ЯНГИ ДУНЁ www.yangidunyo.org янги дунё www.yangidunyo.com

Саҳифаларимиз

Филмлар

Ҳамкорларимиз:

Рукнлар

Календар

november 2012
M T O T F L S
« okt   Dec »
 1234
567891011
12131415161718
19202122232425
2627282930  

  • Индиго болалари

    Карим Баҳриев

    Бу ғайриоддий болалар ҳақида дастлаб ҳайрат ва хавотирга тушган ота-оналар сўз очишди. Тўғри, ота ёки она учун унинг фарзанди ҳамиша бошқалардан кўра энг зўр, энг ноёб, энг… туюлади. Ота-оналарнинг овозига тарбиячилар ва мактаб ўқитувчиларининг ҳайрат ва хавотири ҳам қўшилганидан кейин, аён бўлдики: бу бекорчи гаплар эмас, онда-сонда учрайдиган феномен ҳам эмас ва, қолаверса, алоҳида таьлим-тарбиянинг ҳосиласи ҳам эмас. Факт тасдиқланди:


    САЙЁРАМИЗГА ЯНГИ ОДАМЛАР КЕЛИШЯПТИ

    Буни биргина биз сезганимиз йўқ, кўпчилик сезяпти: қандайдир бошқача янги авлод вояга етиб келмоқда. «Кейинги пайтларда болам менга ўлимга қандай муносабатда бўлишни ўргатяпти, ҳолбуки мен унга ўргатишим керак, — дейди биров. — Бу масалаларда у барқарор ишончга эга, мен эса шунча йил яшаб, ҳали бундай ишончга эга бўлолганим йўқ». Яна кимдир боласи ҳақида айтади: «Унинг фикри содда ва равшан — у ҳамма ўлганларнинг ортга қайтиб келишига ишонади. У бобосига таскин беради — ҳечқиси йўқ, ҳозир қариган бўлсангиз, кейин яна янги, ёш бўласиз. Ўлган итимизнинг қабрига қараб, йиғласам, мени хотиржам қилади — у қайтади, чирийди, жимирлайди, майса бўлиб кўкаради, янгиланади, дейди». «Ўғлим жуда ёмон гаплашади. Болагинам. Аммо баьзан шундай туюладики, у мени ва менинг ҳис-туйғуларимни очиқ – равшан кўриб турадигандай, – дейди учинчи бир одам. – Яна шундай туюладики, у биздан кўра кўпроқ нарсани англайди ва бу дунёга нега келганини, ўз вазифасини билади». Яна бир одам ҳайратланади: «Гоҳида бу гўдак менга тушунарсиз бўлган нарсаларни гапиради, билмадим, у буларни қайдан олган экан? Болалар боғчасида унга зўрға чидашади: у бақиришларига жавобан ҳайратланиб қараши ва: «Ўзи нима учун бақиряпсиз?» – деб сўраши мумкин. Турган гапки, тарбиячи довдираб қолади ва янада бадтар қичқиради. Буни бола тушуна олмайди».

    Ўқитувчилар ҳам ғалати болалар пайдо бўлганини таькидлашмоқда. Оқил, ўзига ишонадиган, мавжуд ақидалар ва қоидаларни тан олмайдиган болалар. Андозаларга мос келмайдиган, бошқариб бўлмайдиган болалар.

    Бу болалар гўё уларни ушлаб турган занжирларни узганга ўхшайди. Катталарнинг фикри билан ҳисоблашмайдилар, катталарнинг обрў-иззатига, меьёрларига парво қилмайдилар, шунчаки дарс ўртасида сўрамасдан ташқари чиқиб кетаверишлари мумкин. Ўқитувчининг кўзига тик қараб, нотўғри ўқитаётганлигини ҳам айтиб кетаверадилар. Улар жуда кўп.

    ЯНГИЧА ОДАМЛАР

    Ўтган асрнинг 80-йилларида бутун дунёдаги саломатлик марказлари ва психологик марказларда ташвишга тушган ота-оналар фарзандларининг хулқ – атворидан арз қилиб, мурожаат қила бошлашди. Ҳамма гап бир нарсага келиб тақалаётганди. Бола билан нормал муносабат ўрнатишнинг иложи йўқ. Ўқимайди, гапга кирмайди, тарбиявий чора-тадбирларга парво қилмайди. Бундан хавотирга тушадиган ҳеч нарса йўқдай эди: «муаммоли» болалар ҳамма замонларда ҳам бўлган. Уларни тўғри йўлга солиш учун ҳам ўқитувчилар, тарбиячилар, шифокорлар, психологлар бор.

    «Муаммоли» болаларни синчковлик билан текширишди. Ҳайратли ходиса маьлум бўлди: бу болаларнинг заковат даражасини текшириш натижалари ҳамиша юқори бўлиб чиқди, ҳолбуки уларнинг аксарияти мактабда зўрға «уч» баҳога ўқишарди. Шундай қилиб, маьлум бўлдики, бу болалар ақлли, ривожланган, аммо одатий хулқ-атвор кўникмаларига риоя қилишни истамайдилар – энди уларни нима қилиш керак?

    Бундай болалар қандайдир ўзларининг қонунлари ва қоидаларига риоя қилаётгандай эдилар. «Янги» болаларни улар қизиқадиган ишдан ажратиб бўлмайди, қийинчиликлар уларни тўхтата олмайди, аксинча, улар бундан бадтар ишга берилишади. Улар жуда тиришқоқ ҳамда, то қизиқишларини қондирмагунча ёки олдига қўйилган вазифасини бажармагунча, тинмай ўзи мўлжаллаган йўналишда ишлайверади. Асосий нарса маьлум бўлди. Уларнинг номутаносиб хулқ-атвори касалликнинг натижаси эмас, уларга бўлган муносабатдан оғринганликлари туфайлидир. Болаларнинг исёни катталарнинг қутқулаши туфайлидир. Болалар эса ўзларининг ўзликларини сақлаш, ўз билганларича қолиш учун курашадилар, холос.


    ЁНИНГИЗДАГИ ЁШ ИНСОНГА ДИҚҚАТ ҚИЛИНГ!

