ЯНГИ ДУНЁ www.yangidunyo.org янги дунё www.yangidunyo.com

Саҳифаларимиз

Филмлар

Ҳамкорларимиз:

Рукнлар

Календар

februari 2013
M T O T F L S
 123
45678910
11121314151617
18192021222324
25262728  
  • Қирғизистонлик ўзбек энди қаерга боради?

    kirgiz militsiyaМухтор Алиев, эркин журналист

    Ҳақиқатан ҳам, қирғизистонлик ўзбекка қийин бўлди. Ё ўзлари бирика олмаса, ё уларни бирор бир халқ, ёхуд давлат қўллаб-қувватламаса. Лидерлари қувғинда. Мамлакатда қолган Омонулло Иминовга ўхшаб, ўзларини лидер ҳисоблаганлар эса, титулларга дастурхончилик қилишиб, молу жонларини сақлаш билан овора. Бу ҳолатдан фойдаланган ҳаракатдаги ҳокимият ўзбекларни бира тўла жамиятдан сиқиб чиқариш учун барча чораларни кўрмоқдалар. Ўзбек йигитларини, июнь воқеаларига қатнашгансан, деб ёки бошқа бир баҳона билан қамаш ҳамон давом этмоқда. Россияда ишлаб қайтиб келаётган ўзбекларни худди овчи ўлжасини пойлагандай дарров тутиб, пулини олиш эса милициянинг энг яхши ҳунарига айланди. Ўшлик Имадиновларнинг тақдири бунга мисол бўлади. Унинг устига ўзбек хонадонларига тунда босқинлар уюштирилиши одат тусига кирди. 2010 йил июнь воқеалари пайтида уйини қўриқлаган ўзбек жиноятчи сифатида умрбод қамоқ жазосига тортилди. Талончиликни уюштирган ва ўзбекларни қирғин қилганлар миллат қаҳрамони сифатида эъзозланмоқда. Ҳатто уларнинг бир нечтаси Жогорку Кенешнинг депутатлари бўлиб сайланиб олишган. Ҳар қандай жиноятда ўзбеклар айбдор қилиниб, тергов амалиётига тортилиши ҳозир ҳеч кимни ажаблантирмайди. Бундай “қирғизча ҳақиқат”га чет эл ҳуқуқни ҳимоя қилувчи ташкилотлар ҳам кўникиб қолди. Уларнинг аксарияти, “Good for me right now! Other people i haven’t problem” (Ҳозир менга яхши! Бошқаларнинг муаммоси билан нима ишим бор),- деб анча-мунча ҳуқуқ бузилишларини кўрса ҳам, кўрмасликка олмоқдалар.

    Миллатга моддий зарар етказишдаги эришилган “муваффақият” ҳаракатдаги ҳокимиятни олдиндан тузилган режаларини амалга оширишга ундагани сир эмас. Миллатчиларга қарши турадиган ўзбек миллий марказларининг фаолияти деярли тўхтатиб қўйилганлигидан фойдаланиб, улар ўзбекларга асосий зарба – маънавий зиён етказиш учун мактабларни қирғизлаштиришга киришдилар. Ўзбек мактабларининг битирувчиларига олий ўқув юртига кириш йўллари ҳам тўсиб қўйилмоқда. Таълим ва ўқитиш усулларини баҳолаш Марказининг маълумоти бўйича 2011 йили Умумреспубликавий Тест (УРТ) ни ўзбек тилида 2125 абитуриент топширган бўлса, ўтган йили бу кўрсаткич мингга ҳам етмаган, деган баҳона билан январь ойининг охирида Таълим ва фан вазирлиги олий ўқув юртига кириш учун ўзбекча тест топширишни бекор қилди. Аслида, бу Атамбаев бошида турган янги ҳокимият юргизаётган миллий сиёсатнинг илк мевалари эканини кўпчилик тушуниб турибди.

