ЯНГИ ДУНЁ www.yangidunyo.org янги дунё www.yangidunyo.com

Саҳифаларимиз

Филмлар

Ҳамкорларимиз:

Рукнлар

Календар

november 2012
M T O T F L S
 1234
567891011
12131415161718
19202122232425
2627282930  
  • Барак Обама

    Шуҳратжон АҲМАДЖОНОВ

    Америкада энг яхши театр – бу сиёсатдир. [1, 123-б.]
    УИЛЛ РОДЖЕРС (1879-1935)

    Фото 1. АҚШнинг 44-Президенти Барак Хуссейн Обама (Barack Hussein Obama). [2]

    Кўпчиликка маълумки, 2012 йил 6 ноябр куни АҚШда навбатдаги Президентлик сайлови бўлади. АҚШнинг 50 та штатининг ҳар бирида беш нафаргача номзодлар қатнашмоқда. АҚШ Президентлик мансабига асосан икки номзод – Демократлар партиясидан номзод, АҚШ Президенти Барак Обама ва Республикачилар партиясидан номзод, собиқ губернатор Митт Ромни ўртасида бўлмоқда.

    Мен АҚШда 2010 йил январидан бери яшаётган сиёсий муҳожир, қочқин сифатида Барак Обаманинг иккинчи марта АҚШ Президенти этиб сайланиши тарафдориман. Шу сабабли у ҳақда миллатдошларимга фотосуратлар ёрдамида гапириб берай.

    Америка Қўшма Штатларининг 44-Президенти Барак Обамани Ер шарида танимайдиган одам бўлмаса керак.

    Фото 2. Барак чақалоқлигида [3].

    Кичик Барак Ҳуссейн Обама (Barack Hussein Obama, Jr.) Тинч океанида жойлашган Гавайи штати маркази бўлмиш Гонолулу шаҳрида 1961 йил 4 август куни туғилган. Унинг ота-онаси Гавайи университетида талаба бўлиб ўқиган пайтда – 1960 йилда танишган. Унинг отаси катта Барак Ҳуссейн Обама (Barack Hussein Obama, Jr. 1936-1982) Африкадаги Кения давлатидан бўлиб, АҚШнинг Гавайи университетида иқтисод фанидан таълим оларди. Онаси бўлмиш оқ танли америкалик Стэнли Энн Данхэм (Stanley Ann Dunham, 1942-1995) антропология факультетида ўқирди. Улар 1961 йил 2 феврал куни турмуш қуришди. [4]

    Барак икки ёшлигида – 1963 йилда отаси ўқишни давом эттириш учун Гарвард университетига жўнаб кетди. Молиявий муаммолар бўлганлиги сабабли оиласини ўзи билан олиб кета олмади.

    Фото 3. Барак онаси Энн билан Гавайи оролида. [3]

    1964 йил январида Баракнинг ота-онаси ажралишди. Барак отаси Гарвард университетида ўқитувчи Рут Найдсэнд (Ruth Nidesand) билан танишиб учинчи марта уйланди ва ўқишни тугатгач у билан бирга Кенияга жўнаб кетди. У ўғли Барак билан 1971 йилда бир марта учрашди – бу пайтда у 10 ёшда эди. [4]

    Фото 4. Барак бобоси (аясининг отаси) Стэнли Данхам билан денгиз соҳилида қувноқ болалиги даврида. [3]

    Баракнинг онаси кўп вақт ўтмай индонезиялик талаба Лоло Суторо билан танишиб, унга 1967 йилда турмушга чиқди ва Индонезия пойтахти бўлмиш Жакарта шаҳрига кўчиб кетди. Барак 1967-1971 йилларда Жакартадаги мактабда таълим олди.

    Барак 1971 йилда Гонолулуга қайтиб келиб, аясининг ота-онаси уйида 1979 йилгача, яъни мактабни тугатгунча яшади.