    Энди мақолани ўқишни тўхтатинг-да, ўғлингиз, қизингиз, жиянингиз ёки набирангизнинг олдига келинг. Унинг кўзларига қаранг. Агар унинг кўзларида донишманднинг хотиржам нигоҳини пайқасангиз ва у гўё сизни очиқ турган китобни ўқигандай ўқий бошласа – қаршингизда янги замон боласи турибди.

    Бу – афсона ёки асоссиз шов-шув эмас. Бу хақда том-том китоблар ёзилмоқда. Индиго болалари муаммоси Бирлашган Миллатлар Ташкилотида алоҳида муҳокама қилинди, тадқиқотчиларнинг маърузалари тингланди. Интернетда миллиардлаб саҳифа ёзилмоқда, биргина рус тилида икки ярим миллион саҳифа материал мавжуд. «GOOGLE» сингари қидирув сайтларидан бирида, «Indigo» сўзини киритиб, излаб кўришингиз мумкин.

    «Индиго болалари» номли машҳур бестселлернинг муаллифлари Ли Кэрол ва Ян Тоубер «янги» болаларнинг 10-та энг кўп тарқалган сифатини санашади.

    Гўдак бу оламга ўзининг шоҳоналигини англаган ҳолда келади (ва кўпинча ўзини шунга муносиб тарзда тутади).
    Бола сезадики, «бу дунёда бўлишга ҳаққи бор», бошқалар унинг бу фикрига қўшилмаганликларини кўрса, жуда ҳайратланади.
    Бу болакай учун мутлақ обрў-иззатлилар йўқ, у ўз хатти-ҳаракатларини тушунтириб беришни истамайди ва ўзининг ҳам, бошқаларнинг ҳам танлаш эркини тан олади.
    Гўдак ўзининг аҳамиятга молик эканига шубҳа қилмайди ва кўпинча ота-онасига «кимнинг кимлиги»ни билдириб туради.
    Болакай айрим нарсаларни умуман бажармайди (масалан, у навбат кутиб туришга тоқат қилолмайди).
    Бундай болалар қатьий қоидалар устувор бўлган, ижодкорликка йўл бермайдиган консерватив тизимларга дуч келганда, ўзларини йўқотиб қўядилар.
    Болакай мактабда ёки уйда нимадир ишни бажаришнинг янада оқилона усулларини топа олади, аммо атрофдагилар унинг бу хатти-ҳаракатини «қоидабузарлик» ва амалдаги тизимга итоат қилмаслик, деб баҳолашади.
    Болакай бошқа тоифадагилар, бегоналар орасида одамови бўлиб туюлади.
    Интизомни бузганлиги ҳақидаги айбловларга у жавоб бермайди.
    Қаҳрамонимиз бирор нарсага эҳтиёж сезса, муҳтожлигини айтишдан тортинмайди.

    Бундай болаларни номлаш учун расмий бир атама йўқ, бироқ бу йўналишда уринишлар бормоқда. Ҳамма таьрифларнинг ҳам ўзига яраша асоси мавжуд. Мана, уларнинг айримлари. «Янги мингйиллик болалари» — уларғайриодатий руҳий имкониятларга эгадир. «Ёруғлик болалари» — ёш қаҳрамонларимизнинг дунёқарашлари одатдаги қарашлардан фарқ қилади. «Қобилиятли болалар» — ҳар қандай синов уларнинг заковат даражаси ўртачадан юқори эканини кўрсатади (мактабдаги баҳолар билан адаштирманг!). Франциядағайриодатий болаларни «тефлонона болалар» дейишади, чунки хулқ-атворнинг одатий меьёрларини уларга «ёпиштириб» бўлмайди, Америкада улар – «Индиго болалари». Уларнинг аурасидан таралаётган нурни фолбин Ненси Энн Тепп шу рангда кўрган. Индиго — жуда очиқ, тўқ мовий рангдир. Шу охирги таьриф бизнинг мамлакатимизда ҳам оммалашмоқда.


    НЕГА ИНДИГО?

    Фолбинларнинг таькидлашича, ҳар бир инсоннинг биомайдонида унинг бу Заминга нега келганини билдирувчи маьлумот яшириндир. Бу гўё инсон кўнгли истайдиган ва инсон ердаги тирикликдаги ҳаёти мобайнида амалга ошириши керак бўлган бир дастурдир. Аксариятимиз бу моддий дунёнинг талотўмида ана шу дастуримизни унутиб қўямиз. Индиго болалари бунақа эмас! Уларнинг бошқа олам – БАТАМОМ МУҲАББАТ ва СЕВИНЧдан иборат бўлган руҳ олами ҳақидаги хотиралари ҳамиша уйғоқдир. Улар бизга маьлум бўлмаган, биз кўникмаётган ҲАҚИҚАТдан хабардордирлар. Улар одамлар ўйлаб топган ўйин қоидаларини эмас, реал дунёнинг ҳаққоний манзараларини яхши биладилар. Улар одамларга эволюция поғоналаридан юқорига юксалишда ёрдам беришни истайдилар (ва ёрдам бериш қўлларидан келади!). Индиго болаларининг ҳаётий вазифалари шундай. Ҳар бир инсон ўзининг бутун олам билан муштараклигини ҳис этиши керак, бу эса ҳар бир инсонни севиш ва тушунишдан бошланади.

    Индиго болалари бизни хатоларимиз учун қоралашмайди. Улар шунчаки инсонга (инсониятга) муҳаббат оламига қайтишда ёрдам беришади. Моҳиятан, уларнинг бош вазифаси – бизга хатоларимизни кўрсатиш ва ўзгаришимизда, ўзимизга ва атрофдаги оламга бошқача, янгича қарашда кўмаклашишдир.

    Индиго болалари учун биз — очиқ турган китоб. Ҳеч қачон болани алдашга уринманг, у билан самимий муносабатда бўлинг. Масалан, агар жаҳлингиз чиқиб турган бўлса, дарғазаб бўлсангиз, шуни айтиб қўя қолинг: «Мен дам олишим, ўзимга келишим керак, кейин сен билан бирга ўйнаймиз». Сизнинг иккиюзламачилигингизни, ёлғонингизни Индиго тушунади ва кейин сиз билан ростгўй бўлиш-бўлмасликни ўзи ҳал қилади.

