-
Тангри тарафдори
Орегонда қиш ва баҳордан чиқдингизми, кузга тутиласиз, деган гап бор. Бу дегани йилнинг қарийб ҳамма вақти ёғингарчилик бор ва ёз жуда қисқа дегани. Шунинг учунмикан, ёз “одим отдими” аксарият одам дам олиш кунлари ё паркларга чиқади ё Тинч океани соҳилига қараб йўл солади. Қуёшли кунларнинг бирида Бивертондаги марказий паркка чиқдик. АҚШнинг бошқа жойларида бўлганидек, бу ерда ҳам “стол-стул”лар ўрнатиб қўйилган. Ёнгинасида эса қўра. Биттасида уйда “мариноват” қилиб келинган қўй гўшти ва товуқ оёқчаларини жизиллатаётгандик, новча бир киши келиб қолди׃
-Ассалому алайкум, ўзбек экансиз, Худойимдан айланай,-деди.-Саккиз йилдан бери ўзбекни учратмагандим.У тинмасдан гапирарди. Энг қизиғи у адабий тилда худди дикторлардек, нутқ ирод қилгандек сўзларди. Биров ёзиб берган ва у ўқимоқда, деб ўйлардингиз.
Исми Маҳмуд, ўзи Чиноздан экан. Кўринишидан ўттизлардан ошиб қолган.
Бир зумда бориб машинасидан умр йўлдоши ва уч фарзандини ҳам бошлаб келди. Машинаси қимматбаҳо-“Мерседес”. Америкада бунга етиш осон эмас. Авропадан олиб келишгани учун баҳоси осмонда. Бунинг устига қўшимча солиқ ҳам олишади -йилига битта оддий машинанинг пулини тўлаб турасиз. “Мерседес” минганларнинг димоғи баланд бўлади, аммо бу йигит жуда камтар экан. Қўлимдан оташкуракни олиб “Мана бунақа қилиб пиширадилар” дегандек ишга киришиб кетди. Қўли ишда, тили тиним билмайди.
Фарзандларининг иккитаси Америкада туғилибди. Умр йўлдоши Назокат ҳам ўзи каби очиққина, суҳбатга ва ишга киришиб кетадиган экан.
-Биз қўшни Вашингтон штатида яшаймиз. Асалари боқамиз. Ҳаво исидими, шу томонларга жўнатамиз. “Чўпонимиз” бор. У катта машинада олиб келади ва кейин биз хабар олиб турамиз. Ҳозир ўша томонга йўлдан ўтиб кетаётган эдик, паркни кўриб бир неча дақиқага тўхтадик,-деди у севина-севина гапираркан.
У шундай ҳам ҳаяжонланиб кетаётган эдики, икки гапнинг бирида ”Худойимга раҳмат” дерди.
-Узоқдан ўзбек сўзларини эшитиб қолдим. Анча вақт ўзимга ишонмай эшитиб турдим. Кейин яқинлашдим,-деди у.-Биз Совет Иттифоқи қулаши билан чиқиб кетганларданмиз. Ўзбекистонда Деизмчи бўлиб танилгандим. Газетага ҳам “уришган”.
-Нима, атеизм дедингизми?
-Э, йўқ, атеистлар Худога ишонишмайди. Биз эса Худога жуда қаттиқ ишонамиз. Деизм деган оқим бор.
Эшитмаган эканман. Елкамни қисиб қўйдим. Балки насронийликнинг бир туридир, деб ўйладим.
-Ўшанда Англиядан бир оила билан танишиб қолдик. Улар бизга кўмаклашди ва битта фарзандимиз билан Ўзбекистондан чиқиб кетдик. Бўлмаса тошбўрон қилишларига оз қолган. Жоҳил диндорлар уйимизга ўт қўйиб юбормоқчи бўлишган. Бўкадаги воқеаларни эшитиб, яна ҳам қўрқиб қолдик. Англияга кетдик ва у ердан Америкага келдик. Худога минг марта шукур, тинчмиз, ота-оналаримизни ҳам олиб келганмиз.
