-
Хатна
Ҳикоя
Баъзан кутилмаган бир воқеа сабаб ҳаётинг алғов – далғов бўлиб кетар экан. Ўзингча яхши ниятда қилаяпман деб ўйлаган, ҳатто эслашга ҳам арзимас оддий савоб иш туфайли номинг қора бўлиши, сени авахтага ташлашларини тасаввур ҳам қила олмайсан. Суннатилла буни кутганмиди? Ўз ватандоши ўғлини одатга кўра чўчоқчасини ортиқча жойини кесиб, хатна қилиш бу юртда жиноят саналишини туш кўрибдими?
Аслида, ватанида қилиб юрган иши эди… Қолаверса отасидан қолган касб… Эҳе, қанчадан қанча гўдакларни шу йўл билан “мусулмон” қилмаган. Динимизда ҳам ўғил болаларни қўлини ҳалоллаш буюрилган. Бу ерда эса Суннатилла каби оддий усталарга болаларни хатна қилиш қатъиян таъқиқланаркан. Олдин бу ҳақда ҳеч кимдан эшитмаганди. Тўй тугаш арафасида Намангандан Европага келиб яшаётган Шерқўзи аканинг ўғли Ҳамдамни ҳатна қилдию, ҳаммаси шундан кейин бошланди.
Бола-да, кесилган жойи қичишиб оғрийвергач, ота- онаси уни дўхтурга кўрсатишга мажбур бўлишган. Шифокорлар шўрлик болакайни чўчоқчаси атрофи қорайиб, шишиб кетганини кўришгач, тезда бу ҳақда полицияга хабар қилишибди.
Бир пастда ҳамма ёқ ола- тасир бўлиб кетди. Ким, қачон бу каби ваҳшийликка қўл урди? Нега ёш гўдакнинг ҳаётига тажовуз қилишган? Инсон ҳам шу қадар ҳам раҳмсиз бўладими? Оғриқсизлантирувчи дорисиз, оддий уй шароитида бировни ўғлини танига тиғ тортиш соғлом одамнинг иши эмаску!
Бу воқеа Европа шимолидаги маҳаллий халқ орасида яшин тезлигида тарқалди. Қисқа тўлқинли радиолар дам -бадам бу нохуш воқеа ҳақидаги хабарни такрорлайди. Газета, журналларда асосий баҳс мавзуси ҳам ўзбекча хатна бўлиб қолди. Телевидениядаги “Дебат” кўрсатувида қатнашган сиёсатчилару тиббиёт бўйича турли даражадаги илм кишилари анъанавий усталар учун болани хатна қилиш қонун йўли билан таъқиқланганини, маҳаллий қонунчиликни бузган киши албатта жазога тортилиши кераклигини айтиб, бу мавзуни узоқ вақт муҳокама қилишди. Ўғил болаларнинг эркаклик аъзосини қисқартириш уларни бир умр ногирон бўлиб қолишларига сабаб бўлиши, фарзандларнинг руҳий- психологик ҳолатига таъсир этиши, аёлларнинг жинсий ҳаётига, улар дунёга келтирган болаларнинг ақлий томондан бошқаларга қараганда орқада қолишига боис бўлиши ҳам уларнинг эътиборидан четда қолмади.
Суннатилла маҳаллий аҳоли тилини тузук – қуруқ билмасада, бўлаётган баҳсу мунозаралар бевосита ўзига тегишли эканлигини аниқ ҳис қилиб турарди.
Энди нима бўлади? Наҳотки қамаб қўйишса?.
Булар қонунни бузган кишига отанг ким, онанг ким деб қараб туришмас экан. Ўша куннинг ўзидаёқ, Суннатиллани қўл- оёғини ерга теккизмай полицияга олиб боришди.
Кўзлари кўк рангли, боши кал полиция ходими телефон орқали таржимон ёллаб, даставвал болаларни хатна қилиш (у сўйиш деб номлади) учун бирор тиббий маълумоти ёки рухсатномаси бор- йўқлигини сўраган бўлди. Табиийки, Суннатиллада на тиббий маълумот, на маҳаллий ҳукуматдан рухсатнома бор эди. Шунга қарамай “мен устаман, бунақа операцияларни ( у хатнани замонавийлаштириб, шундай деди) кўпини қилганман. Кўп йиллик тажрибам бор” дея ўзини оқламоқчи бўлди.
