ЯНГИ ДУНЁ www.yangidunyo.org янги дунё www.yangidunyo.com

Саҳифаларимиз

Филмлар

Ҳамкорларимиз:

Рукнлар

Календар

november 2012
M T O T F L S
 1234
567891011
12131415161718
19202122232425
2627282930  
  • Ёлғиз одам

    Юсуф Расул

    Холдор Вулқонга

    Бу йўллар шу қадар жим-житки, алмисоқдан қолган жайдари саволлар ва одатдаги хаёллар билан қанчалик узоқ йўл босма барибир бу сукунат моҳиятини англаб етмайсан. Йўлда баъзан хотиржам, салобат билан қадам ташлаб қаёққадир кетаётган одамларга, кўпинча эса нимасинидир йўқотиб қўйгандек шошилган, анчайин довдир, кўзлари бежо кишиларга дуч келиб қоласан.Юрак ютиб бу йўллар нега бу қадар жим-жит, осуда ва паришон эканлиги, бу йўллар сени қайга олиб бориши ҳақида улардан сўрагинг келади. Лекин саволларингга улар “Бу сизга нега керак бўлиб қолди?” каби анчайин тутуриқсиз, энсани қотирадиган савол билан жавоб беришади. Чунки, йўловчиларнинг ўзлари ҳам бу йўллар нега бу қадар тинч эканлигини ва улар қаердан бошланиб қаерда тугашини билишмайди.

    Сен эса ҳамма нарсадан умидини узган, барибир қайсидир манзилга етиб боришингни ботинан ҳис қилган одамдек фақат олдинга қараб илдамлайсан. Олдинда сени нима кутаётгани номаълум. Ортда эса қувончу шодлик, ғаму кулфатларга тўла чексиз армонларинг, ўкинч билан яшаган умринг гоҳ ёруғ, гоҳида қоронғу хаёллар ичра ботинингда қайта уйғонади.

    Қалбингни, онгу- шуурингни қийнаган бир сўроқ сени тинч қўймайди: “Энди нима бўлади? Мени олдинда нима кутмоқда?”

    Қор эса борган сари қалинлашиб боради. Худди туманли албионда юргандек олдингдан чиққан одамларни икки- уч қадам қолгандагина бехосдан пайдо бўлган шарпа каби пайқаб қоласан. Худди ёнингдан одамлар эмас қандайдир руҳлар, малаклар ўтаётгандек, гўёки сен одатдаги йўлда эмас, тушда, хаёл кўчаларида кезиб юргандайсан. Ич -ичингдан оғир хўрсиниқ келади: “Оҳ ҳаёт! Бунчалик ҳам ложувардсан?!”

    Нақадар ўгай ва бегона бўлмаса бу йўллар!

    Айниқса, борар манзили аниқ бўлмаган одам учун бу йўллар зерикарли, бегона ва ҳасратли туюлади.

    Қор учқунлари кўзингни очиргани қўймайди. Кафтларингни кўзларингга соябон қилиб узоқ -узоқларга тикиласан. Бироқ ўзаро ким ўзарга баҳс боғлагандек ўйноқлаб тушаётган қор парчаларидан бўлак ҳеч вақо кўзга ташланмайди. “Наҳотки адашиб қолган бўлсам?” дея ўйлайсан. Лекин борадиган аниқ манзили йўқ одам адашиши мумкин эмаслиги ёдингга тушиб, кулиб қўясан. Ҳақиқатдан борар жойинг аниқ бўлмаса, қайга кетаётганингни ўзинг ҳам билмасанг, нега адашишинг мумкин?

    Бу ёғи таваккал деб кетаверсанг-кетаверсанг….

    Лекин қайгадир боришинг, қайсидир жойдан чиқиб қолишинг мумкин-ку!

    Сен оғир қадамлар ташлаб борар экансан, “Қанийди шу йўлларда йўқолиб кетсам, ҳеч кимни кўрмасам, ҳамма нарсадан безиб бўлдим”, деб ўйлардинг.

    Одам ҳам шу қадар тушкунликка бериладими? Нега қалбинг безовта эканлиги, нега одамлардан безганинг сабаби ҳақида ўйлаб ҳайратдан донг қотасан. Чунки, бунинг сабабини ўзинг ҳам билмайсан!

    Аслини олганда сен ҳам бошқалар каби бир одамсан. Сенинг ҳам бошқалар каби вужудинг, бошқалар каби қалбинг, кўзларинг, қўлларинг, орзу хаёлларинг, дардларинг, армонларинг бор. Сен бошқалардан юксак эмассан, бошқалар сендан кам эмас. Лекин одам бу жамиятда яшашдан зерикса негадир ёлғиз қолишни қумсаб қолар экан.