    Фото 5. Катта Барак Обама ўғли билан Гонолулу аэропортида. Бу вақтда Барак 5-синф ўқувчиси эди. 1971 йил. [3]

    Кенияда Катта-Барак биринчи марта автоҳалокатга учраб, икки оёғидан ажралди. У 1982 йилда иккинчи марта автоҳалокатга учраб ҳалок бўлди. [4]

    Фото 6. Барак Обама Гавайи оролидаги энг бой ва яхши ўқийдиган ўқувчилар таълим оладиган Пунахоу номли хусусий мактабнинг 5-синф ўқувчиси. Барак охирги қаторда, чапдан учинчи. 1972 йил. [3]

    Фото 7. Барак Обама ота юрти бўлмиш Африкага биринчи сафари пайтида бувиси билан. [3]

    Барак 1979 йилда Лос-Анжелес шаҳридаги Ғарб коллежида икки йил ўқиди. Кейин Нью-Йорк шаҳридаги Колумбия университетида халқаро муносабатлар йўналишида таълим олиб, уни 1983 йилда тугатди ва бакалавр даражасига эга бўлди. У 1983-84 йилларда Халқаро Бизнес Корпорацияда ишлади.

    Фото 8. Барак Обама Нью-Йорк шаҳридаги Колумбия университети талабаси. [3]

    Барак Обама 1985 йилда Чикаго шаҳрига кўчиб ўтди ва черковга қарашли хайрия гуруҳида ишлаб, кам таъминланган оилаларга ёрдам бериш масалалари билан шуғулланди. У инсонлар ҳаётини яхшилаш учун қонунчилик ва сиёсатда жиддий ўзгаришлар қилиш кераклигини шу пайтлари тушуниб етди. [1]

    Обама 1988-1991 йилларда Массачусетс штатидаги Гарвард университетининг Ҳуқуқ мактабида таълим олди. У ушбу мактабни тугатгач 1991 йилда Чикагога қайтиб келди. [2]

    Фото 9. Барак Обама (марказда) Гарвард университетининг Ҳуқуқ мактаби талабаси. [3]

    Барак Обама Гарвард университетининг Ҳуқуқ мактаби талабаси бўлмиш Мишель Робинсон (1964.17.01) билан танишди. Улар никоҳи Иллинойс штатидаги Чикаго шаҳрида 1992 йил 18 октябр куни бўлди. [3]

    Бугунги кунда уларнинг икки қизи бор: Малия Энн (1998) ва Наташа (уни кўпроқ Саша деб аташади, 2001). [4]

    Фото 10. Барак ва Мишель. 1992 йил 18 октябр. [3]

    Барак Обама 1993-2004 йилларда Чикаго университети ҳуқуқ факультетида «Конституцион ҳуқуқ» фанидан дарс берди.

    Барак Обама 1995 йилда «Отам орзулари» (Dreams from My Father: A Story of Race and Inheritance) номли биринчи хотиралар китобини ёзиб нашр эттирди. Бу китоб бестселлер, яъни қўлма-қўл қилиб ўқилди ва бўлажак сенаторга катта обрў келтирди. [3]

    Барак Обама 1996 йилда Демократик партия номзоди сифатида Иллинойс штати Сенатига сайланди. У Иллинойс штати Сенатига бўлган кейинги сайловда ҳам ғолиб келиб, 2004 йилгача ишлади. У Сенатда Демократлар ва Республикачилар партияларидан сайланган сенаторлар билан фаол ишлаб, солиқларни қисқартириш йўли билан кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлаш давлат дастурлари устида меҳнат қилди. У мактабгача тарбияни ривожлантириш тарафдори бўлиб маърузалар қилди, тергов органлари фаолияти устидан назоратни кучайтириш чораларини қўллаб-қувватлади. У 2002 йилда ўша пайтдаги АҚШ Президенти Жорж Буш раҳбарлигидаги маъмурият Ироққа қўшин киритганини танқид қилди. [3]

    АҚШда 50 та штат бўлиб, АҚШ Сенатига ҳар бир штатдан икки нафардан сенатор сайланиши мумкин. Обама 2004 йилги АҚШ Сенатига Иллинойс штатидан ўз номзодини сайловга қўйди.

