ЯНГИ ДУНЁ www.yangidunyo.org янги дунё www.yangidunyo.com

Саҳифаларимиз

Филмлар

Ҳамкорларимиз:

Рукнлар

Календар

januari 2013
M T O T F L S
 123456
78910111213
14151617181920
21222324252627
28293031  
  • Менинг Маҳзуна онам

    yusuf-rasulЮсуф Расул

    Ҳикоя

    Бу кампирни доимо ўзи яшаб турган мўъжазгина уйнинг деразаси олдида кўрардим. У ҳамиша кўчага тикилганча қотиб турар, бир қарашда шунчаки, ўтган кетганни, ё-да атроф жавонибни томоша қилиб ўтиргандек.. Кўзлари нуқул бир нуқтага қадалган. Кўринишидан жуда бамайлихотирдек эди.

    Биз етти чақирим узоқдан қўшни қишлоқдаги мактабга қатнардик. Мактаб эса кампир яшаб келаётган уйнинг шундоққина ёнида. Келганда ҳам, кетганда ҳам унга кўзимиз тушади.

    Узоққа қатнашнинг ўзи бўладими? Ҳар куни эрталабки дарслар бошланмасдан етиб келадиган автобусга шошиламиз. Қайтишда ҳам шу- қишлоғимиздан ўтадиган сўнгги автобусга улгуришимиз керак. Автобусда қатнаш ҳам осон эмас. Келганда, кетганда пул тўлаш керак. Пулингиз бўлмаса қорни катта ҳайдовчи сизни ичкарига қўймайди. Бир амаллаб, тиқилинчда кириб олсангиз ҳам, қишлоқдан чиқиш жойида автобусни йўл четида тўхтатиб, кимда чипта бор, кимда йўқ, бирма- бир текшира бошлайди. Чиптангиз бўлмаса, йўл ҳаққи тўлаттиради, тўламасангиз йўлнинг қоқ ярмига етган бўлсангиз ҳам автобусдан тушириб юборади, меҳр- шафқат йўқ унда.

    У пайтларда шўро замони эди. Биз қишлоғимиздаги саккиз йиллик мактабни битирган болалар, қўшимча икки йиллик таълимни олиш учун, мажбурликдан қўшни қишлоқдаги ўрта мактабга пиёда қатнардик. Баҳор ва куз ойларида яёв юриш унча қийин эмас. Билинмайди. Қайтанга яхши. Гангур- гунгур қилиб кетаверамиз болалар билан. Қишда эса азоб. Ўтган- кетган машина лой сачратади. Ҳаво баъзан шу қадар совиб кетадики, уйга етгунча қўлларимиз тарашадек қотиб қолади.

    Болалар учун қайғурадиган ташкилотлар бўлмаганми, ёки бизни муаммомиз арзимасдек бўлиб кўринганми, хуллас, анча вақтгача бу ҳақда бирор киши юрак ютиб гапирмаган экан.

    Ўша пайтда унча – мунча қоғоз қоралай бошлаган пайтим…. Қишлоғимиздаги кузги шудгорлаш ишлари ёки пиллакорлар ютуқлари ҳақида ёзган кичик хабарларим туманимиз газетасида эълон қилингач, ўзимни бошқача одамдек ҳис қилар, гўёки ҳамма менга қизиқсиниб қараётгандек, “ана мухбир” деб одамлар бир- бирларига мени кўрсатаётгандек туюларди.

    Мухбирлигим тутдими ёки ўзим каби болаларга ичим ачидими, хуллас, ўқувчилар дуч келаётган муаммолар ҳақида республикада чиқадиган газетага шикоят хати ёзиб юбордим. Хатга ўзим билан мактабга қатнайдиган деярли барча болаларга имзо қўйдириб, уларнинг исм- шарифини ёзишни унутмаган эканман. Ўша пайтларда шикоят хатларига алоҳида эътибор қаратилар эканми, орадан кўп ўтмай пойтахтдан бир мухбир келиб, биз билан бирма – бир суҳбатлашди. Кейин республика газетасида ўқувчиларнинг йўл муаммолари ҳақида каттагина мақола ҳам чиқди. Унда кўтарилган масала туман ижроия қўмитасида кенг муҳокама қилинганми, шундан сўнг бизга автобусда бепул қатнаш ҳуқуқини берадиган ҳужжат беришди.