    Ўтмишда ўтган ориф зотлар, суфийлар ҳақидаги хотиралар дам- бадам хаёлингда қайта уйғонади. “Нега улар жамиятдан безиб тоғу тошларни макон этишган? Нега буюк зотлар ўз маконига сиғмаган? Ўз ватанига сиғмаган?”

    Борган сари атрофни қоронғулик қоплаб тун оламга ўз сепларини ёяр экан, қор учкунларидан дардинг, дунёнг ёришиб бораётгани сенга ҳузур бағишларди. “Кимсасиз кўчаларда дайдимоқ қандай яхши? Қандай яхши бу дунёда ёлғиз қолмоқ” дея ўйлардинг.

    Бироқ сен кетаётган – оппоқ қорга бурканган кўчалар, ичингдаги мубҳам туйғулар ва онгу шуурингни банд этган – ичикиш ва соғинч бошқа -бошқа нарсалар эди.

    Қорли кўча – тушунарсиз туйғулар ва соғинч…

    Сен айни дақиқаларда шу уч нарса ичида кетаётгандинг, ёки шу уч нарсани яшаётгандинг. Қорли кўча сени мақсадсиз дайдишинг учун бир восита эди, тушунарсиз туйғулар сени қалбингга ҳаловат ва фараҳ бахш этарди, поёнсиз денгизларда адашган йўловчилар ўз манзилини топиб олиши учун маёқ қанчалик муҳим бўлса, соғинч ҳам сен учун шунчалик азиз ва мукаррам эди.

    “Соғиниб келдим, соғиниб яшайман, соғиниб кетаман”. Сен тасодифан хаёлингга келиб қолган бу сўзлар маъносини чақишга уруниб кўрасан, бироқ негадир бу сеҳрли сўзлар моҳиятини тушуниб етмайсан.

    Бироқ шу нарсани аниқ биласанки, қафасга қамалган қуш озодликни қумсагани каби, инсон ҳам эркинликни соғинади, озод бўлишга интилади. Даққи тасаввурлар қанчалик сени толиқтирса – юксак туйғулар томон интиласан, калтабин ва мижғов одамлардан қочиб ориф ва фозил инсонлар ёнига боргинг келади, руҳиятингга мос бўлмаган нобоп жамиятда яшагинг келмайди- шу сабабли эркин ва озод ўлкаларни қумсаб қоласан.

    Айни дақиқаларда сени кимсасиз кўчалар бўйлаб кезиб юришингга битта сабаб бор эди – у ҳам бўлса соғинч эди.

    Сен Ўзингни соғинганинг учун бошқалардан безиб кўчага чиққандинг. Ўзинг билан узоқ суҳбатлашиш, ўзинг билан ёлғиз қолиб ҳаёт, дунё ва умр моҳияти ҳақида ўйлаш, узун-узун хаёлларга толиш учун оппоқ қор тўшалган сокин кўчаларда кетиб борардинг. Одамлар билан бўлиб ўзингни унутиб қўяёзганинг, оиланг, фарзандларинг, турмуш ташвишлари сени ўзингдан узоқлаштиргани, бу ҳаётда борлигинг, мавжудлингинг дабдурустдан ёдингга тушиб қолганди. Узоқ вақт орзиқиб кутганинг -Ўзинг шундоққина ёнингда эканлигини, тўғрироғи бир умр бирга яшаб, бирга туриб унутиб қўйганинг – паришон ва ложувард осмон каби кимсасиз, етим ўзлигинг ҳам борлигини англаш қандай бахт ёки мусибат эканлигини айни шу дақиқаларда ҳис қилиб турардинг.

    Сен ўзингни соғинган эдинг….

    Кимсасиз кўчаларда мақсадсиз тентираганча ўзлигингни излардинг.Гарчанд, бу йўлларнинг боши ёки адоғи йўқлигини яхши билсангда, гарчанд бу ҳаёт кўчалари ҳеч қачон тугамаслигини ҳис қилиб турсангда, қор босган, кимсасиз – оппоқ туйғулар каби ясанган, ложувард осмон остида яйраб ётган бу кўчалардан Ўзлигингни ахтарардинг.

    www.yangidunyo.org

     

    Published on november 22, 2012 · Filed under: Юсуф Расул;
    1 Comment

One Response to “Ёлғиз одам”

  1. Yusufjon nega uz akahoningiz bulmish HOLDOR VULQON janoblarini yomon kurasiz ? U ham sizga uhshab muholifatga qarshiku ? . . ?