    Фото 11. Барак ва Мишель Обама Чикаго шаҳрида АҚШ Сенатига сайлов кампанияси доирасида сайловолди маршида қатнашмоқда. [3]

    Барак Обама 2004 йил ноябрида бўлиб ўтган сайловда республикачилар номзоди бўлмиш Алана Кейес (Alan Keyes)ни 70% га 27% қилиб мағлубиятга учратди. У мамлакат тарихида АҚШ Сенатига сайланган бешинчи афроамерикалик сенатор бўлди. [3]

    Фото 12. Барак Обама АҚШ Сенатига сайланган бошқа сенаторлар билан биргаликда қасамёд қабул қилмоқда. Вашингтон, Конгресс Кутубхонаси. 2005 йил 4 январь. [3]

    Фото 13. Барак ва Мишель Обама қизлари Малия ва Саша билан Обама сенатор сифатида қасамёд қабул қилгач бўладиган тантанали маросимга кетмоқда. 2005 йил 4 январ. [3]

    Обама 2006 йилда ўзининг иккинчи китобини ёзиб ватандошлари эътиборига ҳавола қилди. Китобнинг номи «Умид жасурлиги» (The Audacity of Hope: Thoughts on Reclaiming the American Dream). Бу китоб ҳам бестселлерга айланди.

    Барак Обама 2007 йил 10 феврал куни Иллинойс штати Спрингфилд шаҳридаги митинг пайтида АҚШ Президентлигига ўз номзодини қўйишини ва президент пойгасида қатнашишини эълон қилди.
    Барак Обамани халқ қўллаб-қувватлаб унинг сайлов кампаниясига миллионлаб доллар берганлиги сабабли у сайловолди кампанияси учун давлат томонидан ажратиладиган маблағдан воз кечди. Бу АҚШ тарихида давлат маблағидан воз кечган биринчи президентликка номзод бўлди. [3]

    2008 йил 2 ноябр куни Барак Обаманинг бувиси Мадлен Ли Пэйн Данхам вафот қилди. АҚШ Президентлиги учун сайловга икки кун қолаётган бўлсада у ҳамма ишини қолдириб қадрдон бувиси билан видолашиш учун жўнаб кетди.

    Фото 14. Талаба Барак Обамани кўриш учун Нью-Йоркка келган бобоси Стэнли Данхам ва бувиси Мадлен Ли Пэйн Данхам билан. [3]

    2008 йил 4 ноябр кунги сайловда АҚШ сайловчиларининг 64% қатнашди – бу рекорд кўрсаткичдир.
    Уни 538 сайловчидан 338 нафари қўллаб-қувватлашига эришди. Ҳолбуки 270 овоз ҳам етарли бўларди. [4]

    Фото 15. Барак ва Мишель Обама қизлари Малия ва Саша билан бирга. Чикаго, 2008 йил 4 ноябр. [3]

    2009 йил 20 январ куни Вашингтондаги Капитолий биноси олдида инагурация маросими бўлди ва унда у АҚШнинг 44-Президенти сифатида қасамёдга келтирилди. Маросимда бир миллиондан ортиқ киши қатнашди – бу ҳам рекорд кўрсаткич бўлди. [4]

    Фото 16. Барак Обама Президентлик қасамёдини қабул қилмоқда. 2009 йил 20 январ. [4]

    Барак Обама Гуантанамо (Куба) оролида АҚШ ҳарбий базасидаги терроризмда гумон қилинганларни сақлайдиган қамокхонани 2009 йил давомида ёпиш ҳақидаги фармонга 2009 йил 22 январ куни имзо чекди [4]. Ушбу қамоқхонада икки ўзбек йигити ҳам бор эди. Улар кейинроқ Европа давлатларидан бирига қочқин сифатида яшаш учун юборилди.

