаба учрайдиган хуш тасвирлардан. Чунончи, шоир бошқа бир ғазалида бундай дейди: «Ёр буди ичра нобуд ўлғаменким, ўртада ўзгаликдан демаким, ўзликдан осор қолмағай». Ишқ тариқати шуки, агар бу йўлга кирган одам ҳақиқий ошиқ бўлса, у ўзини маъшуқанинг бир бўлагига айлантириши, орада «у» — «мен» деган фарқланишга ўрин қолдирмаслиги керак. Ахир, висол чоғида юз берадиган муҳаббат қиёми «Ўзни унутиш ва маҳбубдан айри тасаввур қилмасликдир» (Шоҳ Иноятулло, «Кашфул маҳжуб», 19-бет). Бу ошиқни беқарор орзиқиб кутган дам, унинг учун олий мукофот. Чунки ошиқнинг кўнгли ва жони тинимсиз равишда жононга қараб интилади, жононсиз яшашни дўзах азоби деб билади. Зотан, жононсиз жоннинг унга кераги йўқ. Жононсиз жон танни ҳам қийноқ ва уқубатлар гирдобига солади.
Жоннинг доимий суратда жононга талпиниши, висолга ташналигини инсоннинг ўз Идеалига, бутун файзу фазилати, пок ахлоқи, ички маънавий дунёсининг кўркам, нурафшонлиги билан жозибали бўлган дўст сари интилиши деб билмоқ керак. Дўст — кишининг севган ёри ҳам, эътиқод-имон тимсоли ҳам, эзгулик, адолат ва ҳақиқат ҳамдир. Яхши инсонни севиш — ҳаётни севиш, ҳаётни севиш — ҳақиқатни, ҳақни севиш демакдир. Буюк Навоий хаёлотида етилган Жонон образида бу тушунчаларнинг бари мужассам. Шу маънода жононга бўлган муҳаббат реал турмуш, муҳитдан қониқмаган, зулм ва зўрлик пажмурда этган, дунёнинг нотекис ва нотўкислигидан озурда кўнгилнинг қидирган оромгоҳи, сиғинадиган ва суянадиган ягона паноҳхонаси бўлганини унутмайди. «Хазоин-ул маоний» дебочасида шоир ўз ғазалларининг ёзилишига сабаб бўлган ҳаётий турткиларни бундай қайд этади: «Олдимга анча душворлиқлар юзланди ва теграмга анча саъб гирифторлиқлар айланди ва бошимға сипеҳр анча бало тошини отди ва ишқ сипоҳининг лагадкўби заиф пайкарим била сўнгакларимни онча оёқ остида ушотдиким, не сўзимдан хабарим, не ўзлугим билан ўзумдин асар қолди». Бу аҳволимни шарҳ этсам тушунадиган бир мушфиқ инсон тополмадим, шу боис дардларимни шеър қилиб ёздим, дейди Навоий.
Ёрга бўлган ишқнинг шиддат ва шарофатини шу тахлит камоли эътиқод билан таърифлаб келиб, улуғ шоир учинчи байтда фикрларини янада равшанроқ баён этади: «Агар жононинг бўлса — жонинг ҳам бор, агар жонон кетишга чоғланса, билгилки, жон ҳам жонон билан бирга кетади. Демак, жондан ажраласан ва ҳижрон азобида қоласан». Жон билан жононнинг ажралмаслиги ҳақидаги бу ғоя кейинги байтларда янгича қиёсланиш ёрдамида давом этади. Масалан, тўртинчи байтнинг мазмуни бундай: «Жон менга жонон учун керак, аксинча, жонон жон учун эмас. Чунки жононсиз яшаш беҳад оғир, аммо жонсиз шу маромда ўртаниб-ўртаниб изҳор яшаш беҳад оғир, аммо жонсиз умр кўриш осон». Жигарсўхта, шайдойи ошиқ кўнгил муножотини мана шу маромда ўртаниб-ўртаниб изҳор этган. Висолдан сархуш, бироқ ёрдан жудо бўлиш муқаррарлигини олдиндан сезгандай жон талвасада. Ҳижрон азобларига қайта гирифтор бўлмаслик учун жондан кечишга ҳам рози… Тўртинчи байтдаги «жонсиз умр осон эрур» жумласи бизга ғалатироқ туюлиши мумкин.
Дарҳақиқат, қандай қилиб одам жонсиз яшай олади? Чамаси, бу ўринда шоир жон баҳсининг мажозий-ботиний маъносини чуқурлаштира бориб, инсон учун маънавий ҳаётнинг афзаллигини таъкидламоқчи бўлган. Унинг назарида ҳақиқий ҳаёт маънавий ҳаётдир, зероким, жонон, кўриб ўтганимиздай, ана шу маънавий фазилатларнинг умумлашма тимсоли. Навоий сўз ўйини — тажнисдан мантиқ силсиласига ўтади: модомики, жон билан жонон бир экан, бири иккинчисисиз тасаввур этилмас экан, жонони йўқ (ишқсиз) одамлар жонсиз кишилардир. Улар тирик юрадилару лекин руҳан, қалбан ўлганлар. Шунинг учун умрлари осон кечади. Аммо энг қизиғи шундаки, шоир ўзининг бу фикридан қайтади, ахир, ишқ барча махлуқотда бўлиши шарт, ишқсиз, жононсиз, умуман ҳаёт йўқ. 6у хулоса бешинчи байтда ўз ифодасини топган: «Жон кетса, жонон кетса, жон ҳам кетади. Шундай бўлгач, жононсиз ва жонсиз қандай яшаш мумкин?»
