ЯНГИ ДУНЁ www.yangidunyo.org янги дунё www.yangidunyo.com

Саҳифаларимиз

Филмлар

Ҳамкорларимиз:

Рукнлар

Календар

februari 2013
M T O T F L S
 123
45678910
11121314151617
18192021222324
25262728  
  • Назар Эшонқул: Адабиёт инсон қалби учун курашдир

    назар-адабиётЎзбек адабиётида кечаётган,ҳам миллий, ҳам дунё тажрибаларини ўзлаштирган ҳолда янгиланиш жараёнлари нафақат юртимиздаги адабиёт ихлосмандларида,шунингдек,жаҳон адабиёти ва адабиётшунослик илми одамларида ҳам катта қизиқиш уйғотмоқда. Мана шундай қизиқиш мисоли сифатида куни кеча Кореяда нашр этиладиган эътиборли адабиёт журнали «Gyeongnam Literature»да таниқли корейс адабиётшуноси,филология фанлари доктори, Донгдук университетининг профессори Ин Гён Оҳнинг таниқли ўзбек ёзувчиси Назар Эшонқул билан қилган суҳбатини тақдим этамиз.

    ****

    Ўзбек ёзувчиси Назар Эшонқул билан суҳбат

    – Менга сизни бугунги ўзбек адабиётининг энг истеъдодли вакили деб таништиришди. Ўзингиз ҳақингизда маълумот берсангиз…

    – 1962- йилда Қашқадарё вилояти Қамаши туман Терс ота қишлоғида туғилганман. Ўрта мактабни битириб, 1981-86- йилларда Тошкент давлат университети журналистика факультетида, кейин шу университетнинг аспирантурасида ўқидим. Ёзувчилар уюшмаси, турли адабий газета, Тошкент давлат университети, «Жаҳон адабиёти» журналида ишладим. 1997 йилдан бери Ўзбекистон телерадиокомпаниясида ишлаяпман.


    – Сизни япон адабиётини яхши кўради дейишди…

    – Фақат япон адабиётини эмас… Албатта, япон адабиёти, Лотин Америкаси адабиёти каби бизнинг миллий адабиётга, умуммиллий руҳиятимизга анча яқин. Дард, изтироб, миллий озодлик ва тикланиш руҳи, миллий ўзликни сақлаб қолиш руҳи… ва ҳакоза. Шу сабабли, ХХ аср ўрталаридаги Акутагава, Кавабата, Дзюнитиро каби япон ёзувчиларини яхши кўраман.Замоновий япон насри мени кўп ҳам қизиқтирмайди. Муракамини қабул қилолмайман.


    – Сизни дунё адабиётини кўп ўқийди дейишди. Дунё адабиётидаги кимларнинг асарлари ёқади…

