ЯНГИ ДУНЁ www.yangidunyo.org янги дунё www.yangidunyo.com

Саҳифаларимиз

Филмлар

Ҳамкорларимиз:

Рукнлар

Календар

februari 2013
M T O T F L S
 123
45678910
11121314151617
18192021222324
25262728  
  • Мурод Човуш. «Ҳеч»

    murod“Ҳечимиз ҳечидан ҳеч кам йўқдир,
    Ҳеч ҳечимиз ҳечидан ҳеч ғам йўқдир.
    Танда жандадурур анда гўристон,
    Эртан ўлсак бизга ҳеч мотам йўқдир”.

    Баҳоуддин Нақшбанд

    Метрога кирдим. Поезд кутаяпман. Ёнимда йигит ва қиз. Қиз менга қараб қўйди. Ўхшатди, шекилли. Бепарво назар билан улар томон кўз ташлаб қўйдим. Йигит қаттиқ эслаб қолмоқчидай, бошимдан оёғимгача кузатди. Поезд кела бошлади. Мен улардан етти-саккиз қадам узоқлашдим. Вагонга чиқдим. “Нима ҳақда ўйласам яхши бўлади?”. “Ҳеч нарса ҳақида” ўзимга-ўзим жавоб бердим. Ичимдан бутун ўй-фикр, хаёлларимни қувиб чиқармоқчиман, чоғи. “Бунақа бўлмайди”. Кейин метрони мусиқа кошонасига, юриб кетаётган поездни куйга, унинг ичидаги йўловчиларни яхлит бир қўшиққа ўхшатдим. Аммо ўзимни қўшиқ деб ҳисобламадим. “Мен тингловчиман”. Поезд “Пахтакор” бекатига келиб тўхтади. “Куй тўхтади”. Мен вагондан тушдим. Кўчага чиқдим. Консерватория томон юра бошладим. Босган қадамимни санай кетдим. Шундагина ўйлашдан озгина вақт қутуламан. Юриб кетяпман. “Бир, икки, уч, … етмиш, … етмиш саккиз…”, санаб боряпман. Саксон саккизинчи қадам босилганда сезиб қолдим. Ёмғир шитир-шитирини, совуқ шамол эсишини эшитиб бораётган эканман. Шу онда йиғлагим келди. Зерикаётганлигим эсимга тушди. “Мен буюк зерикувчи”. Масалан, чоллар зериккандан чой ичаверишади-ичаверишади. Улар ўлимни кутишади. Ўлимнинг келмай қолишини ҳақиқий мўъжиза деб ўйлашади ва бу мўъжизага ишонишмайди. Мен зерикканимдан ухлайман, ухлайвераман. Ўн беш, ҳатто йигирма соат тинмасдан ухлашим мумкин. Уйқуни ҳақиқий мўъжиза деб атаса бўлади.

    Ушбу дақиқаларни эслаб қолишим керак, айниқса, ҳисни — ичимда худди қирда югуриб кетаётган беғубор болага ўхшаш, аммо йиғлоқи, шунга қарамай, мени олдинга — келажак сари ундайди, бу келажак қанақа тусда — ўринсиз савол, ҳар ҳолда, айтгандай, мен эртанги кунимни билишни истайман, кечаги кунимни боя ўйлаганимдек зерикиш жабҳасининг бир кўриниши каби қабул қиламан ёки қабул қилмайман, акс ҳолда нима учун яшаётганлигим сабабини ва яшашдан мақсад нима деган дангал саволни ўзимга минг бора бериб ва ўзимни бу муқаддас савол олдида минг бора тиз чўктирганимда ҳам ҳис мени узоқ-узоқларга.., ҳар ҳолда ичимда у билан қувалаш ўйнамайман, зотан дейдилар ёки демайдилар, десалар ҳам ҳис-табиатники дейдилар, секинроқ, тангри эшитмасин, ҳа, бу гап, Абдуҳолиқ Қалқонга тегишли — ияги узун, қирра бурун, чунки ҳис-табиатники ичимизга тўсатдан кириб қолган ёки ичимизга кириб олиши вазифасими, буни мен ҳозирча билмайман, агар мабодо билиб қолсам, албатта, ҳали ёзиладиган китобимга қўшиб қўяман, зеро билишсин, Абдуҳолиқ Қалқон қанақа одамлигини, у — дангал, керак бўлса тангри билан ҳам яккама-якка, бухороча курашга туша олади, билингки, у уни дуэлга чақириши мумкин, фақат унинг, яъни А.Қалқоннинг жаҳли чиқса бўлди, жаҳл келди — ақл кетди, дейдилар, англашилмовчилик, мен шундай ўйламасам-да, А.Қалқон айнан шундай фикрни ўртага, яъни унинг ўйлаши бўйича биз “сентиментал каллалар“ худди оч қолган итлар туфроққа қоришган ва иссиқдан ҳамда яланавериб қуриб қолган суякни бояги оч қолган ит ёки итлар ялаган мисол ҳалиги фикрни Қалқон яна ва яна такрорлайди, худди бизнинг қулоғимиз кардек овозини сал кўтариб, лекин кўзини биздан олиб қочиб, гўёки биз уни англамаймиз, ҳатто тушунмаймиз, у шундай ўйлайди, балки ўйламас, билмадим.

    Абдуҳолиқ Қалқонга айтдим: “Юринг, кетдик, концертга”. Унамади; иягини олдинга чўзиб, чапга-ўнгга қимирлатди ва пиво ичишни давом эттирди. “Тушунарли” дедим ичимда. “Кайфият йўқ” бу гапни унга айтиб ичимда ҳам такрорладим. А.Қалқон яна индамади. “Тезроқ мендан қутулишни истаяпти”. Ёки аксинча пиво ичишда шеригидан маҳрум бўлишни хоҳламади. Кейин А.Қалқон чўнтагидан тамаки олиб чека бошлади; сигарет тутунини уч-тўрт марта ичига тортиб чиқаргандан сўнг гапирди: “Э, нима бор ўша симфонияга, қуруқ ҳислар одамни ичига киргани қолади, фойдаси йўқ, қуруққа ўзингизни алдаб келасиз, жаноб, мусиқа одамнинг душманларидан бири ҳисобланади. Биз уни қандай бўлса шундайлигича англай олмаймиз: мисол учун Бетховен мусиқасини ёзаётганида гап нима ҳақида кетаётганлигини билган, биз эса унинг мусиқасини эшитиб, ҳар хил ҳолатга тушамиз. Балки шундандир-а ҳамма бало, а, нима дейсиз?” “Худди шундай, жаноб Калкановский” дедим. “Биласизми, ожизлик – қабул қилишда, ким қандай қабул қилишида, бизнинг миллат қандай қабул қилишини ўрганганмисиз?;. “Нимани қандай қабул қилишини, Калкановский?”. “Ўзим ҳам билмайман”, унинг бу мавзуда гапиргиси келмади, чоғи. “Борсангиз, қани, тезроқ боринг, хуллас, тезроқ бу ердан кетинг”. Абдуҳолиқ Қалқон мийиғида кулиб ўнг панжасини “хайр” деган мисоли қимирлатди. Мен ўрнимдан турдим. Хурсанд эдим; ўзим, якка-ёлғиз ўзим концертга боряпман.

