ЯНГИ ДУНЁ www.yangidunyo.org янги дунё www.yangidunyo.com

Саҳифаларимиз

Филмлар

Ҳамкорларимиз:

Рукнлар

Календар

november 2012
M T O T F L S
« okt   Dec »
 1234
567891011
12131415161718
19202122232425
2627282930  

  • Ўзимга мактуб

    Холдор Вулқон

    Салом, Вулқонбой.Ватан фироқи, яқинларинг ва элу юрт соғинчида ақлдан озиб қолмаслик учун яхшиям бахтинга адабиёт, севимли касбинг ёзувчилик бор экан. Ўйлаб қарасам, сен умринг давомида олис масофалардаги одамларга қоп -қоп мактублар йўллабсану, аммо, шундоқ яқин масофада яшайдиган ўзингдан кўз илғамас олисликларга узоқлашиб, ўзинга лоақал биттагина бўлса ҳам мактуб ёзиб қўймабсан. Иш кўп, ёзиш -чизишдан қўл бўшамаяпти, ҳатто бош қашигани вақт йўқ дейсанда.

    Кимда бор экан вақт? Ҳамма вақтини тежайди. Биласанми, аввалги замонларда одамлар туяга, эшакка миниб, ёки пиёда, карвонларга эргашиб, гармсел шамолларда тўзғиган саҳро қумлари кўз очишга қўймаган биёбонлар аро оч ва ташнаком ҳолатда ойлаб, йиллаб тентираганларича қароқчиларга таланиб, Маккага, ҳажга борар эдилар. Бугун айрипилон хожиларни бир неча соатда Маккага элтиб қўймоқда. Қадимги почтачилар бўлса, ўз ҳукмдорининг мактубини ўзга ҳукмдорга етказиш учун отда кечасию кундузи тинимсиз чопганича хафталаб йўл босганлар.

    Бугун дунёнинг бу четида туриб, у четидаги одамга электрон почта орқали хат ёзасан ва ёзган хатинг бир секунд ичида эгасига етади. Илгари одамларнинг аксарияти ишга, бозорга эшак араваларда, пою пиёда секин боришар, ва зарур ишларини битқазишга бемалол улгуришарди. Ҳозир, ҳар бир одамнинг биттадан, баъзиларининг учта-тўрттадан шахсий автоуловлари бор. Аммо, шунда ҳам улар ишларини битқазишга улгура олмаётганларидан шикоят қиладилар.

    Вақт етишмайди уларга. Улар бир -бирларидан ”вақтинг борми?” дея сўрайдилар. ”Узр, менинг вақтим йўқ” дейишади. Вақт қахат. Э, ишонсанг, вақтни бехуда исроф қилмаслик учун кўплар махсус жадвал тузиб, қизил фламастер билан ватман қоғозга ёзиб, уйининг тўрисига осиб қўйишган. Соқол қиртишлашга, тиш ювишга, нонуштага, болаларни мактаб-боғча сари элтишга, ишга бориш ва қайтишга, улфатчиликка, қиттай-қитдай отишга, телевизор кўришга, ухлашга, ва хокозоларга вақтни минут, секундигача тақсимлаб қўйишган. Ибодат қилишга, болаларини тарбиялашга, ота оналарини йўқлашга умуман вақти йўқ уларнинг. Яна соатга қараб-қараб қўйишади. Вақтни қарзга берадиган банклар йўқмикин, фойизи билан қайтарадиган бўлса ҳам майлийди – дея атрофга олазарак аланглайдилар.

    Дўконларда, ёки бўлмаса, газета сотадиган киоскаларда вақт арзонроқ сотилсаку, кўзни чирт юмиб, уч -тўрт соатни сотиб олиб, пичасини касал ётган опамга сарф қилардима. Ё бўлмаса, вақтни улгуржа сотиб олиб, устама нарх билан бозорда пуллаб, роса пул қилардимда. Кейин кузга яқин арзонроқ вақтни омборга ғамлаб қўйиб, баҳорда, нарх – наво кўтарилганда сотардим, бойиб кетардим -дея ўйлайлар. Кейин, йўўўқ, вақтни ғамлаб қўйсам, у вақтлар қиши билан айниб қолса, чириб кетса нима қиламан? -деган фикридан ўзлари қўрқиб кетадилар. ”Айтгандай, вақтни қуритиб қоқи қилсамчи?” деган фикр келади тўсатдан уларнинг мийясига.

    Ҳа, вақтни консерва қилиш керак. Ўшанда чиримайди. Этикеткасига муддатини ёзиб қўяман. Тадбиркорлик билан шуғулланаман -деган ўйдан уларнинг найнов чеҳраси бир лаҳза ёришиб кетади. Аммо вақт дўконларда сотилмайди. Сотилмаса ҳам барибир вақт қиммат. Вақт шу даражада қимматки, мисолан, бир одам вақти тугаб, ўлаётиб, ўз ўғлига илтижоли қараганича: -ўғлим, мен яна бироз яшамоқчиман, пича вақтдан қарз бериб турмайсанми? Кейин қайтарардим -деса, ўғли вақтидан беролмайди. Бунинг сира иложи йўқ. Шунинг учун ҳам ҳамма вақтини қизғонади.