    Ўша пайтда мактабимиз директори мени кабинетига чақириб олиб, шикоят хати ёзганим учун роса дакки берган эди. Шикоятчилик қилиб юрганни ёқтиришмас экан. Мактаб маъмуриятининг кўзига ола қарғадек бўлиб, ёмон кўриниб қолдим. Синфда бир нарса бўлса ҳам “ёзувчи” деб менга ташланишади. “Шикоятчи, ёзувчидан” камчилик изловчилар кўпаяди.

    Исмсиз, юмалоқ хатлар ҳам албатта текшириладиган замонлар эди. Қишлоғимизда мансабдор шахсларнинг хато ва камчиликларини излаб, қандайдир мақсад – муддаолар билан шикоятчилик қилиб юрадиган бир- икки киши бор эди. Шундайлардан раҳбарлар ўлгудек қўрқишар, уларнинг талаб ва истакларини сўзсиз бажаришга интилишарди. Шундай шикоятчилардан бирини мен яхши танирдим. Ўзи оддий жумла қуришни ҳам билмаган бу кўккўз кимса мени мухбирлик фаолиятимдан хабардор бўлгани учун ҳар куни мактабдан келаётганимда йўлимни пойлаб турарди. Кўнглим бўшлигиданми ёки соддаликданми, уни айтиб турган гапларини қоғозга тушириб беришдан эринмасдим. Бир қарашда, бу одам халқ дарди, ҳасратида куюб -пишиб юргандек таассурот қолдирарди. Кейинчалик уни қандайдир гуруҳлар манфаати учун ишлаётганини тушуниб етганман. Мансаб талашиб юрган кимсалар қўлида у оддий бир қўғирчоқ эди.

    Гап бунда ҳам эмас. Муҳими, айнан шу шикоятчи кимса сабаб кўчага қараган деразадан ташқарига тикилиб ўтирадиган ҳалиги кампирнинг кимлигини билиб олганман. Шикоятчи бир кўча наридаги уйда яшар, улар бир- бирларини яхши танишар эди.

    Болаларча қизиққонлик билан, бир куни бу аёлнинг кимлигини суҳбатдошимдан сўрашга жазм этдим.

    “Нега доимо бу кампир деразадан ташқарига тикилиб ўтиради? Балки кимнидир кутаётгандир! Умуман, бу аёл ўзи ким? Унинг фарзандлари борми?”

    Шикоятчининг айтишича, бу аёлнинг уч нафар ўғли бор бўлиб, улардан иккитаси қўшни қишлоқда оилалари билан яшашар экан. Фақат, уйланганига анча йиллар бўлганига қарамай, ҳанузгача фарзанд кўрмаган кенжа ўғли ўзи билан бирга тураркан.

    “Лекин негадир болалари уни ёқтиришмайди. Оталари автомобил ҳалокатига учраб вафот этгач, улар кампир билан борди келдини ҳам узиб қўйишди. Кенжа ўғли эса ҳовлининг нариги томонидан ўзига алоҳида уй қуриб олган. Бурчакдаги кичкина уйда сиқинди бўлиб яшаётган бечора кампирнинг ҳолидан деярли хабар олмайди у” .

    Суҳбатдошимнинг бу гапларидан кейин кампирнинг нега бу қадар тушкун ва ғамзада эканлигини оз бўлсада тушунгандек бўлдим. Нега ўғиллари уни ёқтирмаслиги сабаби эса менга аён эмас эди.

    Воқеалар шу зайлда ривожлана бошлади. Мени қалбимда ва руҳиятимда ҳам улғайиш каби бир азоб кечаётган чоғлар… Чиройли қизлар эътиборимни тортади. Табиатимга мос равишда ёки ўзимни шундай кўрсатиш ниятида мумсук бўлиб олганман. Дарсдан қайтишда қишлоғимиз кутубхонасига кириб, қўлимга илинган китобни олиб чиқаман. Ака- ука Гриммларми, Гуливернинг саёҳатларими, “Ўтмишдан эртаклар”ми, фарқи йўқ, Эртаси куни бир гала китобларни топшириб, яна янгиларини оламан. Кутубхоначи ҳам ҳайрон, “китобларни сув қилиб ичаяпсанми, бунча тез ўқийсан” деб ажабланиб менга қараб қўяди.