    Кейин тўқсон бир деб, тўқсон иккинчи қадамни ҳисобга қўшиб қўяман, бутун эътиборимни оёғимга жалб этмоқдаман, акс ҳолда мен яна ўйлай бошлашимга тўғри келади, зеро ўйлашни одамнинг ўзи ишлаб чиқарганми ёки тангри бир куни, яъни қачондир бир нимадандир хурсанд бўлган ҳолат пайти чексиз меҳри жўшиб-тошиб кетганиданми, ўйлаш функциясини “мана, бу, сенга мендан тортиқ” деб, одам “йўқ, раҳмат илтифотингиз учун, менга бу — керакмас” деса-да, мажбурлаб калласига нозиккина симчаларни — томирларни бир-бирига улаб, уёқдан-буёққа айлантириб, кейин юрак томонга қаратиб тортиб қўйган-у, “энди бор, ишингни қил” деган мазмунда ўзи ҳайё-ҳулаб бандаси олдидан қочиб кетгандек, банда то ўйлашни бошлагунча у узоқларга — масалан, борлиқдан ташқарига чиқиб улгурган заҳоти ақл пайдо бўлиб ”бундай эрк менга керак эмас” деса, юрак йиғлай бошлаган заҳоти қалб ихтиро қилинган, аввали зерикиш илми етти-ёт бегона ҳисобланган, ажаб.

    Мен консерваторияга яқинлашиб боряпман. ”Мен хоҳлардимки — у томон юришим ҳеч тугамаса, яъни қадам ташлаб бораверсам-у, аммо-лекин, консерваторияга етиб келмасам, юраверсам, юраверсам, йўл тугамаса, йўлнинг охири кўринмаса, худди, тушдагидай ёки хаёлдагидай, бироқ одам ўнгида бўладигандай эмас, айтмоқчи, кеча туш кўрдим; чўл ўртасида эканман, тўрт ёғи чексиз, осмон тўла виж-виж турналар эмиш, мен нуқул йиғлармишман ва турналарни осмондан ҳайдаган мисол, улар томон кесак отармишман, Абдухолиқ”.

    “Сиз жинни бўлиб қолмадингизми?” А.Қалқон яна сигарет тутатади.

    Пиводан тўйдик, чоғи. Ҳа, яна шашлик буюрмоқчи биз. Кейин озроқ жимлик керак.
    “Нега концертга кирмасдан қайтиб келдингиз? Кириш ёқмадими?”
    “Икки соат кечикиб бошланар экан”.
    “Консерваторияда ҳам тартиб йўқ”.
    “Шундай”.
    “Сиз нима учун бугун бошқачасиз?”.
    “Қанақасига?”.
    ”Ароқни сузинг”.

    ”Хотинингизни яхши кўрасизми?”.
    ”Йўқ”.
    ”Нима учун?”.
    ”Нима керак яхши кўриб”.
    ”Тўғри”.
    ”Хотин зотини яхши кўриш учун учинчи бир бизга ўхшаган жонзот бўлиши керак эди”.
    ”Тушунмадим, йўқ, тушундим”.
    ”Шундагина рақобат бўларди ва биз яъни эркак-инсоният, мен аёл зотини чинакам яхши кўришга ва улар бизни шу аснода яхши кўришларини хоҳлар эдик”.
    ”Зўрми?”
    ”Даҳшат”.
    ”Ичамизми?”.
    ”Ичамиз”.
    “Аёлдан қочиш керак, қочган жойимиз эса — аёлгача”.
    ”Ҳалиги учинчи тур жонзот бўлса эди, ўшалар томон қочар эдик”.
    “Ҳа-ҳа-ҳа”. “Ҳи-ҳи-ҳи”.
    ”Яхши ҳамки йўқ”.
    ”Ҳаётнинг қизиғи шунда-да”.
    “Ҳа”. ”Қани олдик”.
    ”Мен ҳам концертга борсам-ми?”.
    ”Йўқ-йўқ”.
    ”Нимага?”.
    “Нима қиласиз бориб, вақтингиз бекор ўтгани қолади”.
    ”Қанақасига бекор, шундоқ ҳам бекор ўтмоқда”.
    ”Ўзиш керак”.
    “Ўзиш керак”.
    ”Абдухолиқ, худди ҳамма нарса ёзилиб бўлганга ўхшайди”. ”Қанақасига?”.
    ”Ўқи ёзгим келади, ёзмайман, ҳар куни эртага қолдиравераман, бу ишни”.
    ”Ўзишдан мақсад ҳам шу-да”.
    ”Тўғри, мақсад бор — демак биз ҳам яшашга ҳақлимиз”.
    ”Албатта”.
    ”Абдуҳолиқ, мавжудийлик кинога кўчди, ўша учун ёзиш тобора қийинлашиб бораётгандай?”.
    ”Жараён, жараённи тўхтатиб бўлмайди”.
    ”Демак, шундай ёзиш керак-ки, китобни кинога кўчириб бўлмасин”.
    ”Санъат — санъат учун демоқчимисиз?”.
    ”Гап шундаки, ҳаракатни тўхтатиб бўлмайди”.
    ”Қайси ҳаракатни, қани у, қаерда, қанақа тусда у — ҳаракат?”.
    ”Ҳамма бало шунда-да?”.
    ”Биз бугун билан келиша олмаймиз — ҳаракатми шу?”.
    ”Бугун деганда нимани назарда тутяпсиз?”.
    “Ўзингиз мендан яхшироқ биласиз — нимани назарда тутаётганимни”.
    ”Айтмоқчисиз-ки, биз — заифмиз, замон билан келиша олмаймиз, ёки келишишни хоҳламаймиз”,
    ”Ҳа, йўқ, Абдухолиқ, гўё замон бизнинг измимиздан юрмаяпти, хоҳлаймизки, нима десам, жамият шу гапни инобатга олсин ҳам демоқчи эмасман, мен бу ғалаённи истамайман, гап шундаки, ҳаракатдан тўхтаб қолиб, бир четда уни кузатишни хоҳлайман”,

