-
Юсуф Расул: Ўзбек адабиётида кучли бир портлаш содир бўлади…
(Суратда: ўнгдан чапга: Халқаро Мусиқа ва Шеърият Фестивали ташкилотчиси, ёзувчи ва ношир, дипломат Аннакули Нурмаммедов, Туркиялик машҳур журналист Сейфуллоҳ Турксой, журналист ва шоир Юсуф Расул. Оксфорд).
Айни пайтда Швециядан қўним топган журналист ва шоир Юсуф Расулни кўпчилик “Янги дунё” сайтининг асосчиси сифатида танийди. У ҳар доим ҳам ўзининг ёзганларини дарҳол омма эътиборига бермайди. Пайтини пойлаб, ўз вақтида сайтларда чоп этади, ёки умуман ҳеч кимга кўрсатмайди. Баъзан уни ўзидан сўраб оламиз унинг шеър ва ҳикояларини, баъзан эса ўзбекча сайтларда чоп этилганлари билан қаноатланамиз.
Юсуф Расул билан куни кеча суҳбатлашдик. Ундан сал аввалроқ эса мен Британия диёридаги Оксфорд университетида бўлиб ўтган Туркий маданият кунларида унинг ҳам иштирок этгани ҳақида хабар топгандим. Суҳбат давомида Юсуф Расулдан ана шу маданий тадбир ҳақида сўрадим. Шу баҳона шоир ва журналист дўстимнинг замонавий ўзбек адабиёти ҳақидаги фикрларини ёзиб олдим.
-Юсуфжон, кейинги пайтда, ўзбек адабиётида ривожланиш, янгиланиш тўхтагандек… Ёки, хорижда яшаётганимиз учун шундай кўринаяптими?… Бироқ, мамлакат ичидаги дўстларимиз ҳам айнан адабиётимиздаги турғунлик ҳақида гапиришяпти. Ўзи асли турғунлик адабиётга хос нарсами?
– Адабиёт инсон билан бирга яшайдиган илоҳий хилқат. Адабиёт бор экан, инсоният яшайди. Улуғ маърифатпарвар Чўлпон ”Адабиёт яшаса – миллат яшар” деб бежизга айтмаган.Чунки, тарихга назар ташласангиз, қайси халқларнинг адабиёти бўлса, уларнинг тарихи бор. Ўтмишда яшаган кўплаб миллатлар адабиёти йўқлиги боис миллат сифатида йўқолиб кетган. Масалан, бурунги замонларда яшаган саклар, массагетлар, хунларнинг ёзма адабиёти бўлмаган. Улар тоғу тошларга баъзи тарихий ёзма ёдгорликларни битиб кетишган. Ўрхун. Энасой (Енесей) дарёси бўйидан топилган ёзувларни эсланг. Шу ёзувлар боис биз бу халқларни эслаймиз. Демак, адабиёт ва ёзма ёдгорликлар миллатларни миллат сифатида сақланиб қолишлари учун жуда катта восита ўлароқ хизмат қилиб келган ва бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолажак.
Энди бугунги ўзбек адабиётидаги ”турғунлик” ҳақида гапирадиган бўлса, бу муваққат бир ҳолат. Чунки, Ўзбекистонда жуда катта адабий мактаб шаклланиб бўлган. Бу Ҳазрат Мир Алишер Навоийдан бошланган шеърият ва Абдулла Қодирий давридан буён то ҳанузгача давом этиб келаётган проза мактабидир. Адабиёт кучли босимлар ва таъқибларга қарамай барибир яшайверади. Ижодкорлар онгига, тафаккурига панжара солиш мумкиндир, лекин уларни қалбини, руҳини бўғиб бўлмайди. Бугун бўлмаса эртага ўз қалбига яшриниб олган ёзувчи ва шоирлар ташқарига чиқишади ва ўшанда ўзбек адабиётида кучли бир портлаш содир бўлганини кўрамиз. Хорижда яратилаётган яккам дуккам асарларни гарчанд кучли адабий муҳитдан узилиб қолган адабиёт нишоналари сифатида эътироф этсак ҳам, барибир ташқаридаги адабиёт ўз эркинлиги ва мустақиллиги билан ичкаридаги адабиётни ривожланишига катта ёрдам бераётганини ҳам унутмаслигимиз керак.
-Шоирлар ва ёзувчилар Ватанимиздаги адабий мухитда қанақадир бир вакуум холатини, биқиқликни кўрадилар. Бу ҳам ҳақиқат. Бундай шароитда асл ёзувчининг қалами тўхтайди, лекин унинг шуури атрофдаги воқеаларни мияга муҳрлаб борадики,вақти келганида, ўша сиз айтган портлашни содир қилиши учун… Лекин, уша ”портлаш”ларнинг бугун содир этилмаётганининг сабаби нимада? Қўрқувми?
