-
Ўзбек милицияси яна саҳнада
У ФУҚАРОЛАРНИНГ БИРИНИ ЎЛДИРДИ, ИККИНЧИСИНИ ЧАЛАЖОН ҚИЛДИ!
Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамиятига мурожаат қилган Тошкент шаҳар Юнусобод тумани 2-мавзесида яшовчи Ш. Шарофутдинова ўғли, 1982 йилда туғилган Жамшид Шарофутдиновнинг Тошкент Тиббиёт Академияси хирургия бўлимида даволанаётганини ёзган. Фуқарога кўра, 2012 йилнинг 28 ноябрь куни соат 20 ларда таниши Нозигул Пердешова билан келаётган Жамшид милиция ходимлари томонидан тўхтатилиб, хужжатлари талаб қилинган. Ўзаро муомала ва сўроқдан сўнг ҳеч бир сабабсиз Жамшиднинг қўлига кишан солиниб, Юнусобод тумани ИИБга олиб кетилган.
Юнусобод тумани ИИБ нозирлари майор Фурқат (фамилияси аниқланмади – Эзгулик), катта лейтенант Аҳмад Нурмуродов ва Шуҳрат исмли ходимлар томонидан ноинсоний қийноқларга солинган. Милиция ходимлари Жамшидни бўғиб, буйрак ва жинсий аъзоларига тепишган. Тун ярмида ҳушини йўқотган Ж. Шарофутдиновнинг ўлиши эҳтимоли пайдо бўлганидан сўнг милиция ходимлари ўзларига нисбатан унинг бўйсунмагани ҳақида далолатнома ёзишган. Сўнгра прокуратура органига шикоят қилишиб, Ж. Шарофутдиновга нисбатан жиноят иши қўзғатишган.
2012 йилнинг 1 декабрь куни эса Жамшид тез тиббий ёрдам машинаси билан Тошкент Тиббиёт Академиясининг жарроҳлик бўлимига юборилган, сўнгра реанимация бўлимига ўтказилиб, ўша ерда даволанишни давом эттирмоқда.
Шу йилнинг 25 январида Сирдарё вилояти Сирдарё тумани ИИБ жиноят қидирув бўлими нозири Даврон Ҳайитов ўғирликда айбланган 16 яшар ўспиринни қийнаши ва унга нисбатан шафқатсиз, ғайри инсоний муомалада бўлиши оқибатида гумонлануви вафот этган. Маълумотларга кўра, ҳозирда ИИБ ходими қамоққа олиниб, тергов ҳаракатлари бормоқда. ”Эзгулик” фаоллари мазкур ҳодиса юзасидан суриштирувлар олиб боряпти.
Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасини мазкур ҳодисалар юзасидан дарҳол изоҳ беришга чақиради ва мамлакат ИИВ раҳбариятидан ўз ходимларига нисбатан чора қўришни талаб қилади.
Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти
www.yangidunyo.org
Published on februari 1, 2013 · Filed under: "Эзгулик" жамияти;
Охирги изоҳлар