    Бундай болаларнинг аксариятида ҳайвонот ва ўсимликлар дунёсига нисбатан қандайдир самимий ва чуқур муносабат мавжуд. Бу ҳайратланарли болалар ҳақида яна кўп нарсаларни ҳикоя қилиб бериш мумкин, бироқ, келинглар, ўзимизга бир неча савол бериб кўрайлик. Нега бундай доно болалар билан муаммолар чиқади? Нима учун улар бизнинг талабларимизга бўйсунишга қаршилик қилишади? Нима сабабдан уларнинг айримлари одамови бўлиб қолишади? Нима учун улар, жуда истеьдодли бўлишларига қарамасдан, ўзларига исён қилишга имкон берадилар?

    Фалокат битта нарсада: биз уларни кўҳна йўлдан олиб бормоқчимиз, улар эса – янгилик уруғларидир. Ўзингизни бир нафас оқил, ўзига ишонган одамлар ичига тушиб қолган болакай ҳолида тасаввур қилинг. Катталар айтишади: «Биз мана бу йўлдан боришимиз керак, сен ҳам биз билан бирга борасан». Керак экан, майли. Сиз бирга боряпсиз, қўлингиздан маҳкам ушлаб олишган. Бирдан қаршингизда катта жарлик борлигини кўриб қоласиз. Гапирасиз: «Бу йўлдан бориб бўлмайди, бу хавфли… Бошқа йўл бор, келинглар, кўрсатаман». Аммо сизга қулоқ солишмайди, чунки чуқурни улар кўришмаяпти. Сиз қичқирасиз, қайнаб-тошиб кетасиз, улар сизни чуқурга томон судрашади ва жаҳл қилишади: «Бу бола бунчалар қўпол, қайсар. Биз уни етаклаб кетяпмиз, унга яхшилик истаймиз, у бўлса бизга қулоқ солмайди». Эҳтимол, Индиго болалари ҳам катта бўлгач, катталар ёнида туриб, заминдаги ҳаёт тажрибасини эгаллагач, ўзларини шундай тутишар. Биз шу пайтгача мавжуд хулқ-атворимиз стереотиплари, шу дунёқарашимиз ва тафаккуримиз билан на курраи Заминда, на қалбимизда осойишталик, гармония ўрнатолмадик. Агар биз Индиго болаларини ҳам, бизни қандай тарбия қилишган бўлса, шундоқ вояга етказсак, уларга ҳам бизга болалагимиздан сингдиришган хато ва камчиликларни сингдирамиз.

    БОЛАЛАРНИНГ ҚАЛБИНИ ЭЪЗОЗЛАНГ!

    Бола — тўлақонли шахс. Уни ўз хоҳиш-иродангизга бўйсундиришга интилманг, одатдагидай: «Мен каттаман, шунинг учун менинг гапимга киришинг керак!» деманг. Уни мажбурламанг, ўзи тажриба орттиришига кўмаклашинг.
    Гўдакка танлаш имконини қолдиринг. Унга ҚАНДАЙ ўйлашни ўргатинг, аммо НИМАни ўйлаш кераклигини ўргатманг. Индиго болаларини алдаш ва уларга куч билан «тўғри фикр»ни сингдириш имконсиздир. Аммо улар билан вазиятни ёки хатти-ҳаракатни муҳокама қилиш орқали келишиб олиш осон.
    Тенг мулоқот олиб боринг. Айни пайтда ўз хатти-ҳаракати, ўз танлаган йўли учун ЎЗИ жавобгар эканини бола англаб олсин.
    Индиго болалари синчков бўладилар ва заиф жойларингиздан фойдаланган ҳолда, сизни бошқаришга уринадилар. Улар ҳамиша келишувларнинг чегараларини текшириб туришга уринадилар, шунинг учун сиз уларнинг келишувга риоя қилишларига эришинг.
    Бола сабаб бўлган вазият ёки хатти-ҳаракатни уни камситмасдан муҳокама қилинг. Болага у қилган нотўғри ҳаракатни англашга имкон беринг.

    БОЛАЛАРГА ИШОНИНГ!

    Боланинг салоҳиятига ишонинг ва у буни билсин.
    Индиго болалари жуда ҳалол бўладилар. Болага ёлғон сўзламанг, акс ҳолда унга ҳам жавоб тариқасида ёлғон гапириш ҳуқуқини берган бўласиз (одатда бу унинг сукут сақлашига ёки «ўз ичига беркиниб олиши»га олиб келади).
    Бола ўзига олган мажбуриятларни қандай бажараётганлигини текшириб туринг. Бола ҳам Сизга нисбатан худди шундай қилиш ҳуқуқига эгадир.
    Болага ўзини айбдор деб билиш ёки бошқаларни айблаш имконини берманг. Хато ҳам — бир эгалланган тажрибадир, ўйлаб кўриш ва ниманидир яхшилаш учун сабабдир.
    Бола маслаҳат сўраса, уни эшитинг ва масалани ҳал қилишда кўмаклашинг. Бир неча йўлларни кўрсатинг: «Агар бундай қилсанг, нима бўлади…», «Мен сенинг ўрнингда бўлганимда…», «Болалик пайтимда менда ҳам шундай бўлган… ва мен ўшанда…». Ўзингизнинг қарорингизни мажбурлаб тиқиштирманг, болани йўналтиринг.
    Бу ҳаракатчан болаларга зеркиб қолиш имконини берманг. Ижодий озиқсиз уларнинг ақли очликка дучор бўлади. Улар Билан имкон қадар кўпроқ гаплашинг, ўйнанг. Меҳрибон ва шафиқ бўлинг.
    Бола ҳамиша хавфсиз эканини ҳамда орқасида сизнинг салоҳиятингиз, кўмагингиз ва иштирокингиз турганини сезиб турсин. Боланинг хатти-ҳаракати яхши ёки ёмон бўлиши мумкин. Аммо бола – ҳамиша азиз ва муҳтарамдир.

    Индиго болаларини вояга етказишнинг энг оддий йўли – уларни ўз қаричимизда тарбияламаслик, аксинча, ниҳолни ўтиргандай ўстириш, МЕҲР-МУҲАББАТ суви билан суғориш, билим ва тажрибалар озиғи билан озиқлантириш лозим. У бизга ўзини, нозик вужудини ва доно ақлини, бокира қалбини ишониб топширди. Бу хазинани эҳтиёт қилинг!

