ЯНГИ ДУНЁ www.yangidunyo.org янги дунё www.yangidunyo.com

Саҳифаларимиз

Филмлар

Ҳамкорларимиз:

Рукнлар

Календар

februari 2013
M T O T F L S
 123
45678910
11121314151617
18192021222324
25262728  
  • Пул қаёққа йўқолди?

    abulfayz akaАбулфайз Баротов

    Йўл хавфсизлик хизмати ходимининг ола-була таёғи йўл четини кўрсатди. Машина у кўрсатган жойда оҳиста тўхтади. Назоратчи шошилмай машина ёнига юриб келди. Кейин қўлини чеккасига қўйиб ўзини таништирди. Машина ичида ҳар хил музика асбоблари, ола-була кийимлар тахланиб турарди. Назоратчи қўлини туширди-да, кўзи билан имо қилди: “ҳов анови нарсалар нима?..
    -Бизлар цирк артистларимиз,-деди рулда ўтирган узун бўйли, кўз ойнакли йигит.- Мана булар шерикларим.
    “Бу ерда бир гап бор,-деб кўнглидан ўтказди назоратчи.-Анову бурни картошкага ўхшаган, сочлари пешонасига ёпишиб қолган йигит менга ёқмай турибди. Негадир кўзлари бежо. Узун бўйлисининг оғзи бунчалик очилмаса. Муштдай болага бало борми? Балки шу зумраша хизмат кўрсатган артисдир…”Ана шундай ўй-фикрлар хаёлидан ўтган назоратчи шофёрдан ҳужжат сўради. Ҳайдар Пўлатов,- деб ўқиди у гувоҳномани. Кейин паспортига кўз ташлади. Ҳаммаси жойида. Зарбдор тумани Бўстон шаҳарчаси, Саркисов кўча – 4-уйнинг 12-хонадонига расмийлаштирилган. Назоратчи ҳужжатларни қайтариб берар экан, сўради:
    -Қўлларингдан нима иш келади?
    -Ҳамма нарса келади,-деди Ҳайдар кулимсираб.-Бордан йўқ, йўқдан бор қиламиз.
    -Йўғ-е, майли бўлмаса, қани бир ҳунарларингни кўрсатингларчи?
    -Бўлмаса юз сўм чўзинг.
    -Юз сўм… Уни нима қиласизлар?
    -Чўзаверинг, кейин хурсанд бўласиз.
    Назоратчи шимининг чўнтагидан битта юз сўмликни чиқариб, Ҳайдарга узатди.
    -Энди дастрўмолингизни чўзинг.
    Назоратчи қани бу нима ҳўнар кўрсатар экан,- дея кўнглидан ўтказди-да, дастрўмолини ҳам берди.
    -Мана дастрўмолингиз, мана юз сўм пулингиз,-деди Ҳайдар.- Энди пулингизни дастрўмолингизга ўранг-да, кафтимга қўйинг.
    Шундай деб Ҳайдар кабинадан яланғоч кафтини чиқарди. Назоратчи пулини дастрўмолига яхшилаб ўраб, Ҳайдарнинг очиқ кафтига қўйди.
    -Қўлимга қараб туринг,-деди Ҳайдар.-Сўнгра панжаларини бир-бирига жипслаштирди-да, назоратчининг нақ тумшуғи тагида дастрўмолни бироз мижғилаб турди, кейин кафтини очди.
    -Марҳамат, энди дастрўмолни очинг.
    Дастрўмолда пул йўқ эди. У қаёққадир гумдон бўлганди. Назоратчининг эсхонаси ўйнаб кетди. Ё, товба! Ҳайдар назоратчининг шундоқ тумшуғи тагида кафтини очиб турибди. Пулни ўзи авайлаб ўраган эди, ўзи очди. Пул эса йўқ. Юз сўмидан ажраб, юрагига ғулғула тушган назоратчи ола-була таёғини кўтарди-да, “Оқ йўл сизларга!”-деди юзига мулойим тус беришга ҳаракат қилиб.-Яхши боринглар, ишларингизга муваффақиятлар тилайман.
    Бироз юрганларидан кейин Ҳайдар кулиб юборди. Машина ичини енгил қаҳқаҳа қоплади.
    -Умрида чўнтагидан биринчи бор пул чиқариши шу бўлса керак,-деди Абдураҳмон Умурзоқов, ёнидаги шериги Бахтиёр Рустамовга. Машина салонида эндигина 8 ёшга тўлган Ҳайдарнинг ўғли Ғайрат ҳам бор эди.
