ЯНГИ ДУНЁ www.yangidunyo.org янги дунё www.yangidunyo.com

Саҳифаларимиз

Филмлар

Ҳамкорларимиз:

Рукнлар

Календар

februari 2013
M T O T F L S
« jan   mar »
 123
45678910
11121314151617
18192021222324
25262728  

  • Бугун Абдувоҳид Ҳайит туғилган кун!

    абдивоҳид-хайитИсмат Хушев

    Умр оқар дарё деганлари рост гап.

    Бугун, не тонгки, Канаданинг энг сўлим ва гулларга тўла маскани бўлмиш Монреалда умргузаронлик қилаётган камтар ва камсуқим дўстимиз Абдувоҳид Ҳайит таваллуд топган кун.

    Абдувоҳид асли Қашқадарёнинг Яккабоғидан.

    1993 йили ТошДУ журналистика куллиётини битирди. Кейин Шаркшунослик институти аспирантурасида ўқиб, 2000 йилнинг май ойида филология фанлари номзоди диссертациясини ёқлади.

    1994 йил “Жон қуши” исмли биринчи шеърий китоби “Ёзувчи” нашриётида чиққан эди.

    Олти йил Жаҳон “Озодлик” радиосининг ўзбек бўлимида хизмат қилди.

    Мана бир неча йилдирки, у ҳам тақдир тақозоси билан хорижда, муҳожирликда.
    Болалигидан адабиётга меҳр қўйган Абдувоҳид бугун ҳам илмий ишларини давом эттириб, энди француз шеърияти билан Алишер Навоий ижодидаги ўзаро боғлиқ нуқталар ҳақида кашфиётлар олиб бормоқда.

    У баъзи бир дўстларимиз каби қачон Ўзбекистонга қайтарканмиз деб, хаёллари паришон бўлиб, ниманидир кутиб юргани йўқ. Ҳамиша ўқиш ва изланишда.

    Ажойиб ва меҳмондўст рафиқаси, бири-биридан ширин фарзандлари бор.

    Дунёнинг энг гўзал тили бўлмиш фаранглар сўзлашувини ўрганиб, ҳатто бу тилда илмий изланишлар олиб бораётгани мени қувонтиради.

    Бир гал йўлим тушиб, Монреал томонларга борган эдим. Бир кеча уйида меҳмон бўлиб, ўзбекча дастурхон атрофида дилбар суҳбат қурганимиз ҳануз ёдимда.

    У ҳеч қачон қаттиқ овоз билан гапирмайди. Ҳамиша сокин ва ўйчан. Фикрлари ҳам мантиқли ва теран…

    Кейин билсам, нафақат ўзи, балки ижоди ҳам шунақа сокин ва улуғвор экан.

    Ўтган йили Торонтода Алишер Навоий юбилейига бағишлаб кеча ўтказилганда ҳам Монреалдан 500 километрлик йўлни босиб келиб, улуғ мутафаккир ҳақида ўша ўзига хос сокинлик ва улуғворлик билан гўзал бир маърўза ўқиган эди.

    Унинг ижодида сеҳрли, оҳанграбо ва мунис сокинликка йўғрилган ажиб бир маҳзунлик бор ва у менга ёқади…

    Худди Ватанидан олис ўлкаларда муҳожирликнинг аччиқ нонини еб юрган миллатдошларининг ҳижронзада ва мискин ҳаёти каби…

    Бугун саҳифамизда эълон қилинаётган шеърларини ўқиб, бунга ўзингиз ҳам ишонч ҳосил қилишингиз мумкин.

    Туғилган кунингиз муборак бўлсин, Абдувоҳид!

     

    ШУКРОНА

    Мен паноҳ тилайман ёмонликлардан,
    Тангри тилагимни айлагай қабул.
    Жисмимга вале ранж йўллар кўклардан,
    Ғамимни кам этмас, қувончимни мўл.