    МОВИЙ ФЛАМИНГО ЗУРРИЁДЛАРИ

    Ҳа, ҳозир катта ёшлиларнинг аксарияти ҳозирги замон болалари билан мулоқотда шу пайтгача мисли кўрилмаган қийинчиликларга дуч келишмоқда. Ҳамма болалар ҳам бундай эмас. Янги болалар шунақа. Америкада бу анча аввалроқ бошланган. Ота-оналар аввалроқ ташвишлана бошлашган, ўқитувчилар асабийлашишган, руҳшунослар хавотирга тушишган. Гўё ҳайратланадиган ҳеч нарса йўқдай – муаммоли, тарбияси қийин болалар ҳамма вақт ҳам бўлган. Аммо бу янги болалар – ажабтовур эдилар. Уларнинг интеллекти, заковати муқаррар ўртадан юқори эди, айни пайтда улар мактабда «уч» баҳога ўқишарди. Ақлли, ривожланган, аммо одатдаги хулқ-атвор меьёрларига бўйсунишни истамайдиган, ўжар болалар – уларни нима қилиш мумкин? Қўрқитиш ва жазолаш педагогикасини қўллашди, дори-дармонларни тиқиштиришди, китоблардан маҳрум қилишди… Аммо бундай хулқ-атворли болалар кундан-кунга кўпайиб борарди ва, ниҳоят, психологлар бошланаётган «ҳамла»нинг кўламини англай бошладилар:

    БОЛАЛАРНИНГ ЯНГИ АВЛОДИ КЕЛМОҚДА

    Экстрасенслар бундай болалардан ёрқин мовий ранг таралиб турганини кўрадилар. Бу авваллари кам учраган, энди юзлаб ва минглаб ёш бошларнинг тепасида таралиб турган индиго ранги эди. Шунинг учун уларни Индиго болалари деб аташди. Улар – бошқача, улар бизга ўхшамайди. Уларнинг нигоҳларида туғилган пайтларидаёқғалати донишмандлик, ўзига ишонч, шоҳоналик зоҳир бўлади. Улар гўё бу курраи заминга катталарга тушунарсиз бўлган алоҳида вазифани бажариш учун келгандай. Шунинг учун ўзларини катталарга тушунарсиз тарзда тутадилар. Бу болалар биз уларнинг ёшида бўлганимизда билган ва қилганимиздан кўра кўпроқ нарсани биладилар ва қила оладилар. Шубҳасиз.

    Авваллари катталар болаларни истаган нарсани ясаса бўладиган лой – пластилин, деб ҳисоблаган бўлсалар, Индиго болалари аллақачон батамом шаклланган ҳолда туғилмоқдалар. Уларни бошқатдан қайта ясаш имконсиздир. Улар айбловларга жавоб бермайдилар, эьтирозларга қулоқ солмайдилар. Агар ўтказилаётган босим шахсий ўзликларига тажовуз қилса, Индиго болалари ўзларини ҳимоя қиладилар, бунда ҳимоя воситасини танлаб ўтирмайдилар: бақиришлари, ҳатто уришишлари мумкин.

    Бу болалар – бошқача болалардир. Тадқиқотчилар ёзишича: «Индиго болалари билимни гўё сўриб олишади, айниқса улар ўрганаётган фан уларга ёқса, билимни ютоқиб симиришади. Агар сиз улар билан муносабатда ўзингизнинг уларни ҳурмат қилишингизни билдирсангиз, индиголар ўзларини жуда яхши тутишади. Эҳтимол, улар бизнинг тушунишимиз қийин бўлаётган самовий хабарларни ерга олиб келгандирлар. Улар ҳақиқатни, тириклик ва олам маьносини тушунишимизда бизга ёрдам берадилар. Индиго болаларини кўзларидан таниб олиш мумкин. Бу кўзларда чуқур донишмандлик ва онглилик зоҳир бўлиб туради».

    «Мовий» болаларни татқиқ этиш билан машғул бўлган олимларнинг аниқлашларича, кейинги йилларда бу ходиса тез-тез учрайдиган бўлиб қолди. Яқин истиқболда туғиладиган болаларнинг 90% Индиго болалари бўлиши кутилмоқда. Тушуняпсизми? Янги, ақлли, эрксевар болалар билан тўла мактаблар! Бироқ табиат Индиго болаларини истеьдод билан бирга айрим камчиликлар билан ҳам тақдирлаган. Масалан, бундай болалар бир лаҳза олдин қувноқ ва ҳаракатчан бўлса, бир неча фурсат ўтар-ўтмас, хомуш тортиши ва кайфияти тушкун ҳолда бурчакка ўтириб, ўзича ниманидир ўйлашга тушиши мумкин.

    Агар ота-оналар – тарбиячилар – ўқитувчилар индиголарни одатдаги усуллар: бақир-чақир, таьқиқлар, қайиш билан уришлар орқали тарбиялашга уринсалар, бундан ёмони йўқ. Бу нозик хилқатларни синдиради, уларнинг юксак вазифасини вайрон қилади. Синган, хўрланган Индиго болалари – бу фалокатга дучор бўлган шахслардир. Бундай болаларнинг кейинчалик қотилларга айланганларига ҳайрон қолмаса ҳам бўлади? Аммо, агар Индиго боласи ўтказилаётган босимга қарши тура олса, у ҳеч нарсадан қайтмайди. Ахир у авторитетларни тан олмайди. Олимларнинг тушунтиришларича, Индиго болаларининг ички қувватлари жуда салмоқлидир, улар бу куч-қувватни қайга сарфлашни билмайдилар. Ахир, уларнинг бошида чарх урган ҳаммағояларни амалга оширишнинг умуман иложи йўқдир. Улар ҳар ҳолда келажакнинг болаларидир, эҳтимолки, бу келажак бугунга айланишига анча вақт борга ўхшайди…

    ИНДИГО БОЛАЛАРИНИ ҚАНДАЙ ТАНИШ МУМКИН?