    ”Абдуҳолиқ, мен кетдим, қаерга, концертга-да, сиз бемалол ўтираверинг, зўр-ку, ҳеч ким ҳалақит бермайди, яна ёлғиз ўзингиз билан жанг қилиб, нима, маст эмасман – ким айтди – ўзингиз ўзингизга мени маст бўлиб қолди деб айтди, ҳа, сотқин, ҳечам, ўзим бораман, мен билан боришнинг ҳожати йўқ, нима, қаерга, уйга кетасиз. Йўқ, ҳали жойингиздан қимирламай ўтиринг, мен қайтиб келаман, ана кўрасиз. Бир қучоқ мусиқа кўтариб келаман, э шошманг, ўтиринг, жойингизга, айтганча, Калкановский, болалигимда биринчи раҳбарларнинг ўлишини хўп кутардим, нимага, э, нимага, ҳа, топдим, масалан, Брежнев ўлганда, нимаси қизиқ, қанақасига нимаси қизиқ, у тобутда ётар эди, албатта, ўлик ҳолатда қимирламасдан, гўё ўликлик бурчини сидқидилдан, гўё партия топшириғини бажараётгандай. Қимирламасдан, тинч, осуда ва ғамгин уйқуда ширин ухлаб ётарди, телевизорда-да, э, гаранг, шундаги мусиқа менга ёқарди, то қабргача чалинган мусиқанинг шайдоси эдим. Кейин бошқа бир биринчи раҳбарнинг қачон ўлишини кутардим, ўша ғамгин мусиқаларни соғинар эдим, чунки, ўзим ҳам билмайман, кейин Андропов ўлганда хўп маза қилувдим, ўшанда мусиқани калламга сингдириб олишга, тушунмадим, нимасини тушунмайсиз, калламга жойлаштирганман, унда, эртага — катта бўлсам керак бўлиб қоладигандай, асқотадигандай, қачонки вақт келади уни ишлатаман, нимага қандай қилиб ишлатаман, билмайман, Абдуҳолиқ, сиз тушундингизми, ўзим ҳам тушунмадим, ҳақиқатдан мастман, шу ҳолатимда қотиб қолишни истар эдим, фикр тўхтаб қолса, юрак музлаб қолса-а, кўзим пирпирамаса, кетдим, келаман, ҳа, кутинг, кутмангмас, ўтираверинг — ичиб”.

    … яқинлашиб боряпман. Бир юз учинчи қадам: илон пўст ташлагандай, одам кўйлагини ечгандай, дарахт барги чангини ёмғир ювиб кетгандай, кимдир-кимнидир тарк этгандай, оғиздан чиққан товуш ҳавода йўқолгандай, шу каби. Мен орқага қайтолмагандай, олдинга қараб юрсамда, яқилашиб келсамда, келиб бинога кирсамда-кирмасамда, онангни егир, худди ҳеч нарса ўзгармагандай, маст бўлсамда-бўлмасамда.

    “Калкановский, яна қайтиб келдим, қандайсиз энди, ҳорманг, а, кириш ёқмади, киргим келмади, концерт бўляптими ўзи, албатта-да, ў, сиз мендан анча илгарилаб кетибсиз-ку, қани сузинг, сизга етиб олай”. “Мусиқа қутқара олмаслигини билдингизми?”

    “Билдим”.
    “Гўрга тиқишини ҳам билдингизми”.
    “Билдим”.
    “Тириклай ҳаёт гўрига тиқилишни назарда тутяпман”.
    “Демак, мен тирик ўликман”.
    “Ҳа”.
    “Қандай тирилса бўлади”.
    “Гап шундаки — тирилиб бўлмайди”.
    “Одам ўлади — демак тирилади”.
    “Бу сизнинг қарашингиз, шундайми”.
    “Йўқ, алжирашим”.

    Бир юз ўн тўққизинчи қадам; “биз абадий ғоя ташувчилармиз”, унга ҳар замон янги фикр қўшиб қўямиз, гоҳида ғояга қарши — уни елкамизда — бошимизда кўтариб, то яна янги ва бўм-бўш каллага олиб боргунимизча, ғалаён қилиб ҳам турамиз — бош кўтарамиз, янги фикр келади. Фикр кенгайиб бораверади, ер шаридан ҳам анча кенгайиб кетади, у ойга қўнди, ҳозирча ойни забт этди, кейинроқ Марсни эгаллаб олади, шу сайин иш давом этади. Улкан ғоя ичида фикр кенгайиб кетаверади. Биз ғоя хизматчилари, содиқ қуллари, мен негадир қул бўлишдан чарчадим, албатта, бу заифлик, агар безиш заифлик бўлса ёки онгсизлик-ми, менинг каллам қандай қабул қилишидами — англашидами, атрофни ва менгача бўлган ўзича ҳамманинг ихтиёрисиз, ҳамманинг ўзаро келишувисиз, бироқ ҳамманинг онгсиз равишда ғояни билиб-билмай ташиб келаётганидан маъно қидиргандек Диоген, худди, онангни егир, мен ҳар куни ўзимга “эртадан сигарет чекишни ташлайман” дегандек, қачондир ўлиб кетган, мен ҳозир — тирик, ҳали туғилажак ўзимга ҳар куни айтдим — айтаман “бўлди, бас, яшасин ҳурлик — йўқолсин ғоя, яшасин бўйсунмас фикр”, лекин бу фикр ажойиб ва кўзга кўринмас Хизр ҳассаси каби таянч бўла оладими?

    Бир юз йигирма биринчи қадам. Орқага қайтишнинг иложи йўқ. Нега? Чунки, мен шуни хоҳлайман — биламан, ажойиб — кўнглимни кўтарадиган, менга ишонч берадиган, эртага яшашимга эрмак бўладиган воқеа бугун бўладиган — ҳозирча ноаниқ, кўнгил сезган, интиқ, сезгиларим қаттиқроқ ўз кучидан ҳам кўпроқ ва тезроқ ишламоқда-ки, маст бўлсамда ичимда ҳаяжон чуқур ботиб худди илонга ўхшаб оғзим томон ўрмалаб келяпти, бошим айланяпти. Қайт қилгим келяпти.

    Мен уйғонганимда (ҳали кўзимни очмай, қаерда эканлигимни аввало англаб олиш учун ҳаракат қилдим) атроф қоронғу, ўнқир-чўнқир тепаликчалар ерга ётиб олиб писиб турган пойлоқчи одамларни эслатди. Қўрқиб кетдим, мени кимлардир номаълум далага ташлаб кетишганга ўхшарди. Майса ўсиб чиққан дўнгликни қучоқлаб ухлаб қолган эканман, бошимни кўтарсам қабртошга кўзим тушди, билдимки, бу жой — қабристон, сигарет чекким келди, гугурт ёқдим, ёриғида қабртошдаги ёзувни ўқидим:
    «ОЙХОН УСМОН қизи 1978. 13. В. — 2002 16.В.»

    “Эҳ, бечора” дедим. Ойхон билан гаплашгим келди. Уни чақира бошладим. “Ойхон, эй, Ойхон, уйғонинг, чиқинг, қабрдан”. Қабр ичидан “лаббай” деган овоз-сўз чиқди. “Ойхонмисиз?”. Демак, Ойхон “ҳа” деди. “Ойхон, чиқинг, Сиз билан гаплашгим келяпти”. “Нима ҳақда” овоз эшитилди, кейин “ҳозир чиқаман” деб чиқди. Ўнг қўлини менга томон узатди, кўришдик. Икков ҳам унинг қабри устида ўтирдик. Ойхоннинг кўзига қарадим, у меникига: мен ўртамиздаги жарлик — у ўлгани, мен — тириклигим, мувофиқсизлик фикримизни моддийлаштиришга улкан ҳалақит берибгина қолмасдан, икковни яқинлаштириб қўяди, бир-биримиздан ҳеч қачон айрилмайдигандек, аммо биламиз, учрашувимизнинг ўзида ҳам айрилиқ, ҳам висол бор, бу албатта, хоҳишимизга боғлиқ, хоҳиш одамни, инсониятни бошқарадиган кўринмас ҳайбатли кучга ўхшайди.

