ЯНГИ ДУНЁ www.yangidunyo.org янги дунё www.yangidunyo.com

Саҳифаларимиз

Филмлар

Ҳамкорларимиз:

Рукнлар

Календар

oktober 2012
M T O T F L S
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
293031  
  • Ўзбекни тижорат эмас, сиёсат қутқазади

    Жаҳонгир Муҳаммад

    МАМЛАКАТГА СОҲИБЛИК

    Ўтган йил охирлари эди. Тожик тилидан дарс берадиган одам керак бўлди, самарқандлик бир тожик танишимга айтдим. У׃
    -Ака, уйда тожик тилида гаплашамиз. Лекин қолган жойда ўзбекча. Чунки ўзбекча ўқиганмиз. Шунинг учун ўзбек тилида бўлса бажараман,-деди. У билан қачон суҳбатлашсак, “Адашиб исмимни ёзиб қўйманг”, дейди. Негалигини сўрасам׃
    -Ўзбекистонга қайтиб сиёсатга кираман, ҳукуматга ишга ўтаман, Ташқи ишлар вазири бўлиш орзуим бор, мен тожик бўлганим билан ота-боболарим Самарқандда яшаб келганлар ва менинг ҳам келажагим шу юрт билан боғлик,-деб Тожикистонга боришни ҳатто хаёлига ҳам келтирмайди. Ўзбек тилини бурро гапиради ва чиройли мақолалар ёзиб ҳам туради.
    Бир куни эса Америкада сиёсий илмлар фанидан таҳсил олаётган ўшлик бир ўзбекка׃
    -Қирғиз тили бўйича лойиҳа бор экан, одам қидиришаяпти, яхши ҳақ беришар экан, бормайсизми шунга?-дедим.
    -Ака, мен қирғиз тилида оз-моз гаплашаману лекин лойиҳа бажарадиган ҳолим йўқ,-деди.
    Бундан ўн йил олдин ёзганим “Ўзбеклар ва ўзбеклар” китобида ҳам шу масалани кўтаргандим. Афғонистон ва Туркия орқали Америкага келган ўзбеклар ўзларини асосан тижоратга урганлар. Болалари ҳам уларнинг дўконидан чиқмай қолган. Бугун энди Ўзбекистондан келган ўзбеклар ҳам кўпайиб кетди. Мақсадлари нима қилиб бўлса ҳам пул топиш. Бошқа гап йўқ. Тез-тез тўйларига бориб турамиз. Айтадиган гапим аниқ׃
    “Болангизга билим беринг ва ўзингиз яшаган мамлакатда мардикор эмас, саркори сиёсатга айланинг. Агар илм берсангиз, қўлласангиз болаларингиз орасидан Обамалар чиқади ва илм бермасангиз олиб сотарликдан, қуруқ гапдан нарига ўтмайсиз. Мамлакатга соҳиблик бу ўз тақдирига соҳибликдир”.