    Бу воқеа 1997 йилнинг май ойи бошларида бўлган эди. Сеҳргарлар гуруҳи ўқув йилини тугатаётган мактаб ўқувчиларига ўз санъатларини намойиш этиш учун хўжаликларга кетаётган эдилар. Туман ҳокимлигидан уларга шундай топшириқ беришганди.
    Ҳайдар Пўлатов гуруҳи цирк сеҳргарлиги санъати бўйича Жиззах вилоятида биринчи, республикада эса икинчи ўринни олибди, деган гапни эшитганимда, тўғриси жуда ҳайрон қолгандим. Чунки мен ўн йилдан бери Ҳайдар билан битта “дом”да яшайман. Ёнимиздаги “дом”да эса Абдураҳмон Умурзоқов яшайди. Бахтиёр Рустамов эса шаҳарчанинг нариги чеккасида истиқомат қилади. Уларни ҳар куни кўраман. Айниқса Ҳайдар билан кунора учрашиб, суҳбатлашиб турамиз.
    Бир вақтлар Анатолий Кашпировский довруғ таратган кунларнинг бирида, Ҳайдар уйимга келиб, Кашпировскийнинг сеансларини телевизорда кўравериб ўзим ҳам экстрасенс бўлиб қолганга ўхшайман,- деб, нақ юзимнинг олдида панжаларини ёзганида, унинг ҳаракатини тўхтатганман.
    Ўзбекистон маданият ишлари вазирлиги халқ ижодиёти ва маданий-маърифий ишлари республика маркази дорбозлар, анъанавий цирк санъати ва қўғирчоқ театри жамоаларининг Қўқон шаҳрида бўлиб ўтган кўрик-танловида иштирок этган Ҳайдар Пўлатов гуруҳи иккинчи ўринни олиб уйига қайтиб келган кунлар эди.
    -Кутилмаганда Зарбдор туман ҳокими вазифасини бажараётган Ахмад Мажидов мени чақириб қолди,-деб, ҳикоясини бошлади Ҳайдар.- Бундан олдин, яъни апрел ойида Жиззах шаҳрида бўлган танловда гуруҳимиз вилоятда биринчи ўринни олган эди. Кечқурун ҳокимликка борсам, зал лиқ тўла одам. Ҳоким мени минбарга таклиф қилди. Ҳайрон бўлиб чиқдим. Залга туманнинг барча казо-казолари тўпланишган. Ҳоким вилоятда бўлиб ўтган кўрик-танловда ғолибликни қўлга киритганимни айтиб, ҳозир Ўзбекистон маданият ишлари вазирлги томонидан берилган “Фахрий ёрлиқ”ни топширажагини айтганида, залда қарсаклар янгради. Ҳоким “Фахрий ёрлиқ”ни топшириб, қўлларимни сиқиб табриклади. Сўнгра фокус кўрсатишимни илтимос қилди. Асбб-анжомларим уйда қолиб кетган. Нима қилиш керак? Калламга ДАН ходими билан бўлган воқеани такрорлаш фикри келиб қолди. Ҳокимдан 100 сўм сўрадим. У кулимсираб залга имо қилган эди, “Тараққиёт” ширкатлар уюшмасининг раҳбари Абдумажид Эргашев чўнтагидан 200 сўм чиқариб берди. 100 сўмини қайтариб бердим. Ҳамманинг кўз ўнгида юз сўмни дастрўмолимга ўраб, яланғоч кафтларим орасида эзғиладим. Дастрўмолни очганимда пул ғойиб бўлганди. Кейин ҳокимнинг столи устида турган газетанинг бир чеккасидан бир парча йиртиб олдим-да, ярмини ёндириб кафтларимда эзғилай бошладим. Кафтимни очганимда 100 сўм яп-янги ҳолда турарди.
    -Э, отангга балли,- деди ҳоким қўлларимни маҳкам сиқиб.- Сенга яна бир гап айтмоқчиман. Уч-тўрт кундан сўнг Қўқонда бўладиган Республика кўрик-танловида иштирок этасан. Мана йўлланма. Бориш-келишларинг учун машина ажратамиз, оқат текин. У шундай деб залга юзланди.