    Улар бу дунёга ўзларининг улуғворликларини англаган ҳолда келадилар ва ўзларини шунга монанд равишда тутадилар;
    Улар «бу дунёда ҳозир бўлишга арзийдиган шахслар» эканликларини тушунадилар, бошқалар буни англамаслиги уларни ҳайрон қолдиради;
    Уларнинг ҳар бири ўз қадрини баланд баҳолайди;
    Улар авторитетларга бош эгмайдилар, аньанавий бўйсундиришга итоат қилмайдилар;
    Улар айрим ишларни умуман бажармайдилар, масалан, уларнинг саф-саф бўлиб юришлари қийин;
    Ижодкорликни, тафаккурни талаб қилмайдиган ҳамма нарса улар учун қизиқарли эмас;
    Улар кўпинча бирор ишни бажаришнинг афзал усулларини кўра оладилар, шунинг учун улар «мавжуд тартибни вайрон қиладиганлар» бўлиб туюладилар;
    Улар ўзларига ўхшамайдиганлар орасига тушиб қолсалар, ўзларини жамоатчиликдан йироқ тутадилар.;
    Улар қўрқувга қурилган интизомга бўйсунмайдилар («Шошмай тургин, ҳали отанг келсин ва нима қилиб қўйганингни кўрсин!»);
    Улар ўзларига айнан нима кераклигини сизга айтишдан тортинмайдилар;
    Бу болалар туғма файласуфлик истеьдодига эгадир, уларнинг ҳаётнинг моҳияти, инсоннинг ҳаётдаги мақсади, Коинот, Худо ҳақида чуқур фикрлари мавжуддир.

    Бу инжа қалблар Заминга усталардай, муаллимлардай ўз вазифаларини бажариш учун келганлар. Улар шундай дейдилар: «Биз бу сайёрага у ёки бу тарзда илоҳий бокираликка ўтишда кўмак бермоқчимиз. Биз буни меҳр-муҳаббат намунасини кўрсатиб, амалга оширамиз. Сиз биз билан қандай муносабатда бўлишга ўрганасиз, биз билан қандай муносабатда бўлишга ўргангач, сиз бир-бирингиз билан ҳам меҳр-муҳаббатли муносабат қилишга ўрганасиз».

    Бу фазилатлар сизнинг болангизда йўқми?

    Унинг сезгирлиги юқори ва куч-қуввати ичига сиғмайди;
    Ҳар қандай иш унинг тезда жонига тегади, у фақат ўзи қизиққан машғулотга диққат қаратади;
    Агар унинг ҳурматини жойига қўймасалар, катта, обрўли шахсларга нисбатан ҳам исён кўтараверади;
    Тезда ҳиссий мувозанатни йўқотади, чунки унинг мияси буюкғояларга тўла, аммо уларнинг ҳаммасини ҳаётга татбиқ этишга имкон йўқ;
    Билимларни ТВ томошаси ёки қомусларни варақлаш орқали олади, аммо такрор-такрор ҳижжалаб ёдлашни ёмон кўради;
    Жуда кўнгли юмшоқ, қўрқувга тез-тез тушади, масалан, ўлимдан ёки яқин кишисини йўқотишдан қўрқади;
    Агар жуда ёшлигида омадсизликка учраса, фақат биргина босимга норозилик сифатида ҳам ўқишни ташлаши мумкин.

    Индиго боласиғайриодатийдир ва уни таьқиқлар-дўқ-пўписалар-жазолар билан тарбиялаб бўлмайди. У ўзига ишонади ва сиз эьтирозларингиз билан мақсадга эриша олмайсиз. Таьқиқлаш ўрнига улар билан маслаҳатлашинг: «Менга тушунтир-чи, нега шундай қилишни хоҳлайсан? Нима деб ўйлайсан, бу ишингдан қандай натижа чиқади? Кел вазиятни бир ўйлаб кўрайлик. Агар сен шундай қилсанг, иш нима билан тугайди?» Бола, унинг фикрича, нима билан тугашини ҳикоя қилганидан сўнг, ундан сўранг: «Яхши, бу ҳолатда нима қиласан?» Ёш индиго билан сиз ўзингизни айнан шундай тутишингиз керак, акс ҳолда у сиз билан мулоқотдан ўзини четга тортади. Бундай болалар билан баланд келиб гаплашмаслик керак. Улар фақатгина ёши катта бўлгани, сочлари оқаргани ва юзига ажин тушгани учунгина ўзини юқори тутадиган одамларни ҳурмат қилолмайдилар. Индиго болалари билан муносабатда уларнинг ҳурматини қозониш керак.

    ИНДИГО БОЛАЛАРИНИ ИНКОР ҚИЛАДИГАНЛАРНИНГ ИДДАОЛАРИ

    «Менинг қизим – бошдан-оёқ Индиго боласининг ўзи, икки-уч кунлаб фақат олма ва йогурт билан озиқланиб юради (мен бир кунда 1 олма ва 1 йогурт истеьмол қилишини назарда тутяпман), кейин бир ўтиришда бир катта одам ейдиганча тушликни паққос туширади, яна қўшимчасини ҳам ейди. Ҳали эмизикли бола бўлган пайтида биз тўрт хил бўтқа тайёрлаб, шиша идишда бурнига яқин тутардик ҳамда ўзини қандай тутишини кузатардик».

    «Жиянимиз Абдуворис айнан Индиго бўлса керак — у болалигидан бошлаб доим ўзининг Заминдаги ўзига хос вазифаси ҳақида гапиради, Марсга сафар қилиш, Лемурия қитьаси ҳақида ҳикоя қилади. Уларнинг оиласида ҳаммағайритабиий ходисалар билан қизиқишади, аммо болакай ҳали ҳеч кимдан эшитмаган нарсаларини ҳам ҳикоя қилади. Мактабда унинг устидан кулишади». «Энди билиб олдим, мен индиго эканман, ахир, мен умр бўйи ходисаларни атрофдагилардан кўра яхши ҳис қилганман, мени ҳеч ким тушунмаганлигидан ва ахмоқона «тартиб»лардан қийналганман. Энди шуни биламанки, менинг бошқаларга ўхшамаслигим, бошқачалигим – бу жуда яхши экан!»