    Фото 17. Барак Обама АҚШни қаттиқ танқид қиладиган Венесуэла Президенти Уго Чавес билан ҳам кулиб самимий гаплашадиган Президентдир. Порт-оф-Спейн, Тринидад и Тобаго. 2009 йил 17 апрел. [3]

    Фото 18. Барак Обама 5 ёшли болалар билан ҳам саломлашиб тил топиша оладиган Президентдир. (Эслатиб ўтаман: Барак Обаманинг бўйи 187 сантиметрдир, 5 ёшли бола билан саломлашиш учун эгилаётганига эътибор беринг). Вашингтон, Оқ Уй яқинида. 2009 йил 19 апрел. [3]

    Фото 19. Барак ва Мишель Обама 2009 йилги Тинчлик соҳасидаги Нобель мукофотини олиш учун ўтказиладиган тантаналар залига кириб келмоқда. Йиғилганлар қарсаклар билан кутиб олмоқда. 2009 йил 10 декабр, Осло. [3]

    Обама 2010 йил апрелида Россия билан Стратегик ҳужумкор қуролларни қисқартириш ҳақидаги шартномани имзолади. Уни 2010 йил декабрида АҚШ Сенати тасдиқлади. [5]

    Обама 2010 йил сентябрида АҚШ қўшинларининг Ироқдаги ҳарбий операциялари тугаганлигини эълон қилди. [6]

    Обама 2011 йил 2 май куни Усама бин Ладен Покистонда ўлдирилганини эълон қилди. [6]

    Барак Обама 2011 йил 4 апрел куни АҚШ Президентлигига иккинчи муддатга сайланиш истаги борлиги, бу тадбирга маблағ тўплаш ва президентликка сайлов пойгаси бошланганлигини эълон қилди. АҚШда навбатдаги Президентлик сайловлари 2012 йил 6 ноябрида бўлади.

    Фото 20. Барак Обама Вашингтондаги хайрия ташкилотларидан бирида Шукрона кунида кам таъминланган фуқароларга озиқ-овқат тарқатаётган пайтда мулоқот қилмоқда. 2011 йил 24 ноябр. [7]

    Барак Обама 2011 йил 22 июн куни Оқ Уйдан қилган мурожаатида Афғонистондаги АҚШ қўшинларини олиб чиқиш режасини баён қилди. 2011 йил охиригача Афғонистондан АҚШнинг 10 минг нафар ҳарбийси, 2012 йилда 23 минг ҳарбийси олиб чиқилади. Афғонистондаги АҚШнинг барча АҚШ қўшинини тўлиқсинча олиб чиқиш 2014 йилда тугалланишини Обама айтди. [6]

    Ушбу таваллуд кунида мен барча сафдошларим номидан ажойиб инсон, машҳур давлат арбоби, Халқаро Нобель Тинчлик мукофоти совриндори Барак Обамани 50 ёшга тўлиши муносабати билан самимий табриклайман.

    Мен Барак Обамага 2012 йил 6 ноябр куни бўладиган Президентлик сайловларида ғолиб чиқиб, ўзининг тинчликсевар сиёсатини давом эттиришини ва инсон ҳуқуқлари борасида дунёда, жумладан Ўзбекистондаги аҳволга ҳам кўпроқ эътибор беришини тилайман.

    Айрим махлумотларга кўра, АҚШда 300 мингдан ортиқ ўзбеклар яшамоқда. Уларнинг кўпчилиги АҚШда беш йилдан ортиқ яшаб, АҚШ фуқаролигини олган ва Президентлик сайловида қатнашиш ҳуқуқига эга. Бугунги кунда кўпгина штатларда Барак Обама ва Митт Ромни имкониятлари 50 ка 50 бўлиб турибди. Шу сабабли миллатдошларимиз сайловда қатнашиши ва Барак Обамага овоз бериши сайловни Обама фойдасига ҳал бўлишига ёрдам беради.