    “Ойхон нега ўлгансиз?”.
    “Ўзимни ўлдирганман”.
    “Нима сабаб, қандай журъат қилдингиз?”.
    “Ўзимни ёққанман”.
    “Гапириб беринг”.
    “Бу ҳақда гапиргим келмайди. Айтганча, исмингиз нима?”.
    “Денгиз”.
    “Денгиз, ажойиб исм, ким қўйган?”.
    “Момом қўйган”.
    “Момонгиз ҳаётми-ла?”.
    “Қизиқ савол. Ҳаёт, нима у?”.
    “Денгиз ака, шундай чақирсам майлими, сизни?”.
    “Денгиз деяверинг”.
    “Қабристонда нима қилиб юрибсиз?”.
    “Сизни кўргани келдим”.
    “Алдаманг”.
    “Маст ҳолатда келиб қолибман, эсимда бори консерваторияга кетаётувдим, унгача ўн беш-йигирма қадам қолувди. Бу ёғи эсимда йўқ”.
    “Кўп ичган экансиз”.
    “Ҳа”.
    “Нега ичасиз? Илтимос бошқа ичманг”.
    “Сизга нима”.
    “Барибир, ичманг. Ваъда берасизми?”.
    “Йўқ. Менинг ҳам ўлгим келяпти. Сизга маза”.
    “Нимаси маза, зерикарли”.
    “Бу ерда ҳам зерикарлими?!”.
    “Нега ўлгингиз келади?”
    “Ўлмоқ ёмонми?”.
    “Йўқ”.
    “Маъно бўлиши шартми?”.
    “Албатта”.
    “Маъно — нима у?”.
    Маъно, Денгиз, у — эртага, ҳаётга — кунга қадам қўйиш, эрта учун яшамоқ. Аммо бугуннинг ўтиши қийин, эртанги кун — бугуннинг эрмаги, эрмаги ҳам эмас, умиди.
    “Бас. Эртага яна Бугун келяпти. Қани маъно?”.
    “Бу ўзингизга боғлиқ. Одамнинг ўзи тақдирини яратади”.

    Менинг ичимни бўм-бўшлик қоплаб олган, пуч ёнғоққа ўхшайди. Уни нима билан тўлдиришни билмайман. Менда қарор йўқ. Фикр муқим турмайди. Ҳаёт менда вазифасини бажариб бўлгандай. У ичимда эскириб қолгандай. Ҳар куни бир кун такрорланади. Вақт ўтади. Ниманидир йўқотаётгандай бўлавераман. Йўқотаётган нарсам умрим эмас, вақт ҳам эмас. Нима унда? Ишга бораман — уйга қайтаман. Бунинг ичида ҳаёт яшайди. Мен ғоянинг исботи учун яшаётгандайман. Тангрининг борлигини исботлаш учун яшашга маҳкумдаймиз. Шуни биламан: менинг ҳаётим забт этилган, унинг ҳар бир қаричини бугун эгаллаб олган. Йўқотаётган нарсамни билгандирсиз, у — эрта, кундан-кун, йилдан-йил ўтган сайин эртамни йўқота боряпман.

    ****

    Маҳмуд Қидиров редакция биносидан чиқиб, журналистларнинг доимий ўтирадиган кафеси томон юрди. Кафе ишхонанинг ёнгинасида, Маҳмуд Қидировнинг ўзи санагани бўйича уч юз қадам чиқади. Кафега яқинлашди. Ичкарида Абдуҳолиқ Қалқон ва Денгиз Наимов ароқ, шекилли, ичиб ўтиришган экан. Кафега киргиси келмади. Кофе ичмоқчи эди. Орқага қайтди. Автобус бекати томон юра бошлади.

    Темур парки ичидан ўтмайди. Парк ичида кекса дарахтлар унга ҳадеб эслатишади. “Шунинг нима кераги бор?”

    Ўзбек чоли ҳассага суянади. Маҳмуд Қидиров ҳассага суянмайди. Кекса дарахтлар Қидировга ҳассани эслатишади. У дарахтларни тушунади. Дарахтларни кимдир тушуниш керак-ку. Йўқ, унинг ўзи кекса дарахт, умрини ўтаб бўлган, баргини тўкиб бўлган, томири қуриб бўлган, яшашга, бўй чўзишга кучи қолмаган.

    Ёш дарахтлар кафеда ўтиришибди. Уларга ҳаваси келади. Ва ҳаваси келмайди. Улар билан гаплашгиси келади. Ва гаплашгиси келмайди. “Фойдаси йўқ. Яшашнинг фойдаси йўқлигини билиш учун етмиш уч йил яшашимга тўғри келди. Англашнинг бемаънилигини билиш учун эҳ-ҳе қанча китоб ўқиш керак бўларкан”.

    Костюмининг ички ўнг чўнтагидан конфет олиб оғзига ташлайди. Автобус ана-мана келиб қолса керак. Ана-мана келиб қолмаса ҳам майли, бир соат ёки икки соат келмасин.

    Шошилаётгани йўқ. Шошилиб бўлди. Олдин китоб ўқиганда, оғзида эриётган конфетнинг таъмига маза қилгандай, миясида адабий қаҳрамонларнинг ҳаракатини англаб ҳиссиёти жўшарди.

    У бекатгача нима ҳақда ўйлаб келганини эсламоқчи бўлади. Нияти, аслида ичидаги тушкун кайфиятни йўқотмоқчи. Бу ҳиссиётни сўзга, кейин гапга айлантирмоқчи эмас. “Ёлғизликдан” деб қўяқолади, холос.

    «Ҳа-я, нима ҳақда эди? Йўқ, ҳеч нарса ҳақда ўйламабман-ку».

    Юзида табассум югурди, ўтиб кетди. Бу конфетнинг ширинлигидан. Одам ўзини ҳар замон алдаши ҳам керак-ку.

    Бирдан Толстой эсига тушади. У қаёққа қочиб кетганди? Ўлимидан қочганмиди? Йўқ. Хотинидан ҳам қочмади. Ўзидан қочдими? Шундай деса ҳам бўлади. Толстой ёнувди, ёниб кетаётганди. Миясида тўпланган ҳашорат — фикр ёна бошлади. Бу ёнғин уни адойи-тамом қилди. Ёнғинни ўчиришнинг иложи топилмади. Иложи ҳам йўқ-да. Эй, тўхта, иложи бор. Буни ўйлаб кўриш керак. Айтганча, аёллар ўзига суиқасд қилишса олов қўйиш усулини танлайди.

    Қизиқ. Ўтган ҳафта хоразмлик бир аёл ўзига олов қўйибди. Ким айтди? Эсимда йўқ. Нега олов?

    Заҳар ичиб ўзини ўлдирса, маъқулроқмасми? Заҳар нархи қиммат турса керак. Арқон билан-чи?

    Йўқ, бу қийин жараён — арқон топиш керак, уни шифтга боғлаш, оёқ остига стул, э, бу — узун кечади, вақт ўтади, қарабсиз-ки, жаллод ниятидан қайтади. Олов яхши усул. Эгнига бензин сепиб гугурт чақса бўлди. Тамом. Ниятдан қайтиш ҳам кеч бўлади. Бир зумда ёниб кул бўлади.