    БОЙ БЎЛИНГ, ЛЕКИН…

    Тижорат-жасорат деб келинади. Бу тўғри. Лекин тижоратни бошқарадиган сиёсатдир. Узоққа борманг. Яҳудийлар ҳаётини ўрганиб кўринг. Улар минг йиллар давомида тижорат билан шуғулланганлар. Энг катта савдогарлар ва энг катта бойлар шулардан чиққан. Лекин улар бундан 60-70 йил аввал, масонлар клублари, яҳудийларнинг конгресслари каби ташкилотларни тузганларида, яъни Иккинчи жаҳон урушидан кейин сиёсатни биринчи ўринга олганлар. Болаларини шу йўналишда ўқитганлар ва уларга кучли илм берганлар. Тарих учун жуда қисқа бўлган вақтда улар дунёнинг информация қудратига ва дунёни бошқаришга соҳиб бўлдилар. Улардан ўрганиш керак.
    Ушбу мақолани ёзаётиб, дунёдаги энг кучли нуфузга эга бўлган яҳудийлар рўйхатига қарадим. Катта бойларнинг номи рўйхатнинг охирида. Рўйхатнинг бошида эса Исроил Бош вазири Бинямин Нетаняҳу, АҚШ сенатори Жозеф Либерман, АҚШ Федерал резерв тизимининг раҳбари Бен Бернанке, Нью Йорк мери Майкл Блумберг ва Гугл(Google) асосчиси Сергей Бринларнинг номларини кўрдим. Майкл Блумберг катта бой бўлган. Аммо сиёсатга кирмагунига қадар уни ҳеч ким танимас ва таъсир кучи ҳам ҳаминқадар эди. Гугл (Google) асосчиси ҳам бугун катта сиёсатчидир. Кечаю кундуз яҳудийларни сўкадиганлар ҳам бугун унинг хизматидан фойдаланиб, унга хизмат қилиб беришади. У истаса дунёнинг сиёсатини у томондан бу томонга буриб юборадиган информацион кучга соҳиб.
    Кимдир бундан бой бўлманг, деган хулоса чиқармаслиги керак. Бой бўлинг. Баракангизни берсин. Фақат пул топиш билан чекланманг. Топганингизни болаларингиз илмига ҳам сарфланг демоқчимиз, холос.
    Тижоратни ташламанг. Лекин сиёсатга аралашинг, болангизни сиёсатга аралаштиринг. Сиз сиёсатни қўлга олмасангиз, сиёсат сизни қўлга олади ва истаган куйига солаверади.

    ҚИРҒИН САБОҒИ

    Қирғизистонда қон тўкилди. Бу биринчиси ҳам, шу кетишда охиргиси ҳам эмас. Ҳозир Ўш ва Жалолободда содир бўлган қирғиндан чиқарилаётган хулосаларга разм солинг.
    Айбни ҳамма бир-бирига юкламоқда.
    Ўзбекистон айбдор, чунки армия киритмади, деганлар ҳам топилди.
    Кимдир бунинг ортида руслар турибди, дейди.
    Кимдир тинмай учинчи куч ҳақида гапиради.
    Руслар эса қирғзиларнинг миллатчилигини исботлашга киришиб кетдилар.
    Газеталардан бунга мисоллар ҳам топдилар.
    Яна бир гуруҳ орага тожикларни ҳам суқиб, жанг майдонини кенгайтиришга уринди..
    Муваққат ҳукумат бунда эски ҳукумат ва унинг раҳбари Бақиевнинг қўлини кўрмоқда ва зўр бериб шу идеологияни ўтказмоқда.
    Жанжални ўзбеклар бошлади деганлар ҳам бор.
    Фарғона воқеалари арафасида бир кишини ўлдириб, ўша куниёқ суратларни Ўзбекистон бўйлаб тарқатилгани каби Ўшда ҳам бир куннинг ичида аланга ёқиб юборилди.
    Ҳамма вақт ҳамма халқнинг миллатчи экстремистлари бўлган. Бугун ҳам бундай кучлар бўлмаган мамлакатнинг ўзи йўқ. Лекин жамиятлар ва ҳукуматлар-сиёсат бу кучларни назорат қилиб, қонун билан уларнинг ҳаракатларини чеклаб туради.
    Бугун реклама даври. Беш долларга маҳсулот сотиладиган бўлса, олдиндан икки долларлик реклама қилинади. Бозор қидирилади. Нефт қазувчи бензин сотиладиган бозор топиш ва яратишни ўйлайди. Дори чиқарувчи ва сотувчи касалликлар кўпроқ тарқалишини орзу қилади. Буни айтмайди ва билдирмайди. Аммо ҳар куни ўнлаб янги касалликлар чиқаверади. Битта дори иккинчи касалликни туғади ва ҳоказо.
    Шундай экан дунёда бугун энг катта ва энг кучли индустрия бу қурол ишлаб чиқариш саноатидир. Қуролни сотиш учун уруш майдони керак. Ироқ, Афғонистон, Яқин Шарқ торлик қилмоқда. Энди яна бир бозор қидирилмоқда ва яратилмоқда. Агар Марказий Осиё халқлари буни тушунмасалар келажакда улар қурол бозорининг қон оқадиган дарёси ичида қолишлари ҳеч гап эмас.