    – Кўп эмасдир. Орқада қолмаслик учун ўқийман. Достоевский, Толстой, Чехов, Кафка, Камю, Кортасар, Фолькнер, Онетти, Борхесни ҳар йили қайта-қайта ўқийман. Ж. Жойс, Томас Вулфларнинг ижодий тажрибалари мен учун ҳамиша сабоқ бўлади. Афсуски, Корея адабиёти билан деярли таниш эмасман. Бизнинг авлод дунё адабиётини рус тилидаги таржимлар орқали таниди. У пайтлари рус журналларида Корея адабиёти ҳақида кам маълумотлар бериларди. Истиқлолдан сўнг “Жаҳон адабиёти” журналида бир нечта корейс адабиёти намуналари берилди. Булар ҳам корейс адабиёти қиёфасини кўрсатадиган даражада эмас, кўпроқ осон таржима учун танланган асарлар. Аммо Корея тарихини яхши биламан. Сармарқанддаги кўҳна Афрасиёб харобаларидан топилган деворий суратда Когурё салтанати элчиларининг Самарқандга келиши акс этган тасвирига қараганда бизнинг мамлакатлар азалдан маданий, ижтимоий, иқтисодий, адабий алоқада бўлган. Худога шукурки, бугун ана шу ришталар тикланди. Бизнинг халқ айниқса, корейс сериалларини яхши кўради. Сериаллар тўлиқ адабий асар эмас. У кўпроқ томашабин эҳтиёжини қондиради. Аммо шуни таъкидлаш керакки, сериалларда халқларнинг адабий диди, маданияти, яшаш тарзи, миллий қиёфалари яққолроқ кўринади. Сериалларга қараб баҳо берадиган бўлсак, халқларимиз бир-бирига кўп жиҳатдан яқин. Турмуш тарзида, атроф-муҳитга, урф-одатларга, жамият ва табиатга муонсабатда умумийлик бор. Шунинг учун Жумонг ҳақидаги сериални худди ўз халқимизнинг қаҳрамони каби томша қилишган бўлса керак. Тақдирни қарангки, бизнинг мамлакат ҳам Корея каби ХIХ аср охирида мустамлака ва қарам давлатга айланди. XX асрда озодликка эришдик. Бу ҳолат оламга ва одамга бўлган адабий муносабатларда муҳим рол ўйнайди. Америкада оламга ва одамга муносабат бошқача. Биз ҳали ҳам гулдан, табиатдан, осмондаги юлдузлардан, ёмғирдан, хуллас, бизни ўраб турган олам муъжизаларидан ҳайратга тушиб, завқланамиз. Ғарб кишиси бу завққа анчайин бепарво. У аллақачон ҳайратлманмай қўйган. Бизнинг халқ ўтмишдан ва анъаналардан узилиб қолгани йўқ. Шу сабабли кўплаб маънавий асосларимизни сақлаб турибмиз. Энг муҳим қадрият – бу оила. Оила барча қадриятнинг асоси. Маданиятнинг ҳам асоси. Оилага қараб туриб, биз бу давлат ва мамлакатнинг эртаси ҳақида аниқ хулосалар чиқара оламиз. Оила ришталари узилган, қадрият сифатида моҳиятини йўқотган жойда маънавий фожелар кутиб туради. Ўзбек оиласи мавзуси Абдулла Қодирийнинг “Ўтган кунлар” романида жуда яхши акс этган. Бу ерда сиз ота-бола, эр-хотин, атрофдагилар билан мулоқат, одамга бўлган муносабатни –чинкам оила ва миллий маданиятни, табиийки, уч хонликка бўлиниш орқасидан Русияга қарам бўлиб қолишга олиб келган иллатларимизни ҳам кўрасиз.

    – Қачон ёзишни бошлагансиз?

    – Биринчи қиссам 1986 йилда босилган. Шундан бери 5 та қисса, битта роман, ўттиздан ошиқ ҳикоялар, эсселар, адабий-эстетик мақолаларим нашр этилди.

    – Фольклорга муносабатингиз қандай? Уни ўқиб турасизми?

    – Ўқиб тураман эмас, ҳар доим ўқийман. Ҳатто болалигимда ўқиган эртаклрани яна қайта ўқийман, улардан ўша пайт кўрмаган ниманидир топаман. Фольклордан, айниқса, достонларимиздан кўп нарса оламан. Бошқа ҳеч қайси халқда бизнинг халқ оғзаки ижодидагичалик достон кўп бўлмаса керак. Тахминан 400 га яқин йирик достонларимиз бор. Ҳар бири ўзига хос олам, эпик кўлам. Булар шунчаки достон эмас, аждодларимизнинг бизга қолдирган ҳикматлари.Фольклор ҳар бир замон ёзувчисига етарли сюжет, ташбеҳ, фалсафа, метофара, услуб беради. Фақат уни топа олиш, уқиш ва олиб чиқиш керак. Фольклор бу денгиз, уни қанча ковласанг, шунча ҳикмат чиқади. Асарларимнинг аксариятида фольклор таъсири яққол сезилади. Кўплар ўз фольклоримизни билмасдан буни “Ғарб таъсири” деб талқин қилишади. Энг севимли машғулотим китоб ўқиш. Китоб мени ҳаракатга келтиради, куч беради, қувват беради.