    Толстойга раҳмим келади. Миясида фикрлар тўлиб-тошиб кетганди. Қай бирини тўғри-нотўғри эканлигини билмади. Одамни бунчалик севиш ҳам керак эмас. Кўникиш керак эди, Толстой. Лев, нега кафега кирмадингиз? Абдуҳолиқ Қалқон кафеда ўтирган экан, Денгиз Наимов билан.

    Нима қипти? Ўзим ҳам билмайман! Алдаяпман. Биламан. Нима қипти. Анови Денгиз Наимми?

    Ҳа, маст. Боши эгик. Метрога томон кетяпти. Унга ачинаман. Мен унга ачиниш учун етмиш уч йил яшадим. У менга ачинади. Ана-мана ўлади, деб ўйласа керак. Шундай ўйлайди. Нима қипти. Мен унга вазифамни ўтаб бўлдим. Ва тескариси — менга у. “Мен дунёга келдим.

    Вазифам бировларнинг кўнглини овламоқ”. У шуни ҳис қилган ёки билганми — бировларнинг кўнглини кўтариш тубанлик, билган. Шоир. Бир сатр шеър ҳам ёзмапман. Қизиқ. Автобус келди. Вазифасини ўтаяпти. Қани, Лев Николаевич автобусга чиқамиз. Қидиров автобус тўрига бориб бўш ўриндиққа ўтиради. Толстойга ёрдам бермоқчи. Толстойни кафеда ўтирган ёш дарахтлардан қутқармоқчи. Уф. Толстой ўлиб кетса бўлмайди-ми? “Мияси айниган чол”.

    Эшитдим. Наимов айтди. Улар кафега кираётганимни кўришмади, кўришдими? Атайлаб айтдими? Мени кўриб.

    Ёмғир ёғаётган экан. Кўрмапман. Сезмапман. Эътибор қилмаганман. Йўқ, уни қабул қилишга вақтим бўлмаган. Ёмғир ҳам вазифасини ўтаб бўпти. Йўқ, бу менинг ҳиссиётим ёмғирга нисбатан вазифасини ўтаб бўлди. Ёпирай. Тангрим. “Бегона” Камю. Мен фақат ўқибман. Фикрлашга вақт ажратмапман. Демак ҳали яшашга ҳаққим бор. Яшаса бўлади. Миям озиқланишига овқат мўл.

    Ҳа. Маҳмуд Қидиров юзидан табассум югуриб ўтиб кетади.

    Шляпасини пешонаси томон туширади. Кўзини оёқ кийимига қаратади. Йўловчилар “мияси айниган чол” ўйлашмасин. Нима қипти. Кулса. Товуш чиқармай кулди-ку. Қаёққа кетяпман.

    Толстой. Маъно топилди-ку. Ўзимни алдаяпман. Қаёққа кетяпман? Уйга. Мени уйда ҳеч ким кутмайди. Кутмоқлик — одат. Лекин сени кимдир кутишини хоҳлашинг нима? Одатмас. Яшаш — одат. Лекин яшашдан чарчаш — одатмас. Қайси маънода. Қариган дарахтнинг шохлари қарсиллаб синиши. Дарахт шохи устимга ағанаб тушади. Қўрққанман. Парк ичидан ўтмаганим.

    Оғриқдан қўрқаман. Ҳамма қўрқади. Ҳамма худодан қўрқади. Нима учун? Дарахтнинг шохи синмасин учун. Ичимда нима синди? Ишончми? У ҳар куни синади. Ҳар лаҳза яна тикланиб яна вазифасини ўтайверади. “Ўзингизни ўзингиз алдайсиз”миш. Абдухолиқ Қалқон айтди. Рост.

    Ҳамма ўзини алдайди-ку. Аслида одамни шу қутқаради. Алдаш одамда умид уйғотади. Умид образ. Одамнинг бадиий тимсоли. Тимсолда чегара йўқ, охири йўқ ва кўринмайди. Кўринди дегунча — шохлар синар-синмас — янги образ пайдо бўлади — янги шохлар ўсиб чиқади.

    Қидиров шляпасини пешонаси, кўзи томон яна туширади. Табассумини автобусдаги йўловчилар кўрмасин. Унга лақаб қўйишган. Бугун билди. Наимов юзига айтди: сиз Антиборхес. Ёзиш демак ёзувчининг латиф олами тажалли қилиши. Мен уялиб қолишим мумкин. Қидиров шляпасини сал орқага суради. Йўловчиларга қарайди. Ҳамма ўз хаёли билан овора. Ҳеч ким унга қарагани йўқ. Миллатда шундай ҳолат бор. Нега? Бир-бирига сездирмайди.

    Ёки сезиладиган объектнинг ўзи йўқми? Юрак бўм-бўшми? Тавба қилдим. Тавба қилдим.

    Хоразмлик аёл ўзига ўт қўйибди. Ўт қўйиш одат. Муқаннадан қолган. Аҳ, хизмати шу бўлди.

    Аёлларга олов билан ўзини ёқишни ўргатди. Ҳамма аёлларимизнинг қонида ўзига ўт қўйиш ёзилган. Ёки ёвга ўлик танасини ҳам топширмасликми? Номус. Нега номус? Номус одам хаёлининг жирканч маҳсулотидан. Бизда фақат хаёл ишлайди. Мен шляпамни туширдим.

    Менга одат. Яна бошқача — бошқаларда фикр эмас, ёмон хаёл уйғотмай, дейман. Уларни биламан. Ўзимни. Фақат хаёл ишлайди. Улар бор-йўғи объект. Субъектга қачон айланишади?

    Қачонки, қачон шляпамни кўтариб, ҳов анови кампирга тиржайсам, шунда “жаноб, мен сизга кимнидир эслатдимми?”, деса, мен “йўқ, хоним, менда транс ҳолат бўлди, шекилли” жавоб қайтарганимда, у аввали хомуш тортиб сўнг юзида табассум югуради ва мени ўргана бошлайди.

    Менинг кийимимга қарамайди, шляпамга қарамайди, оқарган сочимга қарамайди, чўтир юзимга қарамайди.

    ”Бу ажойиб инсон нима ҳақда ўйлаяпти” ўйлайди. ”Сўрасаммикан, йўқ, бу шарт эмас”… Шундай давом этади. Ёки бошқача. Асосийси — кампир мавжудлигини ҳис қилиб туради. Ва мавжудлигини билдиришдан уялмайди. Чунки унинг мияси эркин, мустақил дунё. Дунёнинг ҳар қаричи кампир томонидан бошқарилади. Қачон шундай бўлади, хаёл? ”Автобус деразасидан қараб кетсанг узоқ-узоқларга кетар хаёлинг” Рауф ёзган. Ана шоирларимиз ҳам хаёлланишади.

    Хотиним билан ажрашганим. Сабаби аслида шундай. Қандай эди? Мана бундай: мен уни, унинг борлиғида акс этган воқеъликни билдим. Унинг борлиғи онггига фақат хаёлга озиқ бўладиган — хаёл ишлаб чиқарадиган маҳсулот етиштириб берарди. Бу маҳсулот борлиғини ташкил қилади. Маҳсулот ҳеч нарсадан иборат. Ҳа, ҳа ҳеч нарсадан. Чунки унинг борлиғини ўзи йўқ эди. Агар қўпол қилиб айтадиган бўлсам — шундай.