    Ора- сирада мухбирлик қилиб, у бу нарса қоралаган бўламан. Ўзимча қофиясини келтириб шеър ёзишни машқ қиламан. Қизларнинг исмини қўйиб, мувашшаҳлар битаман. Баъзи шеърларим газетада чиқиб ҳам қолади. Шундай пайтларда дунё кўзимга ўзгача кўринади. Қизлар ҳам менга бошқача назар билан қараётгандек, тўлқинланиб кетаман.

    Ўша пайтда газетада чиққан мақола ва шеърларга яхшигина пул тўлашар эди. Уларни тўплаб, етмаганига дадамнинг ёрдамлари билан яхшигина веласапед сотиб олдим. “Десна” номли янги чиққан великлар анча урфга кирган замонлар эди. Энди автобусда қатнаш йўқ. Ўн дақиқада веласапедни учириб мактабга етиб оламан.

    Дастлабки кунлари веласапедимни мактаб яқинидаги дарахтга суяб қўйиб юрдим. Ҳар дақиқада ўғри уриб кетиши хавфи бор. Синфда ўтирсам ҳам икки кўзим унда. Дарс қулоққа кирмайди.

    Шундай кунлардан бирида мактабга сал эртароқ келиб қолибман. Феврал ойининг ўрталари эди. Қиш заҳри кетиб, қорлар чекина бошлаган. Аямажуз ортда қолиб, ожиз бўлсада қуёшнинг тафти сезилган пайтлар…

    Кўчада мендан бошқа кимса кўринмасди. Негадир кампир яшаб турган уйга қарагим келди. Дераза тоза ҳаво кирсин учун ланг очиб қўйилган, ортидан ўша мулоҳим, қандайдир мунгли чеҳра менга тикилиб турарди. Кампирга қараганимда у менга ярим табассум қилгандек бўлди. Негадир кайфияти чоғдек кўринди. Шу пайтгача уни бу каби яхши ҳолатда учратмаган эдим. Ёки атайин ўзини бахтиёрдек кўрсатмоқчими? Ёки бошқа бирор шум нияти бормикан?

    Кампир мега тикилиб, билмасдан қилдими ёки атайинми, қўлидаги йигириб турган урчуқни пастга ташлаб юборди. Юрагим ниманидир сезгандек “шиғ” этиб кетди.Урчуқ думалаб келиб оёқларим тагида тўхтаб қолган эди. Бу кутилмаган ҳолатдан гангиб қолдим. Лекин тезда ўзимни қўлга олиб, урчуққа қўшилиб чангда ётган калава ипни ердан олдимда кампирга узатдим.

    Узатар эканман, юрагим така -пука. Кампирнинг ажин қоплаган озғин қўллари, меҳр билан қараб турган ўша масъум чеҳраси ҳамон кўз ўнгимдан нари кетмайди.

    “Раҳмат ўғлим. Умрингдан барака топгин” деди у синиқ овозда.

    Мактабга қатнай бошлаганимизга бир йилдан ошиқ вақт ўтган, кунда, кун аро унга кўзим тушади. У ҳам менга меҳр билан, самимий қараб қўяди. Лекин, бу қадар яқин келиб суҳбатлашмаган эдик. Шу пайтгача уни овозларини эшитмаганимга ўзим ҳам ҳайрон бўлдим. Овози бу қадар майин ва сеҳрли эканлигини тасаввур ҳам қилиб кўрмаган эканман.

    Секин ортга ўгрилиб, кета бошлаган эдим, яна кампирнинг овози эшитилди.

    “Ўғлим, тўхта, мана бу писта, бодомлардан ол. Қурт ейишни хоҳлайсанми?” …

    Ортга ўгирилиб қарадим. У бир тўп ширинликларни менга тутиб турарди.

    “Қўяверинг, шарт эмас. Қорним тўқ” дедим истамайгина.

    “Йўқ, ола қол, мактабда кун бўйи очиқасан. Истасанг, веласапедингни бизни ҳовлимизга қўйиб кетавер. Ўзим қараб тураман. Сен бемалол дарсингга бориб, қайтишда миниб кетаверасан. Бу ер бехавотир” деди у.

    Олдинига, бу кампир мени кузатиб юрадими, веласапедим ортиқча юк бўлаётганини қаердан билди экан, деб ўйладим. Кейин, ўша пайтда ўғри кўпайгани боис, бу табиий ҳолат деган фикрга келдим.