    Маълумки, Акаев юргизган пала-партиш сиёсат қирғизларнинг ўз ичида маҳаллийчилик ва уруғ-уруққа бўлинишга олиб келди. Шимолдаги амалдорлар жанубликларни ҳокимиятдан ҳайдаб ўзларининг кадрларини қўйиб олгандан сўнг анча ҳушёрликларини йўқотишди. Оқибатда, А. Масалиев ғоявий раҳбар бўлган жанубликлар 2005 йилда ҳокимиятни яна қўлга олишди. Ўша кундан бошлаб миллатчилик гўёки, ҳар бир қирғиз учун ор-номус белгиси ҳисобланадиган вазият юзага келди. Қайси амалдор ҳокимиятга келган бўлса, ўз уруғидаги одамларни, калласи ишлайдими, ишламайдими, барибир, қўл остидаги катта-катта хизматларга кўтара бошлади. Бундай ишлар ёмон натижага олиб келишини айтган маслаҳатчиларга ўрисчалаб, “Да, он сам тупой, но, зато свой”, деган жавобни берадилар.

    Қирғизистонда ўзбекни ёмонлаганки амалдор миллатчи сиёсатчилар томонидан эъзозланади. Давлатнинг қонунни назорат қилувчи идораларидан ҳеч бири уни огоҳлантирмайди, айтганларинг қонунга зид, деб жавобгарликка тортмайди. Бундай ҳолатнинг келиб чиқишининг энг асосий сабабларидан бири кўр-кўрона миллатчиликка асосланган уруғчиликдир. Мамлакат Конституцияси номигагина қабул қилинган. Президентдан тортиб, то ҳуқуқни ҳимоя қилиш идораларининг ходимларига қадар Конституция талабларига эмас, охир-оқибат қариндошчилик ва уруғчилик қоидаларига бўйсунадилар. Бунинг оқибатида, инсон ҳуқуқлари мутлақо сақланмайди ва озчиликни ташкил қилган миллатларнинг ҳуқуқлари поймол қилиш одат тусига кириб қолган. Бу ҳолат Бакиев ҳокимиятга келгандан сўнг янада авж олди. Улар ўзбек мактабларини йўқотишга астойдил киришдилар. Акаев даврида ташкил қилинган “Ўзбек мактабларига дарсликлар тайёрлаш маркази”нинг иши деярли йўққа чиқарилди. Уни молиялаштириш тўхтатиб қўйилди. Ўзбек тили ва адабиёти дарсларининг дастурлари Таълим ва Фан вазирлиги томонидан тасдиқлаш тўхтатилди ва ҳозиргача ҳеч ким бу дастурларга эътибор бермайди. Гўёки бу фанлар Қирғизистонда ўқитилмаётгандек, мамлакатда ўзбек мактаблари йўқдек. Вазирликдаги масъул ходимлар эса, ҳатто қанча ўзбек мактаби борлигини ҳам аниқ билмайдилар.

    Ташиевга ўхшаган миллатчи депутатлар қирғиз тилини мамлакатнинг қирғиз бўлмаган аҳолисига мажбурий равишда ўргатишмоқчи. Ваҳоланки, давлат тизимида ишлаётган қирғиз кадрларнинг 80 фоизига яқини ўз она тили – қирғиз тилида ёза олмайдилар. Бу ҳолатни Тил бўйича Давлат комиссияси ҳам таъкидлаган. Ҳатто мамлакат Конституцияси ҳам аввал рус тилида ёзилиб, кейин қирғизчага ўгирилган. Таржиманинг яхши бўлмаганлиги сабабли бир моддани турли хил изоҳлаш мумкин эканлигини мутахассислар айтишмоқда. Мамлакат раҳбарларининг ўзлари давлат тилини ҳурмат қилишмайди. Тантанали мажлисларда ва чет мамлакатлардаги расмий учрашувларда улар рус тилида нутқ сўзлайдилар. Президентдан намуна олган бошқа амалдорлар ҳам русча гапирадилар. Маорифга эса мутлақо кўнгил бурилмайди. Ўзбек мактаблари бу ёқда турсин, қирғиз мактабларини дарслик билан таъминлаш ҳам 60 фоиздан ошмайди. Қирғиз тили ва адабиёти бўйича ўтказилган конкурсларда қирғиз мактабларининг ўқувчилари ўзбек мактаби ўқувчиларига ютқазиб қўйишлари ҳеч кимни ажаблантирмайди. Сабаби, қирғиз мактабларида қирғиз тили ва адабиётини ўқитиш услуби замон талабига мутлақо жавоб бермайди. Педагогика ва ижтимоий фанлар бўйича Россия Академиясининг академиги, Қирғиз-Россия славян университетининг халқаро журналистика кафедрасининг мудири, филология фанлари доктори, профессор Александр Кацевнинг айтишича, қирғиз тилини ўрганишни ва бойитишни шу ишга масъул бўлган қирғизларнинг ўзлари хоҳламайдилар. Улар демагоглардир ва гап сотишдан нарига ўтишмайди.