    Бундай гапларга Индиго феноменини тан олмайдиганлар нима дейишади? «Бошқариб бўлмайдиган, ўжар, ўзини яхши кўрадиган – ҳозирги замон болаларининг сурати мана шунақадир. Улар китоблар орқали ўқишга қийналишади, авторитетларни тан олишмайди, эркинлик исташади ва Заминда ўзларига юкланган вазифани бажаришлари керак деган фикрлари ҳам бор. Тўкин-сочинлик замонини бошдан кечираётган юртларда бундай болалар айниқса кўпчиликдир. Бизда ривожлантирувчи тарбия фикрига чалинган ота-оналар янгича «Қуёш болалари» пайдо бўлгани ҳақида жар сола бошлашди. Ахир уларни само элчилари деб ҳисоблаш ахмоқликнинг ўзгинасидир. Диққат билан назар солайлик: ахир, Индиго болаларининг барча «ўзига хос» фазилатлари — шунчаки таьлим-тарбиянинг ва ижтимоий ҳиссиётларнинг камчиликлари туфайлидир! Мумтозлик ва оддий тўқликка шўхлик қилишни, тантиқликни бир-биридан ажратиш керак. Болаларни овқатга кўмиб ташлаймиз ва кейин уларнинг эркинлигидан ҳайратланамиз! Барча егуликлардан фақат шарбат ва саккизта ширинликни қандай ажратиб олганидан қувонамиз! Қаранг-а, янгича болаларга танлаш имконини бериш лозим, уларни бошқариш имконсиз, нима кераклигини уларнинг ўзи ички сезги билан топиб олади! Бу фазилат нафақат таомномани танлашда, балким бошқа нарсаларда ҳам намоён бўлади: «Йўқ, сиз мени ўзингизгагина қулай бўлган ишни бажаришга мажбурлай олмайсиз». Бизнинг жамиятимизда бола шахсига сиғиниш ҳукмрон бўлмоқда — эмишки, бола туғилганидан бошлаб ҳурматга сазовор шахс. Нима учун уни ҳурмат қилиш керак? Ахир, ҳали у ҳеч нарса қилгани йўқ. Болага шахматда атайин ютқазиб қўйиб, кейин унингғалабасидан ҳайратланадиган бундай ота-оналар Индиго болаларини эмас, худбинликда устаси фаранг дангасаларни вояга етказишади. Маьлумки, Индиго болалари қийинчиликларни енгиб ўта олишмайди. Нега керак? Уларни шундайига ҳам ҳурмат қилиб туришган бўлса… Ҳеч бир хизмати учун эмас – болаларнинг шунчаки борлиги учун. «Оқил» ота-оналар оқилона мувозанатни ҳис этишмайди ва бу болаларга ортиқча пуфлашдан ҳам қўрқишади: аллақандай болалар ҳуқуқларини ҳимоя қиладиган конвенцияни бузиб қўйишмасин тағин! Болаларнинг нозик ўзликларига зарар бўлиши мумкин! Бундай бебошдоқликнинг самараси кўриниб турибди: бу болаларни энди ҳеч ким бошқара олмайди — на мактаб, на милиция, на ота-оналар».

    Индиго болаларини тан олмайдиган яна бир хил кишиларнинг айтишича: «Индиго болалари — америкаликларнинг «кашфиёти» бўлиб, бошқалардан шу билан фарқ қилишадики, уларни ўқитиб ҳам, тарбиялаб ҳам бўлмайди, ҳар ҳолда эскича таьлим-тарбия усуллари билан уларга таьсир қилиш мумкин эмас. Америкада уларга шундай ташҳис қўйишади- диққатни жамлаш етишмаслиги ва ўта ҳис-ҳаяжонга мойиллик, у ерда бу болаларни психотроп дори-дармонлар билан даволашади. Бизда ўқитувчилар шундай ёзғиришади: «Сизнинг болангиз — дўзахдан қочган шайтон, бошқа мактабга ўтказинг»! Агар гўдак билан юмшоқ муомала қилсангиз, унинг яктолигидан ҳадеб ҳайратланверсангиз, худбин, ўзига ишончи зиёда… бўлган девонани тарбиялаб етиштирасиз — ахир бошқа ҳамма одамлар унинг бошқалардан ортиқлигини эьтироф этишмайди, кейин у атрофдагиларни уни тушунмаслигидан, «ғаройиб» бу шахсдан қувонмасликларидан азоб чекиб юраверади. Бундай асабий болалар табиий одамови бўлади, улар билан муносабат қилиш қийинлашади. Уларни минг хил дард таьқиб этади ва бу дардларнинг ҳаммаси асаб туфайлидир. Бир дардни даволаб улгурмасдан иккинчиси бош кўтаради. Уларнинг иммунитети, дарда қаршилик қилиш қобилияти суст, уларғазабнок бўладилар, диққатларини бир жойда жамлашга қийналадилар, асаблари таранг ҳолда яшайдилар. Билимдон шифокорлар буни компьютер олдида узоқ ўтиришдан деб билишади. Ҳа, бу ўйинлар шафқатсиз жангларни зоҳир этади, кучли руҳий тарангликни талаб қилади ҳамда болани ўзини таққослаётган виртуал қаҳрамоннинг яшовчанлигини таьминлашга йўналтирилган бўлади. Фақат шуни билиш керакки, экрандаги қаҳрамон, экрандагиғалаба ҳаётда ҳеч нарсага арзимайди!»

    Индиго болалр борлигига қарши яна бир даъво: «Бироқ, улар шунчалар кўп нарсани билишадики! Биз уларнинг ёшида бўлганимизда бу нарсаларни тушимизда ҳам кўрмагандик!» — аммо сиз уларнинг ёшида бўлганингизда эртадан-кечгача телевизор кўрганмидингиз, ҳамма каналлару кўрсатувларни, шу қаторда мистика, янгиликлар, илмий дастурларни томошо қилганмидингиз? Компьютер бормиди ўшанда? Бу болалар телевизор кўради, ахборотни шимириб олади, кейин китоб ўқий олмайди, чунки ТВда ахборот чайнаб берилади, безалган, бўялган, осонлаштирилган ҳолда тақдим этилади-да. Уларнинг Заминдаги ўша «вазифа»си ҳақида нима дейиш мумкин? Улар Гарри Поттер ҳақидаги фильмларни, Бэтменлар, Покемонлар ҳақидаги мультфильмларни кўриб тарбияланганлар, шунинг таьсирида ўзларини оддий одам қиёфасида юрган «суперинсон»лар, кутилмаган баёнотлар бериш, инсониятни қутқариш, коинот сирларини очишга вакил этилган деб биладилар. Америкаликлар Индиго болалари – инсоният эволюциясининг натижаси, деб ҳисоблашади (ажабо, ўқишни ва ёзишни истамаслик эволюция эмиш). Оддий терапевтлар эса ХХ-асрнинг 80-йилларидан бошлаб децелерация жараёни бошланаётганлигидан хавотир билдиришганди, ҳолбуки, бундан олдинроқ – 70-йилларда акселирация жараёни юз кўрсатганди. Аввалги болалар тез ривожланар, танасининг эпчиллиги ва қарашларининг кўтаринкилиги билан ҳайратлантирарди. Эндиги децелератлар зўрға ҳаракатланишади, ландовурроқ, тез хафа бўлади, қайғуга тушади.

