ЯНГИ ДУНЁ www.yangidunyo.org янги дунё www.yangidunyo.com

Саҳифаларимиз

Филмлар

Ҳамкорларимиз:

Рукнлар

Календар

oktober 2012
M T O T F L S
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
293031  
  • Юрт дардидан бегоналар


    Миллатнинг бўйи унинг тафаккури даражаси билан белгиланади.

    Ён дафтардан.

    Ҳуқуқ-тартибот органларининг айрим ходимлари учун инсон ҳуқуқларини менсимаслик, унинг шаънини топташ, ҳақоратлаш ва камситиш каби иллатлар одатий ҳолга айланиб қолмоқда. Натижада фуқароларда давлат ҳокимиятига нисбатан ишончсизлик руҳи кучаймоқда. Албатта, бу ҳол охир-оқибат ижтимоий муносабатларнинг бузилишига олиб келади. Бошбошдоқлик ва тартибсизликни вужудга келтиради. Юртимизда шу йилнинг 25 октябрида милиция ходимларининг касб байрами нишонланар экан, шууримиздан ана шу оғриқли ўй ўтди.

    Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек тумани Мўминов кўчаси 7-уй 37-хонадонда яшовчи олима Дамира Хоназарова жамиятимизга йўллаган шикоятида Тошкент вилояти Занги ота тумани ИИБ бошлиғи Рашидовга янги турдаги бошқариладиган термоядро синтези кашфиёти ҳақида тушунтирганини, аммо илмий кашфиётлар нималигини англамайдиган миршаббоши олиманинг ихтироси учун унга нисбатан жиноий иш қўзғаганини таъкидлади. “Мени қийнашди, таҳқирлашди, ҳақорат қилишди. Сўнг ишимни судга оширишди” дейди олима.

    Эси бор одам борки, ҳатто бир чеккада турган итнинг орқасидан сездирмасдан келиб, кучи борича зарб туширмайди. “Эзгулик”ка мурожаат қилган Саитмурод Чоршамбиев ҳам ўзини калтаклаган миршаб каби инсон, Ўзбекистон фуқароси. “Менинг Тошкент шаҳрида вақтинча иш билан шуғулланиш учун рухсатномам бўлишига қарамасдан, 2012 йилнинг 4 сентябрь эрталаб соат 8 ларда пойтахтимизнинг Ибн Сино мавзесидаги вақтинча иш билан таъминлаш марказида мижозлар билан гаплашаётганимда участкавой, капитан Мелибоев Зокир орқамдан келиб огоҳлантирмасдан калтакни зарб билан сонимга урди. Оғриқнинг зўридан бақириб юбордим. Милициянинг калтаги синиб кетди. Бошқа милиция ходимлари қўлларидаги 2 метрлик калтаклар билан одамларни уриш учун қувлаб кетишди. Бошқа вақтларда эса милиция ходимлари болаларнинг кетига тепишади. Одамлар милиция ходимларига ишонмай қўйишган, улардан нафратланадиган бўлиб қолишган”, деб ёзади Тошкентда тирикчилик дардида юрган Сурхондарё вилояти Олтинсой тумани Оқарбулоқ қишлоғида яшовчи фуқаро Саитмурод Чоршамбиев.

    Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз тумани Тарахли қишлоғида яшовчи Исломовлар хонадони шу йилнинг 9 октябрида 19 яшар фарзанди Наврўзни тупроққа беришди. Онаси Нодира Исломовнинг ўрнига вилоятнинг Муборак туманига пахта теримига юборилган ўсмирни уч нафар милиция ходимларининг уриб ўлдиришгани айтилмоқда. Қашқадарё вилояти ИИБ махсус тергов гуруҳи томонидан суриштирувлар олиб борилаётганига қарамай миршаблар ҳамон жавобгарликда соқит қолишмоқда.

    Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари ,,Эзгулик” жамияти Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги раҳбариятини юқорида келтирилган ҳолатлар юзасидан изоҳ беришга чақиради. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг ички ишлар органларида қонунга риоя этилишини назорат қилиш бошқармасидан мазкур ишлар бўйича прокурорлик чоралари қўллашни сўрайди.

    Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти


    www.yangidunyo.org

    Published on oktober 20, 2012 · Filed under: Инсон ҳуқуқлари;
    Kommentarer inaktiverade för Юрт дардидан бегоналар

Comments are closed.