“Юртингизда қилиб юрган ишни бу ерда қила олмайсиз. Хатна қилиш учун сизда тиббий маълумот ёки усталигингизни тасдиқловчи рухсатнома бўлиши керак. Лекин диплом ҳам, рухсатнома ҳам сизда йўқ . Шу боис қонунни бузганингиз ва болоғатга етмаган гўдак ҳаётига тажовуз қилиб, унга тан жароҳати етказганингиз учун жавобгарликка тортиласиз” деди полиция ходими уни кўзларига тик қараб.
Суннатиллани баттар қўрқув босди. “Наҳотки, ўзга юртларда жиноятчи сифатида қамалиб, ўлиб кетсам? Бошимда шу кўргуликлар ҳам бор эканда” деган ўй -фикрлар ўтди хаёлидан.
Полиция ходими бир соатлар чамаси у билан суҳбатлашгач, судга чақиришганча уйда бўлиб туришини, шаҳарчадан ташқарига чиқмаслигини айтиб, жавоб бериб юборди.
Орадан бир ойлар ўтгач, суд бўлди. Судда Суннатиллани мамлакат қонунларини қўпол равишда бузиб, жиноят содир этгани тўла тасдиқланди. Гувоҳ сифатида чақирилган Ҳамдамнинг ота -онаси ва тиббиёт ходими унга қарши кўрсатма беришди.
“Бу одам ўзини устаман деб алдаб, боламизни ҳаётини хавф остига солиб қўйди. У ғирт товламачи экан” деди Шерқўзи ака.
“Мурғак гўдакни шафқатсизларча қийнаб, ўзбошимчалик билан наркозсиз амалиёт ўтказган. Бу ваҳшийлик учун унга қаттиқ жазо тайинлаш керак” деди араб мамлакатларининг биридан келиб, шу ерда ишлаётган бир шифокор аёл.
Прокурор уч йил муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси беришни сўраганига қарамай, суд Суннатиллани бир йилга озодликдан маҳрум этиш ҳақида ҳукм чиқарди.
Суд жараёни тугади. Суннатилла энди ўзини маҳбусхонага олиб боришларини кутиб, кўзлари жовдираб турарди. Лекин ҳакамнинг сўзлари уни ҳайрон қолдирди.
“Сиз қачон вақтингиз бўлса, маҳбусхонага бориб, жазо муддатингизни ўташингиз мумкин. Истасангиз бир йиллик муддатни уч ёки тўрт қисмга бўлиб, имконингизга қараб, маҳбусхонада бўласиз”.
Ие, бу нима дегани? Суннатилла маҳбусларга бу қадар инсоний муносабатни тасаввур ҳам қилмаган эди. “Қачон вақтим бўлса, агар ўзим истасам маҳбусхонага борар эканман. Буёғи жуда қизиқ бўлдику!”
Суд ёрдамчиси ҳам ҳозир яқин орадаги маҳбусхонада жой йўқлиги боис, бир – икки ой кутиши лозимлигини, ўзлари чақирув қоғози йўллашларини унга билдирди.
Уйга қайтар экан, бу ердаги тартиб- қоидалар ҳақида ўйлар эди. Бу қадар адолатли, инсонпарвар жамият ҳам бўлиши мумкинлигини тушида ҳам кўрмаган эди. Ўз ватанида маҳбусларга қилинадиган жуда ёмон муносабат, қийноқлар, таҳқирлар ҳақида кўп эшитганди. Тирноқлари суғуриб олинган аристонлар, маҳбусхонада устидан қайноқ сув қуйиб, тириклай ўлдирилган “ҳизбут”чилар ҳақида унда- бунда ўқиган жойлари бор. Бу ерда эса аҳвол умуман бошқача. Суд раисининг ўзи , у қачон истаса қамоқхонага боришини айтиб ўтирибди-ку!