    Кейин нима бўлди? Нима бўларди. Унинг борлиғини хаёл ташкил қилади. Тарих унинг миясида (борлиғида) хаёлда сузиб юради. Унинг мияси (борлиғи) дунёни тасаввур қилибгина ўзича тушуна бошлайди. Ва бу ўзича тушуниш КАТТА ХАЁЛдан иборат, холос, эди. Хаёл ёнидаги кишини сотишга мойил. Хаёлнинг жиловини ушлаб бўлмайди. Натижа қандай бўлади? Хиёнат.

    Ҳеч бўлмаса ички хиёнат. Унинг мияси (борлиғи) мендан бошқа, бошқа борлиқ акси билан банд бўлади. Борлиқ одамнинг бирдан-бир ягона илоҳий дунёси. Лекин хотинининг борлиғи ўрнидаги хаёл эди. У товуқмияга мен-да таъсир ўтказолмадим. Менда нима айб? Айб хотинимда ҳам эмас. Айб Зулқарнайнда, унинг файласуфларида. Мен ўзимни алдаяпман.

    Абдуҳолиқ чин айтди. ”Афлотун ғояси бизга мос келмайди. Бизнинг табиатимиз аввал ҳаракат қилишни, масалан, йўл юришни, йўл юрилгандан сўнг нима учун йўл юрилганлиги ҳақда фикр юритишни талаб қилади.”

    Чунки миямизда, ҳар битта миллатда бўладиган, нуқтадек нарса йўқ, йўқолган. Унутилган.

    Шунинг учун аввал уй қурамиз, иморат битгандан сўнг ”нима учун уй қурдим?” деган саволни ўзимизга берамиз. Аввал туғиламиз, кейин нима учун туғилдик? деган саволни ўзимизга берамиз. Отам тирик бўлганда сўрардим: нима учун ўн битта фарзанд туғдирдингиз, бу қўзичоқларни қандай боқаман, деб ўйламадингизми? ”Ҳа, ўғлим худо бергани-да”, дерди агар тирик бўлганида. Бу саволга ундан жавоб олишим учун тирик бўлиши шарт ҳам эмас. Хўш, борлиқдаги (миядаги) ўша нуқта — уруғ нима бўлиши мумкин? Унинг рангги қанақа? Агар бор бўлганда! У йўқ. Балки бор? Нуқта, масалан, ёмғир томчиси билан миядаги борлиқни боғлайдиган восита — билиш. Ўзбек қандай билади? Ёки қандай англайди?

    Маҳмуд Қидиров уф тортади. Уф-ф, уф-ф. Нигилистлар менга таъсир ўтказиб қўйишибди-ку.

    Абдухолиқ фикри тўғридир. Нимайди: ҳаракат — одам борлиғи, тамом, қадимги туркнинг биздан фарқли хусусияти шу, дейди. Денгиз Наим қўшилмайди: “Ҳаракат ва борлиқ параллел, бир-бирисиз мавжуд эмас“. Мен нима девдим шунда. Эсладим: илоҳий дунёни рад қилманг.

    Шунга ўхшаш гап айтдим. Нега шунга ўхшаш? Шунақа девдим. У нима деб жавоб қайтарувди?

    “Руҳ воситасиз ҳаракат қила олмайди”. Сиз ўйлаган ўлимдан кейинги ҳаёт йўқ ва шунга ўхшаш. Ҳақиқатан, восита бўлиши керак-ку, танани ўрнини босадиган.

    Уф-ф…

    ****

    Мен кеча концертга кирдим-ми? Эслай олмайман, қаёққадир бордим, маст эдим. Ёмғир ёғарди, консерватория биноси — хоч шаклида, Исо бинони кўтармоқчи бўлди, мен кулдим, кейин йиқилдим, яна турдим, Исо хоч — бино атрофидан айланди, мен унинг орқасидан қадамимни санаб юрдим. Кейин нима бўлди? Исо чакмонини ечиб ерга отди, мен миямдан фикрларни қувиб юбормоқчи бўлдим. Исога тақлид қилдим. Йўқ, бу ҳар кунги машғулот — ҳолат, Исо чакмонини ечгани — кейин мен миямдан ҳамма ўйларни қувиб юбормоқчи бўлганим тасодиф.

    Балки, аслида бундай бўлган эмас. Исони кўрганим ва у хоч шаклида қурилган консерватория биносини кўтармоқчи бўлгани аслида миямда (хаёлда эмас) мен билан содир бўлган ҳолатда — яъни ичимдаги жараён шундай тасаввурни юзага олиб чиқди. Кейин нима бўлди, қачон уйга келдим — эслай олмайман.

    Яна уйқудан уйғониб тўшакдан туриш керак. Яна тўрт йилдан кейин Ойхонни кўчада кўриб қолган куним худди ҳозиргидай эрталаб соат саккизу йигирмада уйқудан уйғониб, тўшакдан туриб, юз-қўлимни ювиб, кейин кўчага — қаёққадир бориш учун ўзимдан куч қидира бошлайман. Куч ўз-ўзимга берган саволимнинг жавобида бўлади. Гоҳида саволга савол билан жавоб қайтараман. Гоҳида эса миямда ялт этиб ажойиб фикр пайдо бўлади ва тўшакдан сапчиб тураман. “Яшаш — гўзал ҳаракат”. Яна тўрт йилдан кейин ҳам шундай бўлди. Бугун ҳам. Аввал Исо ҳақда ўйладим. Кейин. Кеча концертга киролмадим. Бугун, албатта кираман. Кейин-чи.

    Бўшашиб кетаман. Кўзимни юмаман. Юпанч излаб кетаман. Дўзахдан қайтиб келаман. Жаннат қизиқтирмайди. Бирдан дўзах рекламаси ҳақдаги латифа эсимга тушди. Кулгили ва ажойиб. “Бир одам ўлибди. Нариги дунёда — унга аввал жаннатни кўрсатишибди. Жаннатда одамлар юзида кулгу, ҳаммаёқ кўм-кўк, ариқлар тўла асал, хуллас бир хил ҳолат. Кейин дўзахни кўрсатишибди. У ер худди ердаги ҳаётга ўхшармиш. Кафе, бар, ресторан, кўча тўла одам, ким-кимнидир туртган, ғала-ғовур, йиғи, ҳар жойда маст-аластлар ва шунга ўхшаш.

    Қайси бирини танлайсан, хоҳиш ўзингда, дейишибди. Одам ўйлабди. Жаннат зерикарли, жаннатда абадий яшаш — зулм, дўзах унга маъқул бўлибди. Дўзах ҳар ҳолда ердаги ҳаётга ўхшайди. “Дўзахга кетаман” дейиши билан атрофни қоронғулик босиб иккита дев пайдо бўлибди. Девлар уни қўлидан маҳкам ушлаб катталиги денгиз кенглигидай қозонга ташлашибди. Одам қайноқ сув азобидан бақирармиш — йиғлармиш. Девларга “Сизларга дўзах менга керак, девдим деса. Девлар “бояги кўрсатганимиз дўзахнинг рекламаси эди” дейишган экан.”