    СИЗ БОШҚАРМАСАНГИЗ, СИЗНИ БОШҚАРИШАДИ

    Агар сиз сиёсатни бошқармасангиз, сиёсат сизни бошқаради, деган азалий гап бор.
    Шу мантиқдан келиб чиқсак, бугунгача Ўш ва Жалолободдан нега маркази Бишкекда бўлган партия раислари, вазирлар, ҳукумат мулозимлари, хавфсизлик идоралари раҳбарлари, ҳарбий қўмондонлар, хуллас мамлакатни бошқарадиган сиёсатчилар етишиб чиқмади?

    Кимдир бу ҳам дискриминациянинг оқибатидир дейиши мумкин. Дунёда дискриминация бўлмаган жой борми?
    Ҳали 1960 йиллар бошида АҚШда қора танлиларни автобус бошқаришга қўйишмаган. Бугун эса улар мамлакатни бошқаришмоқда.
    Акаев даврида эркинлик бор эди. Ҳатто ўша қаттол Бакиев даврида ҳам Қирғизистон бошқа қўшниларига нисбатан эркинроқ эди. Нега Бишкекда ўзбек газеталари чиқмади? Нега умуммиллий ўзбек телеканаллари ишга туширилмади? Нега сиёсий партиялар тузилмади? Нега дискриминацияга қарши курашилмади? Бундай саволларнинг давоми йўқ.
    Жавоб эса аниқ. Бундан кўра тижорат осонроқ. Ташвиш камроқ. Бишкекка бориб сиёсат қилиш учун қирғизча гапиришга тўғри келади, пул сарфлашга тўғри келади. Нима кераги бор?

    Бу гаплар аччиқ, кимгадир қаттиқ тегиши мумкин. Лекин ўзбеклар сиёсатни қўлга олганларида эди, шунча бегуноҳ одамлар ўлмаган бўлармиди!? Чунки ўша Ўшнинг мери ҳам, Жалолободнинг раҳбарлари ҳам, милиция бошлиқлари, ҳарбий раҳбарлар улардан чиққан бўларди. Хуллас, бугунгача бўлмади. Бугунги воқеалар кўзларни очиши ва сабоқ бўлиши лозим. Болаларингизга илм беринг, нафақат ўзбекчани, балки қирғизчани ҳам бирдек ўрганишсин. Рус ва инглиз тилларини ҳам билишсин. Бишкекка юборинг, сиёсатни қўлга олинг. Сизнинг келажагингиз, она заминингиз ва уй-жойингиз, энг муҳими ҳаётингизни қўриқлайдиган ва қутқарадиган нарса ана шу.

    Ўзбек ўз қобиғидан чиқадиган пайт келган ва ўтиб ҳам кетмоқда.

    22 июн, 2010 йил.

    www.jahonnoma.com

    http://turonzamin.org/2010/06/23/saboq

    Published on oktober 19, 2012 · Filed under: Жаҳонгир Муҳаммад;
    1 Comment

One Response to “Ўзбекни тижорат эмас, сиёсат қутқазади”

  1. Jahongir aka ,har doim gapni ochiq oydin va to’grisini aytib qoyaqoladilar aylantirmasdan ,qolaversa bundan yigirma yil oldin M.Solih soniyni diktatordan farqi yoq degandilar ,bu gapdan keyin qancha tahdid va hatto suiqasd qilishga tayyorgarlik ham qilishgandi tasoduf tufayli bular amalga oshmay qoldi.S.Madaminov suiqasd qiluvchi guruhni tayyorlab uzbekistonga yuborganlini ham hammaga ayon .mana endi esa Yusuf aka siz borsiz . Jurnalist bolish osonmas ,ayniqsa haqiqatni yozaman degan jurnalist bolish .kimlardandir olgan moliyaviy yordami evaziga yollagan bazi odamlar hali ham uning yonida yurishhibdi ,halol mehnat qilib ishlash ularga ogir ekanki hali ham shu yolda ,boshi devorga tegmaguncha yoldan qaytmaydilar ,chunki qarzdorlar mendan faqat ogohlantirish – ketayotgan yollaring jarlikka olib boradi demoqchiman halos -hulosa chiqarish esa ozlariga havola ..