– Мамлакат ичидаги кўплаб ёзувчи ва шоирлар кейинги пайтларда хориждаги мустақил интернет нашрлар билан ҳамкорлик қилишни бошлашгани менимча яхши бир ҳолат. Вақтли матбуотдаги кучли назорат ижодкорларни ташқарига бош олиб кетишларига сабабчи бўлаяпти. Бунга журъат этаётган, қўрқмас ижодкорлар афсуски бармоқ билан санарли даражада оз. Кейинги икки уч ой ичида таниқли журналист Исмат Хушевнинг ”Дунё Ўзбеклари” интернет газетасида эълон қилаётган ўзбек ижодкорлари асарларига эътибор беринг. Атиги икки, уч ой ичида кўплаб ижодкорлар бу саҳифага ўз ёзганларини юборишни бошлашди. Демак, улар бунга муҳтож ёки муштоқ. Ўзбек ижодкорлари ўз қалблари ва ижодий ҳаётларидаги кемтикни шу йўллар билан тўлдиришга ҳаракат қилишлари табиий бир ҳолат.
Ўзбек адабиёти вакилларини қўя туринг, адабиёт ихлосмандлари ҳам эркин ва мустақил адабиёт намуналарини топиб ўқишда улардан қолишмайди. Эътибор берган бўлсангиз, ўзбек адабиёти ихлосмандлари турли айланма йўллар билан бўлсада хориждаги ёзувчи ва шоирлар асарларини топиб ўққишмоқда. Фейсбукдаги турли адабий саҳифалар, эркин ва мустақил адабиёт ҳақидаги баҳслар фикримиз далилидир. Чунки, ижодкорлар сингари ўқувчилар ҳам эркин адабиётга муштоқ. Ҳукумат қанчалик ўзбек матбуотига ва адабиётига назоратни кучайтирса, ўқувчиларда мустақил нашрларга интилиш шу қадар кучли бўлади. Бу ҳаракатлари билан ҳукумат мустақил адабиёт нуфузини оширмоқда холос.
Бугунги урунишлар аста- секин бугунми ёки эртага адабиётда биз айтган портлашга олиб келади. Қўрқувлар чекинади. Қўрқувлар қоплаган қора кўрпа миллат устидан улоқтириладиган замонлар келади. Кучли адабий муҳит ва эркин матбуотгина бу қўрқувларни миллат онгидан сидириб ташлашга қодир кучдир. Бугун бизда ана шундай кучли ва эркин адабиётга эҳтиёж катта…
– Британиянинг Оксфорд Университетида бўлиб ўтган “Халқаро мусиқа ва шеърият фестивали”даги иштирокингиз ҳақида ўқиб, жуда қувондим. Мана шу анжуман ҳақида ўқувчиларимизга гапириб беринг.
– Оксфорд Университетида бўлиб ўтган Халқаро Мусиқа ва Шеърият Фестивалига туркий халқлар адабиёти вакиллари, туркий халқлар адабиёти ва маданияти билан қизиқувчи тадқиқотчилар таклиф этилган эди. Ўзбек ижодкорларидан , айни пайтда Канадада яшаётган шоир Холдор Вулқон, Британиядан ўзбек тасаввуф адабиёти ва маданияти билимдони, профессор Ахмад ҳожи Хоразмий, Швециядан таниқли шоира, Пўлкан шоир номи билан боғлиқ адабий сулоласининг кенжа вакили Саодат Пўлканова ва каминани хориждаги ўзбек адабиёти тарғиботчиси сифатида билишлари боис таклиф қилишган экан. (АҚШда ва Европада хориждаги ўзбек адабиёти билан қизиқувчи тадқиқотчиларнинг кўпчилиги ”Янги дунё” саҳифасини доимо кузатиб боришларини билсангиз керак).
Афсуски, Фестивалга Холдор Вулқон, Ахмад хожи Хоразмий ва Саодат Пўлкановалар кела олишмади. Камина эса уч кун давом этган Шеърият ва Мусиқа байрамида иштирок этиб, жуда катта таассуротлар билан қайтдим.
Анжуманнинг биринчи куни Оксфорд Университетининг мусиқа залида бўлиб ўтди. Тадбирга таклиф қилинган мусиқа ва шеърият ихлосмандлари ўз ижодий ишларини йиғилганларга тақдим этишди. Москвадан ташриф буюрган пианиночи Марал Яшкиева, Британияда яшовчи Дуня Нурмаммедова, Туркманистондан келган машҳур скрипкачи Гасан Мамедов ижро этган туркий халқлар мусиқаси намуналари менда кучли таассурот қолдирди. Айниқса, Гасан Мамедов чалган куйларда озари, туркман, турк, ўзбек, форс мусиқаси шу қадар маҳорат билан уйғунлаштирилган эдики, уларни тинглаб, қон қонимизга сингиб кетган туркий боболаримиз руҳи, нафасини ҳис қилдик.
Фестивал кун тартибидаги тадбирлардан бири – иккинчи куни гузал ва шинам каретада Оксфорддан Абингдон деган сайёҳлик шаҳарчасига қилинган саёҳат менга жуда маъқул бўлди. Дарё бўйлаб сузиб борар эканмиз, атрофдаги беназир ва гўзал манзаралар руҳимизга ҳаловат бахш этарди. Кемада адабиёт ва шеърият ҳақида баҳсу мунозаралар бўлди. Оксфорд ва Британиянинг бошқа шаҳарларидан келган ижодкорлар, журналистлар, ноширлар ҳам биз билан бирга эди. Улар бу адабий мушоиралар ҳақида кўрсатувлар қилишди.