    Чуқур ўйлаб қаралса, Конституция титулли миллат учунгина қабул қилинганлигини сезиш қийин эмас. Шунинг учун ҳам унинг мамлакатда яшайдиган бошқа халқларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳақидаги моддалари мутлақо ишламайди. Бошқасини қўя турайлик, ҳар бир миллатнинг она тилини ўрганиши учун Конституциянинг 10-моддаси 3-пунктида “Қирғиз Республикаси Қирғизистон халқини ташкил этувчи барча этнос вакилларига ўз она тилини сақлаш, унинг ўрганилиши ва ривожланиши учун шароитлар яратиш ҳуқуқини кафолатлайди”, деб ёзиб қўйилганига қарамасдан, ҳаракатдаги ҳокимиятнинг миллатчи амалдорлари ишлаётган мактабларнинг фаолият кўрсатишига халақит берибгина қолмай, уларни қирғиз тилида ўқитиладиган мактабларга айлантириб юборишмоқда. Бундай қонунга хилоф ҳаракатлари орқали ҳам бандит, ҳам шаҳар мэри бўлиб ишлаётган М. Мирзакматовга ўхшаган амалдорлар ва Жогорку Кенешнинг депутатлари ўзбекларни қирғизлаштиришмоқчи. Аслида, республикада ўтган асрнинг 80-йиллари охирида 300 га яқин ўзбек мактаблари ўзбекларнинг болаларига ўз она тилида таълим ва тарбия берарди. Ҳатто мамлакат шимолида жойлашган Тўқмоқ шаҳрида ҳам катта бир ўзбек мактаби бор эди. Мустақиллик йилларининг илк босқичида жуда кўп мактаблар йириклаштирилди ва натижада, дарслар ўзбек тилида олиб бориладиган 256 мактаб қолди. Бугунга келиб бу рақам 226 тани ташкил қилади. 1000 дан ортиқ ўқувчи ўқийдиган ўзбек мактабларида мажбуран 1-2 та қирғиз ёки рус синфи ташкил қилиб, директорини титулли миллатдан қўйиб, аралаш мактаб қаторига киритадиган бўлдилар. Ана шундай мактаблар сони ҳам 100 тага яқинлашиб қолди. Ҳозирча 128 мактабда дарслар тўлиқ ўзбек тилида олиб борилмоқда. Қолгани эса қирғизлаштирилди. Интернет ўқувчиларининг ёзишича, “… афсуслар бўлсинким миллатчи сиёсатчиларнинг қирғизлаштириш ғоясини амалга оширишда ўзимиздан чиққан ”пахтакор миллатпарварлар” ва ”дежурный” ота-оналар жонбозлик кўрсатмоқдалар. Бу борада миллат кушандаси Қорасув туманидаги Чўлпон номли мактаб директори (Ўш вилояти таълим бошқармаси бошлиғининг собиқ муовини), аёллик ҳаёси йўқ, қариса ҳам, қуйилмаган, қирғиз акаси кўрсатган ерини ялайдиган Абдукаримова Моҳирага ўхшаганлар, айниқса, фаол иштирок этишяпти”.