    90-йиллар ўсмирларининг жисмоний ўлчамлари 60 йиллардаги тенгдошлариникидан сезиларли даражада (10%-18%) паст.
    Кейинги 30 йил мобайнида биринчи синф ўқувчилари орасида батамом соғлом болалар(1 ва 2 соғломлик гуруҳлари) сони 61%дан 46%га камайди.
    Мактаб ёшидаги болалар орасида 1 гуруҳ соғломлигига фақат 14% болалар эга, қолган 86% болаларда функционал (49,4%) ва сурункали (36,6%) касалликлар мавжуд.

    Индиго боласи деган ном истеьдодли боласи бор ҳар қандай онага роҳат бағишлайди, шундай эмасми? «Ҳа, менинг болам шунчаки бола эмас, менинг болам – Индиго. Менинг болам – юксак маьнавиятга ва ўз ҳаётий дастурига эга. У Яратганнинг элчиси, ерга самодан жиддий вазифаларни амалга ошириш учун жўнатилган». Ҳали бу китобни ўқимаган қўшни аёл ичикиб ҳавас қилади: «Қара-я, бошқаларнинг боласи – Индиго, менинг болам оддийгина бола экан». Энди тасаввур қилинг: ўқитувчи синфга киради, у ерда эса аксарият болалар – ландовур, юлдузлик касалига чалинган, ўзини самовий онг ва хос вазифаларга эга даҳо деб биладилар. Бу болаларнинг ҳар бири ўз ички оламига биқиниб олган. Ҳар бири бошқалар билан муомала ўрната олмайди. Ҳар бирининг чўнтагида ўз ҳайкали учун кошонаси бор. Ўн ёшида… уларнинг ҳеч бири ҳали ўқишни ҳам, ёзишни ҳам билмайди. Эмишки, гўё улар босимга чидай олишмайди, ахир таьлим муқаррар равишда тарбиячи томонидан бир қадар (эҳтимол, эҳтиёткорлик билан, назокатли тарзда) босим ўтказишга асосланади. Афсуски, бугун жамият Индиго болаларига итоат қилиб қолмоқда, гўё уларга баҳо қўймаслик керак, уларга «мумкин эмас» деб бўлмайди, аксинча – «сен ҳаммадан яхшисан» дейиш лозим. Бундай таьлим-тарбия тизимининг натижали бўлишига шубҳам бор. Бунинг устига, бу тахлит тарбияланган болалар катта бўлгач, ҳаётда ўз ўрнини топа олмайди. Чунки ҳаёт, ҳамиша бўлгани сингари, фақат ўз қадрини билишнигина эмас, балким одамлар билан муомала қила олишни, меҳнатсеварликни, тиришқоқликни талаб қилади».

    ИНДИГО БОЛАЛАРИ: АФСОНАМИ ЁКИ ҲАҚИҚАТ?

    Индиго тадқиқотчиларининг фикрича, 10 ёшдан қуйи болаларнинг 90% Индиго гуруҳига мансуб эмиш. Индиго атамаси болаларнинг янги авлоди таратаётган нурнинг тўқ мовий рангидан олинган экан. Чиройли ном! Гап шу ўзимизнинг оддий болалар ҳақида: қўшниларимизнинг болалари, кўчамизни чангитиб юрган, мактабларимизда ўқиётган болалар…

    Интернетдан иқтибос: «Бугунги болалар занжирини узган қашқирдай, – дейишади муаллимлар. – Уларни буткул бошқариб бўлмайди, катталарнинг фикрига қулоқ солишмайди, ҳеч қандай авторитет ёки қонун-қоида уларни тўхтатолмайди, ўзларини ўзлари истагандай ва ўзларига керак бўлганидай тутишади. Масалан, даб-дурустдан дарснинг ўртасида синфдошининг олдига келиши ёки хонадан чиқиб кетавериши мумкин. Ҳеч бир тортинмасдан ўқитувчига: «Сиз бизни нотўғри ўқитяпсиз», – дейиши мумкин». Ҳа, болани бошқариб бўлмайди. Сабаби оддий, у назоратдан четга чиқиб бўлган. Бугун болалар шуни яхши билишадики, болани уриш – унинг ҳуқуқларини поймол қилиш демакдир. Ҳа, авваллари болаларни жазолаш мумкин эди. Жонга теккан кучукчадай калтаклаш мумкин эди. Бугун ўз ҳуқуқини ҳимоя қилиб, ҳақ бўлган инсонни қандай жазолайсан? Уларнинг қобилияти ота-оналарининг қобилиятидан юқори бўлмай, нима бўлсин?! Улар CD ва DVD ўртасидаги фарқни жуда яхши билишади. Аммо қачонлардир «сникерслар», «йогуртлар» ва «чоко-пай»лар бўлмаганини билишмайди. Улар ҳеч қачон мактабда бир хил мактаб кийимида боришмайди. Аммо улар GAP нимаси билан MEXXдан фарқ қилишини яхши билишади. Бу болаларнинг севимли ўйинчоғи – телевизорнинг бошқарув пульти ва чўнтак телефони. Бу болалар биринчи сўзни талаффуз қилишдан олдин компьютерни ўчириб-ёқишни билиб олади.