Фестивалнинг учинчи куни Лондондаги ”Озарбойжон Уйи”да давом этди. Бу ерда шеърият ва мусиқа байрами муносабати билан Оксфордда нашр этилган фестивал иштирокчиларининг шеър ва ҳикоялари, илмий мақолалари ҳамда суҳбатлари ўрин олган ”Minds in may” деб номланган китоб тақдимоти бўлди.
Анжуманда иштирок этиб, туркий халқлар адабиёти нақадар бир- бирига яқинлигини яна бир бор ҳис қилдим. Биз бир – биримизни таржимонларсиз тушунар эканмиз. Фақат ўртада бир тўсиқ бор эди, у ҳам бўлса алифболарнинг турличалиги эди. Агар дунёдаги барча туркий халқлар алифбоси ўзаро яқинлаштирилса, ёки ўрта турк тили алифбоси ташкил этилса, биз бир- биримизни таржимонларсиз тушуна оламиз. Бизни маданиятимиз бир, тарихимиз бир, тилимиз бир. Озарий, туркман, анадоли турклари бир – бирларини ҳеч қандай воситаларсиз тушунишади. Ўзбек, қозоқ, уйғур туркларининг ўзаро маданий алоқаларида муаммо йўқ. Туркий халқлар адабиёти бирлиги халқларимизнинг маданий бирлигига йўл очиши мумкинлиги фестивал давомида кўп таъкидланди. Адабиётлар бирлиги, маданиятлар бирлиги, дунё туркларининг ўзаро иқтисодий бирликларига йўл очувчи жуда яхши восита бўлажагига халқаро анжуман давомида катта ишонч ҳосил қилдим.
Фестивал ташкилотчиси, ёзувчи ва шоир, ношир ҳамда дипломат Аннакули Нурмаммедовни яхши билсангиз керак. Аннакули оға Оксфорд Университети профессори, туркий халқлар тарихи, маданияти ҳақида кўплаб бадиий асарлар муаллифидир…У кишининг ўзбек адабиётига ҳурмати жуда баланд. Насиб этса, Аннакули Нурмаммедовнинг туркийлар тарихига бағишланган ”Буюк кўчиш”, ”Нуҳ тўфони” ва бошқа асарларини ўзбек китобхонларига тақдим этиш ниятидамиз…
– Янги Дунё сайти оркалими?
– Ҳа, албатта . Китоб ҳолида ҳам нашр этишни мўлжаллаяпмиз.
– Адабиёт, маданият, санъат бу катта кудрат. Хорижда ижод қилаётган ўзбек ижодкорлари агар бир- бирлари билан яқиндан алоқада бўлиб, биргалашиб, хабарлашиб ижод қилишса, миллатимиз кудрати шаксиз ошади. Юсуфжон, хориждаги ижодкорларимиз, уларнинг ижод намуналарини жамлаш, нашр қилиш борасида нималар килиш мумкин?
– ”Янги Дунё” интернет журналини ташкил қилишдан асосий мақсад ҳам хориждаги ўзбек ижодкорлари асарларини жамлаш, ўзаро адабий алоқаларни ривожлантириш эди. Бу мақсадга озми кўпми эришдик, деб айта оламан. Ҳозир қўлимда ”Янги Дунё” саҳифасида эълон қилинган кўплаб ёзувчи ва шоирлар асарлари жамланган. Саҳифа хостингини Канададан Швецияга кўчирганда жуда катта архивни қайта жойлаш имкони бўлмади. Ҳозир архивдаги материалларни саралаб алоҳида тўплам қилиш устида ишлаяпман. Яқин кунларда ”Хориждаги ўзбек адабиёти антологияси”ни интернет вариантини эълон қиламиз.
Қувонарлиси шундаки, ўзбек адабиётини тарғиб қилувчи интернет саҳифалар кўпайди. Шоир Холдор Вулқоннинг ”Мувозанат” саҳифаси, журналист Исмат Хушевнинг ”Дунё ўзбеклари” интернет газетаси, сизнинг ”Янги фикр” номли мустақил интернет саҳифангиз шулар жумласидандир. Ҳар бир қилинаётган ҳаракатлар, меҳнат ва машаққатлар албатта ўз натижасини беришига шак- шубҳа йўқ. Бу ҳаракатларимизнинг барчаси хориждаги ўзбек адабиёти ва эркин матбуотининг ривожига жуда катта таъсир этмай қолмайди.
– Юсуфжон, ишларингизга ва ижодингизга омад тилаб коламан. Қизиқарли суҳбатингиз учун ташаккур!
-Сизга ҳам суҳбатга таклиф этганингиз учун катта раҳмат!
Суҳбатдош: Улуғбек Ҳайдаров.
www.yangifikr.com
Published on februari 4, 2013 · Filed under: Юсуф Расул;
Охирги изоҳлар