Суннатилла шимолий Европага икки йиллик ишчи визаси билан оиласиз, ёлғиз ўзи келган эди. Оддий қурилишлардан бирида ишловчи жиянининг кўмаги билан ишга рухсатнома олишга эришди.
Яхшигина ишлаб юрувди. Элу юртчилик, миллатчилик деб, хориждаги ўзбеклар билан танишиб олди. Борди – келди қила бошлади. Тўйларда иштирок этди. Болаларни хатна қилувчи уста эканлигини, бирор хизмат бўлса, бажонидил бажариши мумкинлигини бир даврада айтиб қўйган экан. Мана, энди боши ғурбатдан чиқмай қолди. Жиноятчи деб эълон қилинди.
Майли, бошга тушганни кўз кўради, дейишади. Нима бўлса бўлди. Энди бундан кейин ҳар бир ҳаракатини ўйлаб қилиши керак…
Қурилишдаги раҳбарига бўлиб ўтган маҳкама ҳақидаги хабар етиб борган экан. “Ука, ҳозир бошлаб қўйган бинони тўла қуриб, истеъмолчиларга топширмагунимизча, сен шошмай тур. Қамоқ қочиб кетмас. Ўзим суд ижрочиларига хат ёзиб, бу ҳақда билдириб қўяман. Кейин мазза қилиб дам оласан” деди қув кўзларини пирпиратиб иш бошиси.
Суннатилла одатдагидек қурилишдаги ишларини давом эттираверди. Орадан икки ой ўтди ҳамки уни маҳбусхонага чақиришмади. Ниҳоят, қурилиш ниҳоясига етиб, бинони ўз эгаларига топширишганидан кейингина полициядан қисқагина хат олди. “Белгиланган қамоқ жазосини ўташ учун, сизни Ҳарсонанд шаҳридаги маҳбусхонага келишингизни сўраймиз” деб ёзилган эди хатда.
Суннатилланинг ичи зил кетди. Ҳаёлида бу мамлакатдан секин қочиб кетиш фикри туғилди. Лекин нимадир уни бу майлидан қайтариб турарди . Майли, Европадаги қамоқхонани ҳам бир кўрсин. Қайтанга яхши, бу ердаги шароитлар билан яқиндан танишади. Бир кун келиб набираларига олис шимол юртида кўрган – кечирган кунлари ҳақида мароқ билан ҳикоя қилиб бериши керак-ку!
Атрофлари сим тўрлар билан ўралган қамоқхонанинг ичи тасаввур қилиб бўлмас даражада ўзгача эди. Уни Россиялик Руслан исмли бир маҳбус билан бир хонага жойлаштиришди. Билмаганларини таржимонсиз ўрганиш учун унга жуда яхши имконият яратиб беришган эди. У хонадоши Руслан ёрдамида бу ердаги шарт- шароитларни яқиндан ўргана бошлади.
Маҳбусхонага эмас, худди меҳмонхонага келгандек… Хона ичида ҳамма шароит етарли эди. Телевизиор дейсизми, интернетми, чўмилиш хонасими, ҳаммаси бор. Ташқарида катта бассейн, спорт майдони, чиройли, саранжом -саришталик ошхона.
Маҳбусларга ёрдамчи Стен исмли ходимнинг сўзлари уни донг қолдирди. “Сизлар фақат озодликдан маҳрум этилгансизлар. Асло яхши дам олиш, яхши яшаш ҳуқуқидан эмас. Истасангиз, бу ерда ишлаб, маош олишингиз ёки маҳбуслар учун ташкил қилинган турли ўқув курсларида таҳсил олишингиз мумкин”, деди у дастлабки суҳбатда.