    Юқорида таъкидлаганимиздек, бу жараённинг бошланганига 15 йилга яқинлашиб қолди. Аввал ўзбеклар барча ҳокимият ва ҳуқуқни ҳимоя қилувчи идоралардан суриб чиқарилгач, мактабларга ҳужум бошланган. Бу ҳаётда ўз аксини бермасдан қўймади. 11 йиллик мажбурий таълим бекор қилингандан кейин 9-синфни битирган ўзбек ўқувчи ўқишни давом эттирмасдан, ё ота-онасига ёрдам берар, ёки Россияга кетиб қоларди. Районларни айтмайлик, ҳатто Ўш, Жалолобод каби шаҳарларда 4 та, 5 та 9-синф битирган мактабларда битта 10-синф очишга ҳам ўқувчи етмай қолди. Маорифдаги бу таназзул ўзининг терс таъсирини тезгина кўрсатди. Ижтимоий ҳаётдан четга суриб ташланган, маълумоти ҳам ўлда-жўлда бўлган қирғизистонлик ўзбек ёшларини турли хил диний оқимлар ўз комига торта бошлади. Бу ҳолатга мамлакатнинг тегишли идоралари мутлақо эътибор беришмайди. Бу атайин қилинаётган бўлиши ҳам мумкин. Яна ким билади, дейсиз? Нима бўлса ҳам, жуда кўпчилик ёшлар “Ҳизбут таҳрир” диний оқимининг фаол аъзосига айланиш хавфи кучайди. Ўрта ёшдагилар эса радикал диний оқим “Таблиғу жамоат”нинг таъсирига тушиб қолдилар. “Ҳизбут таҳрир” фаолияти қонун йўли билан таъқиқланган бўлишига қарамасдан унинг аъзолари ўз фаолиятини тўхтатиш у ёқда турсин, қайтанга кучайтирмоқдалар. Қамоққа олиниши уларни чўчитмайди. Қамоқда ҳам ўз ташвиқотларини тўхтатмайдилар. Оқибатда, жиноят оламида ҳам “Ҳизбут таҳрир”нинг таъсири кенг қулоч ёзмоқда. Ўрта ёшдаги аҳоли ўртасида “Таблиғу жамоат”га аъзо бўлган одамларнинг ташвиқоти мамлакатнинг энг чекка қишлоқларида ҳам авж олган. Бу ташкилот аъзолари гуруҳ-гуруҳ бўлиб нафақат Қирғизистон аҳолисининг орасида, балки Қозоғистон, Тожикистон ва чет элларда ҳам диний ташвиқот юргизишлари одат тусига кириб қолган. Ҳатто давлат ташкилотларида ишлаётган одамлар ҳам ишни ташлаб, “Таблиғу жамоат”га аъзо бўлишмоқда. Қуйидаги мисол аҳволнинг қайдаражада эканлигини яққол кўрсатади. Ўш области Ўзган райони ички ишлар бўлимининг ходими Иминов Искандар (1970 йилда туғилган, ўзбек, соқчилик бўлими ходими) ўз ишига масъулият билан ёндашар ва жуда яхши ишларди. 2005 йилдан кейин унга нимагадир раҳбарлари ва хизматдошларининг муомаласи ўзгарди. Бўлар- бўлмасга унга дакки беришар ва “сарт”, деб ҳақорат қилишарди. Ишдан ва ўзининг ўзбеклигидан безиган Иминов Искандарнинг қалбига “Таблиғу жамоат” аъзолари йўл топдилар. Уларнинг маслаҳати билан ишдан бўшаган Иминов ислом қоидаларига қаттиқ риоя қиладиган ва Қирғизистон жанубида даъват билан шуғулланадиган бўлиб қолди. Бугунги кунда у, ҳатто ўзининг собиқ ҳамкасблари орасида ҳам ислом қоидаларига қатъий амал қилиш бўйича даъват ишларини ҳам олиб бормоқда.

