-
Рутубатли кунлар (3)
Ёшлик дунёсига сафар
Ўзбекистонда ҳукумат тазйиқига учраган, кўзга кўринган дин арбобларидан бири Обидхон қори Назаров билан биринчи марта учрашиб, суҳбатлашиш шарафига муяссар бўлиб турардим.
Обидхон қорининг ҳукумат билан келиша олмай, мусофир ўлкаларда, Швециядек зах ва мунтазам қиш фасли ҳукмрон бўлган мамлакатда яшашга маҳкум этилгани, балки бу инсоннинг тақдирига ёзилган азалий қисматдир. Начора қисматдан ҳеч ким қочиб қутила олмайди.
Ҳиндларнинг муқаддас китоби “Веда”ларда инсон тақдирининг қандай кечиши унинг табиати, феъл – атворига чамбарчас боғлиқлиги айтилади. Инсон характери қандай бўлса, унинг тақдири ҳам шунга мос бўлиши ҳақиқатдан тўғримикан? Ёки, ижтимоий муҳитнинг, оиланинг таъсири каттами инсон ҳаётига? Қайдам, бу азалий саволлар жумбоғини Яратувчидан ўзга Зот билмаса керак.
Суҳбатдошим Обидхон қорининг қандай оилада камол топгани ҳақида кўпчилик билмаслиги табиий. Шахсан мен ҳам, тўғриси, бу ҳақда бирор манбаъларда ўқимаган эдим.
“Обидхон Собитхон ўғли номи билан машҳур диний уламо қандай оилада таваллуд топганлар? “ дея биринчи саволимни бераман суҳбатдошимга.
“Сизнинг иборангиздан келиб чиқадиган бўлсам, мен уламоларга бериладиган унвон ва сифатларга муносиб эмасман, деб ўйлайман” дейдилар Обидхон қори камтаринлик билан.
Камтаринлик инсоннинг энг яхши фазилати эканлигига кўп бора иқрор бўлганман. Бу илоҳий хислат одам боласини юксакка кўтаради. Ғурурга берилиб, такаббурлик қилиб юрганлар аҳволи қанчалик ачинарли эканлиги кўпчиликка аён.
Обидхон қорини худди шу хислати, худди шу инсоний фазилати сарбаланд этмадими? Каттаю кичикка бирдек яхши муамалали бу инсонни нега халқ ичида шу қадар олабўжи қилиб кўрсатишлари сабабини сира тушуна олмайман. Ёки бу самимият, бу тавозеълар замирида мен англаб етмаган бошқа маънолар борми?
Обидхон қори Наманган шаҳридаги олдинги “Галақозон”, ҳозирги “Тахтакўприк” маҳалласида оддий диндор ишчи оиласида туғилганликларини айтадилар.
Оталари Собитхон Абдуназар ўғиллари диний илмлари бўлмаса ҳам, қаттол советлар ҳукмронлиги йилларида ислом талабларига амал қилиб келганлар. Оналари Муҳаррамхон Абдусалом қизи ҳам ибодатли аёл бўлган эканлар.
“Биз оилада тўрт ўғил ва уч қизмиз. Ота- онамиз бизларни мана шундай эътиқодли қилиб тарбиялашди. Доимо илм олишга, ибодатларни ўз вақтида қилишга, инсонларга хуш муамалали бўлишга даъват қилишди. Ҳамиша одамларга яхшилик қилишга ўргатишди. Аллоҳ умрларини узоқ қилсин, ҳозир ҳам улар ҳаётлар” дея ўз сўзида давом этади суҳбатдошим..
Тақдирнинг шафқатсизлигини қарангки, Обидхон қорига суиқасд уюштирилган ўша машъум 2012 йилнинг феврал ойида волидаи муҳтарамалари Муҳаррамхон аянинг кутилмаганда вафот этганликларини эшитдим. Ая севимли ўғилларининг жонига қасд қилишганини билмасдан, бу фоний дунёни тарк этибдилар. Ўғиллари эса ҳамонки азиз онаи зорлари вафотлари ҳақида билмасликлари табиийдир.
Биз эса келажакда юз бериши мумкин бўлган бу кўргуликлардан хабарсиз, олис Швециянинг қор босган узоқ бир шаҳарчасида қори аканинг болалик кунлари ҳақида суҳбатлашиб ўтирардик.
Обидхон қори Намангандаги “Тахта кўприк” маҳалласи ҳудудидаги 16- ўрта мактабда ўқиганликларини, ўн йиллик таҳсилдан сўнг икки йил шаҳардаги атлас тўқиш фабрикасида ишлаганликларини ҳикоя қилиб берардилар.
Болалик орзулари инсонга руҳий қувват бағишласа керак.
“Болалик кезларимдан Бухородаги “Мирараб” мадрасасига ўқишга боришни орзу қилардим. Шунга ҳаракат қилиб Тошкентдаги диний идорага келиб, ўқишга киришга ариза бермоқчи бўлдим. Лекин муддаом ҳосил бўлмади – ўша йили қабул йили эмас экан”, дея олис хотираларини мен билан баҳам кўра бошлайди суҳбатдошим.