Суннатилла Европада инсон ҳуқуқларига катта эътибор берилишини эшитган эди. Лекин бу даражада эмаслигини ўйлаб ҳам кўрмабди. У вазиятдан фойдаланиб, бу ерда олдинига инглиз тили ва компютер курсида ўқишга ният қилди. Мақсади, Европадаги инсон ҳуқуқлари вазияти билан яқиндан танишиш эди. Муддаоси тезда ҳосил бўлди. Уни дастлаб бир ойлик компютер курсига ўқишга қабул қилишди. Матнларни ёзиш, турли дастурлардан фойдаланиш у қадар қийин кечмади. Бир ойдан кейин инглиз тилини ўрганиш курси бошланди. Бу ерда аксар маҳбуслар ва қамоқхона назоратчилари билан фақат инглиз тилида гаплашиб юргани боис, тил ўрганиш қийин эмас эди. Суннатилла берган ҳар куни учун Тангрига шукроналар айтарди.
Бир йиллик маҳбуслик уни дунёқарашида жуда катта ўзгариш ясади. У энди умуман бошқа инсон бўлиб қайтадан туғилгандек эди. Фақат малакали шифокорларгина беморларга тиббий хизмат кўрсатишлари кераклигини, бу соҳадан йироқ кишиларга гарчанд маҳаллий удумлар бўлсада, амалга оширишга рухсат берилмаслигини ўқиб ўрганди. Одамку майли, ҳато ҳайвонларнинг жонига озор бериш ҳам Европада қатъиян таъқиқланаркан. Қўй ёки бошқа ҳайвонларни “мусулмонча сўйиш”га ҳам рухсат йўқ. Жониворни жони қийналмаслиги учун олдин карахт қилувчи махсус укол қилиб, кейин сўйиш мумкин. Кўча -куйда ит ёки мушукларни тош отиб қувлаб юрган кишиларни кўрмайсиз. Қушлар ҳам бемалол, қўрқув ва ҳадиксиз парвоз қилиб, чуғурлашиб юришибди. Хуллас, ажабтовур манзара…
Суннатилла қамоқхонадан чиққач, олдиндан кўнглига тугиб юрганидек, инсон ҳуқуқлари ташкилотлари билан ҳамкорликни бошлади. Дастлаб, Ўзбекистондан келиб муҳожирликда яшаб юрган журналистлар, инсон ҳақлари ҳимоячиларини излаб топиб, улар билан суҳбатлашди. Ўз ватанида инсон ҳуқуқлари аҳволини яхшилаш учун қандай керакли иш қилиш масаласини узоқ вақт муҳокама қилишди. Қамоқдаги ўзгача фикрловчилар, диний эътиқод маҳбуслари озодлиги учун турли акциялар ташкил қилишга келишиб олишди. Шу масалада кўплаб диндорлар билан ташкилий гуруҳ тузишга келишиб олишди.
Орадан икки ой ўтгач, Суннатиллага Муҳожирлик хизматидан хат келди. Уни икки йиллик яшашга рухсатномаси муддати тугаганини, бир ой ичида мамлакатни тарк этиши лозимлиги, ўз ихтиёри билан чиқиб кетмаса мажбурий депортация қилиниши ёзилган эди хатда.
Уни ғам босди. Шундай яхши шароитга эга бўлган мамлакатдан қандай чиқиб кетади? Ўз ватанида уни нималар кутмоқда? Бу ердаги сиёсий муҳожирлар билан ҳамкорликлари ҳақида эшитган ватанидаги жосуслик идоралари уни қийноққа тутмайдиларми? Яна қамалиб чиққани-чи! Унга қўшимча айблов очишга асос бўлмасмикан?
Бу фикрларини муҳожирлик хизмати ходимларига айтганида, улар эътибор беришмади. Бу борада ҳеч қандай хавотирга ўрин йўқлигини айтишди. Қайтанга, юртига тезроқ қайтиб бориши учун учоққа чипта олиб беришди. Улар Суннатилла туғилиб ўсган жойда инсон ҳақлари абгор аҳволда эканлигини жуда яхши билишарди. Лекин негадир унга келганда вазиятни эътиборга олишмади…
Ўз ватанига мажбурий сургун (ҳа, Суннатилла дўсту биродарларига шундай деб гапириб юрди) муддати тобора яқинлашиб келарди. Минг хил хаёлларга бориб келди. Нима қилишини, вазиятдан қандай чиқиб кетишни билмай боши қотиб қолган эди.