    Бу мен учун айни муддао эди. Веласапедга қараб турадиган ишончли киши топилганидан суюнибми, ёки кампирнинг самимий сўзлари таъсир қилдими, ортга қайтдим.Майли, дедим. Деразанинг шундоққина ёнидаги ҳовлига кирадиган кичикроқ дарвозадан велигимни ичкарига олиб кириб, деворга суяб қўйдим. Кўнглим анча хотиржам эди. Қувониб, кампирга раҳмат айтиб, мактабга кетдим.

    Энди ҳар куни шу ҳолат такрорланади. Эрталаб тўғри кампирни ҳовлисига веласипедимни қўйиб, мактабга кетаман. Қайтишда у меҳрибонлик билан менга турли ширинликлар улашади. Бу сахийликларидан қандай мақсади борлигини сира тушуна олмайман. Кўнглим ҳам бирда хижил тортса, бирда хотиржам.

    Бир куни онамга мактабимиз ёнидаги уйчада ёлғиз яшаб, нуқул деразадан ташқарига қараб турадиган бу кампирнинг меҳрибонликлари ҳақида гапириб бердим. Онам бу аёлни яхши танир эканлар. “Бу кампирнинг икки ўғли қўшни қишлоқда яшайди. Кенжаси эса ўзи билан бирга. Исми Маҳзуна. Нимагадир ўғиллари уни ёқтиришмайди, шу боис меҳрга зор яшайди у” дедилар.

    Онамнинг  гапларидан кейин бу муштипар аёл ҳақидаги тасаввурларим ўзгариб кетди. Нимагадир анча вақтдан буён бу кампир мен учун сирли туюлиб келган эди. Уни кимлигини билгач, ўртадаги тушунмовчиликлар барҳам топгандек бўлди. Фақат, нега ўғиллари уни ёқтирмаслиги мен учун жумбоқ, англаб бўлмас сир ўлароқ сақланиб қолди.

    Кампир учун яна бир овунчоқ топилган эди. У менга тобора боғланиб қолаётгандек. Энди ҳар куни дераза ортида кўзлари мунғайиб мени кутиб турадиган бўлди. Танаффус пайтида ҳам бирор егулик тайёрлаб туради. Уйга кетиш чоғида албатта қорнимни тўқлаб жўнатади. Мева- чевалар, турли ширинликлар ҳамиша дастурхонида тайёр. Сариқ ёғни куйдириб, шиша идишларга солиб қўяди. Нонга суриб еб, мазза қиламан. Бундан ташқари ичига чўғ солинган сандали менга маъқул. Баҳор оёқлаб қолганига қарамай ҳаво ҳали анча совуқ. Музлаб қолган оёқларим иссиқдан яйрайди. Сандалда чўғ сўниб, кулга айланиб қолса, тезда печкада ёниб турган кўмирдан ҳокандозга солиб олиб келаман. Кампирни ҳам худда ўз онамдек ёқтириб қолганман. “Менинг меҳрибон онам” деб эркалатиб, елкаларига қоқиб қўяман. Шундай пайтларда мийиғида кулиб, бир яйрайди, қўяверасиз.

    Ҳар куни бу уйга кириб чиқарканман, кампир яшаб турган ҳовлининг нариги томонидаги кунгай бетда ўзларига бир хона ва бир даҳлизли уй қуриб олган кенжа ўғли ва унинг қувноқ, шўху шаддод хотини менга ажабланиб тикилишади. Эрининг тили дуқуқ, жуда камгап, дунёни сув босса тўпиғига етмайдиганлар хилидан. Нуқул тешасини тиққиллатиб, эски тахталардан нимадир ясайди. Стол- стулми, нарвонми ёки хонтахтами… Менга бир қараб қўйиб, жимгина ишини давом эттираверади. Кираман, чиқаман, бу бола нега серқатнов бўлиб қолди, деб сўрамайди ҳам. Янгам эса худди ўз укасидек мен билан ҳазиллашади. Нуқул яхши кўрган қизим борлигини билгиси келадими-ей ёки қайси китобни ўқиётганим, қандай шеър ёзаётганим уни қизиқтиради.

    Биз худди яқин қариндошлардек бўлиб кетдик. Кампир мени ўз ўғлидек яхши кўриб қолганди. Турли байрамларда менга қандайдир совға тайёрлаб қўйган бўлади ёки пул беради. Мен ҳам онам бериб юборган кийим бошлик материалними, рўмолними, албатта унга тортиқ қиламан.