    Кези келса, гап сотиб, бир -бирларининг вақтларини ўғирлайдилар. Баъзиларининг вақти ўғирлангани билан ҳам иши йўқ. Чунки уларнинг вақти кўпда. Вақтини нимага сарфлашни ҳам билмайдилар. Эснааааб ўтирадилар. Бекорчиликдан зерикиб, нима қилишини билмай, вақтни ўлдирадилар.

    Айримлар ”Вақт келади” дейди қатъий. Агар вақт келадиган бўлса, демак унинг оёғи бор эканда, юрар эканда -дея ўйлаб, вақтнинг келишига янада қаттиқроқ ишона бошлайдилар. Сўнг бунга бошқа маслакдошларини ҳам ишонтириб, бир жойга йиғилишиб, вақтнинг келишини сабрсизлик билан кутиб ётишади. Вақт эса ҳадеганда келавермайди. Шунда улардан бири тепаликка чиқиб, қўлининг кафтини кўзларига соябон қилганича, уфқларга қарайди. -Келяптимикан?! -дея сўрашади ундан сабрсизланиб пастда, чуқурликда ётганлар. -Кўринмаяпти – дейди тепаликдаги хафсаласи пир бўлиб. Вақт нега келмаяпти экан? Жуда ҳаяллаб кетди. Ё иш – пиши чиқиб қолдимикан? Балки йўлда касал бўлиб қолгандир? -ҳавотирланади хандакдагилар. -Ишқилиб, ўлиб -нетиб қолган бўлмаса бўлгани – дейди яна бири хўрсиниб.

    Улар етти йил вақтнинг келишини кутиб, бангилар каби ўрада қопларга ўраниб ётаверадилар. Вақт эса уларга сездирмай аллақачон ўтиб кетиб бўлади.Улар жуда узоқ кутишади. Ниҳоят вақт келади. Аммо ўрадагилар энди вақт билан умуман қизиқмайдигандай ўринларидан жилмайдилар, жилолмайдилар. Шамол бангилар ёпинган қопларни тешиб чиқиб, гуллаётган ёввойи ўт ўланларни унсиз тебратади.

    Сенчи, Холдарвўй, кечирасан, Галдарвўй, сен вақтингни нимага сарф қиляпсан? Баъзан интарнетга кирсам, ”Мувозанат” деган яшил сайтингда ўзинга ярашмайдиган даражада майдалашиб, қайдаги ёғийлар билан, оёғинг остида ғинғиллаётган ожиз хашоратлар билан ғижилашаётганинга кўзим тушади ва кулгим қистайди.

    Сен ундайларга эътибор қилма, бехуда, бачкана жанжалларга қимматли вақтингни сарфлама. Почтанга юборилган провакацион жўнатилғиларни спам қил, ўқимай учириб юбор. Сен ёзувчисан.Вақтингни кўпроқ қисмини ёзишга, санъат асарлари яратишга сарфла. Бировларнинг дилига озор етказишга уринадиган, қитмир ва номард кимсаларни жазолашга шошилма. Негаки, уларни қойил қилиб жазолагувчи, хор қилгувчи ХУДО- ХОЛИҚУЛ АРШИЛ АЪЗИМ бор. Сен дунё халқларини ҳайратга соладиган, уларни рохи ростга йўллайдиган, лирик асарларингни ёзавер.

    Илло, адабиётда эришган ҳар бир жиддий муваффақиятинг ёғийларнинг чақчайган кўзларига қоқилган икки юз миллиметрли михлардир.

    Омон бўл, дўстим.

    Ҳурмат билан, ўзинг.

    21 ноябр, 2012 йил.
    Тунги соат 2 дан 57 минут ўтди.
    Кембридж шаҳри, Канада.

    www.muvozanat.info

    Published on november 22, 2012 · Filed under: Холдор Вулқон;
    1 Comment

One Response to “Ўзимга мактуб”

  1. Asarlaringiz menga juda ham yoqadi. Inliz tilida ham ijod qilasizmi?Men ham sizga o’hshab chetda bir necha yillardan beri yashayman. Uzbek tilini yo’qotishni hohlamayman.Shunga uzbekcha yangiliklarni va asarlarni yoqqanini o’qib turaman.Balki nasib qilsa qaytib yurtga halqa xizmat qilarmiz. Faqat siz yozuvchilikni tanlagansiz men ilm yo’lini tanlaganman.Zamonaviy fanlarga ayniqsa aniq fanlarga judayam qiziqaman.Siz bilan qanday bog’lanish mumkin.