    – Болаликдан ёзувчи бўлишни орзу қилганмисиз? Болалигингиз сизга қандай таъсир қилган?!

    – Болалик ижодкорнинг фантазиясини тарбиялайдиган ва қанот берадиган давр. Болалик хаёллари бутун умр ёзувчига руҳ, куч ва завқ бағишлайди, илҳом ва қувват беради, оламга ҳайрат кўзи билан боқишни ўргатади. Мактабга бормасдан хийла катта ўзбек халқ эртаклари тўпламини ўқиб чиққанман. Эртаклар менинг тасаввуримга эзгулик ва ёвузлик чегарасини аниқ кўрсатиб берган. Ўша пайтдан бошлаб то ҳозиргача ҳаёт якуни ёруғ ва фожиали, тугалланган ёки тугалланмаган эртаклардан иборатдай туюлади менга. Айни давргача нимадир ёзган бўлсам, ўша болаликда ўқиган эртакларимга бир тақлид сифатида бугуннинг эртакларини ёзишга уриндим. Эртак қаҳрамонларининг ҳаммаси биз яшаётган давр қаҳрамонлари бўлишади. Аслида ҳам ҳаёт қайси маънодадир эртакка ўхшайди. Унда ҳамон ёвузлик ва эзгулик кураши, унда абадиятга дахлдор тимсоллар бор. Биз бу тимсолларни ақлимиз етганича ечяпмиз. Ечолмаётганларимиз эса ундан ҳам кўп. Ҳаётнинг эртаклигини, ўзимизнинг тириклик аталмиш китобда бир саҳифа эканимизни англасак, мангулик ва абадийликни ҳис қиламиз, эҳтимол, шунда биз қанчалик ақлли ва қудратли бўлмайлик, улкан коинотнинг бир зарраси, улкан уммоннинг бир томчиси эканимизни, биз неки қилмайлик, ё эзгу, ёки ёвуз бўлсин, ўша умумийликка бориб туташишимизни, ўша умумийликнинг ё бор, ё йўқ бўлишига хизмат қилишимизни англармиз.


    – Бугун сиз қайси ўзбек адибларининг асарларини дунё тилларига таржима қилиш керак деб ҳисоблайсиз?!

    – Юқорида айтганим Абдулла Қодирийнинг “Ўтган кунлар” романини. Бу романда ХХ аср Ғарб адабиётига хос модерн хусусиятлар йўқ. Бу соф Шарқ романи. Унда ўзбек характери, ўзбек оила маданияти, ўзбек руҳи яққол кўрсатилган. Ўзбекнинг қалбини, маданиятини, мақсадини, истагини билмоқчи бўлганларга бу асар етарли маъулмот беради. Кейин Чўлпоннинг “Кеча ва кундуз”, Қаҳҳорнинг “Сароб”, Миркарим Осимнинг асарларини…

    – Замоновий насрни назарда тутаяпман. Бугунги ёзувчилардан….

    – Бугунги ёзувчилардан Шукур Холмирзаев ҳикоялари, Мурод Муҳаммад Дўстнинг “Лолазор”, Аҳмад Аъзамнинг “Рўё…”, Нормурод Норқобилов, Исажон Султоннинг сўнгги қисссаларини…Бошқа ёзувчиларда ҳам таржима қилса бўладиган асарлар бор. Гап бу асарларни тушуниб, унинг оҳори билан таржима қилишда. Масалан мен шубҳасиз ХХ аср ўзбек ҳикясининг энг яхши намуналаридан бири деб биладиган Мурод Муҳаммад Дўстнинг “Дашту далаларда” ҳикоясини таржим қилиб бўлмаса керак деб ўйлайман. Унинг бутун оҳори ўзбек тилида номоён бўлган. Бошқа тилларда бу оҳор йўқолса, ҳикоянинг ҳеч қандай қиймати қолмайди.