    Ниҳоят бизни мактаб давримиз ҳам ортда қолди. Мен Тошкентга, Университетга ўқишга кирдим. Ўқиш билан бирга ярим моаш билан бир газетада ишлай бошладим. Топганим ўзимга етиб ортади. Ўқиш ва иш давомида кўплаб таниқли журалистлар, ёзувчи ва шоирлар билан танишиб, тажрибамни оширдим, дунёқарашимда катта ўзгаришлар содир бўла бошлади. Таътил пайтларида қишлоққа борганимда албатта Маҳзуна онамни зиёрат қиламан. У ҳамон ўша -ўша, ҳамон дераза ортида. Узоқ- узоқларга тикилади. Кимнидир кутгандек бўлади. Мени кўргач, дарду ғамларини унутади. Тошкентдан олиб борган турли ширинликларми ёки кийим- бошларни кўриб, қувончдан ўзини қўйгани жой топа олмай қолади. “Менинг шоир ўғлим келди” деб қўни- қўшниларига мақтаниб ҳам қўяди. “Онанг сени жуда соғинганлар, фақат сени сўраганлари сўраган. Йўлингга кўз тикиб, кўзлари тешилиб кетдику ” дейди ҳазиллашиб янгам.

    Иккинчи курсни битириб, бир ойлик таътилда уйга борганимда, онам қизиқ гап топиб келдилар. “Ўғлим, Маҳзуна онангни билмас эканмиз. У фарзандларига ўгай экан. Уни эри урушда ўлгач, яккаю ягона ўғлини болалар уйига топшириб юборганини айтишди. Ўша ўғли ҳозир Ургут шаҳрида яшаркан. Яқинда излаб- излаб, онасини топиб келибди” деб қолдилар.

    Бу сўзларни эшитиб, худди электр токи ургандек титраб кетдим.

    “Бўлиши мумкин эмас. Наҳотки менинг Маҳзуна онам ўз оиласига бегона бўлса? Наҳотки у бир вақтлар ўз фарзандини ташлаб кетган бўлса! Бўлиши мумкин эмас!”

    Бу гапни эшитиб, кампирнинг руҳий аҳволини тушунгандек бўлдим. У шу пайтгача ёлғиз ўғлини кутиб яшаган. Ҳар куни дераза олдида кўчага тикилиб ўтириши сабаби шунда эканда. Нега уни ўғиллари ёқтирмаслиги сабабини ҳам энди тушунгандай эдим. Улар бу аёл ўзларига ўгай эканлиги учун, унга шундай муносабатда бўлишган.

    Нега шу пайтгача менга бу ҳақда ҳеч ким айтмаган? Маҳзуна онамнинг ўзи ҳам бу ҳақда бирор нарса демаганди-ку! Қачонлардир болалар уйига бериб юборган ўз ўғли борлигини айтганида мен уни излаб топган бўлармидим. Ёки уялганми, бундан шарм қилганмиди? Ўз жигарбандини ўзга қўлларга ташлаб келгани учун умр бўйи виждони қийналиб яшадими?

    Ўшанда Маҳзуна онамга деб Тошкентдан янги чиққан қалин жунли рўмол олиб келган эдим. Рўмолни ва бошқа майда- чуйда совғаларни онамга қолдириб, зарур ишим борлигини айтдимда, тезда Тошкентга қайтиб кетдим.

    Кўнглимга ҳеч нарса сиғмасди. Ётсам ҳам, турсам ҳам, кўз ўнгимда нуқул дераза ортидан кўчага қараб ўтирадиган, жигарбандини кутавериб ичиккан она сиймоси гавдаланаверарди. Неча йилларки, ўғлини йўлини пойлаб, кўзлари нигорон, соғинчдан адои тамом бўлган бечора Маҳзуна онам… Балки, энди узоқ йиллик айрилиқ азобларини унутгандир. Балки, энди деразадан кимсасиз кўчага интизор тикилиб, вақт ўтказмас?!. Қайдам, ким билади…

    Кейинги йил ҳам ёзги таътилда қишлоққа бормадим. Дадам онам билан кичкина укамни ўқишга олиб келишган экан. Унга ўқишга киришига ёрдам бериш баҳонасида шаҳарда қоладиган бўлдим.

