ЯНГИ ДУНЁ www.yangidunyo.org янги дунё www.yangidunyo.com

Саҳифаларимиз

Филмлар

Ҳамкорларимиз:

Рукнлар

Календар

mars 2013
M T O T F L S
« Feb   Feb »
 123
45678910
11121314151617
18192021222324
25262728293031

  • Ибрат олишга арзийдиган масал ва новелла

    abulfayz akaАбулфайз Баротов

    БУ ЭСКИ РИВОЯТ

    (Эртак- масал)

    Қадим замонларда қўйлар билан бўрилар иноқ ҳамжиҳат яшаган эканлар. Лекин кутилмаганда оралари бузилибди. Тўғрироғи бўриларда ҳукмронлик ҳисси уйғонибди. Қўйлар ҳам бўйин эгишни исташмабди. Ана шунда узоқ йиллар иноқ яшаганлар орасида даҳшатли воқеа юз берибди. Бўрилар қўйларни еб қўйишибди.Қорни тўйган бўрилар беткайда қоринларини силаб,ором олиб ётишган экан,бири шундай депти:
    -Чатоқ бўлди-да, қўйлар билан яхшигина оғайни эдик. Виждонимизни поклаб олиш учун нима қилсак экан?
    Ўйлашиб нихоят, қўйларга газета орқали таъзия изҳор қилишмоқчи бўлишибди. Шунда бир мушкуллик пайдо бўлибди. Агар таъзия тагига номларини ёзишса, мунофиқликлари билиниб қолади. Бунинг ҳам йўлини топишибди.Эртаси газетада нобуд бўлган қўйларга таъзия босилиб чиқибди. Тагига “Бир гуруҳ дўстлари!” деб имзо қўйилган экан.

    ****

    Бекатдаги қиз

    (Новелла)

    Мен ҳар куни маълум бир вақтда уни автобус бекатида кўраман. Қоп қора сочларини икки ўрам қилиб орқасига ташлаб олган бўлади. Қўлида жигарранг сумкача. Устидаги оппоқ плашчи ўзига ярашган, қомати шаршарадан оқиб турган сувни эслатадиган бу гўзал қизни йўловчилар орасидан дарҳол таниб олса бўлади.
    Уйимиз бекат рўпарасида жойлашган. Шунинг учун у келди дегунча мен деразадан бошимни чиқараман-да, унга тикилиб қараб туравераман. Автобуслар келиб кетиб турибди. Лекин у ҳеч биттасига чиқмайди. Фақат қўлидаги сумкачасига ўхшаган жигарранг автобус келганидагина у ғойиб бўлади. Бу қиз ким, қаерлик? Қани буни билишни иложи бўлса. Мана фусункор баҳор ҳам ўз ўрнини жазирама ёзга бўшатиб берди. Энди у ял-ял ёнган атлас кўйлакда сочларини ҳудди аввалгидек иккита қилиб орқасига ташлаб, ўша автобусни кутиб турган бўлади.
    Куз келди. Дарахтларнинг барглари сарғайиб қолди. Бир ҳафтадирки, мен фақат ўзимгагина аён бўлган ҳислар оғушида бу номаълум соҳибжамолнинг расмини чизардим. Мен уни бекатда эмас, балки тоғ бағрида, шарқираб оқаётган булоқ сувлари бўйида қўлида қип қизил лолаларни ушлаганича олдинга талпиниб турган ҳолда тасвирлашга ҳаракат қилардим. Мен бу расимни тоғ гўзали деб атамоқчиман.
    Расмни ниҳоясига етказдим. Ўз ишимга бироз ғурурланиб қараб турдим-да, бирданига унинг келадиган вақти бўлганини эслаб, деразадан қарадим. Қарадим-у, биринчи марта уни жойида кўрмадим. Қалбим титраб кетгандай бўлди. Шу пайт тўсатдан қаттиқ жиринглаган телефон овози миямда аралаш қуралаш бўлиб чарх ураётган фикрларимни тумандек тарқатиб юборди. Гўшакни кўтардим.
    -Салом!- деган қўнғироқдек овоз келди симнинг нариги учидан.- Мен сиз билан хайрлашмоқчи эдим.
    -Кечирасиз, кимсиз ўзи?
    Жавоб ўрнига чуқур хўрсиниш эшитилди.
    -Мен сизни биламан,- деди яна ўша овоз.- Мен бу ердан бутунлай кетаяпман. Сизнинг иродангизга қойилман. Хайр!
    Гўшак шақ этиб жойига қўйилди ва “дут-дут”лаган овоз эшитилди. Мен эса уни ҳамон қўлимда ушлаганимча лол бўлиб турардим. ”Қизиқ бўлди-ку!”-деб ўйладим ичимда. Бу қиз ким бўлди экан? Нега у менга қойил қолиб ўтирибди.
    Анча вақтгача гарангсиб ўтирдим. Бугунги ғайри табиий воқеалардан ақлим лол бўлиб қолганди. Ҳозиргина чизиб тугатган расмим ҳам ўз жозибасини йўқотгандек, лола ушлаган қиз ҳам, тоғлар ҳам хира туман орасида қолгандек менга мунғайиб қараб турарди. Мен расмимга бироз бепарво тикилиб ўтирдим. Во,ажабо! Ақлим равшанлашгандек бўлди. Қичқириб юборишдан ўзимни зўрға тўхтатиб қолдим.
    -Бу, ўша!-дедим алам билан пичирлаб. -Менга қўнғироқ қилган қиз бекатдаги ўша соҳибжамол-ку, ахир. Эҳ, нега бунга илгарироқ ақлим етмади-я. Кечирасиз кимсиз деб ўтирибман. Ақалли унинг исмини ҳам била олмадим.
    Мен сувга чўкиб кетишдан зўрға омон қолган одамдек карахт бўлиб ўтирардим. Девордаги ўзим чизган расмларга, китоб жавонига, устидаги вазада турган қип-қизил чиннигулга лоқайд қараб чиқдим. Кейин оппоқ чойшаб ёпиб турган оёқларимга тикилдим.
    Шунда кўп йиллик мажруҳ хаётимда биринчи марта кўзларимга ёш келди, хонамга биров кириб кўз ёшларимни кўриб қоладигандек бошимни қуйи солиб олдим. Юрагим эса ҳали ўзим ҳам яхши англаб етмаган номаълум бир ҳис исканжасида эди.

    Абулфайз Баратов.

    www.yangidunyo.org

    Published on mars 24, 2013 · Filed under: Ҳикоялар;
    Kommentarer inaktiverade för Ибрат олишга арзийдиган масал ва новелла

Comments are closed.