    -Туманимизда шундай талантлар кўпаяверсин.- Қани унга бир ёрдам қўлимизни чўзайлик, қани нима дейсизлар?
    Ишонасизларми, залдагилар бир зумда 15 минг сўм пул йиғиб беришди. Ўшанда бу катта маблағ эди. Бизларни яхши кутиб олишди. Қўқон шаҳар солиқ идораси бизнинг гуруҳимизни ҳомийликка олган экан.
    Шундай деб Ҳайдар видеосига битта касетани қўйиб, тугмачани босди. Телевизор экранида Худоёрхон қарроргоҳининг ҳовлиси намоён бўлди. Саҳнада Ҳайдар Пўлатов гуруҳи. Абдураҳмон Умурзоқов микрофонда ҳаёжонланиб гапирмоқда. У аҳли Қўқон халқини жиззахлик санъаткорлар номидан қизғин табриклади. Сўнгра сеҳргарлар гуруҳини таништирди. Жозибали мусиқа янграб, саҳнага Ҳайдар Пўлатов чиқиб келди. У мусиқага монанд ҳаракат қилиб, аввал катта бир афиша қоғозининг у ёқ-бу ёғини айлантириб, одамларга кўрсатди. Сўнгра уни юмалоқ қилиб ўраб, кейин унинг ичидан ранг-баранг ленталарни суғуриб ола бошлади. Ҳамма ерни қизил ва кўк ленталар босиб кетди. Кейин бир даста қоғоз парчаларининг устига қизил рўмолни ёпиб очганида, бир дунё юзталик долларлар пайдо бўлди. Унинг маҳоратига қойил қолган тамошабинлар уни қарсаклар билан қайта-қайта саҳнага чорларди.
    Ўзлари ихтиро қилган кир ювиш машинаси лавҳаси бир оз киноя ва юмор билан суғорилган эди. Ҳайдар Пўлатов кир ювиш машинасининг хислатларини бирма-бир санайди: унга одам бемалол кириб чиқади. Сизга ҳеч қандай зиён етказмай устингиздаги кийимларингизни ювиб қўяди, тугмаларингизни қадайди, йиртиқ жойларингизни ямайди. Хуллас, дазмоллаб чиқариб юборади. Ҳали бирон бир мамлакатда бундай машина ихтиро қилинган эмас.
    Японлар кўрса куйиб ўлиши аниқ, дея таърифланган машина ичига Абдураҳмон Умурзоқов киради. Ҳайдар кир ювиш машинасининг мурруватларини аста-секинлик билан бурай бошлайди. Қизил чироқ ёнади, кейин машина титраб, тутай бошлайди. Унинг ичидан овоз эшитилади: қизиб кетаяпман… Ҳайдар машинанинг яна бир мурруватини бураган эди, титраб турган машина қаттиқ қалтираб, кейин гумбурлаб кетди. Ичидан вой-войлаган овоз эшитилди. Эшиги шартта очилиб, ичидан уст-боши йиртилиб, тутаб ётган Абдураҳмон додлаб чиққанича ношуд ихтирочига ташланади. Ҳайдар зўрға қочиб қутулади. Томошабинлар уларни яна қарсаклар билан олқишлайдилар.
    Мен Ҳайдарга анъанага айланган саволни бераман:
    -Устозингиз бўлганми?
    -Бўлган. Қўқонлик сеҳргар, цирк санъати устаси Йўлдошхон Арслонов мен туғилиб ўсган Чинозга гастролга келиб қолди. Ўшанда мен саккизинчи синфда ўқирдим. Ўша томошадан кейин менда цирк устаси бўлиш орзуси пайдо бўлди. Тошкент Давлат эстрада билим юртига ўқишга кирдим. Уни тамомлаганимдан сўнг, Қўқонга бориб Қўлдошхон Арслоновни излаб топдим.
    …Ҳайдар Қўқонда беш йил яшади. Беш йил устозининг цирк гуруҳида хизмат қилиб, сеҳргарлик сирларини пухта ўрганди. Ўша томонлардан уйланди. Қўшни Тожикистоннинг Ашт туманидан тожик қизи Халқинисо Чинозга келин бўлиб тушди. Ўғиллари Ғайрат дунёга келди.
    Эндигина саккиз ёшга тўлган Ғайрат томошаларда бир нечта муракаб машқларни бажаради. Ойна синиқлари устида ётади, ёниб турган қоғозларни оғзига тиқади. Лаган, ликопча сингари буюмлар билан моҳирона машқлар адо этади.