    P.S. Мен АҚШ Президенти Барак Обама ҳақида “Барак Обама – 50 ёшда” номли мақола ёзиб, www.muvozanat.info сайтида 2011 йил 5 августида ва www.yangidunyo.com сайтида 2011 йил 6 августида чоп эттиргандим ([8]-га қаранг). Лекин махсус хизматлар 2011 йил ноябрида www.yangidunyo.com сайтига, 2012 йил январида www.muvozanat.info сайтига киберҳужум уюштиргач иккала сайтдаги ҳамма, жумладан менинг 60 та ва 11 та мақолам ўчириб юборилди. Уни қайтадан чоп этиш учун 2012 йил 15 феврал куни www.yangidunyo.com сайтига юборгандим. Мақолам етиб бордими, йўқми билмайман. Мақола сайтда чоп этилмади. Шу сабабли у“Барак Обама – 50 ёшда” номли мақолани тиклаб Facebook даги “Шухратжон Ахмаджонов” саҳифасида ва www.liveinternet.ru сайтидаги “Турон_Шухратжони” Кундалигимда 2012 йил 19 феврал куни чоп эттиргандим.


    ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР

    1. От А до Я: 300 лет американского афоризма (А дан Я гача: Америка афоризмига 300 йил) /Состав., предисл., пер.с анг. А.Ливерганта. – М.: ТЕРРА Книжный клуб, 1998. – 208 с.
    Роджерс, Уилл (Уильям Пенн Адэр, 1879-1937) – америкалик мазахчиси (юмористи), актер, ёзувчи.

    2. Биография (Таржимаи ҳол). – http://barackobama.ru/bio/ (www.barackobama.ru Сайт «Барак Обама. 44-й Президент Соединенных Штатов Америки).

    3. Фотографии Обамы (Обама фотосуратлари). – http://www.barackobama.ru/foto/ (www.barackobama.ru Сайт “Барак Обама 44-Президент Соединенных Штатов Америки”).

    4. Обама, Барак. – http://ru.wikipedia.org/wiki/%D0%9E%D0%B1%D0%B0%D0%BC%D0%B0,_%D0%91%D0%B0%D1%80%D0%B0%D0%BA (www.ru.wikipedia.org/wiki/ Материал из Википедии — свободной энциклопедии).

    5. Президентство Барака Обамы (Барак Обама Президентлиги). – http://ru.wikipedia.org/wiki/%D0%9F%D1%80%D0%B5%D0%B7%D0%B8%D0%B4%D0%B5%D0%BD%D1%82%D1%81%D1%82%D0%B2%D0%BE_%D0%91%D0%B0%D1%80%D0%B0%D0%BA%D0%B0_%D0%9E%D0%B1%D0%B0%D0%BC%D1%8B (www.ru.wikipedia.org Материал из Википедии — свободной энциклопедии).

    6. К концу года первые 10 тысяч американских солдат покинут Афганистан (Йил охиригача 10 минг америкалик ҳарбийлар Афғонистонни тарк этади). – http://www.vesti.ru/doc.html?id=485846 (www.vesti.ru 23.06.2011).

    7. Америкада Шукрона куни. – http://www.voanews.com/uzbek/news/a-36-2006-11-23-voa1-93347189.html (www.voanews.com/uzbek/ 2011.24.11).

    8. АҲМАДЖОНОВ Ш. Барак Обама – 50 ёшда. – http://muvozanat.info/index.php?option=com_content&view=frontpage&Itemid=53 (www.muvozanat.info 2011.05.08).
    http://yangidunyo.com/?p=21253 (www.yangidunyo.com 2011.06.08).

    E-mail: jiz54@.mail.ru ergash1955@yahoo.com

    2012 йил 3 ноябр.

    АҚШ, Вашингтон шаҳри.

    www.yangidunyo.org

    Published on november 4, 2012 · Filed under: Шуҳрат Аҳмаджонов;
    Kommentarer inaktiverade för Барак Обама

Comments are closed.