-Деизм деганингиз динга қаршими? Нега тошбўрон қилишмоқчи бўлишган?,-қизиқиб сўрайман. Чунки ўша пайтларда фикр эркинлиги учун таъқиб қилишганини эшитмаган эдим.
-Биласизми, Суқроту Ҳакимдан Умар Хайёмгача, Волтердан Томас Жеферсонга, Платондан Сенекага, Ломоносовдан Эйнештейнгача жуда кўп зукколар ва теран фикр соҳиблари ўзларини Деизм мансуби деб билганлар. Буни яширмаганлар, аксинча бу борада анча-мунча илмий талқинлар қолдирганлар. Мен ўзим дарс берган мактабда шу ҳақда гапириб балога қолганман.
Хаёлларим минг кўчага кириб чиқади. Шунча машҳур одамлар аъзо бўлсаю наҳотки эшитмай қолган бўлсам? Дарвоқе, билганларимиздан билмаганларимиз кўпроқ. Бунга Америкага келиб минг қарра ишонч ҳосил қилдим.
-Деизм дин эмас, уни философик оқим дейиш мумкин. Лекин бугунга келиб дунё аҳлининг ярмидан кўпини қўрқмасдан шу оқим мансуби дея оламан. Албатта, уларнинг ўзлари буни рад этадилар, аммо кундалик ҳаётлари буни тан олади.
Ажабланишимни кўриб менга тушунтира кетди׃
-Мана сиз ҳам шу оқимга мансуб. Аммо буни айта олмайсиз. Лекин бу факт!
Энди ундан ранжий бошладим. Ҳали танишганимизга ярим соат бўлган эмас, қандай қилиб кимнинг кимлиги ҳақида хулоса чиқаради?
Авзойим бузилганини кўриб, Маҳмуджон жилмайди ва׃
-Бу оқим тарафдорлари ҳар бир инсон кучлиларнинг кучлиси бўлган Яратувчи томонидан яратилган, унга ўзини ўзи бошқариш маъсулияти берилган, у ақли ва идрокини ишга солиб ҳақиқатга ишонади, дейишади.
-Мотрудий фаласафасику бу?
-Фарқи бор. Мотрудийнинг фалсафаси ислом ичида. Лекин Деизм бошқа. Деизмда Худонинг номини истасангиз Оллоҳ, Аллоҳ, Тангри, Год, Бог… дейсизми, фарқи йўқ. Шундай куч бор ва унга ишонасиз. Бу қудратли кучни унинг ўзи берган ақл, қалб, тафаккур, юрак билан тан оласиз, севасиз ва унга сиғинасиз. Буни инсонга берилган энг буюк озодлик, эркинликдир.
-Улар Худонигина тан олувчилар экан-да?,-дейман уни хафа қилиб қўймаслик учун “сиз” ўрнига “улар” сўзини ишлатиб.
-Ҳа, бизни Тангри тарафдорлари дейиш ҳам мумкин. Тангричилар, худопарастлар ҳам дейишингиз мумкин. Биз буюк Тангри билан биргамиз!
-Намоз ҳам қиласизларми?
-Намоз дегани Худога сиғиниш деганими? Биз эрталаб уйғонганда ҳам, нонуштадан олдин, тушликдан олдин, кечки овқатдан олдин, ухлашдан олдин, йўлга чиқишдан олдин, хуллас, юрган йўлимизда Худога сиғинамиз, унга шукр айтамиз, яхшиликларини кам қилмасликни сўраймиз, дуо ўқиймиз. Унинг марҳамати билан одамларга яхшилик қилиш чораларини қидирамиз.
-Дуони қайси тилда ўқийсиз?- деб қизиқиб сўрайман ундан.
-Ўзимнинг она тилимда. Ўзбекча ўқийман. Мени Яратган зот мени тушунади.
Лекин мен уни тушунмаётган эдим. У ҳам буни ангалаётгани учун жон куйдириб гапирарди׃
-Деизм калимаси лотинча Худо сўзидан келиб чиққан. Биласиз, теизм ва атеизм бор. Атеистлар ҳали айтганимдек, Худога ишонмайдилар. Булардан ташқари “шубҳачилар” ҳам бор. Баҳоий деганлари бор. Олий руҳга ишонувчилар ҳам бор.