    Шу нарса диққатга сазоворки, республика шимолида христиан динининг секталари жуда фаол ҳаракат қилмоқдалар. 2010 йил июнь воқеасидан кейин эса жанубда ислом дини оқимларнинг фаоллиги кучайди. “Нурчилар” лицейлар, университетларда ўз ғояларини ёшларга бемалол сингдириш билан овора бўлиб турганда, салафийлар ҳам қараб туришмаяпти. Оғахоннинг мактаблари диний таълимга зўр бераётганлигини, сулаймония ва аҳмадия оқимлари ёшларга ўз таъсирини ўтказаётганлигини вақтли матбуот саҳифаларида чоп этилаётган мақолаларда тез-тез кўришингиз мумкин. Диний оқим аъзоларининг республика аҳолиси ўртасида олиб бораётган эркин ҳаракатларини кўриб, бу давлат бошқарувчилари томонидан атайин аҳолининг фикрини бўлиб ташлаш учун уюштирилмаганмикин, деган фикрга борасан. Энг қўрқинчлиси, диний оқимлар республика аҳолиси ўртасида ўзларининг гегамонлигини таъминлаш учун қилаётган ҳаракатлари эртага диний ғоя асосида уруш чиқишига сабаб бўлиши мумкин эканлигини масъул шахслар хаёлига ҳам келтиришмаяпти.

    Шуниси ажабланарлики, давлатнинг бошқарув тизимига, унинг идеологияси ва юргизаётган ишига ишончларини батамом йўқотган, ҳозирча дардларини ичига ютиб, золимларга жазони Яратган Ўзи беради, деб яшаётган ўзбеклар орасида “Таблиғу жамоат” аъзолари ўз ташвиқотларини кенг кўламда олиб бормоқдалар. Кейинги икки йилда ўзбеклар яшайдиган аҳоли пунктларда исломга бўлган муносабат ҳам тубдан ўзгарганлигини кузатиш мумкин. Масалан, бугунги кунда Жалолобод области Сузоқ районидаги Сузоқ қишлоғида яшайдиган ўзбек эркакларнинг деярли 80 фоизи масжидга мунтазам қатнайди. Шундай аҳволни ўзбеклар яшайдиган бошқа аҳоли пунктларда ҳам кўриш мумкин. Турли хил диний фирқалар таъсиридаги диндорлардан область ва республика диний идоралар раҳбарлари унумли фойдаланмоқда. Ўтган йили Сузоқ райони имом-хатиби Аслиддин Зуҳриддин махсум ўғлининг фаол ташвиқоти натижасида диндорлардан 60 минг АҚШ долларига яқин маблағ тўпланиб, Жалолобод шаҳридаги “Бойэл” бозори ёнидаги жомъе масжиди ва область қозиятининг янги биносининг қурилиши учун берилган. Бу ҳолатга “Таблиғу жамоат” аъзоларининг район территориясида олиб борган ташвиқотининг ҳам катта ҳиссаси бор. “Таблиғу жамоат” аъзолари республика бўйича 7 минг кишига яқин бўлиб, улар 322 жамоатга бирикканлигини Қирғизистон мусулмонлари Диний Бошқармасининг маълумотларидан билса бўлади. Ислом дини республиканинг шимолидан кўра жанубида кенг ва мустаҳкам ўрин олганлигига қарамасдан, Муфтиятнинг “Даъват” бўлими 2010 йилнинг июнь воқеаларидан кейин “Таблиғу жамоат” аъзоларига шимолдаги аҳоли ўртасида эмас, балки Ўш ва Жалолобод областида яшовчи ўзбеклар ўртасида ташвиқот қилишга рухсат берганлиги Қирғизистон мусулмонлари Диний Бошқармаси “Таблиғу жамоат” воситасида Қирғизистон Республикаси Президенти аппаратининг раҳбари бўлиб ишлаган, ҳозир миллатлараро масалалар бўйича Президентнинг маслаҳатчиси, ашаддий миллатчи-фашист, Э.С. Каптагаев ва Миллий хавфсизлик Давлат комитетининг (МХДК)махсус топшириғини бажармаётганмикин, деган шубҳа уйғотади.