Бу фикр олтинчи байтга келиб мазмунан яна кенгаяди, жонон фақат ошиқнинг жони билан баробар нарса бўлиб қолмай, балки «жону жаҳон»га тенг бутун мавжудотни ўз ичига оладиган тушунчага айланади. Энди ошиқ ўз жони, ўз шахсияти ҳақида қайғуриш билан чегараланмайди. Унинг учун дунёнинг барча ширинлиги, лаззати, ҳатто азоб, хўрсиниқлари ҳам жонон билан хуш, жонон билан маъноли ва зебо: «Жону жаҳон жонон билан хушдир, агар жонон бўлмаса, жон бўлмайди деганинг кам, бу кенг жаҳон зиндонга айланади». Навоий такрори бўлсада, ҳижрон оғирлигини бот-бот таъкидлаб, охирги еттинчи байтда илтижо ва тавалло оҳангини кучайтиради, ҳамда ғазални шу нафас билан якунлайди. Зору нотавон ошиқ жондан кечиш эвазига бўлса ҳам жонон васлидан маҳрум этмасликларини ёлбориб сўрайди: «Эй, ҳижрон, майли, жонимни олгин, аммо жононсиз яшаш азобини менга раво кўрма. Чунки жононсиз Навоий жонидан безордир». Маълум бўладики, таҳлил этганимиз ғазалда ошиқнинг икки ҳолати — висол лаҳзасидаги ҳаловат, жоннинг яйраши ва ёрдан ажралганда юз берадиган руҳий қийноқлар қиёслатиб тасвир этилган. Бошқача айтганда, жон ва жонон баҳси васл ҳамда ҳижрон қиёси негизига қурилган. Висолга мушарраф бўлган ошиқ бу бахтнинг абадий барқарорлигини истаб, агар жонон ташлаб кетса нималар бўлиши мумкинлигини зорланиб гапиради.
Бу — Алишер Навоийнинг айни шу газалда қўллаган бадиий усули. Жон ва жонон можаросига бағишланган бошқа ғазалларида шоир яна ўзгача санъат, ўзгача усулларни синаб кўрган. Масалан, «Қасди жоним қилди ҳажр, эй қотили хунхор, кел» сатри билан бошланадиган ғазалда жонондан ажралган фироқдаги ошиқнинг изтироблари ифодаланади. У ёрига ғойибона мурожаат қилиб, «Жон нақдини овучда ушлаб турибман, агар келсанг, йўлингга сочаман», дейди. Руҳ ҳам, жон ҳам жонон йўлига мунтазир, ошиқнинг нияти бўлса жонини жононга топшириш: «Жон етибдур оғзима, дерман лабингга топширай, лутф этиб қилғил мени жон бирла тенгсиз неъмати! Ҳаётбахш нафасли маҳбуб висолига муштоқ ошиқнинг интизорликдан жони огзига келган. Шу бетоқат жонимни келиб олгин, мени азобдан қутқар, сендан миннатдор бўламан, дейди, у. Аммо бу айни ҳолатда ошиқ учун янгидан жон топиш ҳам. Чунки Навоий васф этган маҳбуб лаби жон багишлаш қудратига эга-да! «Севингил, эй кўнгул, охирки, жисминг ичра жон келди», деб бошланадиган газал эса бунинг акси ўлароқ жонон келгандан кейинги шодлик, руҳий кўтаринкилик кайфиятини тараннум этади. Ёр бемор бўлиб ётганда ошиқнинг жони ачишиб, баттар қийиалади. Ёки ёрдан келган мактуб, ёрга юборилган нома, ёхуд ёр муждасини келтирган хабарчи кабутарлар тасвири ҳам Навоийда ошиқ қалби ҳаяжонлари билан қўшилиб кетади. Жонондан келган нома жон исини (ҳам хабар, ҳам хушбўй маъносида) келтирса, жавоб номасини ёзганда ошиқ уни жон риштаси билан чирмаб, ҳар бир сўзи, ҳарфи ёрдамида гўё қийналган жонининг нишоналарини жўнатади. Бу каби газалларда муайян образнинг чизгилари намоён, тасвир характерли деталлар асосида давом этган ва шу ҳаётий ашё — сурат таъсири натижаси ўлароқ лирик туйғулар қулф уриб, қайнаб чиқади. Хуллас, Навоийнинг воқеабанд, яхлит маъноли асарлари унинг лирик меросидаги ўзига хос ғоявий-бадиий ҳодиса, туркумлар ичидаги ҳар бир газалнииг махсус усулда битилгани эса бутунлик, гармонияга интилган муқтадор шоирона тафаккурнинг ранғин оламида алоҳида-алоҳида кўринишлардир. Шу сабабли улуғ шоир ижодининг тадқиқотчилари учунгина эмас, балки унинг асарларини ўқиб, баҳра олишни ният қилган китобхонлар учун ҳам бу хусусиятларни билиш зарур.
www.ziyouz.com
Published on februari 9, 2013 · Filed under: Ўзбек мумтоз адабиёти;
Охирги изоҳлар