Бу воқеа 1979 йилнинг айни ёз пайтида содир бўлган эди. Ҳали келажакда ўзини нималар кутаётганидан хабарсиз ёш Обидхон ўша пайтда Ўрта Осиё Мусулмонлар идорасининг муфтийси бўлган раҳматли Зиёвуддин қори Бобохон ўғли билан учрашиб, суҳбатлашишга муяссар бўлади. Узоқни кўра билувчи закий инсон, дастлабки учрашувдаёқ бу йигитнинг онгу шуурини, қалб кенгликларини тушуниб етгандек бўлади.
“Сиз Бухорода эмас, Тошкентдаги олий ислом маъҳадида ўқишингиз керак” дея маслаҳат берган Зиёвуддин қори, кейинги йилда бўладиган қабул жараёнларига қадар Тошкентдаги “Тилла Шайх” масжидида хизмат қилиб туришни тавсия қилади.
Обидхон қори Зиёвуддин Бобохон ўғлидек таниқли киши кўмагида масжидда хизмат қилиш билан бирга, Олий Ислом институтидаги дарсларда ҳам қатнашиб туриш имкониятига эга бўлади.
Орадан бир йил ўтгач, 1980 йилда Обидхон Назаров Имом Бухорий номидаги Ислом институтида ўқишга қабул қилинади.
Ҳали совет тузуми ҳукм сурган йиллар эди. Институт талабалари Давлат Хавфсизлик Хизматининг қаттиқ назорати остида яшашарди. Масжидларга кириб чиқувчилар мунтазам кузатув остида эдилар. Қуръон ва Ҳадисшунослик, ислом дини тарихи, ислом қонунчилиги, шариат илмлари коммунистик мафкура манфатларига хизмат қилдирилган замонлар эди. Бундай шароитда тўлақонли илм олиш қийин. Ўзинг эътиқод қўйган муқаддас нарсалар учун бутун борлиғинг билан кураша олмайсан. Қалбинг, иймонингни саломат сақлаб яшашнинг ўзи бир нав қаҳрамонликка айланади.
Инсоннинг ички дунёси, ботини мўъжизадан бошқа нарса эмас. Яратган эгам ҳар лаҳза қалбингга назар ташлайди. Бир дам бўлсин бу мунис нигоҳдан мосуво ҳолда яшашни тасаввур қилолмайсан.
Ҳа, кўнгил дунёси, инсоннинг илоҳиёт билан боғловчи қалб саломатлиги бу дунёда ҳар нарсадан муҳимдир.
Тўрт йиллик таҳсил, устозлар ўгити Обидхон Назаровни тинимсиз айланиб турган бу дунёда ўз меҳварини топиб олишига катта ёрдам берди. Наинки ёрдам берди, балки ўзини ўзига танитди. Бу ҳаётдаги асосий бурчи, вазифаси нима эканлигини англатди.
Кўнгилдан ташқарида эса бошқа бир дунё мавж урарди. Шўро салтанати томирлари чирий бошлаган пайтлар эди. Қарийб етмиш йил ҳукмронлик қилган худосизлар тузуми сўнгги йилларини яшаётган эди. Шунга қарамай коммунист фашистлар диндорларга зуғум қилишда давом этишарди. Улуғ азиз авлиёлар хоку пойларига ҳужум уюштиришар, муқаддас жойларни тинимсиз топташар, халқ онгу шууридан динни батамом йўқотишга астойдил киришишган эди.
Бундай шароитда диний ақидалар билан яшаш жуда оғир. Айниқса, дини ислом йўлида юрганлар учун.
1984 йилда Тошкент олий Ислом институтини муваффақиятли тугаллаган Обидхон қори Тошкентда қолиб, ўзи таниган, яқиндан билган инсонлар билан бир сафда ўз фаолиятини давом эттиришга ният қилганди.
Шу боис ўзи олдин хизмат қилган “Тилла Шайх” масжидига қайтиб боришни истаётган эди. Нияту истаклари яхши инсонлар кўмагида ижобат бўлди. Обидхон қори 1985 йил бошидан бу мўътабар даргоҳга имом ноиби вазифасида ишлай бошлайди.
Тошкентдаги “Тилла Шайх” масжидида кечган беш йиллик фаолият ўзига хос синов, тажриба ошириш, ўқиш, изланишлар палласи эди.
Шу давр ичида совет тузумининг бетон қўрғони дарз кетиб қулайди. Пролетариат диктатурасини ўрнатиб олган коммунистлар партияси инқирозга юз тутади. Совет Республикалари бирин- кетин озодликка чиқиб, ўз мустақилликларини эълон қиладилар.
Барча мустақил давлатлар каби Ўзбекистонда ҳам миллий ўзликни англаш, халқимизнинг минг йиллик диний қадриятларини қайтадан тиклаш даври бошланади.
Жамиятда маънавий покланишга бўлган интилишлар кучайгандан кучайиб борарди. Бу жараёнларда ота -боболаримиз амал қилиб келган ислом динини қайта тиклаш масаласи устувор вазифага айланади.
Халқимиз ўзининг узоқ йиллар давомида йўқотган беқиёс маънавий бойлигини қайта қўлга киритишга жазм қилган эди.
Бундан кейинги воқеалар Обидхон қори Назаров Тошкентдаги “Тўхтабойвачча” масжидига имом этиб тайинланган 1990 йилдан эътиборан шиддат билан ривожлана бошлайди.
(Давоми бор).
www.yangidunyo.org
Published on oktober 24, 2012 · Filed under: Юсуф Расул;
Охирги изоҳлар