    Келгуси ҳаётда фойдаси бўлмаса, мактаб дастурини ўзлаштириш нега керак? Карра-карра жадвалими? Ҳар бир алмаштириш пунктида сизга доллар алмаштириш учун калкульятор тутқазишса, кара жадвалини билиш нега керак? Ҳозир мобил телефонлар калкульятор вазифасини ҳам бажарадиган пайтда, калкульяторнинг ўзи ҳам шарт эмас. Ҳеч бир эс-ҳушли одам (хоҳ бола бўлсин, хоҳ катта ёшда бўлсин) ўзига қизиқ бўлмаган нарсани тингламайди. Бугун грамматика қоидаларини ўзлаштириш ва «ўхшайди» деб ёзиш тўғрими ёки «ихшайди» деб ёзиш тўғримикан, деб бош қотиришнинг нима кераги бор? Ахир, мобил телефон орқали «смс»ка жўнатганда бу сўзни «охшиди» деб ёзишади. Ҳа, тилимизни дабдала қилишаётгани ҳеч кимга ҳам ёқмайди, аммо, агар ўйлаб кўрсак, уларга тўғри ёзишнинг кераги бўлмаяпти-да?! Балким тўғри ёзиш – тарих саҳифасида қолиб кетадиган, ўлиб бораётган фазилатдир. Ҳаётда керак бўлмаётганидан сўнг тўғри ёзишнинг нима кераги бор? Ҳеч бўлмаганда компьютернинг Word дастурида ёзсанг, дастурнинг ўзи хато ва камчиликларни тузатади, нуқта ва вергулларни жой-жойига қўйиб чиқади. Агар бугунги кунда инсон нутқини рақамли технология орқали ёзиб, матнга тушириб бераётган дастурлар ҳам пайдо бўлганини ҳисобга олсак, яқин келажакда фақат тил ўқитувчиларигина тўғри ёзишадиган камёб одамлар бўлиб қолишса ажаб эмасЎзларини жиловлай олишмас эмиш. Ахир роликлар бўлса,ғилдиракли кроссовкалар бўлса (кўзларингиз тушдими?), спорт велосипедлари, самокатлар, виндсерфинглар, сноубордлар бўлса, нега фаолликни жиловлаш лозим?!

    Индиго болалари, босимга чидашмайди, авторитетларни тан олишмайди, дейишади. Ким айтди?! Райҳона, Шаҳзода ёки Шохрух «реппер»нинг концертига ҳар сеансда неча минглаб болалар навбат талашиб киришади, бир кунда минглаб «смс-мактуб»лар жўнатишади. Демак, бу болалар тан оладиганлар, уларнинг меҳрини қозонган ва улар ўртасида обрўли бўлганлар ҳам бор. Ана шу «авторитет»лар катта ёшли маркетологлари билан рейтингларни ҳисоблаб чиқишади, фокус гуруҳлар ва маркетинг гуруҳларда иш олиб боришади. Агар мактабларда эса «Кока-кола авлодлари»ни ҳали-ҳануз эскича, алмисоқдан қолган усуллар билан ўқитишда давом этишса, маркетологлар жалб этилмаса, устозлар дарс бераётган аудитория эҳтиёжларини ўрганишмаса, муаммолар келиб чиқаверади. Кейин келиб чиққан муаммоларни бу болалар «таратаётган нур»нинг ранги билан изоҳлашади. Уларга эски авторитетлар керакмас. Бу болалар кокаин ва героин нима эканини билади. Бу болаларнинг хавфсизлик дарслари бор, улар «терактлар пайтидаги хулқ-атвор қоидалари»ни ўрганишади. Уларнинг атрофида – «хип-хоп», «реп»лар, компьютер ўйинлари, Интернет, исталган мавзудаги сериаллар, бу сериалларнинг аксарияти муҳаббат ва милиция (қотилликлар) ҳақидадир. Улар кўчада мерседеслар ва жипларнинг ёнида юрадилар. Бу болалар пулни яхши кўришади, чунки пул нимага кераклигини яхши билишади. Индиго болалари сайёрамизга, ота-оналарига ва дўстларига хизмат қилиш учун дунёга келганлар, уларга қулоқ тутсангиз, чуқур донишмандлик салоҳиятидан баҳраманд бўласиз. Улар юксак маьнавиятли ва ўз ҳаётий дастурларига эга бўлган шахслардир. Улар Яратганнинг жиддий ниятлар ила Заминга юборган элчиларидир.

    БОЛАЛАРГА ҚАНДАЙ МУНОСАБАТ КЕРАК?

    Индиго болаларини тарбиялашдаги қийинчиликларнинг сабаби шундаки, индиголар бир замонлар ота-оналарини тарбиялашган одатдаги усулларга мос келмайдилар. Бундан ташқари, индиголарга уялтириш, айбдорлик, чеклов ва қўрқитиш сингари таьсир чоралари ҳамиша ҳам натижа беравермайди. Маьлумки, Индиго болалари худбинликлари туфайли «ўзбошимчалик» қилмайдилар. Бу болалар шуни исбот қилишни истайдиларки, уларнинг билимлари – уларнинг ўз ҳаёт ҳақиқатларидир. Бироқ, улар – барибир болалардир ва уларни йўналтириш лозим. Ота-оналарнинг вазифаси ҳам буюриш, бошқариш эмас, йўналтиришдир. Агар сиз уларни тан олсангиз, ёрдам қилсангиз ва қўллаб-қувватласангиз, Индиго болалари сизга ҳақиқий қувонч, бахт келтиради. Акс ҳолда, индиголар ашаддий тиришқоқлик намоён қилишади ва катталарнинг ҳукмбардорлигига изчил қарши туришади. Ноқулай вазиятларга ёпишиб олмасликка ҳаракат қилинг, диққат-эьтиборингизни шунга қаратингки, сизнинг ишончингиз комил: Инсоният наслининг эволюциясига ҳисса қўшмоқдасиз, ўз муҳаббатингиз, шафқатингиз ва сабр-тоқатингиз билан ажиб ва қудратли Инсонни тарбияламоқдасиз – бу жуда мароқлидир.

    Дунёга келган барча болалар – муаллимлардир. Бола бўлганимизда ҳаммамиз ҳам «доно» бўлганмиз. Аммо, катта бўлган сари қандайдир қимматли нарсани йўқотиб қўямиз: шу жойда ва худди шу пайт ҳозир бўлишни, ҳаёт эканимиз учун болаларча қувонишни, ўз ички овозимизни тинглашни, ўзимизни севишни, бутун оламни севишни ёддан чиқарамиз… Индиго болалари, эҳтимол, бизни шунга ўргатиш учун келгандир.

    http://karimbahriev.com

    Published on november 14, 2012 · Filed under: Баҳс - мунозара;
    Kommentarer inaktiverade för Индиго болалари

Comments are closed.