-
Дадахон Ҳасан: «Иккаласи ҳам бир гўр!»
Хўжандлик болалар шоири ва журналист Мирзо Ҳақимнинг бу мақоласи 2006 йилда ”Исёнкор” саҳифасида эълон қилинган эди. Орадан кўп вақт ўтмай Мирзо аканинг сирли равишда вафот этганини эшитдик. Марҳумнинг жойи жаннатдан бўлсин!
Таҳририят.
2003 йилнинг сўнгги ҳафтасида шахсий юмушларим билан уч кун Тошкентда сафарда бўлдим, эски танишлар билан учрашдим, янги дўстлар орттирдим. Таниқли журналист Юсуф Расул ила биргаликда Тошкент бўйлаб қилинган тунги сафардан кайфиятим тоғдек бўлди:
Тошкент – қуёш шаҳри, нон шаҳри, Тошкент биродарлик – шон шаҳри! Қалбимда пайдо бўлиб, тилимда янграган ушбу сўзлар мен берган баҳо бўлди. Аммо кейинги пайтда Ўзбекистоннинг бошкентида юз берган ҳодиса-воқеаларнинг ўзгача, яъни, террористик номлар билан аталишидан кўнглим хижил эди. Биз – тожикистонликлар фуқаролар урушининг дарду ғамини биламиз, наҳотки бу ерда ҳам…
Эртаси куни Юсуфжон билан ўзи ишлайдиган «Америка овози» радиоси идорасига бордик. У енгил машинасини хориж машинасига монанд енгил авто ёнига қўя туриб, менга юзланди:
– Мана шу машина Дадахон аканики!
Менинг хаёлимда Дадахон Ёқубов деган, яъни, қайта қуриш пайтида нафақат Ўзбекистонда, балки Тожикистонда ҳам машҳур бўлан журналист пайдо бўлди.
– Дадахон Ҳасанов, машҳур ҳофиз ва шоирни эшитганмисиз?!
…1990 йилнинг май байрами арафаси. Ўша дамларда 1 май куни Халқаро бирдамлик куни сифатида меҳнаткашлар намойишларга чиқишарди. Биз – вилоят рўзномаси журналистлари идорада навбатчилик қилардик: кимдир репортаж ёзар, кимдир жойлардаги мухбирларимиздан олинаётган мадҳия хабарларни тайёрлаб, матбаага топширарди. Ана шундай лаҳзалардан бирида мени меҳмонлар чақиришаётганини айтишди. Қоғоз-қаламни йиғиштирмай ташқарига чиқдим. Редакция ҳовлисида икки киши туради. Бирини танидим: Жумабой Ниёзов – Тожикистон политехника институти ўқитувчиси, техника фанлари номзоди. Ҳол-аҳвол қилишгач, Жумабой ака ёнидагини таништирди. Терлецкий Владимир, бизнесмен, айни ҳол мамлакатда янги партия ташкил этувчи ташаббускорларидан бири экан. Меҳмонлар дарров муддаога ўтишди.
– Эртага Қўқонга кетаяпмиз. Ўзбек биродарларимиз билан учрашувга. Бирга борсак эди, таржимонлик қилардингиз…
Қайта қуриш эпкини янги партия, янги жамият, янги сиёсий оқим сингари янги ибораю атамаларни ҳаётга олиб кирарди ва ўзим ҳам шундай учрашувларга боришга иштиёқим кучлилигидан Жумабой ака таклифини тугатмасданоқ қаерда учрашишимизни сўрадим.
2 май куни биз тушган енгил машиналар соат ўн бирларда аллақачон Қўқон шаҳрида – Ҳамза Ҳакимзона Ниёзий музейи ёнига бор тўхтади. Бизни Исмоилжон ака Дадажонов бошчилигидаги бир гуруҳ кишилар кутиб олишди.
Уларнинг таклифи билан биз шаҳардан ташқарига – Тожикқишлоқ деган масканга бордик. Ва ана шу ерда мен Дадахон Ҳасанов – машҳур ҲОФИЗ ва ШОИР билан илк марта учрашдим, суҳбатлашдим.
Қўқонга сафар қилишдан мақсад Иттифоқ миқёсида КПССга нисбатан алтернатив вазифани зиммасига оладиган Совет Иттифоқи Демократик партиясини тузиш (Николай Травкин раҳбарлигида) ва уни қўллаш ёки қўлламаслик ҳақида келишиб олиш хусусида маслаҳатлашув бўлди. Ўзаро савол-жавоб, ўзаро англашилмовчилик, бир-бирини тушуниш, бағрикенглик, ўзбекчилик…
Хулоса, таржимонга ҳожат ҳам қолмаганди. Биз ўшанда ҳукмрон КПССга нисбатан Иттифоқ миқёсида ягона демократик партия ташкил этиш тарафдори эканлигимизни билдирдик. Шунда «Бирлик»нинг Фарғона водийси бўйича координатори Дадахон Ҳасанов бундай деди:
– Бизнинг асосий вазифамиз Ўзбекистонни тўлақонли мустақил мамлакатга айлантириш. Қуллик остида яшаш бас. Мана, кўраяпмиз, Болтиқбўйидагилар қандай ҳаракат қилишяпти. Бизда эса… Тўлиқ мустақил бўлмас эканмиз, ҳеч қандай демократия бўлмайди, катта оғаларимиз бунга йўл қўйишмайди.
Бизнинг бу учрашувимиз гарчанд ҳеч нарса бермаган бўлса-да, аммо Ўзбекистонда ҳақиқий мустақиллик учун кураш кундан-кун авж олаётгани гувоҳи бўлгандик. Ва орадан унча узоқ вақт ўтмай Ўзбекистон республикаси биринчилар қаторида ўз мустақиллигини эълон қилганини ҳам эшитдик…
– Ака мени танидингизми? – деб сўрайман ҳофиздан.
– Юзингиз шунчалик иссиқки…-деб кулимсираб жавоб беради у.
Ва мен унга 1990 йилнинг 2 май санасида Қўқондаги учрашувимизни эслатдим.
– Эҳ-ҳа, таржимонмисиз…
Ҳофиз ака қулочини очиб, қайтадан кўришди. Шу куни Дадахон ака билан қарийб бир соатча гаплашиб ўтирдик. 1990 йилдан 2003 йилгача бўлган даврни, воқеа-ҳодисаларни эсладик, Тожикистон-Ўзбекистон муносабатларига тўхталдик. Дадахон ака Ўзбекистон раҳбариятини танқид қилган бўлса, мен Тожикистондаги вазиятнинг ўнгланмаётганидан «шикоят қилдим».
«Иккаласи ҳам бир гўр!» деб хулоса қилди Дадахон ака…
…Бугун эса Дадахон ака устидан мустақилликни, ҳақиқий озодликни тараннум қилгани учун судбозлик бўляпти.
Биродарлар! Дадахон ака 40 йилдан бери озодликни куйлаб келади. У Ўзбекистон мустақиллигининг байроқдори. Байроқдор ҳеч бир замонда оёқ ости бўлмаган, аксинча унга ҳайкал қўйишган. Ўзбекистонда эса… Афсус, минг бора афсус!
«Дадахон ака! Биз сиз билан биргамиз!» – дейишмоқда тожикистонлик минглаб мухлисларингиз.
Мирзо ҲАКИМ,
Хўжанд шаҳри.http://isyonkor.ucoz.ru
Published on mars 9, 2013 · Filed under: Ўзбек мухолифати;
Охирги изоҳлар