    Бугунги кунда бошқа давлатга бориб ишлаб келиш ўзбек учун жуда хавфли бўлиб қолган. Қўлидан иш келадиган, фаросатли ва бақувват йигитларни ишдан қайтиши билан милиция овлайди ва турли хил усуллар билан топганини йиғиштириб олади. Гап шу ердаки, милиция ва МХДКнинг ҳаракатидан мамлакат ҳуқуқни ҳимоя қилиш идораларида ва Миллий хавфсизлик Давлат комитетида яширин бир амалиёт юргизилаётганини сезиш қийин эмас. Масалан, Жалолобод области Сузоқ райони МХДК ходимлари Россия Федерациясига ишлашга кетган ўзбек йигитларини шу мақсадда қаттиқ назорат остига олган. Район МХДК бўлимининг бошлиғи подполковник С. М. Жолдошевнинг кўрсатмаси асосида унинг махсус гуруҳи жалолободлик Дилшод исмли (1970 йилда туғилган, ўзбек, врач, бошланғич диний билимни Андижонда олган) йигитни “Ўч олиш гуруҳи”ни тузишда гумонлаб, суриштирув ишлари олиб бормоқда. Махфий хизмат ходимлари Дилшодни исломнинг “Жиҳод” оқимига мансуб ва у ўзбекларни қирганлардан ўч олиш ниятида, деб ўйлайди. Дилшод ўтган йили ҳаж қилиш мақсадида Саудия Арабистонига кетган. У ердан Доғистонга келиб, шахсий клиникаларнинг бирида ишлайди. МХК ходимларининг фикрича, у Марказий Осиёдан борган мигрантларни Покистон Ислом Республикасидаги жангарилар тайёрлаш лагерига жўнатиш билан машғул бўлмоқда.

    Ана шундай. Ҳуқуқни ҳимоя қилиш идоралари ва МХДК ходимлари 2010 йил июнь ойида ноҳақдан қирилган ўзбекларнинг қолган қисми “Ўч олиш гуруҳи” тузишлари мумкин, деган тахмин билан ишламоқдалар. Милиция, прокуратура ёки МХДК ходими ҳар қандай ўзбекни шу гуруҳ аъзоси бўлиши мумкин, деган гумон билан қамоққа олиши учун баҳона ҳам тайёр.
    Ўзбек мактабларидаги аҳвол ҳаммага аён. Ўзбек йигитлари учун республикада тайинли ишнинг ўзи йўқ. “Ҳизбут таҳрир”га кирса, қамалади. Дин пешволари, масжид қурамиз, қозиятга керак, деб кундалик топганини сўраб олади. Россияга бориб ишлаб келса, “Ўч олиш гуруҳи”га аъзо, деб гумонлаб қамаб, бор-йўғини шилишади. Давлат идоралари уни ҳимоя қилмай қўйганига 2 йилдан ошди. Энди нима қилиш керак? Қирғизистонлик ўзбек қаерга борсин?

    Мухтор Алиев, эркин журналист

    www.yangidunyo.org

    Published on februari 20, 2013 · Filed under: Ўш қирғини;
    3 Comments

3 Responses to “Қирғизистонлик ўзбек энди қаерга боради?”

  1. бугун, яъни 12-февраль куни Мохира Умаровна Абдукаримова бош бўлган :Жим қишлоғидаги мактабга Р.Ўтинбоева бош бўлган бир гурух Жўқорқи Кенгаш депутатлари келишини шу мактабда ишловчи ўқитувчи хабар қилди. Ўша ўқитувчини айтишича Мохира ўзи бош бўлган мактаб ўқувчиларини қирғизча бийрон гапиришини меҳмонларга кўз-кўз қилмоқчи экан. Ажаб эмас меҳмонларни бу ташрифидан сўнг 2013 -2014 ўқув йилидан бошлаб ўзбек мактабларини тўла қирғиз тилига ўтказиш учун қонун қабул қилинса. Агар иш шундоқ тараққий этса пайғамбар ёшига етиб ҳали ақл топмаган Мохира янада лорсиллаб кетармикин? Хайф сизларга Жимликлар? ”Қари қиз” Моҳирани қилиқларига жим турган Жимликлар ”рахмат сизларга”.

  2. ха ундакаларди бутулкага уткаса хам ушандай хаёт кечиради

  3. ифлослик билан бола чака бокиб юрибди уни урнига узбек тилига ривож киргизишни харакат килмейдими