    Фикр ўзгариб бораверади, бу ожизлик олти йил олдин ҳам масалан, сигарет излаган куним ёмғир ёғарди (яна ёмғир) у менга таъсир қилмайди, аксинча, унга менинг таъсирим ўтади, ўшанда Бешёғочда ҳали янги кўприк қурилмаганди, эски ва қўрқинчли кўприкдан ўтиб миллий хиёбон томон кетдим. Чунки олдимда бир одам ёши қирқларда қачон оғзидаги сигаретни ерга ташлайди.

    Бошим оғрийди, ҳозир ҳам лекин одам чекилган сигаретни ерга ташлаганда мен икки метрлар орқада эдим, қарама-қарши тарафдан келаётган жувонлар яқинлашиб қолди мен ерда ётган чўғи намланиб ўчаётган ярми чекилган сигарет қолдиғидан кўзимни узмай “ҳали ҳаммаси олдинда” дедим ҳозир ва яна тўққиз йилдан кейин мен ётган палатага (касалхонада) Ойхон мени кўргани келганида қувонаман ҳозир яна тўққиз йилдан кейин ҳам лекин ўшанда ва ҳозир “бу картина, бунинг ичидан чиқиб кетолмайман”, аммо Ойхон қўлимни ушлаганда қалтироқ сезаман “Майли, яшаш — гўзал ҳаракат” ўйлаб кўр шунда ва ҳозир ҳам олти йил аввал ўша миллий хиёбон ичида юриб сигарет қолдиғи излаганимда ҳали умримнинг сигаретини чекиб бўлмовдим ҳар ҳолда ўшанда шундай ўйлардим.

    Мен фикрдан кучли бўлмоғим шарт, олти йил олдин фикр — сигарет чекишим керак, кейин кўзимни юмаман, юммасам ҳам бўлади, ҳали севаман, шунда ҳаётимни англаб етаман, исми Ойхон энди билдим, аниқроғи, икки йил аввал. Ўшанда китоб ёзаман, мақсад агар Ойхонни учратмасам, ўйлардим, энди ҳам лекин ҳозир фикр измидан юришни хоҳламайман у менинг орқамдан юрсин худди ёмғирга таъсир қилганимдек, тўққиз йилдан кейин бундай бўлмайди, ютилдим, дейман оғзимдан кетма-кет сон-саноқсиз “тавба” сўз чиқади, ўшанда ҳам илинж қидираман яна фикрнинг орқасидан юриб кетаман уни қувиб етолмаганимдан сўка бошлайман “жаннат ҳам, дўзах ҳам картинанинг ичида, бу — зерикарли”. Юзимда табассум югуради. Ойхон “тузалади” ўйлайди, ғамхўр эканини биламан “мен ғалаба қилдим” дейман, овоз чиқариб у сал кулади, ичида “жинни бўлиб қолибди” ўйлайди, орқасидан “тавба, тавба” ичида айтади.

    “Хор бўлиб ўлиб кетяпти” ўйлайди, биламан мен яна дўзахда ёки жаннатда хор бўлиб яшашим мумкин, ёки… Ҳозирдан олти йил муқаддам “ҳаммаси ҳали олдинда” девдим, “алдаш керак эди ўзимни” ҳозир шундай айтдим яна тўққиз йилдан кейин бундай демайман, “ҳаммаси жой-жойида, картина ажойиб” дейман. Бир ҳафта олдин менга нима деди уйида етмиш мингга китоби бор М.Қидиров, у ҳам шу. Мияси айниган чол. Менга нима дейди. Ҳа, “Китоб. Ундаги фикр мен билан ёзувчини боғлайди”.

    “Мени бу қизиқтирмайди” ичимда айтиб унга бошни силкиллатдим у эса, “менинг аурам кенгайиб ахбор олиш имкони ошади” дейди, яна ўнг кўрсаткич бармоғини мен томон қимирлатиб “Сиз, дўстим”, “сенинг дўстинг эмасман”, дўстлик фикрлар параллел бўлишига қурилади, мен фикр юритишни хоҳламайман, аксинча, у “дўстим фикрлаш йўл юришга ўхшайди, манзил томон албатта”, “мияси айниган чол” унга гап айтмайман нуқул бош қимирлатаман, чунки биламан “фикрлаш ҳеч қандай манзилга олиб бормайди, у мияхонада бор-йўғи битта фильм яратади, холос” балки фильмнинг ўзи манзилдир, йўқ бундай эмас, бу — хаёл, ўшанда ҳам “фикрнинг ибтидоси ҳам интиҳоси ҳам хаёл” ўйладим, “Мен уйимдаги китобларим билан манзилга етолмайман, бу кам” хаёлим бўлинади, чол гапида давом этади, “манзилга етолмасам ҳам керак” ҳеч қандай манзил — панзил йўқ.

    “Биз картинанинг ичида” ичимда нуқул шу гапни такрорловдим, ҳозир ҳам, аммо тўрт йилдан кейин шу йили Абдухолиқ Қалқоннинг хотини заҳар ичади. Ойхонни учратганимдан бир ой олдин картинадан чиқиб кетиш мумкинлигини фараз қиламан «борлиқдан ташқарига нима элтиши мумкин» фикр эмас. «Фикрлаш аксинча борлиқда муқим туриб қолишни белгилайди» лекин у М.Қидиров айтгандай манзил томон олиб боради «йўқ», дейман, «борлиқдан ташқари мавжуд эмас» адашаётгандирман, шунда Ойхонни кафега таклиф қиламан аввалига рози бўлмайди «эрим» дейди «Дунёдаги энг ажойиб нарса ҳис, фикрлаш ҳам, хаёл ҳам, ўй ҳам, туш ҳам унга тенг келолмайди» кофе ичамиз миямга фикр келади «ҳис — борлиқ, ҳолат ҳис ишлаб чиқаради», менга яхши «қанийди Ойхонга тикилиб турганим, у ёнимда, шу ҳолат абадий давом этса, тугамаса, музлаб қолса» афсус, яқинда у эрга тегди, бир ярим йилдан кейин фарзанд кўришади қиз — Қундузхон исми «фикрда манфаат бор, ўйда ҳам, хаёлда ҳам тушда ҳам, ҳисда манфаат йўқ, чунки унинг ўзи сўнгги манзил» ўтираверамиз-ўтираверамиз ярим соат, қирқ беш минут, бир соат кейин хайр ҳисларим бунга яна тўрт йил бор гўё тўрт йилдан кейин шундай ҳолатни бошдан кечираман «шунгача қанча фикрларни бошдан ўтказдим» Ойхоннинг кўзига тикиламан «бу сувратни хаёлимда асраб қолмоғим керак» учрашувдан сўнг бир ҳафта ўтар-ўтмас ўша кафега кираман, унга тикиламан «суврат асқотди-ку» хаёлимда у, тикиламан ва фикрлар ёрдамида ҳисни қаеримдандир чақириб оламан «йўқ, бундай эмас» ҳозир шундай фикрга келдим «аслида, мия тўқийди, бор йўғи — шу» бу гапни олдин ҳам тўққиз йилдан кейин ҳам айтаман чунки фикрдан олдинга ўтиб кетолмайман, уни мен туғяпман, менга бўйсунмайди, неча марта ўзимга айтганман «бўлди, бас қил, ўйлама», йўқ, у мендан озодликка чиққан, менга қул эмас, бор эркалигини қилмоқда, ҳатто, «худога ишонмайман» айта олади, худо бор, дейман, жавоб: «нима қипти» ва мен бутун эътиборимни фикримга қаратаман, натижада ҳар хил хаёл пайдо бўлади. Бас. Картинадан чиқиб кетиш керак. Фикр бўёқ, у ҳаётимга ранг беради, лекин бу рангдан ва ҳосил бўлган-бўладиган картинадан қониқмайман, қизиғи йўқ. Бас. Бошқа йўл бор, бўлиши керак! Шу йўл мени қутқариши керак!