    – Бугунги даврда адабиётнинг жамиятда тутган ўрни қандай деб ўйлайсиз?

    – Адибётнинг жамиятда тутган ўрни кейинги йигирма йилликда бирмунча пасайгандек. Ҳатто баъзилар адабиётсиз ҳам жамият бўлиши мумкинлиги ҳақида гапиришаяпти. Мен бундай жамиятни тасаввур қила олмайман. Адабиёт бошқа санъат турлари каби миллатнинг руҳи, қалбидир. Ҳатто бошқа санъат тураларига қараганда халқ қалбига кўпроқ дахлдор ва яқин. Тарихда юз йиллаб тасвирий санъатсиз, мусиқасиз, киносиз яшалган замонлар бўлган, аммо инсон тамаддун доирасига киргандан, ижод завқини туйиб, ижод қилгали бери адабиётсиз, унинг ё оғзаки, ё ёзма шаклисиз бирон ўн йил ҳам мавжуд бўлолмаган. Камбоджанинг Полпот режими ҳам ёзувчиларни йўқ қилса-да, адабиётни йўқ қила олгани йўқ. Ўша қатағон тузум даврида адабиёт яширин бўлса-да яралди. Аслини олганда бугунги сериаллару кинолар ҳам адабиётнинг шакли ўзгарган тури, холос. Бир пайтлар адабиёт эшитиларди, буни оғзаки ижод деймиз, ҳозир кўриладиган паллага кирди, эҳтимол буни ҳам адабиётнинг “фалон ижоди” деб аташ даври келгандир?! Шакли ўзгарган билан барибир адабиёт миллатнинг руҳи ва қалби бўлиб қолаверади.

    – Сиз нега ёзувчи бўлгансиз?! Сабаб нима?! Ёзганларингизнинг аҳамияти ҳақида гапирсангиз…