-Сизларнинг мачитларингиз ҳам борми?
-Кимлардир қандайдир марказлар тузган, лекин мен қўшилмаганман. Менга ўхшаганлар кўпчилик. Деизм дегани Худо билан яккама-якка қолишдир. Инсон бутун вужуди, бутун борлиғини Худога бағишлашидир. Буни одамларга кўз-кўз қилиш шарт эмас, бунинг учун махсус тўпланиш ҳам шарт эмас. Мен Деизмни Худонинг ўзига ишониш, унинг ўзи билангина дўст бўлиш, унинг ўзигагина бўйсуниш ва унинг йўлидангина юриш, деб биламан. Боровларга қўшилдингизми, уларнинг йўлидан юрасиз ёки сизни бошқаришга уринадилар. Мен эса мустақилман, фақат Худога, Худонинг ўзигагина тобеман.
-Тўй-маърака деган гаплар бор?
-Анъаналар ўз йўлига давом этаверади. Истаган жойда тўйхонага киринг. У ерда дуолар ўқилади. Ҳар икки гапнинг бирида Худонинг номи тилга олинади ва ортидан “юзта-юзта” бошланади. Одамлар Худога ишонадилар, лекин бошқа аҳкомларни рад этадилар. Бу очиқчасига сўз билан эмас, балки ҳаракат билан.
Маҳмуджон бир зум тин олдида худди студентларга гапираётган домладек бармоқларини гоҳ бигиз қилиб, гоҳ “қисирлатиб”, гоҳ қўлларини бир-бирига ишқаб давом этди׃.
-Биласиз, кейинги асрларда алчоқлар, омадсизлар, қўлидан бир иш келмайдиганлар, қўрқоқлар, ўғри муттаҳам ва қаллоблар бир думалаб мулла, отинойи ёки руҳонийга айландилар ва динга эгалик қила бошладилар. Буни кўриб турган одамлар ичларида улардан нафрат қиладилар, лекин очиқ гапиролмайдилар. Қўрқадилар. Уларнинг ичига қўрқув солинган. Улар айтадиган “осмонўпар” гапларга ишонмайдилар, уларнинг сўзи бошқа, иши бошқалигини кўриб, динга ишонмаслик инстинкти пайдо бўлади. Насроний черковларидаги хунук воқеалар, яҳудийларнинг ўз орасидаги кескин вазиятлар, мусулмончиликдаги бугунги ҳолат ҳам одамларни динлардан узоқлаштирмоқда. Шу даражага келдики, битта динга кирган одам шу заҳоти бошқа дин мансубига нафрат туядиган бўлди, автоматик равишда бошқа дин мансубининг душманига айланадиган бўлди. Бу эса одамларнинг ҳамма тенг ҳуқуқли, ҳамманинг Яратувчиси бир ва ҳеч ким ҳеч кимдан устун эмас, дегувчи Деизмни кучлантирмоқда. Тангри тарафдорлари беш вақт намоз қилмайдилар, аммо Худога ишонадилар. Черковга қатнамайдилар, лекин Худони тилдан қўймайдилар. Сенагогга бормайдилар, аммо Худо учун қурбонлик қиладилар. Ҳажга бормайдилар, аммо дуоларини, закотларини канда қилмайдилар. Мачитга бормайдилар, аммо ўлим маросимларини анаъаналар талаби асосида ўтказадилар.
-Демак, сизларда келиб чиқиши барча динлардан бўлган одамлар бор. Яъни Худога ишониб, лекин амалларни бажаришмайди?