    Сигарет чекким келди. Гугурт ёқиб сигаретни тутатдим ва ёнаётган гугурт чўпини ўчириб кулдонга ташламоқчи эдим, гилам устида (дунёга келганига уч-тўрт кун бўлган бўлса керак) суваракни кўриб қолдим. Ёнаётган гугурт чўпини унинг танасига тегизиб олдим. У қочди. Оловни яна тегиздим. Яна оғриқни сезди. Суварак бахтли. Лекин у бахтли эканини билмайди ва ҳис қилмайди. «Суваракжон, сиз бахтлисиз». Чунки одам — мен ҳис қилиш учун ҳатто йилларни босиб ўтаман, айтишга осон, балки, йўқ шундай. Суваракжон, билсангиз эди. Билмайсиз-да, ҳис қилиш учун, яъни юрагимда бир нималарни қўзғаш учун мен шоирларнинг шеърини ўқийман. Улар менга ўхшаганларга маҳсулот етказиб беради. Бировлари бу маҳсулот эмас, мутлақо ўзим учун ёзганман, дейишади. Ишонса бўлади, ишонмаса ҳам.

    Иккала вазиятда ҳам касал эканликлари билиниб қолади. Ҳей, шоирлар яширишнинг ҳожати йўқ. Нима қипти. Касал бўлсангиз. Ҳаммамиз касал. Суварак, шошманг, қаёққа қочяпсиз. Яна «ҳис» қилинг. Оғриқни ҳам ҳис қилиш бахт. Одам каби тушунсангиз эди, шеър ўқиб берардим, биргалашиб оғринардик — эзилардик, начора, танангизга олов теккизаман. Мен бу ишимдан роҳат олмаяпман, асло, ишонинг. Бор-йўғи одам табиатини, табиатимни тушуниб олмоқчиман, холос. Суваракжон, сизга азоб бериш орқали ўзимни фош қилмоқчи эмасман. Бу таъқиқланади. Сиз бу дунёга келиб азоб-уқубат тортаётганингизни билсангиз эди. Арзимас нон ушоғи деб.

    Билмайсиз-да. Янги гугурт чўпини ёқиб танангизга теккизай, шошманг, югурманг, қайга боряпсиз, қайга қочяпсиз? Билмайсиз-да. Агар билсангиз эди. Эй, суварак — шоир, эй, суварак — ёзувчи, эй, суварак — деҳқон, эй, суварак — олим ва ҳоказога айланар эдингиз. Суваракжон!

    Шошманг, мени тингланг. Ёвузлик — маъно. Яхши ҳам у бор, бўлмаса яшаш зерикарли бўларди. Ҳаётдан мазмун йўқоларди. Мана, сизга ёвузлик қиляпман, қочяпсиз — яшаш, тирик қолиш учун ҳаракат қиляпсиз. Сизга ҳавас қиламан. Сиз гилам устида зулмдан қочиб эзгулик истаб кетяпсиз. Лекин менинг ёққан оловим сизнинг танангизга таъсир қилмай қолса, бундан даҳшати йўқ. Агар таъсирсиз бўлиб қолсангиз, менга ўхшаб. Унда сизга ачинаман.

    Шунда шунча умрни қандай сарфлайсиз? Шунда умр сарфлашдай оғир вазифа чекингизга тушганини «билардингиз». Мана, мен ҳатто сизнинг насиҳатингизга зорман. Сиздан йўл кўрсатишингизни, маслаҳат беришингизни сўраяпман. Сизга жавоб. Сизни қийнамай. Менинг ўзим ҳам эртанги кунимни қандай сарфлаш, нима машғулот билан ўтказишни билмайман.

    Эртам менинг бошқарувимсиз ўтиб кетади. Ҳозир шундай деяпман-у ўзимни алдаяпман. Алдаш сўзи унчалик тўғри келмас, агар ҳолатимни чуқур тадқиқ қилсам ҳар кун келадиган эртани мияхонамда ҳозирга айлантираётган бўлиб чиқаман, ва бу ҳозирда ичимдаги фикрлаш жараёни келажакни тўқиб қўйиб ҳозирнинг ғамини истасам-истамасам ейди, бу ҳаракат эмас, жараён, ҳаракатда мақсад бўлади, жараён ўз-ўзидан ҳаракатланади, у табиат қонунини бажаради. Машғулотим — китоб ёзиш эди. Эди. Энди ёзишда маъно йўқдай.

    Мақсад бор — умр сермазмун ўтади ва инсониятга хизмат қиламан. Ҳамма ёзувчилар каби. Инсоннинг орзу-армонлари, изтироблари, эҳ-ҳе. Мен тўқийман, аввал ўйлаб оламан, атрофга баҳо бериб оламан; Маҳмуд Қидиров, О, яхши қаҳрамон чиқади — мулоҳазали одам, кўп ўқиган, кейин унга, уни, йўқ, у бош қаҳрамон бўлади, унга, унинг миясига ҳар хил қизиқарли ва ғайриоддий фикрлар кийгизаман, қарабсизки, роман, бошланиши чакки эмас, асар ривожланаверади, унда яна бошқа одамлар — образлар пайдо бўлади. Бири — гуманист, бири — динчи, бири — атеист, бири — фоҳиша, бири — қоровул, бири — алламбало. Китоб ёзилаверади-ёзилаверади.

    Мен тўқийвераман-тўқийвераман. Нимага? Нима учун? Одамни алдашнинг нима кераги бор? Унинг миясига бўлмағур китобни жойлашни кимга керак бор? Унинг мияси бу китобни ейди ва бошқа китобларни ейверади, охир-оқибат бу заҳарланган мия, билмайман нима бўлади? Маҳмуд Қидиров мияси айнимаган, меники айниган. У фақат китоб ўқийди, ўқиган нарсасига ёш боладек ишонади. У фикрламайди.

    Ўн яшарлигидан китоб ўқишни бошлаган. Мен ҳам ёзувчи бўламан, деб ният қилган. Китоб ёзишни илоҳий иш, деб билади. Шунинг учундир саксон ёшга боряпти бирорта китоб, ҳатто икки бетдан иборат ҳикоя ёзгани йўқ. Нега? Ёзгани йўқ. Сўраганман.

    Давоми бор.

    Published on februari 23, 2013 · Filed under: "Янги Дунё" кутубхонаси;
    1 Comment

One Response to “Мурод Човуш. «Ҳеч»”

  1. Manba korsatmaysizmi? Qaerdan oldingiz buni?