    Қайтишаётганда юрак ютиб, Маҳзуна онам ҳақида сўраган бўлдим. “Ўғлим, дунёнинг ишлари қизиқда. Маҳзуна онангнинг Урутдан топилиб келган ҳалиги ўғли кўчада юравериб, ўғри, безори бўлиб кетган экан. Хотини ва икки ўғлини ташлаб, банкда ишлайдиган бир тул хотинга уйланган дейишганди. Ўша хотини уйига сиғдирмабди. Бир ҳафтанинг ўзида онасини яна қишлоққа олиб келиб ташлади”.

    Бу янгиликни эшитиб, бечора Маҳзуна онамга юрак -юракдан ачиндим. Шўрлик, шунча вақтдан буён кутиб юрган жигарбандининг уйига сиғмаган бўлса, қийин бўлибди… Яна ўгай болалари зуғумлари остида чидаб, кун ўтказишдан ўзга чораси ҳам қолмагандир…

    Орадан кўп вақт ҳам ўтгани йўқ эди. Бир куни таҳририятда  ишлаб ўтирганимда, тоғдан тушиб келаётгандек қалин жун чакмон кийиб олган, кўринишидек қароқчиларга ўхшаган, қирғий бурин бир киши салом – аликсиз хонага кириб келди. “Тожикистонлик журналист сен бўласанми?”, дея ишхонамиздаги беш журналист ичидан ҳеч иккиланмасдан тўғри мен томон юрди.

    “Ҳа, мен… Нима ишингиз бор эди? Сизни ким редакцияга қўйиб юборди?” дея ҳайратимни яширмай ундан сўрадим. Сабаби пастда турган қўриқчилар албатта бирор киши келса бизни рухсатимиз билан уни ичкарига қўйишарди. Бу кутилмаган меҳмон эса…

    “Э, онасини уларни. Туалетга кираман деб тўғри келавердим…”

    Оғзидан боди кириб, шоди чиқаётган бу одам  Маҳзуна онамнинг Ургутда яшайдиган ўғли- Жаббор амаким бўлиб чиқди.

    Далли- ғулли, тўпори, юзинг, кўзинг демай қўйиб юбораверадиган бу одамнинг нимасидир менга ёқиб қолганди. Бир томондан болаликдан менга қадрдон бўлиб қолган азиз кишининг фарзанди бўлса, бошқа томондан жуда улфат, дўст учун пулини аямайдиган мард инсондек кўринди.

    Ўша куни ишдан жавоб олиб, Тошкентни роса айландик. Кечки пайт иккаламиз икки – уч улфат билан бирлашиб, бўкиб ичдик. Банкда ишлайдиган хотини қисқартириш кетаётгани боис, ишдан бўшатилиш арафасида турган экан. Шунга ёрдам сўраб келибди.

    “Ука, хотиним пул санамаса касал бўлиб қолади. Шунга ёрдам бер, яхшилигинг ерда қолмайди. Рози қиламиз” деди у.

    Қишлоққа борганида, мени Тошкентда обрўли жойда ишлашимни айтишган, дадамдан иш жойим ва телефонларимни суриштириб ёзиб олган экан.

    Бош муҳарриримиз эл таниган ёзувчи эмасми, эртаси куни бир илтимосим билан вилоят банки раҳбарига телефон қилиб, бу муаммони ҳал қилди. Шахсан раҳбарнинг ўзи опахонни ишда қолишига кафолат берди. Бу қувончли хабарни олдимизда эшитиб ўтирган Жаббор амакининг қувончи ичига сиғмасди. Бош муҳаррир иккаламизни тушлик пайти роса меҳмон қилди.

    Хайрлашар эканмиз, Маҳзуна онам ҳақида сўрадим. Унинг жавоби эса мени донг қолдирганди.

    “Кампирми? Юргандир кунини кўриб.. Бир йилдирки қишлоғингга бормадим, ука” деди у нописанд аҳволда.

    Кечагина менга ялиниб турган бу ўгай кўзлар, бугун мағрур боқарди. Жаббор амакининг бу гапларидан рости кўнглим оғриди. Жаҳлим чиқди. Лекин индамадим…У, ишим битди, эшагим сувдан ўтди, деган хаёлда Ургутига қайтиб кетди. Менга эса шўрлик Маҳзуна онамнинг кейинги тақдири қаттиқ азоб берарди.

    Бир умр кутиб яшаган фарзанди наҳотки шу қадар оқибатсиз чиққан бўлса! Кўчада ўсган боладан нимани ҳам кутиш мумкин?

