ЯНГИ ДУНЁ www.yangidunyo.org янги дунё www.yangidunyo.com

Саҳифаларимиз

Филмлар

Ҳамкорларимиз:

Рукнлар

Календар

februari 2013
M T O T F L S
 123
45678910
11121314151617
18192021222324
25262728  
  • Юртни соғиндингми, қочоқ қондошим

    mahmud YuldoshevМаҳмуд Йўлдашев

    Ватан деб остонам – сени айтаман,
    Ватан бу – бир чимдим тупроқдир азал,
    Кўзимга тўтиё аждодлар юрти,
    Ватан бу – кўнглимга битилган ғазал.

    Ватан бу – мен десам менда кўринган,
    Борлиғу ўтмишим, келажагим шу.
    Тангрининг нури бу менга берилган,
    Ватанга бахт излаб интилмоқ – қайғу.

    Ҳаёт бордир балки Арши аълода,
    Уни кўрган эмас ҳеч бир зот ҳамон.
    Ўша жойда ҳам мен айтиб Худога,
    Менга ватан дейман ястанган Турон.

    Ватан деб остонам сени айтаман,
    Ватан менга асли бир чимдим тупроқ.
    Юрагим ураркан ҳар бир дам, замон,
    Менга ватан эрур туркийлик – қуроқ.

    ***

    Менинг ҳам бошимда ҳаёт ташвиши,
    Ҳар куни чопаман, турли курашлар,
    Бир кун улгуролсам, дунёнинг иши,
    Бошқа кун улгурмай ғамнок юришлар.

    Мана қувиб кетаяпти ҳаёт уммони,
    Елкамда ташвишлар, чўнтакда пул йўқ.
    Шу пайт кўриб қолдим бир чала жонни,
    Эмраниб қиларди бечора қуллуқ.

    Бирдан ўз ўзимни ёқамдан олиб,
    Шу банда олдида тиз чўкмоқ бўлдим.
    Ахир у инсоний ғурурдан ғолиб,
    Садақа сўрарди ҳаётдан мағлуб.

    У мендан садақа сўрайди ожиз,
    Менинг имконимни билмайди нодон.
    Мен ўзим дунёдан қанчалар қариз,
    Елкамда рўзғордек бир чуқур уммон.

    Наҳотки мен ғолиб ҳаёт олдида,
    Қарзларим узмоққа чопаман шошиб.
    Балки гадо ғолиб, Тангри олдида,
    Ёлғон ғурурлардан қутулиб қолиб.

    ***


    Юртни соғиндингми, қочоқ қондошим.

    Ҳар қалай бу дунё ўткинчи бир жой,
    Ўзга бир жонзотга бермайлик озор.
    Илм аҳли сиз ҳам кўрсатинг бир рой,
    Нодон бандасига айтинг “бу бозор”.
    Юртни соғиндингми, қочоқ қондошим.

    Қочоқлар дардини қочган билади,
    Бири асл қочоқ, бири алданган.
    Асл моҳиятни сотқин билади,
    Кимга чин бу дунё кимгадир ёлғон.
    Юртни соғиндингми, қочоқ қондошим.

    Мардларга писандмас жоннинг оғриғи,
    Дилинг чирқирайди, қочоқ қондошим.
    Яширмоқ бўласан кўксингда доғни,
    Қон, заҳар туюлди “бепул” у ошинг.
    Юртни соғиндингми, қочоқ қондошим.

    Ватанга талпиниб яшайсан ожиз,
    Ватан сендан узоқ билмайсан уни.
    Ватан деб куйлайсан, куйлайсан ҳаргиз,
    Унутма ватанга доғ урган кунни.
    Юртни соғиндингми, қочоқ қондошим.

    Нени ҳам талашдинг беш кун дунёда,
    Олтин, лавозимга шунча ўчмидинг.
    “Халқим”, деб қайларга чопдинг пиёда,
    Аслида недандир тубдан умидинг.
    Юртни соғиндингми, қочоқ қондошим.

    Юртда зирқирайди ўтмишинг, пуштинг,
    Бировнинг гилами сенга бир палос.
    Қафасдан қочдим деб қафасга тушдинг,
    Қилғилиқни қилиб лоф урма холос.
    Юртни соғиндингми, қочоқ қондошим.

    Энди сен кўзёшдан умидинг узгин,
    Кўзёш ҳам мардларнинг нодир туйғуси.
    Ҳатто суягинга эга йўқ – бузғун,
    Мана шу ҳаётнинг асл имлоси.
    Юртни соғиндингми, қочоқ қондошим.