-Амаллар ва анъаналар бор. Уларни ажратиш керак. Инкор этилмайдиган нарсалар бор. Дунё аҳлининг аксарий қисмида ҳаёт тарзига айланган нарсалар бор. Лекин кейинги асрларда фан ва технология кескин ривожланиб кетиши ана шу ҳаёт тарзини ўзгартираётгани ҳам бор гап. Шунинг учун ҳам “Деизм кескин тарзда ривожлана бошлади ва ажабмаски, бир неча асрлардан кейин йирик динга айланиши мумкин” дегувчилар ҳам бор. Шунингдек, Деизм тарафадорлари орасида ҳозир ҳам бу философик оқимни дин деб атаётганлари топилади. Баъзилар эса, барча динларни рад этган ҳолда Деизмгина инсонларни манипуляция қилишдан қутқаради ва уларга Худогагина ишонишлари учун йўл очади дейдилар. Айрим илгаридан турли динларга мансуб бўлганлар Худони танишда, тан олишда, унга ибодат қилишда ўзлари келиб чиқишлари билан мансуб бўлган дин доирасида амал қилишлари мумкинлигини айтадилар. Худо бандаларини яратган ва эркларини шахсан уларнинг ўзига берган. Асосий гап мана шу.
-Сизлар китобий динларга ва пайғамбарларга қандай қарайсизлар?
-Бир гуруҳ борки, ҳаммасини рад этади. Лекин биз уч динга ишонганларни ҳам ҳурмат қиламиз, пайғамбарларни алоҳида ҳурмат қиламиз, бу Деизмнинг инсоннинг бошқа инсонни ҳурмат қилиши шартлиги қоидасига мос тушади.
-Ўқиб кўриш керак экан…
-Ака, давримиз фан ва технология даври, динларга эгалик қилишни ўз қўлига олаётган чаласаводлар сафи кенгайиб бормоқда. Шундай экан, Деизм ҳам кенгайиб бораверади. Ақлли одамлар ўз тафаккурларининг жиловини ўзларидан ақлсиз бўлганларнинг қўлига тутқазмайдилар…
Унинг бу гапларидан кейин дилимдан мавжуд илоҳий динларда бугун ақлли йўлбошчиларга, замонни рад этмайдиган оқилларга эҳтиёж жуда катта деган фикр кечди.
Ўша кун кўп гаплашдик. Орадан кўп ўтмай у оиласи билан келиб, бизни Тинч океани соҳилига олиб борди. Ўзи билан қўра ҳам олиб келган экан. Шашликни пишириб ўртага олганимиздан кейин у׃
-Ака бир дуо қилинг, бошлайлик,- деди.
Мен “Бисмиллоҳир раҳмонир раҳийм” дедим. Кейин у ҳам айни калимани такрорладида қўшимча қилди׃
-Ё Раббим, берган ризқингга шукур, бутун дунёнинг ва бутун мавжудотнинг мутлақ ҳокимисан! Сенга ҳамду санолар бўлсин! Ўзинг бандаларингни хор этма, офатлардан, балолардан асрагин! Зулмат остидаги ватанимизга озодлик йўлла, одамларга рўшнолик бер, инсоф бер, омад бер!
Унинг ҳамма айтганларини, табиийки, эслаб қололмадим. Эслаганим қадар ёздим. Уни таблиғчи ва Деизмга аъзо бўлишга ундовчи шахс деб ўйладим. Йўллар ва йиллар бизни айро туширди. У онийдан “лип” этган шўъладек бир пайдо бўлиб, кейин ғойиб бўлди. Қаерда бўлсa ҳам омон бўлсин, бошқа бир дунёнинг сувратини чизиб кетди.Олдинги бўлимлар׃
1.Аэропортдаги “марш-бросок”
2.“Жет лаг”
3.Мерит
4.Пост Меридиан
5.Дуохонлик
6.Тил-туннинг моҳитоби
7.Биринчи машинам
8.Ҳислар туғёни
9.Қарсаклар
10.Ёлғонга ишонишhttp://jahonnoma.com
Published on januari 18, 2013 · Filed under: Жаҳонгир Муҳаммад;
One Response to “Тангри тарафдори”
-
Ibrohimjon said on januari 18th, 2013 at 6:26 f m
Jahongir siz muholfatchimisiz ? Yoki muholifatga qarshimisiz ? Nega siz O’XH ga qarshisiz ? Siz Karimovga qarshiman deysiz ? Deputatligingizda esa Karimovni 100 % qullagansiz. Shu haqda batafsil maqola yozsangiz degan umiddaman. http://www.yangidunyo.org saytida kutib qolamizlar.
Охирги изоҳлар