    – Саволингизга жавоб бериш анча қийинга ўхшайди. Буни ўйлаб кўрмаган эканман. Бизда, ўзбекларда ҳар бир касбга қисмат деб қаралади. Шунинг учун ёзувчига “Нега ёзувчи бўлгансиз?” деган савол кўп ҳам берилавермайди. Ростдан ҳам нега ёзувчи бўлган эканман? Менимча, одамларга нимадир айтиш истаги туфайли бўлса керак. Ижодкорда одамларнинг ўзидан олиб, яна ўзларига айтиш истаги бўлади. Энг қизиғи ўша ўзларидан олинаётган нарсани одамларнинг ўзи билмагани ва кўрмагани учун шоир ёки ёзувчи уни айтгиси келади. Ана шу ижодкорлик бўлса керак. Мен ёзганларимнинг қиммати ёки аҳамияти ҳақида ҳеч нарса дея олмайман. Буни адабий танқид айтгани маъқул. Бош мақсадим ўзбек миллати руҳи ва қалбининг адабий манзараларини кўрсатишдир. Бугунги ўзбек (жумладан, корейс ҳам) бир томондан бугунннинг энг илғор вакили сифатида, худди Ғарб кишиси каби, тараққиётнинг энг олдинги маррасида цивилазациянинг сўнгги ютуқларидан баҳраманд бўлаяпти ва уни яратаётганлар сафида турибди. Иккинчи томондан эса, Ғарб кишисидан фарқли ўлароқ у ҳали ўзининг азалий анъана ва қадриятларидан тўла узилгани ҳам йўқ. Назаримда техник тараққиёт миллий қадриятларнинг яшаб қолишини шубҳага қўяди, аксинча, унга бетиним тажовуз ҳам қилиб туради. Ана шу тажовуз инсонни ўз қалбидан узоқлаштира боради, уни инсоний фазилатлар ва туйғулардан кўра уни ўзи хизмат қилаётган ғоя ёки тизимга БУРЧ ва МАСЪУЛИЯТ ҳисси кўпроқ боғлайди. Бу хил БУРЧ ва МАСЪУЛИЯТ кишидаги қадриятларга эҳтиёж қолдирмайди, уни яроқсиз ҳолга келтиради. Техноген жамият муносбаталари билан қадриятга айланган муносабатлар тўқнаш келади. Ҳозирдан бу тўқнашувнинг аломатлари кўринаяпти. Оқибатда инсоннинг табиий ҳолати, яъни қалби билан тараққиёт ўртасида ихтилоф келиб чиқаяпти. Бу ихтилоф аллақачон бошланган. Ғарб бу ихтилофни терминаторлар, сурригаторлар тимсолида таърифлаб ётишибди. Нима бўлган тақдирда ҳам келажак адабиёти инсоннинг қалбини, инсон қиёфасини соф сақлаб қолиш учун курашга қурилади, чоғимда. Қалб – инсонда яратганнинг зуҳуротидир. Бу зуҳурот бор экан, инсон ўзини бани оламга дахлдор ва унинг бир қисми, жонли бўлаги деб ҳисоблайди ва уни асрашга интилади. Зуҳурот – қалб бой берилса, инсоннинг бир-бири олдида, табиат ва кониот олдидаги масъулият бой берилиб, бу масъулият техноген жамият яратган масъулият билан алмашади. Бу зуҳуротдан айрилиш – қиёматни белгилаб беради. Бу шунчаки масала эмас. Бу инсоннинг ўзлигини, моҳиятини сақлаб қолиш учун кураш дегани. Ғарбда ота-онасини тақдир измига ташлаб, ўз раҳот- фароғатини кўзлаб, бахт излаб кетиш таббиий қабул қилинади. Биз ўзбекларда, жумладан, билишимча, корейсларда ҳам бу ўта уят ва кечириб бўлмайдиган гуноҳ саналади. Бир қараганда Ғарб ҳаққа ўхшайди. У ўз боласини ўзининг кексалик юки билан боғлаб қўймай, озод қилди. “Озод бўлган” фарзанд энди ҳеч ким олдида бурчли бўлмай ўз эртасини ярата бошлайди. Аммо бу ерда инсонпарварликнинг оддий ҳақиқати бузиляпти. Инсонпарварлик ҳамиша ожизларга шафқат ва мурувват қўлини чўзади. Қадим афсона ва эртаклар бунга гувоҳ. Оддий ҳолатда инсонпарварлик бузилаяпти экан, унда бу озодликнинг миллий маънавиятга путур етказиши аниқ бўлиб қолади. Шу сабабли ҳам бугун ўзини англаган миллатлар шиддат билан ҳаётларига кириб келаётган техноген анъаналар олдида ўзлигини, инсоний қиёфасини сақлаб қолиш учун ўзларининг тараққиёт йўлларини танламоқдалар. Бу фикр “тараққиёт – душман” деган маънони англатмаслиги керак. Тараққиёт инсон қалби ва миллат руҳи призмасидан ўтиб, унинг ўзлигига дахл қилмай сингиши ва инсонпарварликни инкор қилмай, башариятни олға бошлаши керак. Шу пайтгача ўтган гуманистик ғоялар, гуманистик адабиёт шуни таъкидлайди. Ҳам ўзбек, ҳам корейс гуманизми шуни таъкидлайди. Шарқ ҳикмати инсоннинг қалбини сақлаб қолишга ундаши билан гуманистик ҳикматдир. Инсоннинг қалбини сақлаб қолиш бугунги адабиётнинг бош вазифаси ва бурчидир. Ана шунда бугун Ғарб кишисини ёлғизлик ва худосизликка маҳкум қилаётган маънавий фожеалар юз бермайди.

    Суҳбатдош Ин Гён Оҳ
    филология фанлари доктори,
    Донгдук университети профессори (Сеул)

    http://dunyouzbeklari.com

    Published on februari 27, 2013 · Filed under: Суҳбатлар;
    Kommentarer inaktiverade för Назар Эшонқул: Адабиёт инсон қалби учун курашдир

Comments are closed.