    -Ғайрат, ёниб турган қоғозни оғзинга тиққанингда ёки шиша синиқлари устида ётганингда, оғриқ сезсанми?- деб, сўрайман.
    У кулиб дадасига қарайди. Ҳеч нима демайди. Сирни ошкор қилиш мумкин эмас. Удум шундай. Бу сеҳрли санъат фақат ўз фарзандларига, яқинларига, айрим пайтлардагина иқтидорли шогирдларига мерос бўлиб қолади.
    -Тўғриси, олти-етти йил бўлди, санъатни ташлаб кетган эдим,- деди Ҳайдар ўйчанлик билан.-Баҳор пайтида эди шекилли, Зарбдор тумани маданият бўлими бошлиғи Бахтиёр Элмуродов уйимга келиб қолди. Жон дўстим, вилоятда кўрик-танлов бўлади. Сеҳргар экансиз, бир қатнашиб беринг,- деди. Санъатнинг сеҳри шунчаликки, тинч тура олмадим. Дардим янгиланди. Рози бўлдим. Машинаси билан келиб Жиззахга олиб кетди. Мана энди Бўстон шаҳарчасидаги ҳайҳотдай “Олтин водий” маданият саройининг бадиий раҳбарлигини ол, сеҳргарлигингни юрит,- деб турибди. Қўқонда Республика кўрик-танлови жюрисининг бошлиғи Эркин Тошкенбоев менга қиммат баҳо эсдалдик совғасини топширар экан, шундай деганди: “сенинг катта зафарлар қучишинга, шон-шуҳрат чўққисига чиқишинга ишонаман. Яна шунга ишонаманки, сен арзимас шон-шуҳратга овора бўлиб, қолмайсан. Доимо олдинга интилувчан камтар, ҳассос санъаткор бўл…”
    Мақоламиз Қаҳрамони Ҳайдар Пўлатов 1964 йилда тўғилган. Шу кунгача кун ўтказиш учун ўз билганича яшаб келди. Кўп вақтларини бесамар, бекор ҳам ўтказди. Ҳозирги бозор иқтисодиёти даврида яхши яшаш учун кўнглининг турли кўчаларига ҳам кириб чиқди.Энди билса умр ўтаверар экан. Худо шундай қобилият берибдими, уни инсонларга қувонч улашишдек, эзгулик йўлида ишлатиш лозим экан.
    -Жюри раиси, машҳур цирк артисти Эгамберди Тошкенбоевнинг ўғли Эркин Тошкенбоевнинг гаплари зиммамга катта масъулият юклади,- деди Ҳайдар. Энди мен бошқачароқ яшашим керак.
    У менга цирк томошаларида кийиши лозим бўлган турли хил кийимларни кўрсатди. Уларни катта харажатлар эвазига ўғлига ҳам, шерикларига ҳам тиктирган. Ҳайдар хайрлашиш олдида менга шундай деган эди:
    -Одамлар ун, ёғ учун тўп-тўп бўлиб дўконларга югуришади. Бизнинг томошаларга эса унчалик ҳушлари йўқ. Балки бу вақтинчаликдир.
    Ўша пайтда Ҳайдарнинг бу гаплари мени чуқур ўйга толдирган эди. Кейин Ҳайдар Чирчиққа кўчиб кетди. Ана шунга 8 йилдан ошди. Телефон рақамлари ёзилган дафтарчамни варақлаб Ҳайдарнинг манзилини топдим. Лекин қўнғироқларимга ҳеч ким жавоб бермади. Кейин Ҳайдарнинг гуруҳида ишлаган Абдураҳмон кутилмаганда шундай деб қолди:
    -Ҳайдар оиласи билан Россияда ишлаётган экан. Топиши тузукмиш.
    -Демак у ёқда ҳам цирк сеҳргарлигини қилаётган экан-да. Зўр томошалар кўрсатаётган бўлса керак.
    -Аввал анча вақт ошхонада ишлаб, турли хил овқатлар пишириб сотиб, тирикчилик қи- лишибди. Ҳозир дарёда паромда сузиб, саёҳатчиларга цирк томошалари кўрсатаётганмиш.
    Ҳайдар истеъдодли санъаткор. У Россияда ҳам ўз талантини намойиш этиб, Ватанимиз шуҳратини улуғлаётгани, катта гап. Тирикчилик дегани эса, вақтинчалик нарса. Ҳайдар ўз Ватанига албатта қайтади. Шу умид менга далда беради.

    Абулфайз БАРОТОВ.

    www.yangdunyo.org

    Published on februari 3, 2013 · Filed under: Абулфайз Баротов;
    Kommentarer inaktiverade för Пул қаёққа йўқолди?

Comments are closed.