    Тақдири азалнинг ҳикмати жумбоқ,
    Юзида етти қат гардун пардаси.
    Умр – ғайб илмидан кичик бир сабоқ,
    Қазосин қай замон билмиш бандаси.

    Бироқ яратганин ярлақагай Ул,
    Фақат У боисдир, барчаси абас.
    У қодир Эгамдир, амрига биз қул,
    Ихтиёр ундадир, асрар Ўзи, бас.

    Худо мени асрар, қўлларимда банд,
    Ғаддор нафс илгидир – бу, менинг эмас.
    Дил учун жисмимдан эшгай У каманд,
    Ишқ учун кўксимдан ясайди қафас.

    Билдим, вужудимдан ўзга йўқ ғаним,
    Билдим, бир макрига учсанг кифоя.
    Кўксимни қиймалаб, топтаркан таним,
    Осий бу вужуддан қилгай ҳимоя.

    Шубҳасиз, асрамоқ Унинг матлаби,
    Бироқ ғам узра боз йўлларкан шўриш –
    Суйган бандасига панд берган каби
    Барча дўзахларин айлар намойиш.

    Маҳшар майдонида, охират куни
    Еткизмоқ қасдида гўзал Тўбий1га
    Баланд сакрашимдан асрайди мени
    Қуламаслик учун дўзах тубига.

    У ўзи дард бериб, олгучи табиб,
    У ўзи Роҳиму Жаббор, шубҳасиз.
    Бас, ранжу балога занжирбанд этиб,
    Мени балолардан асрар шубҳасиз.

    Мен паноҳ тилайман ёмонликлардан.
    1995 йил февраль, Қарши шаҳри.

    __________________
    Изоҳ: 1Тўбий — жаннатдаги дарахт

     

    КЕЧ

     

    Вақт кеч бўлди, кўзларингни юм,
    Торт кўзингга дарпардаларни.
    Чумчуқчалар ухладилар жим,
    Уйқу олди даррандаларни.

    Бўсағамга кириб келди кеч,
    Қаро либос кийди далалар.
    Қандай келди, қайдан келди кеч,
    Сезишмасдан қолди болалар.

    Юлдуз боқар узоқ-узоқдан,
    Ҳорғин турар бекатлар, уйлар.
    Бунда қўшиқ интиҳо ҳақда,
    Бунда куйлар ҳижронни куйлар.

    Қуюқлашиб бормоқда кеча,
    Йўлакларда тун фарроши – қийр.
    Кечикканлар бунда бир неча,
    Адашганлар зулматга асир.

    Адашмоққа маҳкум этар кеч,
    Кеч суймас ҳеч кечикканларни.
    Кечикмасдан келар доим кеч,
    Кечирмас кеч кечикканларни.

    Кеч дафъатан келмоқда босиб,
    Митти уйда жон сақлар зиё.
    Мен кафтимни кўксимга босиб,
    Кеч ишига турдим маҳлиё.

    Кеч дилимни этди кишанбанд,
    Вужудимни айлади печ-печ.
    Теграмда тун, илгимда каманд,
    Вақт кеч бўлди, энди бари кеч.

    Абдувоҳид Ҳайит

    www.dunyouzbeklari.com

     

    Таҳририятдан:  ”Янги Дунё” таҳририяти ҳам ўз навбатида шоир, таржимон ва олим Абдувоҳид Ҳайитнинг таваллуд куни билан самимий қутлайди.

    Барча ишларингиз ўнгидан келсин!

    Ҳеч кимга ўхшамаган ҳаёт йўлингиз, илмий изланишларингизга биз ҳам ҳавас қилиб яшаймиз. Шу ҳайрат ва ҳавас ҳамиша қалбимизни ёритиб турсин!

    Таваллуд кунингиз муборак бўлсин!

     

    Published on februari 24, 2013 · Filed under: Табрик ва қутловлар;
    Kommentarer inaktiverade för Бугун Абдувоҳид Ҳайит туғилган кун!

Comments are closed.