    Ўша йили укам ўқишга киролмади. Ҳуқуқшунос бўлишни орзу қилиб юрарди. Тошкентдаги олийгоҳларга порасиз кириш имконсиз эди. Бир йил тайёрлов курсида ўқийсан деб олиб қолдим. Кейинги йили яна бўлмади. “Э, ўзимизни Хўжанддаги пединститутга кираман. Тошкентингизни елкамнинг чуқури кўрсин” деб қайтиб кетди. Мен эса ота- онамни зиёрат қилиб қайтиш мақсадида қишлоққа йўл олдим.

    Қишлоқда бир кун турган эдимки, дадам Хўжандга бориб, қандай қилиб бўлсада, укамни олийгоҳга киришига ёрдам беришим кераклигини айтиб қолдилар. Мен эртаси куни зудлик билан йўлга чиқдим. Бормасам ҳам бўлар экан. Укам ўз кучи билан институтга кирибди. Лекин, мазза қилиб, Сирдарё бўйларини айландик, ижодкор дўстларимиз билан учрашиб суҳбатлашдик. Мушоиралар қизиди.

    Айни вақтда Маҳзуна онам оғир бетоб ётганидан хабарсиз эдим. Мени қишлоққа борганимни эшитиб, “шоир ўғлим келибди” деб роса қувонибдилар. “Дийдорини бир кўриб ўлсам армоним йўқ эди” деб янгамга айтган эканлар.

    Ёшлик бебошликлари, шўх- шаън давралар мени ўзига тортган, ўзимдан бошқа ҳеч ким кўзимга кўринмасди. Ҳар куни кайфу сафо, зиёфату майишатлар …

    Хўжанддан масту аласт ҳолда автобусга ўтириб тўғри Тошкентга йўл олдим. Ўша куни неча йиллардан буён мени кутиб, соғиниб яшаган, дийдоримни охирги марта кўришга орзуманд Маҳзуна онам бандаликни бажо келтирганликларини билмасдим…

    Таъзияга бир умр кутиб яшаган нобакор ўғиллари келмабди. Ўгай фарзандлари барча урф- одатларни жойига қўйиб дафн этишибди.

    Кейинчалик Маҳзуна онамнинг ўғли ҳам оғир хасталикдан сўнг касалхонада вафот этганини эшитдим. Тақдирни қарангки, бир вақтлар ташлаб кетган хотини ва ўғиллари оталарини сўнгги йўлга кузатиш маросимида иштирок этишмабди.

    Бу воқеаларга ҳам кўп йиллар бўлди. Мен бирмунча вақт Тошкентда маҳаллий газеталарда ишладим. Тақдир тақозоси билан Европага кўчиб келиб, бегона юртларда қолиб кетдим.

    Ўтган йили узоқ йиллик муҳожирликдан кейин қишлоққа қайтиб бордим. Болалик даврим ўтган қишлоғим, қишлоқ одамларини жуда соғинган эдим. Тангрига шукр, ота- онам, қариндош- уруғларим ҳаммалари яхши яшаб юришибди. Қўшни қишлоқдаги ўзим ўқиган мактаб ёнидан ўтар эканман, беихтиёр Маҳзуна онамни эсладим.Ажабо, мактаб ёнидаги ўша мўъжаз уй бузиб ташланган, ҳовлини бир пулдор одам сотиб олиб, миллий таомлар ошхонасини қурибди. Олдинги эгалари қаёққадир кўчиб кетишган. Кўчага қараган дераза энди йўқ эди.

    Қабристонга бориб, бундан йигирма йиллар муқаддам вафот этган Маҳзуна онамнинг хоку туроблари турган жойни изладим. Қоровул менга кун ботар томондаги текисланиб, ер билан бирлашиб кетган қабрларни кўрсатиб, “Шулардан бири бўлса керак , ўзим ҳам аниқ билмайман” деди.

    Шўрлик, Маҳзуна онам…

    Бутун умрини деразага тикилиб, кутиш билан ўтказган бу муштипар аёлнинг сўнги манзили ҳам аниқ эмас…

    Лекин менинг қалбимда бир қабр бор. У қабрда бир мунис инсон яшайди. Мен у қабрни ҳамиша ўзим билан бирга кўтариб юраман.

    …У умр бўйи оқибатсиз инсонларни кутиб яшаган эди…

    2013 йил, январь, Швеция.

    www.yangidunyo.org

    Published on januari 8, 2013 · Filed under: Юсуф Расул;
    Kommentarer inaktiverade för Менинг Маҳзуна онам

Comments are closed.