    Қочоқнинг тарихда ҳар хили бўлган,
    Машраб ҳам қочоқдир, Фурқат ҳам қочоқ.
    Алихон тўралар хорижда ўлган,
    Сиёсий қочоқми Маҳмуд Яловоч.
    Юртни соғиндингми, қочоқ қондошим.

    Сиёсий маҳбуслар ҳар доим бўлган,
    Сиёсат ўзи шу шахмат ўйини.
    Сиёсий қочоқлар тириклай ўлган,
    Улар кўролмайди юртнинг тўйини.
    Юртни соғиндингми, қочоқ қондошим.

    Сен Бобур эмассан қайта юрт қурсанг,
    Оврупо Ҳинд эмас оёқ остингда.
    Нодон шия ҳам йўқ сиёсат сурсанг,
    Келсанг қувиб чиқар сомон пўстингда.
    Юртни соғиндингми, қочоқ қондошим.

    Меҳнат муҳожири у эркин бир қул,
    Сенда унингчалик мавжудмас имкон.
    Юртига қайтади у эртага буткул,
    Сенинг вужудингчи – бузулган бир қон.
    Юртни соғиндингми, қочоқ қондошим.

    Меҳнат муҳожирин алқамоқ бўлдинг,
    Унга ҳавас қилиб яшайсан, ўйлан.
    Мободо бир куни хорижда ўлдинг,
    Хокингни хокига олмайди Ватан.
    Юртни соғиндингми, қочоқ қондошим.

    Юрт деб яшайдилар юртнинг ичида,
    Ақл қайрамоққа Навоий устоз.
    Ҳақлар таянади халқнинг кучига,
    Муҳитга ён бериб бергайлар овоз.
    Юртни соғиндингми, қочоқ қондошим.

    Кимгадир ёқади кимгадир ёқмас,
    Мен юртнинг ичида курашларга шай.
    Менинг бу фалсафам, Гандидан ҳавас,
    Таёқ еганда ҳам кўтармам вой-вой.
    Юртни соғиндингми, қочоқ қондошим

    Ҳар куни бир ғиштдан қўйсак ҳам агар,
    Шу юртнинг қаддини айлаймиз боғ, бил.
    Айт сендан не фойда, айтгин дарбадар,
    Нени ҳам ғурбатда айладинг қойил.
    Юртни соғиндингми, қочоқ қондошим.

    Сиёсат кўпинча “олчими, товва?”,
    Доимо орзудир “ўндан бир, Бутун”.
    Тасодиф бахт тушса бошингда ғавғо,
    Халқни уйғотайлик, уйғонсин будун.
    Юртни соғиндингми, қочоқ қондошим.

    Тобелик кўпчилик қонига сингган,
    Ҳар аҳмоқ ҳоким ҳам кўринар худо.
    Бир ярим асрки кимни нон урган,
    Ўзига ишонмас, билгани нидо.
    Юртни соғиндингми, қочоқ қондошим.

    Баъзида ўзидан кетади тўра,
    Олчоқ оёғила кимнидир тепиб.
    Тургин, тузатайлик ғофилни, жўра,
    Ҳақ сўзга мук тушиб, ҳақ сўзни ўпиб.
    Юртни соғиндингми, қочоқ қондошим.

    Мен ҳам орзу билан яшайман ҳамон,
    Орзуим ватанни бир обод кўрмоқ.
    Қонун руҳигача сингишиб кирган,
    Мукаммал бир ватан шу бугун қурмоқ.
    Юртни соғиндингми, қочоқ қондошим.

    Қани бир “Тузуклар” темирдай бўлса,
    Юз йиллаб “салгина” ўзгармаса у.
    Тирану одили ҳаттоки ўлса,
    Давлатнинг бошига “Қонуний” келса.
    Юртни соғиндингми, қочоқ қондошим.

    Бу сўзлар аслида менинг кўзёшим,
    У асл қочоққа қаттиқ тегмайди.
    Мен юртда қочоқман кўнглим тўла мунг,
    Юртим деб йиғлаган қочоқ ўлмайди.
    Юрт деб яшайдилар юртнинг ичида.

    Юртни соғиндингми, қочоқ қондошим.

    www.yangidunyo.org

    Published on februari 3, 2013 · Filed under: Шеърлар;
    Kommentarer inaktiverade för Юртни соғиндингми, қочоқ қондошим

Comments are closed.