Белгиланган кунга бир ҳафта қолганда, Суннатиллани ватандошларидан бири уюштирган суннат тўйига таклиф қилиб қолишди. Тўй эгаси ва бу ерга таклиф қилинган ватандошлари Суннатилла билан бўлиб ўтган воқеадан яхши хабардор эдилар.
“Бу ерда малакали мутахассис амалга оширадиган жарроҳлик йўли билан ўғилчамизни хатна қилишга рухсат беришди. Лекин биз ўз одатимизга кўра фарзандимизни “мусулмон” бўлишини истаймиз.Шу боис Ўзбекистонга бўлмасада қўшни республикалардан бирига бориб, хатна қилдириб келмоқчимиз” деди тўй эгаси Тўлқин ака.
Суннатилла бу фикрларни эшитиб, ниманидир ўйлаб қолди. Ўйланди, узоқ ўйланди. Ва ниҳоят, таваккал деб, агар рухсат берсалар тўйболани ўзи хатна қилиб қўйишини маълум қилди.
Доимо ўзи билан олиб юрадиган хатна учун керакли асбобларни кўрсатганида, тўй эгалари узоқ вақт маслаҳатлашгандан кейин, мобода Суннатилланинг ўзига бирор муаммо бўлса, аралаша олмасликларини айтиб, унга розилик билдиришди.
Рози – ризоликлардан сўнг, Суннатилла одатдагидек хатна маросимини ўтказишга киришди. Мурғак гўдак эмасми, тўйболанинг тасаввурлари воқеъликни ўзида жуда ёмон суратда акс эттириб улгурган эди. У чўчоқчасини кесишларини билиб, қўрқувдан чирқилаб йиғлай бошлади. Ота – онаси, қариндошлар қўрқувини баттар ошириб, икки қўли ва оёқларини маҳкам босиб туришди. Суннатилла хатна қилиш пайтида оғриқни сезмасин деб гўдакни оғзига нон тиқиб туришга ишора қилди.
Ҳамма нарса тайёр эди. Фақат тиғ тортиш қолган ҳолос. У “Бисмиллоҳир Раҳмони роҳим” деб қўлига отасидан қолган эски устарани олди. Ўз одатига кўра ички бир иштиёқ билан иш бошлаётган пайтда, бирдан хона ичи шовқин – суронга тўлиб кетди. Хонага кимлардир югуриб кирганини, бу ерда тўпланганларни уриб- сўриб, ўртага яқинлашаётганликларини кўрди.
“Тўхта! Асло бу ишни қила кўрма!”
У овоз келган томонга ўгирилиб қаради. Хатна қилинаётган бола атрофида тўпланган тўй иштирокчилари орасини ёриб ўтиб, ўзига яқинлашган полиция ходими, уни нақд пешонасига пистолетини тираб турарди.
www.yangidunyo.org
Published on december 14, 2012 · Filed under: Юсуф Расул;
4 Responses to “Хатна”
-
Дуст said on december 15th, 2012 at 5:01 f m
Hurmatlik Yangidunyo! Nima uchun Anvar Karimovning qamoqqa olingani haqida biror xabar bermayapsizlar?
-
Naimjon said on december 16th, 2012 at 3:09 f m
Agarda ANVAR KARIMOV ni qamoqqa olgan bulsa ? PULAT OHUN di ham qamoqqa olishi mumkin.
-
Anvar Karimov said on december 16th, 2012 at 3:51 e m
Шу гапларинга Эшакникини ебсанлар. Юсуф Расулов мани телефоними билади.
-
Ватандош said on december 22nd, 2012 at 10:27 e m
Ха албатта бу удум, лекин вахший удум..Мени суннат қилишганида 6 ёшда бўлганман, лекин ўша пайтдаги оғриқни халигача дахшат билан эслайман. Бу одамни тириклайин сўйиш дегани..Юсуфжон ўта долзарб ва қизиқарли масалани кўтарибсиз…Нима энди, кесиш шунчалик шартмикан? Имомларимизни фикри қандай экан бу масалада? Сухбат тарзида савол-жавоб қилинса нур устига аъло нур бўларди!
Охирги изоҳлар